1445 йил 26 шаввол | 2024 йил 05 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Қиёмат ҳаққлигига ақлий далил

21:09 / 24.04.2016 2937 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Савол: 

Ассалому алайкум! Охиратга иймон учун ақлий далиллар борми?

Жавоб:

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Қиёмат кунининг борлигига келтириладиган далиллар иккига бўлинади.

1. Нақлий далиллар (бошқаларнинг хабари).

2. Ақлий далиллар.

Нақлий далилларга кўра қисқа қилиб айтганда, инсоният тарихидаги барча дийнлар иттифоқ қилишганки, инсон ўлгандан сўнг қайта тирилади ва бу дунёда қилган ишларининг ҳисоб-китоби бўлади.

Ақлий далилларга келсак, барча-барча одамлар – қадимгилар ҳам, ҳозиргилар ҳам, саҳродагилар ҳам, шаҳардагилар ҳам, ҳатто энг чекка жойларда яшайдиганлар ҳам, илмлилар ҳам, илмсизлар ҳам ўзида илҳомга ўхшаш бир махфий сезги борлигини билади. Бу сезги айтадики, бу дунёдаги ҳаётдан сўнг яна бошқа ҳаёт бўлади. Унда ҳозирги ҳаётда топилмаган адолат ҳақийқатга айланади, ҳар бир инсон ўзининг қилган ишига яраша мукофот ёки жазо олади.

Норман Билл исмли олим бу борада шундай дейди: «Кишида «Ўлгандан сўнг, яна ҳаёт бўлади» деган сезгининг борлиги Қиёмат кунининг ҳаққлигига энг кучли далиллардан биридир.

Аллоҳ таоло инсонни бирор нарсага қониқтирмоқ­чи бўлса, ўша фикрни унинг қалбига солиб қўяди. Одамларда абадий ҳаётга интилиш (агар у дунёда бўлса ҳам) кенг тарқалган сезгидир. Бунга енгилтаклик билан қараб бўлмайди. Биз интилаётган ва чин қалбдан ҳис қилаётган бу нарса бирор ишончли асоснинг акси бўлиши турган гaп.

Бундай улкан ҳақийқатларга материалистик йўл билан, моддий далиллар билан ишониб бўлмайди. Балки ақийда, илҳом ва руҳий сезгилар йўли билан ишонилади. Илҳом ҳақийқатни илмий фаҳмлашда муҳим омилдир».

Аллоҳ инсонни ақлли қилиб, баркамол ва кўпгина нарсаларга тайёр қилиб, коинот сирларини очишга қодир қилиб яратди.

Шундай олий мартабага эга бўлган инсоннинг бошқа ақлсиз, идроксиз, истеъдодсиз ҳайвонлар каби ҳолга тушиб қолиши тўғри эмас. Балки тўғри йўл шуки, инсон бу дунёдаги ҳаётдан сўнг яна қайта тирилиб, ўз амалларининг самарасидан баҳраманд бўлиши керак.

Агар Аллоҳ таоло инсонга турли қобилиятларни бериб қўйиб, сўнгра бепарво ташлаб қўйса, бу иш беҳикмат бўлиб, адолатдан ҳам узоқ бўлар эди.

Доктор Эдуард Кейсел «борлиқ азалийдир» дейилишини рад этиб шундай дейди: «Илм очиқ-ойдин кўрсатиб турибдики, бу борлиқ азалий бўлиши мумкин эмас. Биз доимо иссиқ жисмдан совуқ жисмга ҳарорат ўтиб туришини яхши биламиз. Бунинг акси, яъни совуқ жисмлардан иссиқ жисмларга ҳарорат қайтиб ўтиши асло мумкин эмас. Шунинг ўзи кўрсатиб турибдики, бу борлиқда барча жисмлардаги ҳароратларнинг тенглашиши учун ҳаракат бор. Агар шундай бўлмаса, кимё­вий ва табиий ўзгаришлар бўлиши мумкин эмас.

Модомики, кимёвий ва табиий ўзгаришлар давом этиб турган экан, ишонч билан айтиш мумкинки, бу борлиқ азалий эмасдир. Агар азалий бўлганда эди, ундаги энергиялар қачонлардир тугаб, ҳаётдан асар ҳам қолмаган бўлур эди. Шундай қилиб, илм борлиқнинг бошланиши бор эканлигини исбот қилади. Бу эса, Аллоҳнинг борлигига далилдир. Чунки, ҳар бир янги пайдо бўлган нарса ўзини-ўзи ярата олмайди. Балки уни қандайдир ташқи куч вужудга келтирган ва ҳаракатлантирган бўлиши керак. Бу куч Аллоҳдир».

Қуръонга назар солсак, у борлиқнинг бошланиши борлигини, борлиқ Аллоҳнинг яратган нарсаси эканлигини баён қилади. «Анкабут» сурасида:

«Аллоҳ махлуқни аввал-бошдан қандай яратишини, сўнгра уни яна қайтаришини кўрмай­диларми?!» деган оят бор (19-оят).

Шу билан бирга, Қуръон борлиқнинг ниҳояси борлигини ҳам баён қилади. Бу, Қиёмат куни бўлиб, у кунда энергиялар тугаб, қуёшнинг нури ҳам қолмайди.

Аллоҳ таоло «Таквир» сурасида:

«Вақтики, қуёшни буклаб, ўралса. Ва, вақтики, юлдузлар узилиб тушиб, сочилиб кетса» (1-, 2-оятлар), деган. Валлоҳу аълам.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ассалому алайкум Биз мусулмонлар яхудийларнинг хам, насронийларнинг хам муқаддас китобларига ва Пайғамбарларига иймон келтирамиз, лекин улар Пайғамбаримизни давоми...

27238 08:23 / 02.01.2019
Савол21 ёшли боланинг сочида оқ сочлар жуда кўпайиб кетган, қорага бўяса бўладимиЖавобШайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Бўлмайди. httpsavollar.islom.uzsavol15009

5079 15:59 / 20.07.2017
СаволХурматли хазрат саволим офтобди исиган сувдан фойдаланиш хақида, бизнинг масжидда бочка ва обдасталарга сувни қуйиб, кун тегадиган жойда қўйиб иситишади ва давоми...

5517 08:10 / 14.01.2018
САВОЛ Мен бетобман, кунига 2 маҳал укол олишим керак. Жумладан рўза ойларида ҳам укол олишга мажбур бўлдим. Лекин .Укол олганда рўза очилиб кетадиrdquo, деб эшитдим. давоми...

16222 21:39 / 27.04.2016