1445 йил 8 зулқаъда | 2024 йил 16 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

РЎЗАНИНГ ФОЙДАЛАРИ

05:00 / 11.01.2017 2889 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Рўзанинг рўзадор шахсий сифатларига берадиган фойдалари ҳақида сўзлар эканмиз, сабр сифати ҳақида гапирмай ўтиб бўлмайди. Рўзадор кишида сабр- матонат сифати пайдо бўлиши, мустаҳкамланиши ҳатто рўзага душман бўлганлар ҳам рад қила олмаганлар. Инсон ўз ихтиёри билан оч қолиши, ташна бўлиши, шаҳватдан ўзини тийишини ва бу ҳолат бир ой давом этиши инсонда сабрли бўлиш сифатини кучайтиради. Ҳозирги кунимизда эса бу жуда ҳам керакли сифатдир. Агар тузикроқ мулоҳаза қиладиган бўлсак, бугунги кунимизда одамлар бошига тушаётган кўпгина мусибатлар айни сабрсизликдан бўлмоқда. Айниқса кишиларнинг озиқ-овқат маҳсулотларидан, турли ичимликлардан ўзларини тия олмасликларидан келиб чиқмоқда. Эркак ва аёлларнинг ўз шаҳвоний ҳисларини тия олмасликлари оқибатида келиб чиқаётган бало-офатлар ҳамманинг кўз ўнгида яққол кўриниб турибди. 

Ана шундан, рўза орўали топадиган ва сайқалланадиган шахсий сифатларга ҳар лаҳзада муҳтож эканлигимизни билиб оламиз. Бунинг устига инсон умри давомида турли фавқулодда ҳолатларга тушиб туришини ҳам қўшсак мазкур фойдаларнинг аҳамияти яна ҳам ортади. Шарқ адабий меросимизда бунга кўплаб мисоллар келтирилган. Ана ўша мисолларидан бирида икки киши зиндонга солингани улардан бири семиз ва баўувват, иккинчиси озғин ва кучсиз кўрингани, овқатсиз қолишганидан сўнг семиз одам ҳалок бўлиб, озғин одам тирик қолгани, суриштириб кўрилса озғин рўза тутишга одатланган одам эканлиги ҳақидаги қисса ҳам бор. Бунга ўхшаш ҳолатлар инсон ҳаётида доимо такрорланиб туришини эсласак, рўза ҳар бир киши учун зурурлиги ишончимиз яна ҳам ортади.

Рўзадан ҳосил бўладиган шахсий сифатлардан яна бири раҳм-шафқатли бўлиш сифатидир. Рамазони шариф ойининг биринчи ўн кунлигини Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам раҳмат ўн кунлиги деб эълон қилганлар. Бу нафақат Аллоҳ таолонинг бандаларга раҳмати, балки бандаларнинг бир-бирларига раҳмли-шафқатли бўлишини ҳам ўз ичига олади.

Рўза тутган одам биров билан сўкишмаслиги, урушмаслиги қаттиқ тайинланишидан мақсад ҳам шу. Ўз ихтиёри билан оч қолган, ташна бўлган одамда ўз-ўзидан раҳм-шафқат ҳислари уйғонади. Ўзгаларга яхшилик қилиш туйғулари кучаяди. Буни рўза тутган ҳар бир одам дарҳол мулоҳаза қилади. Айниқса очлик ва ташналикни ўз танасида синаб кўрган шахс, турли сабабларга кўра доимо оч қолганларга раҳм-шафқат қилиш лозимлигини тўла тушуниб етади. Шунинг учун ҳам, рўзадорлардан оч-ялонғоч, бева-бечора, камбағал-мискинлар фойдасига хайр-садақа қилиш кўпаяди.

Бугунги кунда меҳр шафқатга, раҳмдилликка ва хайри эҳсонга муҳтож кишилар қанчалик кўп эканликларини ҳисобга оладиган бўлсак, рўзанинг аҳамияти яна ҳам ортади.

Бунинг устига рўза туфайли мусулмонлар ичида ўзаро тенглик, биродарлик, меҳрибонлик алоқаларини яна ҳам ортади. Бой-бадавлат кишилар, подшоҳ ва ҳокимларнинг саройлари-ю қасрларида ҳам, камбағал, бева бечораларнинг кулбаларида ҳам бир хил ҳолат, бир хил руҳоният ҳукм суради. Балки, сарой ва қасрларнинг эшиклари очилиб, камбағаллар ичкарига таклиф этилиб, азиз ва мўътабар меҳмонларга айланадилар. Ёки аксинча бўлиб бойлар, амирлар, ҳокимлар бошларини эгиб, камбағал, бева-бечораларнинг кулбаларига ифторлик, хайр-садақа, закотларини кўтариб бориб, Аллоҳ учун қабул қилишларини сўрайдилар. Камбағалларнинг қорнини тўйдириши, устини бут қилиш, келажакка жамғарма тўплаб олиш ишларига ёрдам берадилар. Рамазон шарафида ўта сахий бўлиш Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг одатларидир.

Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: "Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам энг сахий одам эдилар. У кишининг энг сахий бўлишлари Рамазонда бўлар эди", дейилган. Биз Рамазоннинг фойдалари ҳақида денгиздан бир томчисини айтиб ўтдик холос. Аллоҳ таоло барчамизни Рамазоннинг ҳамма фойдаларидан манфаатланишга насиб этсин.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони Карим Бақара сурасида шундай марҳамат қилади.Иймон келтириб яхши амаллар қилган зотларга хушхабар берингки, улар учун остларидан дарёлар давоми...

2028 11:00 / 09.05.2021
Бисмиллаҳир Роҳманир РоҳиймБу йилги Рамазон ойи Юртимиз мусулмонлари учун ўзгача бир тароватда ўтди. Ватанимиз тинч, осуда. Халқимиз ибодатларни бемалол адо этиб давоми...

4979 05:00 / 14.01.2017
Қуръони каримда рўзанинг ҳукми баён қилинган оятларнинг орасига рўзага алоқаси бўлмаган, балки дуога алоқадор, дуога тарғиб қилган бир оят кириб қолган. Яъни, давоми...

4035 05:00 / 14.01.2017
Айни пайтда Исломдан, Қуръондан, шариатдан умуман бехабар халқ ва юртларнинг вакиллари, улардаги илмийтадқиқот марказлари ва тиббиёт хизматлари рўзанинг инсон давоми...

1567 14:21 / 25.03.2023