1445 йил 7 шаввол | 2024 йил 16 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Раддия

Исломнинг қулдорликка муносабати

20:47 / 22.04.2017 4884 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

21-савол. Насронийлар Европасида аллақачон қулдорликни бекор қилинди, мусулмон оламида эса ҳали ҳам баъзи жойларда қулдорлик гуллаб яшнамоқда,  сизларнинг Пайғамбарингизни ўзи ҳам қулларга эга эди ва бу мумкин эмас демаган эди. Бу динларингизнинг қолоқлиги ва худога ёқмаслигига гувоҳлик бермайдими?

    21-жавоб. Ислом одатида қулларни мамлук деб аташган. Мамлукнинг муродифлари абд, қинн, рақаба,  васив, мулк-ул-ямин каби сўзлардир. Қулдорлик тарихи жуда қадим замонларга томир отган. Қуллар қадимги дунёнинг турли жамиятларида бирори бир қонун билан ҳимояланмаган,  умуман ҳуқуқсиз инсонлар эди. Қадимги дунёнинг барча социал-иқтисодий системаси қулдорликка асосланган эди. Илғор техника воситалари бўлмаган даврда, бир кишининг маълумоти, озодлик ҳолатини таъминлаш, унга қўшин ва давлатни бошқариш малакасини бериш, жамият учун муҳим нарсаларни яратишга фақат унинг номидан барча қора ишларни бошқа одам қилиши мумкин эди. Бу мақсадга эришишнинг ягона осон йўли ҳеч қандай ҳуқуққа эга бўлмаган, бошқани, умуман бепулга ишлашга мажбур қилиш. Баъзи жамиятларда озодликка фақат бирор бир жисмоний жароҳат олган қуллар эришиши мумкин эди.

    Шунинг учун қулдорлик тузуми - жамиятнинг ривожланиши усиз бўлиши мумкин бўлмаган табиий бир ҳолатдек қабул қилинар эди. Қулдорлар ўзларини оқлаш учун  оддий баҳона топдилар. Қулнинг насибаси унинг тақдири билан тушунтириларди, шунингдек уни  гуноҳлари эвазига – масалан: тўланмаган қарзлари учун қулликка сотиб юбориш мумкин эди. Энг шафқатсиз, хўрлашга қурилган, ғоявий асосланган қулдорлик қадимги дунёда қабул қилинган эди. Аристотел, «қул - ўз табиатига кўра маҳкум махлуқдир» деб ҳисоблар эди (Сиёсат 1. 1:14). Қадимги Шарқ жамиятларида қулдорлик бир мунча юмшоқроқ кечарди – у ерда қулларни асосан уй хўжалигида ишлатар эдилар.

    Қулларга эга бўлишнинг энг ишончли ва доимий манбаи урушлар эди, баъзи урушлар атайин  ғолибларнинг бой бадавлат яшашларини таъминлайдиган қулларга  эга бўлиш учун олиб бориларди. Юлий Цезарнинг юксалиши кўп йиллар уруш олиб борилган варварлар ҳудудидан Римга кўплаб қуллар келтириши билан бўлган эди.

    Исроил атрофдаги халқларга хос бўлган қулдорлик приципларини эгаллади. Лекин қул билан хизматчи ўртасидаги фарқ аниқ эмас эди (иккаласи ҳам бир)  эвед-ишчи сўзи билан белгиланарди ва бу сўзда хўрлаш, паст фаҳмлаш маъноси йўқ эди. Қулга кўпинча мерос олиш ҳуқуқи бор уй аъзоси  сифатида қаралар эди (Ибтидо 15:3). Таврот қулдорликка бир қатор юмшатиш ва чеклашлар киритди. Қабиладош қул 7-йилда (оиласи билан) озод қилиниши лозим эди, эгаси жароҳат, зарар етказган қул ҳам озод қилинарди, қулни ўлдириш жазога олиб борар эди. (Исх. 21:2, 20:26). Бу қоидаларга  амал қилмаслик пайғамбарларнинг ғазаби, лаънатини лозим қилар эди.

    Янги Аҳд ҳам қулдорлик тузумини расман бекор қилишга чақирмади, балки  «Масиҳда биродар бўлган» қулларга биродарлардек муомала қилишни талаб қилди, шу билан бирга насроний қуллар ўз хожаларига янада тиришиб хизмат қилишлари лозим эди. Мана Авлиё Павелнинг насиҳати:

    «Қуллик бўйинтуруғи остида бўлганлар ўз хўжайинларини камоли эҳтиромга лойиқ ҳисобласинлар. Яна Худонинг исми ва таълимоти ҳақоратга дучор бўлмасин» (1-Тим 6:1). «Қуллар барча нарсада ўз хожаларингизга ҳақиқий бўйсунинг, кўринишга риёкорлардек  хизмат қилиб эмас, чин дилдан, Худодан қўрққан ҳолда» (4:22). «Эй қуллар дунёвий хўжайинларингизга, Масиҳга итоат қилганингиздек, камоли эҳтиром ва соддадиллик билан итоат қилингизлар» (Эф. 6:5)

    Тарихда насронийларнинг қулдорлик тузумига тўғридан-тўғри биринчи қарши чиқишлари XIX асрдаги америкалик абсолиционистлар ҳаракати бўлди. Барча диний жамоалар негрларни озод қилиш ғоясини қуллаб қувватламасаларда, кўп диний мансабдорлар ва бир гуруҳ диндорлар Инжилга суяниб қулдорликни лаънатладилар. Улар орасида Л.Харрисон, Л.Бичер, «Инжил қулдорликка қарши» китоби муаллифи (1837) Т.Уэлд Бирни бор эди. Уларнинг курашлари натижасида Шимол билан Жануб ўртасидаги уруш келиб чиқди ва АҚШда қулдорлик тузуми ҳалокатга учради.

    Қулдорлик исломгача бўлган Арабистонда кенг ёйилган эди. У ерда қуллар асосан қора танли африкаликлар эди, баъзан улар орасида бошқа жойлардан келтирилганлар ҳам бўлар эди. Араб қулдорлиги табиати жиҳатидан Рим ёки Юнон қулдорлигидан деярли фарқ қилмас эди. Ҳарбий асирлар ёки камбағал кишилар қулга айланар эдилар. Шунингдек кейингилари фарзандларини ҳам қулликка сотар эдилар.

    Қуръон нузули бошланадиган замонга келиб қулдорлик бутун оламда оммавий тарзда ёйилган эди. Европада янги бир мунча юмшатилган қулдорлик шакли феодал крепостнойлик пайдо бўлди. Қадимги дунёнинг барча дунёқарашлари  жамият муносабатлари, ҳарбий соҳа, иқтисод ва бошқа тизимлар қулдорлик тузуми билан узлуксиз боғланган эди. Ана шунинг учун уни бир давлатни ўзида  бутунлай, тамомила бекор қилиниши мумкин эмас эди. Кўплаб мусулмонлар асирга тушиб душман қўлида қулларга айланардилар. Тенгликни ташкил қилиш учун ўшандай жавоб ҳаракатлари бўлиши лозим эди.

    Лекин шунга қарамасдан, Ислом дини қулдорликни қўллаб-қувватламас эди. Имконияти борича барча инсонларга озодлик тикланишига интилди. Ислом ҳуқуқи қарзлари учун, умуман тинчлик пайтида қул қилишни ман этиб, янгидан қулларга эга бўлишни чеклаб қўйди. Бундан буён фақат жанг майдонида қўлга олинган ҳарбий асирлар қул бўлиши мумкин эди.

    Аммо бу ерда ҳам одамларни имкони борича қулга айлантирмаслик таклиф қилинарди. Хусусан асирларни  душман қўл остида асир бўлган мусулмонларга алмаштириш ёки улардан товон олиш эвазига озод қилиб юбориш мумкин. Бу кишиларни бепул озод қилиб юбориш мумкин эмас эди, чунки бунда жанг майдонларида жонларини фидо қилиб душманни асирга олган аскарлар ҳуқуқлари поймол қилинган бўларди,  ваҳоланки уларнинг яқинлари душман қўлида қулликда эдилар.

    Агар товон олиш ёки асирлар алмаштириш имкони қайси бир сабаблар билан мумкин бўлмаса, асирларни сақлаб туришнинг иқтисодий имконияти ҳам  қийин бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам асирлар муаммоси икки йўл билан ҳал қилиниши мумкин эди холос, қайтиб  мусулмонларга қарши қурол кўтармасликлари учун қатл қилиш ёки мусулмонларга қарши босқинчилик қилишга қайта олмайдиган қулликка сотиб юбориш мумкин эди. Қуллик албатта ўлимдан кўра яхшироқ, чунки инсон яшашда давом этади ва келажакда озодликка эришиш умиди ва ҳаётини қайта қуриш имконияти  бўлади. Бу айниқса ёш йигитларга тааллуқли, чунки кўп ҳарбий асирлар ёшлардан иборат эди.

Шу сабабларга кўра ислом давлати уларнинг ҳаётини ва умидларини сақлаш учун ўша пайтда қулликни тамомила бекор қилмади. Лекин Ислом дини асирларни қулликка сотишни мажбур қилмайди, балки рухсат беради. Бундан ташқари Ислом ҳарбий асирларни секин-аста озодликка чиқишларини таъминлайдиган бир қатор инсонпарварлик қонунларини ишлаб чиқди.

    Қуллар ўз хўжайинларининг шахсий мулклари бўлишларига қарамасдан, ислом ҳуқуқшунослиги уларга инсон сифатида қарайди, улар учун бутпарастлик оламида бўлмаган маълум ҳуқуқларни кафолатлайди. Хўжайинлар ўз қулларига яхши муомала қилишлари, уларга инсоний, адолатли муносабатда бўлишлари лозим. (4:36). Бундан ташқари қул озод қилиш Худо суйган савоб иш саналади. Ислом ҳуқуқида содир этилган баъзи гуноҳларга каффорат сифатида қул озод қилишлик буюрилади.

    Қуллар ўз динларига амал қилиш ҳуқуқига эга эдилар. Мусулмон бўлиш фақат ўз ҳоҳишлари билан  бўлар эди. Уларни Исломга мажбурлаб киритиш ман қилинган эди. Исломни қабул қилган қулнинг диний вазифалари ҳам озод кишиники каби эди. Фақат жамиятдаги ҳолатлари, баъзи ҳуқуқий чекловлар сабабидан улар закот беришдан ва ҳаж ибодатини бажаришдан озод қилинган эдилар.

    Эркак қулларни сотиш ёки алмаштириш мумкин эди, лекин боласи бор аёл қул сотилиши мумкин эмас эди. Қулларни ижарага олиш ҳам мумкин эди. Улар ўз мулкларига эга бўлишлари мумкин эмас эди, шунинг учун уларнинг барча ишлаб топган моллари эгасиники бўларди. Аммо қул озодликка эришиш учун ўз хожаси билан озод бўлишига етарли маблағни ишлаб топишга шартнома тузиши  мумкин эди.

    Асирга эр-хотин биргаликда тушса улар қулликда ҳам бирга қолар эдилар, уларни ажратиш ман қилинган эди. Агар ёлғиз хотиннинг ўзи асирга тушган бўлса, унинг аввалги никоҳи ўз-ўзидан бекор бўлар эди.

    Қул ва чўрилар хожаларининг розилиги билан никоҳланишлари ҳам мумкин эди. Бу никоҳлардан туғилган болалар озод ҳисобланар эди. Хожа ўз чўриси билан бирга яшаши мумкин эди, агар хожасидан бола кўрса уни умми валад деб аталарди, уни сотиш ёки бировга бериб юбориш мумкин эмасди. Хожанинг вафотидан кейин у озод ҳисобланар эди. Унинг фарзандлари ҳам озод бўлиб туғилар ва мерос олиш ҳуқуқига ҳам эга бўлар эдилар.

    Бу исломий қоидаларни, ўрта асрлар қулдорлик ва крепостнойлик жамиятлари тизимида қандай қийматга эгалигини, улар инсонни ҳимоя қилишнинг ягона ўлчов бирлиги бўлганига қараб тўғри баҳолаш мумкин. Инсоният қулдорлик принципларидан узоқлашгани сари ислом дунёси унга ташқаридан кириб келган бутпарастликнинг  бундай қолдиқларини тамомила абадийга йўқотиш имкониятига эга бўлди.


Али Вечеслав Полосин

Ойдин Ализода


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳурматли фаришталарrdquo тўғрисидаги шайтонийrdquo оятлар тарихи.6савол. Қуръоннинг дахсизлиги тўғрисида қандай гапирасизлар, ваҳоланки Қуръонда Муҳаммад сав давоми...

4253 20:37 / 22.04.2017
Кейинги вақтларда ижтимоий тармоқларда айтилаётган баъзи гапсўзлар, тарқатилаётган айрим материаллар дин ҳақида қайғурадиган ҳар бир мусулмонни хавотирга давоми...

3054 14:30 / 24.06.2021
19савол. Ислом ndash уруш, жиҳод динидир. Сизлар китобларингиз ва тарихларингиз бу тўлалигича жиҳоддан иборат бўла туриб қандай мунофиқларча ўз тинчликсеварлигингиз давоми...

12476 20:46 / 22.04.2017
Ушбу боб аввалида бир нарсани эслатиб ўтмоғимиз лозим. Бу меьзон қоидаларининг барчаси ҳам ушбу соҳа уламолари тарафидан бирдек қабул қилинган эмас. Ушбу соҳа давоми...

2904 05:00 / 13.03.2017
Аудиолар

119941 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41639 14:35 / 11.08.2021