1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
islom.uz-1431

Мисвок ва унинг фойдалари

20:17 / 19.04.2017 14077 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маълумки, оғизни поклашда мисвок ишлатиш суннат амаллардан ҳисобланади.

“Набий (с.а.в.) “Агар умматимга машаққат бўлишини ўйламаганимда, албатта, уларни ҳар намоздан олдин мисвок қилишга амр этар эдим”-деганлар. Аллоҳ расули (с.а.в) умматларига буюрган ҳар бир амал албатта фойда ва ҳикматлардан холи эмас. Ҳозирги илм-фан тараққий этган замонда Қуръон ва Суннатдаги кўплаб мўъжизалар ўз исботини топиб келмоқда. Ислом уммати эса Қуръон ва Суннатдаги буюрилган амалларга ҳеч бир исбот талаб қилмай амал қилиб келмоқдалар.

Набий (с.а.в) умматларига тавсия қилган мисвокнинг айрим фойда ва ҳикматлари борки буни билиш фойдадан холи бўлмайди албатта.

ФИҚҲИЙ МАНБАЛАР МИСВОК ИШЛАТИШ ҲАҚИДА

  Оғизни мисвок ёрдамида тозалаш жумҳур фуқаҳолар наздида суннатдир.

“Фатҳ”, “Имдод ул-фаттоҳ” китобларида айтилишича, мисвок таҳоратгагина хос амаллардан эмас. Чунки, бошқа ҳолатларда ҳам мустаҳаб бўлади: оғизнинг ҳидланганида; уйқудан турганда; намозга қоим бўлишда; Байтуллоҳга киришда; одамлар даврасига боришда; Қуръон қироати олдидан.

 “Ҳидоя”нинг бир ҳошиясида эса мисвок ишлатиш ҳамма вақтда мустаҳабдир, дейилган. Унинг мустаҳаблиги таҳорат пайтида таъкидлироқ, яъни суннатдир ёки ҳар намоз олдидан мустаҳабдир.

Мисвок қилишнинг энг ози юқоридан учта, тишнинг пастида учта бўлиб, учта сув биландир. “Меърож”да айтилишича, мисвок қилишнинг аниқ адади йўқ, балки, қалби таскин топгунча, бадбўйлик ва тишнинг сариғи кетгунча мисвок ишлатади. Ишлатишнинг мустаҳаби шулки, уч сув билан уч марта ишлатади, яъни, комил суннат ҳосил бўлишида тақдир йўқ, қалби ором олгунча ишлатаверади, фақат учтадан оз ишлатиб қўйса, уни учтага тўлдиради.

Мисвок ишлатишда аввал юқори тишлар ўнг тарафдан бошлайди, сўнг чап тарафини қилади. Кейин эса пастки тишларнинг ўнги, сўнг чапи қилинади. Бу “Баҳр”да келган. Учта сув дегани ҳар сафар мисвокни ҳўллаб, намлаб олади, деганидир.

“Баҳр” ва “Наҳр” китобларида келтирилишича, мисвокни ушлашдаги суннат шуки, жимжилоқ бармоқни унинг остидан, бош бармоқни ҳам бош тарафидан остидан, қолган бармоқларни эса устидан тутади.

Унинг юмшоқ бўлмоғи ҳам мустаҳаб бўлади. Мисвок эгилувчан ҳўл бўлмаслиги керак. Зеро, у тишнинг кирларини (сариқ тошларини) кетказа олмайди. Яна милкларни жароҳатлайдиган ҳолатда қуруқ бўлмаслиги даркор. Демак, мисвокни ишлатадиган боши – ўрни юмшоқ бўлиши лозим, яъни ўта даражада қаттиқ ёки юмшоқ бўлмаслиги керак.

Букмасдан тўғри тутмоқ, жимжилоқ бармоқ йўғонлигида, бир қарич узунликда бўлиши мустаҳабдир. Зоҳири шуки, мисвокнинг узунлиги ишлатишнинг бошланишида бир қарич бўлмоғи керак. Кейинчалик калта бўлиб қолиши зарар қилмайди.

Мисвокни шимиб сўрмайди, чунки, у кўрлик пайдо қилади. Аммо, мисвокни шиммасдан ўз тупугини, сўлагини ютмоққа келсак, “Ҳулиййа”да келишича, Ҳаким ат-Термизий ҳазратлари бундай деган эканлар: “Мисвокни биринчи ишлатишингда тупугингни ютгин. Чунки, у махов, песлик ва ўлимдан бошқа барча дардларга фойда беради. Ундан сўнг тупугингни ҳаргиз ютма. Зеро, у васвасани келтириб чиқаради”.

Ишлатиб бўлгандан сўнг мисвок ювиб қўйилади. Бир қаричдан зиёда узун қилинмайди. Уни ётқизиб қўйилмайди, балки, тикка қилиб қўйилади.

Зарарли дарахтдан мисвок қилиш макруҳ, заҳарлисидан эса мисвок қилиш ҳаром бўлади. Райҳон ва анор шохчаларидан мисвок қилишнинг макруҳлигини бир қанча уламолар зикр қилганлар. Энг афзали арок дарахти, сўнг зайтун дарахтидир. Имом ат-Табароний ривоят қилган: “Муборак дарахт бўлмиш зайтундан бўлган мисвок қандай ҳам яхши! У менинг ва мендан олдин ўтган Пайғамбарларнинг мисвогидир”.

Мисвокнинг манфаатларидан баъзиси шуки, у ўлимдан бошқа барча дардларга шифодир. Ўлим олдидан шаҳодат калимасини эслатгувчидир. “Шурунбулолиййа”да келтирилган: Мисвок ишлатиш соч-соқолнинг оқаришини кечиктиради, кўз нурини кучайтиради. Энг яхши фойдаси ўлимдан бошқа касалликларга шифо бўлишидир. Мисвок Сирот кўприги устидан ўтишни тезлатгувчидир.

“Шарҳ ул-Муниййа”да келган: Мисвок оғизни покловчи, Парвардигорнинг розилигини топишга ёрдам берувчи, фаришталарни хурсанд қилувчи, кўзга равшанлик бағишловчидир. У ёқимсиз ҳидларни, тишларнинг касалланишини кетказади, тишларни эса оқартиради, милкларни бақувват қилади, таомни ҳазм қилишга ёрдам беради, балғамни кесади, намоз савобини кўпайтиради, Қуръон йўлини тоза қилади, фасоҳатни зиёда қилади, меъдани қувватлантиради, шайтонни ғазаблантиради, яхшиликлар савобини оширади, аччиқни кесади, асаб торларини тинчлантиради, тиш оғриғини босади, оғиз ҳидларини хушбўй этади, жон чиқишини осонлаштиради.

Ибн Қайюм ҳам мисвокнинг қуйидаги фойдаларини санаб ўтган:

1. Оғизни хушбўй қилади.

2. Милкни мустаҳкамлайди.

3. Балғамни кўчиради.

4. Кўзни равшан қилади.

5. Тишнинг дарз кетишига йўл қўймайди.

6. Ошқозон фаолиятини яхшилайди.

7. Овозни тиниқлаштиради.

8. Таом ҳазм бўлишига ёрдам беради.

9. Нутқ талаффузини енгиллаштиради.

10. Ибодатга рағбатни кучайтириб, зиқлик каби нохушликлардан асрайди.

11. Уйқуни қочирсада, аммо толиқиш нелигини билдирмай кишини ғайратлантиради.

МИСВОК БИЛАН ОҒИЗНИ ПОКЛАШДАГИ ТИББИЙ ДАВОЛАР

Дарҳақиқат, айрим кишилар оғизларидан нохуш ҳид анқиб туришидан шикоят қилишади. Мутахассислар оғиз бўшлиғининг яллиғланиши, тишларнинг чириши, яхши ўрнатилмаган протезлар, кечаси олинмайдиган сунъий тишлар, милкдан ажралма чиқиши, овқат қолдиқларининг бурмаларда йиғилиши ҳамда тозаликка эътиборсизлик кабиларни бундай нохушликларга сабаб бўлишини таъкидлашади.

Стоматологик касалликлар кенг тарқалган хасталиклар сирасига киради. Бу касалликларга шифо бўладиган дори-дармонлар, воситаларни зикр қилиш билан бир қаторда мутахассислар бунга энг яхши даво деб мисвокни эътироф қилишади.

Ўн тўрт асрдан буён ўзининг беқиёс аҳамиятини йўқотмай келаётган шифо услуби, шаксиз мисвок қўллашдир. Мисвок ҳозирги кунда дўконларда (айниқса масжидлар ёнларида) сотилаётган арзон ва ҳаммабоп гигиеник воситадир. Ҳаттоки, ундан олинган махсус тиш пастаси ҳам ўта қулайлиги билан ажралиб туради.

Охирги кузатиш ва тадқиқотлар махсус дарахтдан олинадиган мисвок инсон танасида қон қуюлишининг олдини олувчи ва турли микробларни ўлдирувчи хушбўй моддаларга бой беназир восита эканлигини эътироф этаётир. Зеро, кўпчилигимиз учун жуда оддий туюлган ушбу тиш тозалаш воситаси инсон саломатлиги учун зарур бўлган ўттизга яқин табиий моддаларни ўз ичига олганлиги аниқланган.

Мисвокни айниқса покланиш вақтида, овқат қолдиғи сабабли оғиз ҳиди ўзгарганда, узоқ ёки кўп гапиргандан сўнг, уйқудан олдин ва уйғонган маҳал, бирор манзилга кирганда бошқаларни нохуш ҳид билан озорлантирмаслик мақсадида ва аҳли-аёли билан мушоаратдан олдин, таомланишдан кейин қўллашни замонавий тиб олимлари ҳам тавсия этишади.

Бугунги тиббиёт илми мисвокнинг қуйидаги фойдаларини эътироф этаётир:

1. Таркибида фтор моддаси бўлган мисвок тишларнинг кариесга йўлиқишининг олдини олади.

2. Хлор моддасига эга бўлганлиги сабабли тишлардаги турли ранг ва доғларни кеткизади.

3. Унинг таркибидаги силикат моддаси тишларни яхшигина оқартиради.

4. Мисвокнинг таркибида тишни чиритувчи бактериялардан ҳимоя қиладиган моддалар ҳам мавжудлиги аниқланган.

5. Мисвокдаги триметиламин ва дармондорилар милкларнинг ёрилиши ва жароҳатларини тузатишда қўл келади.

6. Энг аҳамиятлиси – папирос ва нос чекишга одатланганларни шу бад одатдан қутқазишда мисвок ўта самарали услубдир. Кўплаб шифокорлар талайгина кашандаларнинг мисвокни мунтазам тарзда қўллашга одатланганликларидан сўнг чекишга нисбатан рағбатнинг ўз-ўзидан аста- секинлик билан йўқолиб кетганлигини амалда кузатишган.

Мисрда ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, мисвок ишлатиш нафақат тиш карашларидан тозалайди, балки мисвокнинг қолдиқлари икки кундан сўнг ҳам бактериялардан тозалаб тураркан. Мисвок тортилган оғизни бир чайилса, бир турдаги бактериялар сони 75% га камаяр экан.

Умуман олганда, тиш оғриғи ва уларнинг емирилиб нобуд бўлишига оғиз бўшлиғида, тишлар орасида қолиб кетган таом қолдиқлари асосий сабаблар сифатида эътироф этилади. Овқат қолдиқлари тишлар орасида туриб айнийди, оғизни ҳидлантиради. Натижада, тишлар емирилиб, турли хасталикларга чалинади. Шу боис барчамиз тиш тозалигига зътибор беришимиз ўта зарурдир.

Зеро, Расулуллоҳ (с.а.в.) ўзларининг ўгитлари билан замонавий тиб илмининг стоматология соҳасига бундан ўн тўрт аср муқаддам тамал тошини қўйиб улгурган эдилар.


Умиджон Турсинов,

 Наманган вилояти


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Mehribon va Rahmli Alloh nomi bilan1. KIRISH Insoniyat yaratilib yer yuzida yashay boshlagan paytlardan tortib hozirgi kunimizgacha tabiatni anglashga, yaratilishdan maqsad, va umuman hayotdan maqsad ne ekanini tushunishga harakat qilib keladi. Shu savolga to`g`ri javob o`laroq, asrlar osha давоми...

46362 20:20 / 19.04.2017
Ислoмиятнинг шoнли тaриxи инсoният тaриxининг aжрaлaмaс бир бўлaги сифaтидa эътирoф қилинaди. Aлбaттa, бу тaриxнинг eнг нoдир жaвoҳири eсa ҳaзрaти Муҳaммaдс.a.в давоми...

3097 19:50 / 19.04.2017
Бисмиллаҳир Роҳманир роҳиймБиринчи тавсияКалимаи тавҳидРасул марҳамат қилди Абу Ҳурайра,Сенга шафоатдан берайин дарак. Лаа илаҳа иллаллоҳhelliprdquoни ким айтса давоми...

3752 19:49 / 19.04.2017
Кўпчилигимиз вақт ҳақида эсламасакда, сўзламасакда барибир вақт аталмиш уммон оқимида сузаётганимизни ҳис қиламиз. Бу уммон шундай уммонки, барчамиз шу уммон давоми...

6504 20:13 / 19.04.2017
Аудиолар

118810 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40755 14:35 / 11.08.2021