1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
islom.uz-1434

Танловга: Таманно

15:52 / 19.04.2017 5532 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Музаффар Муҳаммадзоданинг «Islom.uz» портали томонидан эълон қилинган «Маънавий-маърифий» танлови учун таёрлаган шеърий тўплами. 


БИСМИЛЛАҲ


Бошладим ўзингни номинг ила раб,

Барча махтовларни ўзингга атаб.

Ўзинг ҳиммат кўрсат ушбу ишимда,

Файзу барокатла уни тамомлаб.


ОНАМГА ХАТ


Минг хавотир, минг қайғу дилда

ушбу нола дилни ёрдиму.

Бу сўзларим айланиб тилда

онамга хат етиб бордиму.


Бошимдан минг ҳаёллар ўтди

юрак эса қайғулар ютди.

Онам йиғлаб хатимни кутди

онамга хат етиб бордиму.


Тўртта фасил ўтиб кетади

ўтса умр алам этади.

Кимга хатлар бориб етади

онамга хат етиб бордиму.


Ўйлаб ўйлаб онаи зорни

ўтказаман ёмғиру қорни.

Керак эмас эслаш нигорни

онамга хат етиб бордиму.


ДАРДИ БОР


Дардинг айтма бировга

ўзларини дарди бор.

Инсоннинг бир жонидан,

она ердан қарзи бор.


Мард бўлай деб дунёда

тинмай излан, илм ол.

Лекин сенга ҳам эй мард,

номардларнинг  арзи бор.


Йил ўтар йил кетидан

вақт олий бир ҳакамдур.

Билсанг ойю йилларнинг

шундайин бир тарзи бор.


Кимдур казоман дейди

кимдур ожиз бир банда.

Ҳар кимнинг ҳам дунёда

ўзича бир нарзи бор.


МУБТАЛОЛИКДИР


Фақат фасли баҳор ёқарди

Шунда гуллар тумор тақарди

Лекин сочларим  эрта окарди

Бу ишқ дардига

мубталоликдир.


Шу дардда ёнади, оғрийди жоним

Хижронлар сийраси бўлди маконим

Сенсиз ўтган куну заррача оним

Бу ҳам катта

бир жудоликдир.


Бу дард тунлари бедорлик этса

Қилган нолаларим тангрига етса

Шунда кўзларим  уйқуга кетса

Бу ҳам самимий

бир видоликдир.


Юлдузларда нур - бир зиё бўлган

Ети кун ичида бу дунё бўлган

Муҳаббат соҳиби авлиё бўлган

Чин севги асли

Авлиёликдир.


ЙЎҚ ЭКАН


Сенсиз  йўқ экан танда жоним,

ҳамда дармоним йўқ экан.

Бир куним ўтар десам,

бир лаҳза оним йўқ экан.


Жонсиз тана на даркор,

танда гар қон сўзмаса.

Томирсиз десам абгор,

томчи қоним йўқ экан.


Бу дунё мисли бир йўл,

мен унда ажиб карвон.

Рисқимни этмасанг мўл,

хос сарбоним йўқ экан.


Ҳар киши даврон сурар,

ҳар кишининг бахти бор.

Сенсиз ўлмас мутлоқ турар,

бир давроним йўқ экан.


Ғурбат билан ғафлат жигар,

йироққил мени ундан.

Рахим қил,йўқса агар,

бир меҳрибоним йўқ экан.


Кўринмас оташ ҳам сен,

кўринмас рохат ўзинг.

Шукур қилсам сенга мен,

бир  армоним йўқ экан.


ЯХШИМУ


Бошим эгик аҳволим хароб

Кўзларимга кўринар сароб

Сўзларимга берингчи жавоб

Молу давлат яхшидирму,

соғлик савлат яхшиму.


Суйганимиз жамоли кўзлардадир сурати

Бевафолик қилмакка етмас сира журати

Вафодорлиги уни муҳаббати, ҳиммати

Ҳур дилрабо яхшидирму,

кайфу сафо яхшиму.


Чин дўст асли бу виждон

Фикринг, ақлинг,ҳам иймон

Шу дўст учун жон қурбон

Ёру дўстлар яхшидирму,

номард кўзлар яхшиму.


Бобом айтди ғурбат ўлсин

Топганинг хўп ҳалол бўлсин

Уйинг файзу завққа тўлсин

Ҳалол ошинг яхшидирму,

оғриқ бошинг яхшиму.


Ким деди қил ибодат

Кимдур ғафлатни одат

Бу йулда  қани саодат

Қодир раҳмон яхшидирму,

ёки шайтон яхшиму.


ДОД ЭТАРМАН


Йиғлагин эй кўнгул,

сенла фарёд этарман.

Эртани ҳамда бугун,

ўтмишни ёд этарман.


Ғам чекиб ғурбат бирла,

ҳар ишга бошим урдим.

Бу дунёда мен ўзимни,

ўзим барбод этарман.


Не ғам санга эй ошиқ,

сенга ҳам соллар бордур.

Бир вафодор ким манга,

ҳур барҳаёт этарман.


Изладим мисли лайлини,

хамрохим бўлди мажнун.

Ширинга тоғу тошни,

Аксин Фарҳод этарман.


Эй беқиёс кўнгул санда,

изладим сандан нажод.

Топмасам сендан ани,

энди ман дод этарман.


Сен тақво ҳамда маъбуд,

бору йўқнинг соҳиби.

Эй тангрим сенсиз қандай,

кўнгулни шод этарман.


ШАЙХ ХАЗРАТЛАРИГА


Олим десам сизни бўлмайди ажаб,

Ислом деган гулни дилларга теринг.

Қуръонга, ҳадисга, ижмога қараб,

Шайхим бизга ҳидоят фатвосин беринг.

Аллоҳ сизга ажр берсинда эй вох.

Ёмон йўллардан эттингиз огох.

Яна бизга ўзингиз бўлиб хайриҳоҳ,

Шайхим бизга ҳидоят фатвосин беринг.

Шайхул Ислом бўлиш бугун сизга мос.

Деманг бу сўзинг маддоҳларга хос.

Ҳоҳ бўлай чувош ҳоҳ бўлай барлос,

Шайхим бизга ҳидоят фатвосин беринг.

Узоқ йиллар эзилдик кимлар қўлида

Шахид бўлди кўплар Аллоҳ йўлида.

Энди кимлар чиқмоқда Ислом тўнида,

Шайхим бизга ҳидоят фатвосин беринг.

Кимдир алломалар издоши бўлди.

Аллаким адашиб жон бериб ўлди.

Динсизу муртатда саволлар тўлди,

Шайхим бизга ҳидоят фатвосин беринг.

Ғарбни шиори бўлди бир калом.

Қуръонни ўзгартириб бериш батамом.

Ўзгармай Қуръон этаркан давом,

Шайхим бизга ҳидоят фатвосин беринг.

Сизга кўп-кўп савол берар бор.

Маънили, маънисиз, келади такрор.

Аллоҳим қўлласин, бўлмангиз безор,

Шайхим бизга ҳидоят фатвосин беринг

Ожизман давоми, илҳоми келмас.

Ё муқтадий сўзни, гуфторни билмас.

Иншааллоҳ сизга, савоб тугамас,

Шайхим бизга ҳидоят фатвосин беринг.

Ранжиманг «иштондан» саволлар бўлса.

Ёки далил сўраб, паймона тўлса.

Зора бизда ҳақиқий савол туғилса,

Шайхим бизга ҳидоят фатвосин беринг.

Сиз туфайли фикримиз шариатга мос.

Орзуим толиблик, муридлик холос.

Аллоҳга илтижо, сиздан илтимос,

Шайхим бизга ҳидоят фатвосин беринг.


СЎРГУВЧИ БОРМУ?


Умид қисмат тақдирга ёндош.

Ишқ, севги, алам, оташга қондош.

Бу дардда куйдиму қайга урай бош,

мани дардимни сўргувчи борму?


Ёндирган оташму, кўринмас олов.

Кўнгил сархатида ёнади лов-лов.

Киприк ила ниш этиб, кимса қилса ов,

бу холни аник кўргувчи борму?


Билмадим бу олов баланд ёки паст.

Бугун унга энди келдим қастма-қаст.

Унутмоқ мақсадим, майдан бўлсам маст,

бу ней хол деб, тергувчи борму?


Зўрға бош кўтариб майнинг заҳридан.

Ишқнинг, севгининг, тузсиз таҳридан.

Сўрадим кечирим,қўрқиб қаҳридан,

Аллоҳдан буюк бергувчи борму?


ЙЎҚОТДИМ


Суд излаган онимданки, онимға суд йўқотдим.

Бу ишдан ҳеч қайтмайин, жонимға суд йўқотдим.


Ғам тўла кулбам бўлди, ўзим бемалол бўлдим.

Ҳар кўнгилга қуриб ватан, энди ман юрт йўқотдим.


Йўқ эмасди суйгувчилар, пинҳона ҳамда ошкор.

Йўлларимнинг туб-тубида, эди мавжуд йўқотдим.


Бугун кўнгил буткул санда, эй раббим, рахнамойим.

Шу сабабли ишқингда мен, оромға мавруд йўқотдим.


 ДЕВОНАГА


Шамнинг ёнган кичик нурлари,

жаннат бўлиб кўринадир парвонага.

Бу дунёнинг ҳар оҳ сурурлари,

санъат бўлиб кўринадир девонага.


Кўрмайсанму боболаринг ҳоллари,

кимда қолди тану-жони, моллари,

икки сура ёд олганнинг тақволари,

санъат бўлиб кўринадир девонага.


Бу дунёни ўз измига қўйганлари,

пора олиб пора бериб тўйганлари,

жиҳод дебон диндошини сўйганлари,

санъат бўлиб кўринадир девонага.


Ўз динини ташлаб ўзга кетмоқлиги,

бир қадамда кавсарига етмоқлиги,

закот бермай ҳажни тавоф этмоқлиги,

санъат бўлиб кўринадир девонага.


Минглаб даҳо чиқдилар ки исён қилди,

ер юзида оҳу фиғон, гирён қилди.

Кимки агар, шахарларни вайрон қилди,

санъат бўлиб кўринадир девонага.


Улуғбеклар ўлганмиди юлдузни деб.

Ер айланса кечасию кундузни деб.

Оқилларки осилсалар ҳақ сўзни деб,

санъат бўлиб кўринадир девонага.


ДАРБАДАР ЭДИ


То сени билмагунча жоним дарбадар эди.

Сўзим ҳам бир сўз эмасди худи қаландар эди.


Жонимға  бир нур кирдики, кўзим кўрди ногаҳон.

Бир боғ ичра қўйнимга райхонни қадар эди.


Чайқалдим, хушим кетди, хушбўйидин маст бўлиб.

Ер аҳлида йўқ бунчалик, латиф нақадар эди.


Мен бу ҳисни туйдиму, бошим урдим пойига.

Бу муҳаббат то қиёмат бўлгунга қадар эди.


ИЛТИЖО БЎЛДИ


Балоғатга тўлибманки, нейинки адо бўлди.

Неча сажда, неча руку, қиёмим қазо бўлди.


Баъзида кимга тобеъю, кимга мубтало бўлиб,

Тилим тишлаб юришимда замин тақазо бўлди.


Ким авратин беркитди, ҳавас бўлди, хасад тўлди.

Неча фоҳиша, неча беюз, ҳижобга аъзо бўлди.


Мазҳаблар ўртасинда кимдир фитна қўзғади,

Хўжа кўрсинга масжидда казою-казо бўлди.


Ҳақ билиб ботилни тавба, англамайсанми дейман,

Кофир қолиб мусулмонга кўп жабр-жазо бўлди.


Устинг бут,қорнинг тўқку, шукур айтмайсан сира,

Қайси замондан халқингда ушбуга ризо бўлди.


Яҳудича, салибча урушни ўртангда қилдинг бозор.

Фосиқинг бек, жохилинг хон, сотқинниг мирзо бўлди.


Бу коишлардан сира йиғлама эй, муқтадий.

Имом зотлардан ҳар куни яхши илтижо бўлди.


ИЛТИЖО


Васлиннга ошиққан куним

Келди устун ҳафдин ражо

Туну кун ҳумор этдинг

Этдим манки илтижо


Етти аъзо туриб муштоқ

Пойингдан истар нажот

Қиёмат этсин давом

Бу ҳолдин этма жудо


Бир ширин сўзингда мани

Минг ҳикматга ғарқ айла

Айлаки уммон узра 

Муҳаббат бўлсин пайдо


Жамолинг орзу вале 

Сенга етмак мушкул эрур

Беҳад Юсуфдин гўзалсен

Беҳад мендин Зулайхо


ҲОЛАТ


Мен киммен, тупроқмен, ғарибу фанодурмен.

Курраий замин узра бир ишқда ёнодурмен.


Ул ишқки, мунтазамдир, эртаю кеч дақиқдир.

Ул бўлмаса еру само, жамеъ ишқдин тонодурмен.


Бир раҳнамо чиқибдурки, ёришиб бу зим-зиё.

Тутсам анинг этагидан кавсаридин қонодурмен.


Лек бу ишқни мараз этиб, нафсимга ўрмалар қурт.

Шайтон кирсаки ичимга, оташмен, балодурмен.


Раҳмонсен раҳим айлаб, қутқар ул лаънатидин.

Ё раббий мен сен учун, ҳам ҳамдмен, санодурмен.


Фарзу суннатда қойим қил ва рози бўл, меҳрибон.

Чорла мени васлинг сари, лаббай дея бородурмен.


Ишқингда ю сай қилдим, қилмоқдадурмен хануз.

Кўп фитнаю таъзиқ бўлди, бахри дили яродурмен.


Ожизлик одат бўлдиму, ё ҳақдин бурдумму юз.

Билмайин қолдим ўзимни оқму ё қородурмен.


Эй мусулмон аҳли келинг, замонни биз тузайлик.

Ким манга илм берса, кўзга суриб олодурмен.


Мен киммен, тупроқмен, ғарибу фанодурмен.

Валлоҳу аълам хабийр, нейга мубталодурмен.


ЧУНКИ СЕН МЕН БИЛАН


Баҳор ўтиб бормоқда, биласан аниқ.

Ишқ қўшиқларини куйлаб баралла.

Лекин мен учун баробар йиллар,

Чунки сен мен билан, мен эса сенла.


Ёз ўтиб бормоқда, биласан аниқ.

Тоғу тошларда-ю сувларда ялла.

Хар қандай қувончдан аълосан ўзинг,

Чунки сен мен билан, мен эса сенла.


Куз ўтиб бормоқда, биласан аниқ.

Шамоллар тезлашар, олтинранг палла.

Эътибор бермайман унга ҳам унча,

Чунки сен мен билан, мен эса сенла.


Қиш ўтиб бормоқда, биласан аниқ.

Совуқлар, бўронлар, бошланар чилла.

Хеч қанадай қахратон музлатолмайди,

Чунки сен мен билан, мен эса сенла.


ЖУМАЪ МУБОРАК


Кўксинг узра нурафшон,

Шаъни Ислом муборак.

Мўмин, мусулмон деган,

Мўътабар ном муборак.


Хар бир яхши амалга,

Ўн баробар ажр бор.

Роббим марҳамат этса,

Улуғ ином муборак.


Жаннат каломидир у,

Ҳам хурларнинг маскани.

Икки калима қуръон,

Улуғ калом муборак.


Ҳар қадамда бир савоб,

Барокат бордир бугун.

Сажда ила тазарру,

Жумаъ айём муборак.


КЎРИНУР


Бир кун чекилса  машаққат,

Зўр тоатдек кўринур.

Тўртта фасл ўтиши,

Бир соатдек кўринур.


Норосо етмас ақл,

Фикрлолмас мустақил.

Ўзича топган йўли,

Ҳидоятдек кўринур.


Боқ дунё гардишига,

Хар қилмиш, хар ишига.

Еру само ой қуёш,

Синоатдек кўринур.


Ней бўлди аҳли имон,

Турландилар бегумон.

Масжидда ётиб турмоқ,

Ибодатдек кўринур.


Қўлингдан кетса давлат,

Ғамлар келса қатма-қат.

Сабр қилмайсан, кунинг,

Қиёматдек кўринур.


Нафс ғамида кўпчилик,

Бу қандайин кўргилик.

Пора олди бердиси,

Бир одатдек кўринур.


Ҳалол молинг зарар этмас,

Ишинг бесамар кетмас.

Юз фойиз кафолатки,

Саодатдек кўринур.


Эй муқтадий бўлди бас,

Бизга маддоҳ керакмас.

Ёзган сўзинг чўпчагу,

Ҳикоятдек кўринур.


ЗИЁДА БЎЛСИН


Қўй куюнма боқмаса санам,

Қалбинг фақат худода бўлсин.

Тилаганинг яхши нияту,

Икки қўлинг дуода бўлсин.


Яшасанг гар ота-онанг деб,

Севганлдаринг азиз оиланг деб,

Улар учун сарф қилган вақтинг,

Кетган умринг зиёда бўлсин.


Вақти келиб авлодинг бўлса,

Сендан қолар шу ёдинг бўлса,

Ўғил-қизинг, борки обрўинг,

Ибо бирла ҳаёда бўлсин.


Бас, ҳақ йўлга қўйибсан қадам,

Зикрла амални қилибсанми жам,

Хуш келиб албат, рахмонга ишинг,

Абад номинг дунёда бўлсин.


БАРЧА НАРСА СОТИЛАДИ ФОНИЙ ДУНЁДА


Барча нарса сотилади, фоний дунёда,

Ғурур, ор, хаттоки номус.

Яхшиям қирғоқдек ушлаб туради,

Пишқирган тўлқинни қонун ва қомус.


Барча нарса сотилади, фоний дунёда,

Обрў, эътибор, қўйинки мансаб.

Мансабдор шахсларнинг тўқсон фоизи,

Бу жойни олмаган худодан сўраб.


Барча нарса сотилади, фоний дунёда,

Лавз, ваъда ва хатто вафо.

Чиройлий кўринган капалакчалар,

Сотилар аслида улар бевафо.


Барча нарса сотилади, фоний дунёда,

Куй, қўшиқ, наво ва яна овоз.

Булбул ортда қолиб, пулнинг зўридан,

Қарғани дейишар бунча хушовоз.


Барча нарса сотилади, фоний дунёда,

Қоғоз, қалам, яна кўп сўзлар.

Қўл тўйсин, ўн тўйсин, юз тўйсин аммо,

Ненидир сўрайди мўлтиллаб кўзлар.


Барча нарса сотилади, фоний дунёда,

Иймон, эътиқод, хаттоки виждон.

Сотилмас дейдилар тушган илоҳий,

Хажарул асвад билан, ягона Қуръон.


НИЯТ ҚАНИ?


Бу тўзғиган кўнгил узра,

Қани, ҳақиқат қани?

Даво истар бўлсам унга,

Яхши бир хилқат қани?


Шарм ишга бошлаб мани,

Устимдан кулар шайтон.

Юз ўгириб кетмоқликка,

Илоҳий ғайрат қани?


Кўзим очилиб кетди,

Авратлар базми ичра.

Меъёр этмакка қийналди,

Рости  шариат қани?


Бугун бирлашмоқ керак,

Бутун умум мусулмон.

Зарур ҳолат эрди азал,

Шу зарурият қани?


Яшайман деб ўйлайсан,

Умрбод ва то абад.

Лекин, кўриб турибсан,

Миллион жамият қани?


Ўз исмингга монанд лекин,

Нафсда бўлдинг муқтадий.

Яхши ният ярим молку,

Аммо шу ният қани?


ТОПОЛМАЙДИ.


Кўзларим излаб сени,

Ҳеч ородан тополмайди.

Наҳот кимса меҳрни,

Мен қородан тополмайди.


Нетай аросат бирлаки,

Изсиз йўқолдим бу кун.

Излаганлар мени само,

Ҳам фанодан тополмайди.


Ўйламангки, базм қилди,

Чўғ зулматлар меҳробида.

Бизни кимса бу йўлдаги,

Муддаодан тополмайди.


Хаста бўлдим, дилим сиёҳ,

Дилдош тополмай ҳаргиз.

Мен кабилар сирдошини,

Ҳар даводан тополмайди.


Ҳар кимдан сўрдим нажод,

Фойдаси ҳеч бўлмади.

Билдимки, кимса нажодни,

Кайф-сафодан тополмайди.


Муқтадий бўлди энди,

Бандасидан сўрма ҳеч.

Бандаси санга фойдани,

Бу дунёдан тополмайди.


СОҒИНГАНДАЙ


Куз ҳам бу йил ўз тафтини йўқотгандай.

Кўнгил узра аллакимлар ўқ отгандай.

Махзун юрак ичра яна дард ботгандай,

Соғингандай, кимларнидир соғингандай.


Ишқ муҳаббат ўзи учун ислар буркаб.

Ошиқларга оташ ёнган ҳислар буркаб.

Қалам қошлар кўзларига сурма суркаб,

Соғингандай, кимларнидир соғингандай.


Шайланади қушлар узоқ учмоқ учун.

Булут сузар осмонларни қучмоқ учун.

Жим қарайди қоро кўзлар бугун нечун,

Соғингандай, кимларнидир соғингандай.


Дард келдию тез кетдида қошлар қоқиб.

Армон эса алам билан ўтлар ёқиб.

Интик кутар муқтадий ҳам йўлга боқиб,

Соғингандай, кимларнидир соғингандай.


ТУРКИЙ ТУПРОҒИМ


Бу бизда миллатни қистамайди ҳеч.

Қуёш чиқса ботишни истамайди ҳеч.

Қушлар сайри тинмас, эртадан то кеч.

Ҳоҳ дилда бўл ҳоҳ тилда, бўлдинг ардоғим,

Она юрт ватаним, туркий тупроғим.


Бебаҳосан қиёсинг қайлардан излай.

Энг муқаддас аталган жойлардан излай.

Топмасам қуёшу ойлардан излай.

Аслида сен мени кўзим қароғим,

Она юрт ватаним, туркий тупроғим.


Тинчликку барчасидан улуғроқ неъмат.

Қадрини билишлик буюкроқ неъмат.

Бу дунё аслида дўстлар ғанимат.

Ёруғлик бор экан, сенсан чироғим,

Она юрт ватаним, туркий тупроғим.


Мўғиллар кўксига ғулғула солган.

Европани бир умр ёдида қолган.

Етти иқлимни хатто, измига солган.

Темур бобом қалқони, зирхли тароғим,

Она юрт ватаним, туркий тупроғим.


Аграга  кўз ташлаб, кўзим ёшлайман.

Бобурни эслайман, кўнгил ғашлайман.

Ватан ҳиссин аста, туя бошлайман.

Бобурийлар кўнглини қийнаган доғим,

Она юрт ватаним, туркий тупроғим.


Илоҳим бу юртни паноҳинга ол.

Ҳақ деб аталмиш тариқатга сол.

Доимо балқисин барокат, камол.

Нейни берай десанг сендан сўроғим,

Она юрт ватаним, туркий тупроғим.


ҲАҚҚИ РОСТ


Ислом келди дунёга,

Иймон қалқди ҳаққи рост.

Мунаввар этиб ерни,

Қуёш балқди ҳаққи рост.


Лекин на бўлди бизга,

Хануз кибр, исёнлар.

Бу ишларнинг охири,

Бордур нақди ҳаққи рост.


Энди бизга муршид керак,

Сайид керак итфоққа.

Қачон чиқар бўлса кўринг,

Имом махдий ҳаққи рост.


Раббоний изм ила,

Дажжолни йўқ қилурлар.

Исо қайтса қиёматни,

Келди вақти ҳаққи рост.


МАНГА


Ойнага боқдим ногаҳон, бўлди аксим қиё манга.

Дўст бўлибди такаббурлик, бадфеъллик, риё манга.


Кўз очиб қарасамки, атрофим тўла мажнун,

Шайтоннинг малаклари, бўлиб махлиё манга.


Қадах тутди, деди ошиқ, унут азоб уқубатни,

Худди ғамхўрдай бўлиб, меҳрибон гўё манга.


Аммо билдимки мақсадин, ул мунофиқ кимсалар,

Кирсам агар тариқига, дўзахт тўтиё манга.


Маст бўлиб, нажас бирла, юрмакдин топмадим наф,

Қуйма шароб, синсин кўза, энди соқиё манга.


Бас, нафсимни кучсиз этай, намоз, рўза, закот бирла,

Мурид бўлай муршид керак, қани авлиё манга.


Дилга жо қилсам агар, каломуллоҳни ўзим,

Икки дунё саодатин, саждамга зиё манга.


Халқим ичра ҳидоятни, шиорга боғлай билсам,

Ажнабийлар бир тамону, бутун Осиё манга.


СОЛҒОН БОР


Сўз айтмангиз бизга маддоҳларга хос,

Ҳар уч гапим иккисида ёлғон бор.

Бедард деманг, бизларда ҳам оҳу фиғон,

Бошим узра ишқ дардини солғон бор.


Ғолиб деманг ҳар доим ҳам мард эмасмиз.

Ожизлардан тўғри энди, гард емасмиз.

Зўри чиқса олдида ҳеч, гап демасмиз.

Неча юзта оёғимдан чалғон бор.


Бу дунёни йўлларини осон деманг.

Улуғларнинг маслаҳати ҳаром еманг.

Тан олмасдан худойимиз, бизга келманг.

Бу йўлларда неча мингта толғон бор.


Дўст қидирдим атрофимда ошналар кўп.

Обрўйиму мансабимдан фойдалар хўп.

Базми жамшид бўлганида бўлди тўп-тўп.

Душман келса ўзин четга олғон бор.


Охир замон келишин халқ билар экан.

Билиб туриб ким қаёнга елар экан.

Ким энди бу дажжолга бас келар экан.

Руҳи учиб, тани ерда қолғон бор.


Машҳар куни кўришамиз, насиб дийдор.

Кимга кенг жой, кимларнидир йўлаги тор.

Савол-жавоб бошланади, сўрар такрор.

Ким ней қилди, яна қандай ўлғон бор.


ТУШМИКАН.


Ох васлингни истаб эрдим,

Ё бу ширин тушмикан.

Ёки банданг мажнун сенга,

Ишқингда сархушмикан.


Тўтиё бўлсин пойинг,

Бошимни қўйай унга.

Оҳ саждада юрган киши,

Руҳи буткул хушмикан.


Хар бир зийнатдан аъло,

Кўрдим санинг сўзингни.

У жаннатдан келган садо,

Бандангга  улушмикан.


Мен йўлаклар ичра юрсам,

Бу дунёда мингта йўл.

Мақсаду масдар асли,

Сен тамон юришмикан.


Сиёсат ва риёзат,

Келди басма-бас хар дам.

Ихтилофлардан мақсад,

Қирилмоқ, урушмикан.


Яна васлингни истаб эрдим,

Ё бу ширин тушмикан.

Хар бир фарзинг маржону,

Ҳидоят ҳам руштмикан.



ТАМАННО


Кўр қилар бу балоғат,

Қадду қомат таманно.

Хур парийлар васфини,

Этиб одат таманно.


Учрадим асл ёрга,

Ҳамду санолар бўлсин.

Баҳт қуши қўниб бошга,

Келса омад таманно.


Бирлиги ҳақ бўлган зотдан,

Сўрдим қилиб тазарру.

Ақлу фикрим ниятни,

Қил  саломат таманно.


Эй раҳмон яратувчи,

Ҳисоб-китобинг аниқ.

Раҳим ва раҳмат тўлган,

Чин адолат таманно.


Оташингдан паноҳ бер,

Жой бергил хузурингдан.

Икки дунё яхшилик,

Ҳам саодат таманно.


 ХАЙРОН ҚИЛМОҚДА


Исён билан туғилди бу нафс,

Ҳамон мана исён қилмоқда.

Тентиратиб осий сахросин,

Ҳамон мани гирён қилмоқда.


Бу ней ҳолки, во ажаб дейман,

Ўз вақтимни ғурбатда ейман.

Ғарбдан келган ўйин-кулгулар,

Кун бўйимни сарсон қилмоқда.


Муслумман деман, алҳамдулиллаҳ,

Шайтонни сўкаман, аъузубиллаҳ.

Раббимни йўлига юрдимми асли,

Суннатни бидъатлар вайрон қилмоқда.


Ҳалол топмоқдаман деман ошимни,

Аслида қайларга урдим бошимни.

Эрта у дунёда нима дейман мен,

Шу савол ақлимни хайрон қилмоқда. 


ЎЛАМАН


Нега жим турибсан ёр,

Сукутингда ўламан.

Масканинг қайси баҳор,

Ман юртингда ўламан.


Термулган оҳу кўзинг,

Сиринг ошкор этмаса.

Ихлос билан қарашингда,

Ҳам қунтингда ўламан.


Ишқда ёритдинг чаманни,

Лабингда ғунча кўрдим.

Мушку-анбар таратган,

Худудингда ўламан.


Ол мани хузуринга,

Бандаи солиҳ қилиб.

Домингга тортар бўлсанг,

Вужудингда ўламан.


ҚИМТИНИБ АВРАТИН БЕРКИТГАН СИНГЛИМ!


Туну кун ибодат, айланай сендан.

Икки кафти, пешонаси ер тутган синглим!

Кимлардир авратин кўз-кўз айласа,

Қимтиниб авратин беркитган синглим!


Асл иймон жўш урар томир қонида.

Калому беқиёс унинг ёнида.

Уйда, кўчада, ҳам меҳмонида,

Қимтиниб авратин беркитган синглим!


Қадду қоматини этмайди огох.

Беҳуда нарсага чекмайди ох-вох.

Назаринг тушса унга баногоҳ,

Қимтиниб авратин беркитган синглим!


Қилган ишларидан унинг кўнгли тўқ.

Қаттиқ гапирмайди қилмайди ҳам дўқ.

Ҳеч қандай ҳизбга алоқаси йўқ,

Қимтиниб авратин беркитган синглим!


Даст аввал ёндирдик, ағдардик сени.

Паранжи ташласанг махтардик сени.

Жуда кўп йиллар ахтардик сени,

Қимтиниб авратин беркитган синглим!


Одамлар замонни бўзлатганида.

Фахшни, бидъатни кўзлатганида.

Бошқалар сонини кўрсатганида,

Қимтиниб авратин беркитган синглим!


Ёқтирмас Исломни булғовчиларин.

Исёну дод қилган бузғовчиларин.

Мод қилган шайтонни урғовчиларин,

Қимтиниб авратин беркитган синглим!


Ватан омонлиги, элнинг соғлиғи.

Аёлнинг ҳаёси, эрнинг борлиғи.

Шу ўзлигимнинг иймон ёрлиғи,

Қимтиниб авратин беркитган синглим!


    САОДАТ    


Кел бир нафас олайлик, бу йўлда тиним саодат.

Сўнгра излайлик ҳақни, бу йўлда илм саодат.


Недир ҳақни топмоқлик, недир илм гулшани.

Бу йўлда қачонларки, топгайдир дилим саодат.


Тўхтамасин илтижо, шунда топарсан нажот.

Субҳидам шом узраки, зикрда тилим саодат.


Икки дунё неъматига, эришмоқ истасанг чек.

Ҳам динда риёзату, дунёвий билм саодат. 


Омонат бир жойдаман


Дилу бўстонимга бир сўз келди айтаман

Қайга бормай охир сенга қайтаман

Хушим йиғиб эсим жойлаб билсамки

Бир кун тугар омонат бир жойдаман


Бу дунёда барча қардош бегона йўқ

Фойда бермас бўлсанг агар парвона йўқ

Эртак асли мажнун каби девона йўқ

Бир кун тугар омонат бир жойдаман


Парвона хам девона хам асли ўзим

Нафсим билан чоғ қазиман ўзимга ўзим

Зора келса калимага энг сўнги сўзим

Бир кун тугар омонат бир жойдаман


Атрофингга ташла назар бир соғи йўқ

Шайтон дўсти фариштадан ўртоғи йўқ

Кўр зиною дилрабони адоғи йўқ

Бир кун тугар омонат бир жойдаман


Порахўрлик нашр бўлди китоб билан

Хар қайерда ўз қаричи хисоб билан

Жамиятни асра эй мард инсоф билан 

Бир кун тугар омонат бир жойдаман


Сўз олибсан бугун элнинг дардидан

Қолар сўзинг шарти кетиб партидан

Қўрққин фақат Аллоҳиннгни зардидан

Бир кун тугар омонат бир жойдаман


ХАЙРОН (Ишқи Муҳаммадия)


Лов этиб ёнган, ўтган бошимдан,

Фикрни пора қилган, юракни вайрон.

Сен кимсан, нимасан, қайдансан ўзи,

Савол беравериб ақлим ҳам хайрон.

Сен гулмисан жиловларинг-ла,

Бутун борлиққа завқлар улашган.

Ёки қуёшнинг нуримисан сен,

Сенла боғларда гуллар қалашган.

Балки сен зилол чашмамикансан,

Қонмоқ истаган чанқаган диллар.

Сен балки майин шаббода мисол,

Сочларим силаб, ўтгансан йиллар.

Сен Фузулийнинг сарловҳасисан,

Низомий хамсасига бўлгансан нигор.

Балки Навоийнинг орзусидурсан,

Сенда ғайриоддий қофиялар бор.

Балки сен Бобурнинг муҳаббатисан,

Тожи маҳални хам асоси кўзинг.

Шохжахон бўлганда айтарди ростин,

Мумтоз бегимдан ҳам аълосан ўзинг.

Балки сен Машрабнинг армонидирсан,

Девоналик завқин ҳадия этган.

Балки сен Насимий тавонидирсан,

Қонлари ер билан бирлашиб кетган.

Кимлигингни асли айтарсан балки,

Эй ойнинг ортига кулиб беркинган.

Сени таърифингни топиб, битгунча,

Йигирмадан ортиқ қаламим синган.

Сен балки умуман бошқа нарсасан,

Курраи заминда йўқми ўхшашинг.

Қуёшдан ҳам олдин барпо бўлгансан,

Сир бўлмаса айт неччида ёшинг.

Тушунмадим балки сен оловмикансан,

Катта бир оташдан ажираб чиққан.

Сен балки маҳбубим кўзи қирраси,

Оловларин пуркаб юрагим сиққан.

Ҳа! Сен асли тангримни неъматидурсан,

Ана энди сени англадим, билдим.

Сенга эришмоқлик энг олий неъмат,

Билдиму бу ишга роса интилдим.

Сен асли хурмисан раббим яратган,

Мўминларга аталган мукофот мисол.

Ғарбда ҳам шарқда ҳам сени тимсолинг,

Кимга насиб бўлади бу сирли висол.

Балки сен илоҳий мўъжизадирсан,

Хатми қуръонларда сакина тушган.

Ҳидоят йўлларида извоши сенми,

Номинг эслаганда этим увишган.

Балки сен фирдавс туйнугимисан,

Билмайин аста мўралаб қўйдим.

Сен балки таърифга мухтож эмассан,

Кечир сени қоғозга қоралаб қўйдим…!


Халос ет мени


Ғафлат мени енгмоқтадир нега кун сайин

Билиб туриб курашмайман бунга атайин

Бу кетишда қаро ерга кирмоғим тайин

Ичимдаги имон ўти халос ет мени


Ичимдаги нима ўзи қандайдир хохиш

Етаклайди куфурларга ва йана фахш

Тушмай туриб бошим узра ишлари нохуш

Ичимдаги гирён ўти халос ет мени


Қаламим учлидур адоғсиз десам

Қўлларим сехирли қадоғсиз десам

Мени жоним кўп саноғсиз десам

Ичимдаги бир дон ўти халос ет мени


Шайтон мени зиёфатга йўлга чорласа

Ушбу йўли қуёш бўлиб, роса порласа

Охир бориб дўзах ўти мани хорласа

Ичимдаги раҳмон ўти халос ет мени


Хақ йўлида чиқса калима сўзим

Мажнуну телбага айлансам ўзим

Нигордан ўзгани кўрмаса кўзим

Ичимдаги армон ўти халос ет мени


Фарзу суннат намозларим ўтиб кетмасдан

Нафс дегани сулҳ тузиб ютиб кетмасдан

Савоб ёзар фаришталар кутиб кетмасдан

Ичимдаги қуръон ўти халос ет мени


ЙЎЛ


Бошла хаққа эй ёр мани топсам ажир шояд қани

ҳамда савоб умидлари бўлса тўп тўп ғоят қани


Тарамлари боғу бўстон мўйилишлар гулистон

бўлса бу йўл бошдан охир рушту ҳидоят қани


Бу йўлда йўқ фисқу фужур йўқдир фитнаю фасод

тушиб йўлга қалблардаги ўлса жиноят қани


Яна бу йўл дуоларнинг маскани эрур буткул

бўғзимдан чиқмай сўзим қилса кифоят қани


Бу йўл қуръон бу йўл зикр бу йўл сомеълар уйи

то туну кун муҳаббатла ўқилса оят қани


Қандайин нур қандай сурур бу йўлнинг оқибати

бутун уммат шу йўл узра қилса риоят қани


ОШИҚГИЛ


Эй дил ошиқгил энди, ҳабибинг йўли тамон.

Бу йўлда кутар сани, ажиб саодат бегумон.


Ул йўлки, бўстонлари жаннатни ёдга солур,

Ҳам мушки, ҳушбўйлари, атрофингда армуғон.


Айт! Бир калом шубхасиз, тилу жонинг бирлаки,

Сен ягона эрурсан деб, аввалу охир замон.


Ҳам сажда қил! гина, гумон, қолдирмай дилда буткул.

Икки дунё сенга эрур, бўлурсан бешак омон.



Тўртликлар


Бошладим ўзингни номинг ила раб,

Барча махтовларни ўзингга атаб.

Ўзинг ҳиммат кўрсат ушбу ишимда,

Файзу барокатла уни тамомлаб.


*** 


Хар бир халқнинг тафаккури,

Ҳикмат билан нақлдандир.

Ҳатто қилич кескирлиги,

Фикр билан ақилдандир.


***


Хар киши хужжат қилса,

Қуръондин одат.

Икки дунёсига эрур,

Мушарраф саодат.


***


Халқлардан олдин лавҳул маҳфузга,

Ёзиб қўйдинг тақдирда нима бўлишин.

Ё раббий ҳамдлару илтижо сенга,

Бесамар кетказма муқтадий ишин.


***


Ё раббий вафо аҳлини,

Қардошу завжамда қил.

Мунаввар қил умрумни,

Ўлимни саждамда қил.


***


Куч ва қувват сендан эрур,

Ўзинг бўлгин паноҳим.

Ўзинг ғофур, ўзинг нур,

Мағфират қил гуноҳим.


***


Йиғган молу давлатларим,

Машҳар куни дош бермагай.

Қурган қасру иморатим,

Қабримға бир тош бермагай.

***

Ишимизни охирига етгазган Аллоҳ азза ва жаллага ҳамду саноларнинг чексизи бўлсин!

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар Пайғамбар алайҳиссалом Мен жоҳилият бузуқлигининг ҳеч бирида туғилмаганман, фақат ислом никоҳи билан туғилганманrdquo деб давоми...

2455 15:31 / 19.04.2017
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам баданларининг тозалигига эътибор берардилар ва тоза тутишга буюрардилар. 1. Ҳар ҳафтада бир ғусл олардилар. 2. Доимо давоми...

2647 15:37 / 19.04.2017
Отаонасиз қолдингми изтиробда,Яхшиликни бардавом айла аларга.Шод аларсен қолмассан гирдобда,Улуғлардан насиҳат етказай сенга. Алар хаққига дуода бўл давоми...

4476 15:56 / 19.04.2017
Келди ҳаёлимга бир ажиб ҳикоят,Қилган эди уни Ваҳб2 ривоят. Бани Исроилда бир осий бор эди Юз йил исён қилди, жуда зулмкор эди.Умри тугаб, жонин давоми...

2423 15:45 / 19.04.2017
Аудиолар

118743 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40704 14:35 / 11.08.2021