1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Либос китоби

09:00 / 07.07.2022 5525 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эътибор билан қарайдиган бўлсак, Ислом динининг батафсил ҳукмларини баён қиладиган барча китобларимизда «Либос китоби» бор. Айниқса, ҳадис, тасаввуф ва фиқҳ китобларимизда бунга алоҳида эътибор берганлар.

Ислом дини Аллоҳ таолонинг мукаммал, барча замон ва маконларга салоҳиятли дини ўлароқ, инсон ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олган. Шу билан бирга, кийиниш ҳам инсон ҳаётининг муҳим соҳаси эканлиги ҳаммамизга маълум. Бошқа ҳамма соҳаларда ўз кўрсатмаларини берган Ислом кийиниш борасини тарк этса, унинг мукаммаллигига футур етган бўлар эди.

Шунинг учун Исломда бу масала ҳам бошқа масалалар қатори, етарли даражада муолажа қилинган. Бу эса мусулмонлар учун бахтдир. Чунки улар ҳаётнинг бошқа соҳаларида бўлгани каби кийиниш масаласида ҳам тайёр таълимотларга амал қилиб, икки дунё саодатига эришиш учун яна бир илоҳий ёрдам ола биладилар.

Бошқалар эса бу соҳада ҳам талашиб-тортишиб, «Сеники нотўғри, меники тўғри», дейиш билан овора бўладилар. Оқибатда ҳаммасиники нотўғри бўлиб чиқади.

Баъзилар «Кийиниш масаласига бунчалик эътибор беришнинг боиси нима, ахир бу арзимаган нарса-ку», дейишлари мумкин. Уларга «Аввало, кийиниш арзимаган нарса эмас, қолаверса, Исломда инсон ҳаётининг арзимайдиган ҳеч бир жойи йўқ, балки инсон ҳаётининг ҳамма соҳалари ҳар қанча эътиборга сазовордир», дейилади.

Инсоннинг кийиниши унинг ички-маънавий дунёсининг сиртда акс этишидир, дейишимиз мумкин. Уят, виждон, хаё, ор-номус каби тушунчаларга эга бўлган инсон ўзининг обрўсини сақлайдиган, бошқаларнинг нафратини қўзитмайдиган бўлиб кийинади. Мазкур тушунчалардан йироқ бўлган кишилар эса яланғоч юришлари ёки бошқача ҳолга ўтишлари ҳеч гап эмас.

Бунинг устига, кийим-бош инсоннинг доимий ҳамроҳи бўлгани учун унинг руҳиятига, ахлоқига таъсир қилиши турган гап. Мисол келтирадиган бўлсак, аскарларга ўзига хос кийим кийдириш ҳамма халқларда қадимдан одат бўлиб келган. Бу аввало аскарларга ўз вазифасини адо этишида қулайлик туғдирса, иккинчидан, махсус кийим уларга таъсир қилиб, аскарлик руҳини тутиб туришда, кучайтиришда иш беради. Ҳатто бу соҳага мутлақо алоқаси йўқ одам аскар кийимини кийиб олса, аскарлар каби шахтам юришга интилиб қолиши шундан.....

Исломдан олдин кийиниш, уй тутиш, умуман, маиший маданият бўйича дунё инсон номига доғ бўлиб тушадиган бир ҳолда эди. Ҳеч ким бу соҳа бўйича ҳалол-ҳаром ёки савоб-гуноҳ деган нарсани билмас эди. Шахсий ва умумий озодалик ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

Ана шундай бир пайтда Ислом ҳаётнинг бошқа соҳалари қатори, бу соҳани ҳам таг-туги билан илоҳий таълимотлар асосида ислоҳ қилишни бошлади. Аста-секин инсониятни бу соҳада ҳам жоҳилият зулматларидан Ислом нурига олиб чиқди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(Ҳадис ва ҳаёт китобидан)

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади.Бас, унга шамолни беминнат хизматкор қилиб қўйдик, унинг амри билан у ирода қилган томонга майин эсаверади. Яна давоми...

3112 11:05 / 27.10.2019
Вазни 1000 тонналик қора туйнук емирилиши учун 84 сония кифоя экан. Чунки у ўзидаги бор энергияни шу муддат ичида ташқарига чиқариб юборар экан. Кейин бу жараён давоми...

2620 15:34 / 08.10.2022
Вуҳайб ибн Вирд айтади .Бир киши келиб, .Эй Абу Умайя, Байтуллоҳни тавоф қилган инсонга қандай савоблар бўлади, деб, ҳоли жонимга қўймай сўраверди. Мен шундай дедим давоми...

1255 08:00 / 02.05.2020
Ийсо ибн Умар айтади .Амр ибн Атаба ибн Фарқад кечаси отига миниб, қабристонга борарди. Отидан тушиб, қабрлар олдида тўхтаб қолар ва .Эй аҳли қабр Саҳифалар ёпилди, давоми...

1579 08:10 / 03.04.2020