1445 йил 7 зулқаъда | 2024 йил 15 май, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Дуонинг аҳамияти

10:17 / 27.03.2017 2270 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Дуо Аллоҳ таолога энг маҳбуб, энг карамли нарсадир. У зот дуони яхшилик ато этиш, ёмонликни даф қилиш учун бандалари орасида жорий қилган. Дуо кўплаб яхшилик ва ютуқларни қўлга киритиб, кўплаб ёмонлик ва мусибатларнинг йўқ бўлиши учун улкан сабабдир. Набий алайҳиссалом бир ҳадиси шарифда шундай деб марҳамат қилганлар: “Дуодан кўра Аллоҳ таолога карамлироқ ҳеч нарса йўқ”. Бухорий, Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоятлари.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг кўп жойларида бандаларини дуо қилишга амр этган. У зот шундай марҳамат қилади:

“Парвардигорингиз: «Менга дуо қилингиз, Мен сизлар учун (дуоларингизни) ижобат қилай!» – деди. Албатта, Менга ибодат қилишдан кибр қилган кимсалар яқинда тубан ҳолатда жаҳаннамга кирурлар” (Ғофир, 60).

“Сиздан (эй, Муҳаммад!) бандаларим Менинг ҳақимда сўрасалар, (айтинг) Мен уларга яқинман. Менга илтижо қилувчининг дуосини ижобат этурман. Бас, улар ҳам Мени (даъватларимни) ижобат (қабул) этиб, Менга имон келтирсинлар, шояд (шунда) тўғри йўлга тушиб кетсалар” (Бақара, 186).

Оятларда мўминлар учун улкан башорат бордир. У ҳам бўлса дуо ва илтижо қилувчиларнинг сўровларини ато этишга берилган илоҳий ваъдадир

Агар дуода қалб юмшашидан бошқа ҳеч қандай фойда бўлмаган тақдирда ҳам ўшанинг ўзи дуонинг нақадар буюк неъмат эканига кифоя қиларди. Аллоҳ таоло айтади:

“(Эй, Муҳаммад! Мушрикларга) айтинг: “Агар дуоларингиз бўлмаганида, Парвардигорим сизларга парво қилмас эди” (Фурқон, 77).

 Дуонинг ҳақиқати дунёвий-ухровий ҳожатлар раво бўлишини ҳамда дунёвий-ухровий машаққатлар кетишини сўраб Аллоҳ таолога рағбатни кучайтиришдир. Дуонинг шаъни жуда улуғдир.

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий алайҳиссалом дедилар: “Дуо айни ибодатдир”. Абу Довуд ва Термизий ривояти.

Дуо улкан ибодатлардан биридир. Дуода банданинг ихлоси ва хушуъси намоён бўлади. Иймоннинг нақадар чинакамлиги ҳам дуода кўринади. Дуо сабабли қалб сайқалланади. У тавҳиднинг ҳақиқий ўлчовидир.

Шайхул-ислом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ шундай деган: “Агар тавҳидингнинг қанчалик чинакамлигини, мустаҳкамлигини билмоқчи бўлсанг, қанчалик дуо қилишингга назар сол”.

Дуо ожиз, заиф банданинг Қавий, Қодир зотдан мусибатлардан қутқариб, орзу умидларини рўёбга чиқаришини сўрашидир. Дуо билан қийинчиликлар ортда қолади, машаққатлар чекинади. Дуо сабабли Аллоҳнинг ёрдами келади. Пайғамбар алайҳиссалом ёрдам келишини сўраб дуога қаттиқ киришар эдилар.

Абдулоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Менга Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ушбу воқеани айтиб берганлар: “Бадр куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мушриклар қўшинига назар солдилар. Улар 1000 киши, саҳобалар эса 313 киши эдилар. У зот алайҳиссалом қиблага юзландилар, қўлларини кўтариб, Роббиларига шундай дуо қила бошладилар: “Эй Аллоҳ, менга ваъда қилган нарсангни тезлат, эй Аллоҳ, менга ваъда қилган нарсангни келтир. Эй Аллоҳ, агар мана шу мусулмонлар ҳалок бўлса, ер юзида Сенга ибодат қиладиган ҳеч ким қолмайди”. У зот қиблага юзланиб, қўлларини кўтарган ҳолда шу даражада берилиб дуо қилдиларки, ридолари елкаларидан тушиб кетди. Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу келдиларда, ердан ридони олиб, у зот алайҳиссаломнинг елкаларига ташлаб қўйдилар ва ортларига ўтириб, шундай дедилар: “Эй Аллоҳнинг Расули, Роббингизга шундай илтижо қиласизми? У зот сизга ваъда қилган нарсасини тезда келтиради”.

Шу пайт Аллоҳ таоло “Раббингизга (ёрдам сўраб) фарёд қилганингизда: “Мен сизларга кетма-кет (келувчи) минг нафар фаришта билан мадад берувчидирман”, – деб (дуоингизни) ижобат этганини эслангиз!” оятини нозил қилди”. Бухорий ривояти.

Муслимнинг ривоятида: “Роббингизга шунчалик даражада илтижо қилганингиз кифоя қилади” дейилган. Шундай қилиб Аллоҳ таоло Пайғамбарига ваъда қилган нарсасини ато этди, осмондан фаришталарни тушириб, душманларни ер билан яксон қилди.

Аллоҳ таоло барчамизни ихлос билан дуо қилувчи бандаларидан айласин, омин! 

Амир ибн Муҳаммад Мадарийнинг

“Дуоси қабул бўладиган кишилардан бўл”

номли рисоласи асосида

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳозирги тараққий этган ва айни пайтда муаммо ва ташвишлар кўпайган бир замонда кўпчилик ўзини хорғин ва толиққан ҳис қилмоқда. Ҳатто мириқиб дам олгандан кейин давоми...

3297 10:31 / 24.03.2017
Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йиғладилар. Буни кўрган саҳобалар Сизни нима йиғлатди, эй Аллоҳнинг Расулиrdquo деб сўрашди. У зот Бирордарларимни давоми...

3829 11:27 / 27.03.2017
Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши бир куни таҳорат қилиш учун сув келтиришларини сўрадилар. Сув келтиришгач, идишни энгаштириб, қўлларига сув давоми...

2543 10:23 / 27.03.2017
Ҳар бир иши айни ҳикмат бўлган ва ҳар бир ишга қодир бўлган Аллоҳ таолога битмастуганмас ҳамду санолар бўлсинЎз умматларига Роббиси амри ила ҳикматни ўргатган давоми...

8594 20:07 / 22.04.2017
Аудиолар

121390 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42893 14:35 / 11.08.2021