1445 йил 26 шаввол | 2024 йил 05 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Набий алайҳиссаломнинг қайтариқлари (биринчи мақола)

15:09 / 25.08.2020 6262 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бутун ер юзидаги инсоният, шарқ-у ғарбдаги барча қавм ва миллатларга Расул қилиб юборилган пайғамбарларнинг охиргиси Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматга қадар одамзотни саодат ва нажотга етакловчи улуғ йўлбошчи бўлиб қолаверадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шамоиллари, хулқ-одоблари ҳар бир мўмин-мусулмон учун катта ибрат, у зотнинг яшаш тарзлари, кўрсатмалари, амр-қайтариқлари ҳар биримиз учун муҳим дастурил-амалдир. Чунки Пайғамбар алайҳиссалом юриш-туришда, муомала-муошаратда, ҳоли ҳаётда ва ибодатда, оилада ва кишилар орасида, хуллас барча соҳада ўз даврларида ҳам, ундан кейин Аллоҳнинг расулига хос юксак фазилатлар, олий хулқ соҳиби бўлиб қолдилар. Зотан, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам: «Мен яхши хулқларни камолга етказиш учун пайғамбар бўлиб келдим», деганлар. Яна бир ҳадиси шарифда: «Мўмин кишига берилган нарсаларнинг энг яхшиси чиройли хулқдир», дейилган.

Расули акрам ҳақларида сўраган кишиларга завжалари ҳазрати Оиша: «Пайғамбаримизнинг ахлоқлари Қуръон эди», деб жавоб берганлар. Ҳақиқатан Қуръоннинг барча амрлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийрат ва суратларида акс этган.

Аллоҳ таоло ўз китобида: «Пайғамбар ўзи сизларга ато этган нарсани олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар ва Аллоҳдан қўрқинглар» (Ҳашр сураси, 7-оят) деб марҳамат қилган.

Жаноби Расулуллоҳнинг ўзлари ҳам: «Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра адо этган одамни Аллоҳ неъматлантирсин», деганлар. Аллоҳ таоло барчаларимизга Пайғамбар алайҳиссаломнинг ахлоқлари билан хулқланишни насиб айласин!

Ахлоқ-одоб соҳасидаги қайтариқлар

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳалокатга олиб борувчи етти нарсадан қочинглар!», дедилар.

«Улар нима, эй Расулуллоҳ?» дейишди. Жаноби Пайғамбаримиз: «Аллоҳ таолога ширк келтирмоқ, сеҳр-жоду қилмоқ, ноҳақ бировни ўлдирмоқ, судхўрлик, етимнинг ҳаққини емоқ, жанг майдонидан қочмоқ, бегуноҳ покдомон мўмина аёлларга туҳмат қилмоқ», дедилар».

Имом Бухорий ривоятлари.

Муғийра ибн Шуъбанинг котиби Варрод ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам миш-миш тарқатмоқни, эзмалик қилмоқни, мол-дунёни исроф этмоқни, очкўзлик қилмоқни, оналарга итоатсизлик этмоқни ва қизларни тириклайин кўмиб ташламоқни (Исломдан аввал арабларда шундай одат бўлган) ман қилганлар».

Имом Бухорий ривоятлари.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бадгумон бўлманглар, бадгумонлик энг ёлғон сўздир, тирноқ остидан кир қидирманглар, бир-бирингизга ҳасад қилманглар, бир-бирингиздан аразламанглар ва нафратланманглар, ака-ука тутиниб, Аллоҳнинг (солиҳ) бандалари бўлинглар», дедилар».

Имом Бухорий ривоятлари.

Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўл бўйида ўтиришдан сақланинглар», дедилар. Шунда саҳобалар: «Бунинг чораси йўқ, эй Расулуллоҳ, чунки биз ўтириб суҳбатлашамиз», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бунга кўнмасанглар, ўтиринглару фақат йўлнинг ҳаққини адо этинглар», дедилар. Саҳобалар: «Эй Расулуллоҳ, йўлнинг ҳаққи нима?», дейишганида Расулуллоҳ: «Кўзни номаҳрамларга қаратишдан тийиш, ўтувчиларга азият бермаслик, саломга алик олиш, яхшиликка буюриб, ёмонликлардан қайтариш», дедилар».

Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икки заифнинг – аёлнинг ва етимнинг молидан узоқ бўлишингизни васият қиламан», дедилар».

Имом ибн Можа ривоятлари.

Жобирдан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Зулмдан сақланинглар, чунки у Қиёмат кунида зулумот бўлади. Ва яна бахиллик ва хасисликдан сақланинглар. Чунки у сизлардан аввалги умматларнинг ҳалокатга учрашига, қон тўкишларига ҳамда ҳаром нарсаларни ҳалол қилиб олишларига сабаб бўлган эди», дедилар».

Имом Муслим ривоятлари.

Абдуллоҳ ибн Умардан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ: «Сизларнинг ҳолингизга вой бўлсин! Яна сизлар мендан кейин кофир бўлиб, бир-бирингизнинг гарданингизга (қилич) уриб юрманглар», дедилар.

Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Адий ибн Умардан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳозир яна қайтариб айтаман, кимни бирор ишга бошлиқ қилсак, ози ва кўпини (яширмай) олиб келсин. Нимани берсак, уни олсин. Нимадан қайтарсак, уни олишдан ўзини тийсин», дедилар.

Имом Муслим ривоятлари.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини бировларни янглиштиришдан ман этдилар.

Абу Довуд ва Аҳмад ривоятлари.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзини одамлардан четга олиб, хилватда зоҳидлик қилишдан ман этганлар.

Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Биз ҳазрат Умарнинг ҳузурларида ўтирган эдик, у киши: «Бизлар зиммамизга ортиқча иш (вазифа) олмоқдан қайтарилдик», дедилар».

Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ таоло сизларни оталаринг номи билан қасам ичишдан қайтаради». Имом

Бухорий ва Муслим ривоятлари.

(Давоми бор)

Islom.uz архивидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳаракатда баракат... Ҳар бир нарсага эришишда озмикўпми меҳнат талаб қилинади. Инсон Худога таваккул ва дуо қилиб, ризқ талабида ҳаракат қилса, албатта, ноумид давоми...

2525 21:39 / 21.04.2017
Ушбу бўлимда ниятни холис қилиш, ёмон гумонга бормаслик, бирор амал қилганда уни ихлос билан бажариш лозимлиги ва кишиларни яхшиликка чақиришнинг фазилатлари давоми...

6955 09:35 / 25.03.2017
Мустақил диёримизда 1997 йилдан бери ҳар бир йилга жамият ҳаётининг алоҳида соҳаларида ислоҳотларни амалга ошириш мақсадида ном берилиб келинади1. Жорий йилнинг 5 давоми...

3100 15:49 / 22.04.2017
Маълумки, ер юзи бўйлаб гиёҳвандлик балоси асримиз вабоси сифатида тез суръатлар билан кенг миқёсда тарқалиб бормоқда.Гиёҳвандликнинг жисмоний ва маънавий давоми...

3813 10:11 / 24.03.2017