1445 йил 21 шаввол | 2024 йил 30 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Маййитга савоби етадиган нарсалар

18:56 / 14.03.2017 4140 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маййитга савоби етадиган нарсалар

Маййитга савоби етадиган нарсалар: Маййитнинг дуо, истиғфор, садақа ва ҳаж каби баданий-молиявий ибодатлардан манфаат олишига барча уламолар иттифоқ қилишган.

Яҳё ибн Саъиддан ривоят қилинади:

«Саъийд ибн Мусаййаб: «Албатта, киши ўзидан кейин боласининг қилган дуоси ила (охиратдаги даражаси) кўтарилади», дер ва икки қўлини осмон томон кўтариб ишора қилар эди».

Имом Молик ривоят қилган. 

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Маййит ўлганидан кейин унинг даражаси кўтарилади. Шунда у:

«Эй Роббим, бу нимадан?» дейди.

«Боланг сенга истиғфор айтди», дейилади».

Бухорий «Адабул-муфрад»да ривоят қилган. 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Саъд ибн Убоданинг онаси у йўқлигида вафот этди. Шунда у:

«Эй Аллоҳнинг Расули, онам менинг йўқлигимда вафот этди. Агар унинг номидан бирор нарса садақа қилсам, унга манфаати бўладими?» деди.

«Ҳа», дедилар у зот.

«Сизни гувоҳ қилиб айтаманки, мевали боғим унга садақа бўлсин», деди».

Бухорий, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.

Ҳанафийларнинг кучли қавллари бўйича, қорилар қабрнинг олдида ўтириб қироат қилса бўлади. Бошқа жойлардаги қироатнинг савоби етиши ҳақида ҳам шубҳа йўқ. Чунки Қуръон қироати бўлган жойга раҳмат ва барака нозил бўлади. Қуръон қироатидан кейинги дуонинг қабул бўлиши осон. Тўрт мазҳабнинг барчаси Қуръон қироатининг савоби ўтганларга етишига иттифоқ қилган.

Бизда турли сабабларга кўра, хусусан, ўтган даврда дин таълимотларидан узоқлашиб кетиш оқибатида ўтганларни йўқлаш деганда, «уч», «етти», «йигирма», «қирқ», «эллик икки», «йил оши», «пайшанбалик» ва бошқа номлардаги худойи ва маросимлар тушуниладиган бўлиб қолган. Бу каби маросимлар кўзга кўринадиган, бировлар биладиган бўлгани учун, «одамлар гапирмасин», «маҳалла нима дейди» каби мулоҳазалар юзасидан ҳам қилинади. Яна бунда бошқаларга ўзини кўрсатиш имкони ҳам бор. Энг асосий омиллардан бири – осон қутулиш. Шу ишларни қилиб қўйиб, бурчни адо этдим, деган даъво қилинади.

Аслида эса маросим ўтказиш тирикларнинг вафот этганлар учун қиладиган ишлари рўйхатида энг охирги ўринда туради. «Уч», «йигирма», «қирқ», «йил» ва бошқа номлар билан аталадиган маросимлар эса шариатда умуман йўқ. Катта китобларда ҳам, кичикларида ҳам, арабчасида ҳам, ажамчасида ҳам бу номларнинг бирортасини топиб бўлмайди. Китобларда «Мотам муносабати ила қилинадиган таом «вазийма» дейилади» деган гап бор, холос. Лекин ўша вазийманинг куни, ҳажми, унга пишириладиган таомнинг тури ва бошқа нарсалари белгиланган эмас. Бундай эҳсонни киши ўзидан, оиласидан, қарамоғидагилардан орттирганида, балоғатга етмаган болаларнинг ҳаққини аралаштирмай, кўнгли истаган пайтда қилиши мумкин. Бунга турли бидъат-хурофотларни аралаштирмаслик шарт.

Ўтганларни, хусусан, ота-оналарни йўқлаш, руҳларини шод қилиш ва ортларидан савоб юбориш ҳақида сўз юритилар экан, қуйидаги ҳадиси шарифни ёдга олиш зарур бўлади. 

Анас ибн Моликдан эшитган кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Албатта, амалларингиз ўлган яқинларингиз ва қарин­дошларингизга кўрсатилур. Агар яхши бўлса, улар башорат олурлар. Агар бошқача бўлса: «Аллоҳим, бизни ҳидоят қилганинг каби ҳидоят қилмай туриб, уларни ўлдирмагин», дейишади».

Аҳмад ривоят қилган.

Демак, вафот этган ота-онамиз ва яқинларимизни ёдлашимиз йилда бир ёки икки марта ёзиладиган дастурхон пайтидагина эмас, ҳамиша, ҳар лаҳзада бўлиши лозим.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(ижтимоий одоблар китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Моида сурасида шундай деб марҳамат қилади .Эй иймон келтирганлар Сизлардан ким динидан қайтса, Аллоҳ албатта Ўзи севадиган ва улар ҳам У Зотни давоми...

1086 19:00 / 11.06.2023
1. Авомларнинг даражаси. Савобнинг ҳосил бўлиши ила оқибатнинг яхши бўлиши. 2. Хосларнинг даражаси. Розилик ва яқинликнинг ҳосил бўлиши. 3. Хосларнинг хосининг давоми...

1013 19:00 / 01.10.2023
Инсоннинг ҳар бир аъзоси ўзига хос вазифани амалга оширишиучун яратилган. Ўша аъзо соғ бўлса, мазкур ишни яхшилаб адо этади. Агар аъзо хасталикка учраса, ўзига хос давоми...

3944 05:00 / 28.02.2017
1. Ҳақиқий хавф жаннатга олиб боради ва дўзахдан қутқаради. 2. Ҳақиқий хавф қиёмат кунидаги катта даҳшатдан омонликдир. 3. Ҳақиқий хавф иймон баркамоллиги ва Ислом давоми...

1197 19:00 / 12.08.2023