1445 йил 22 шаввол | 2024 йил 01 май, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Тунги намоз ва унинг фазли

05:00 / 04.01.2017 34055 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло: «Кечасида таҳажжуд (намози) қил. Сенга нофила бўлур. Шоядки, Роббинг сени Мақоми Маҳмудда тирилтирса», деган (Исро, 79).


Шарҳ: Ушбу оят ила таҳажжуд намозига тарғиб қилиш Қуръонда келгани эслатилмоқда. Кечаси бир ухлаб туриб, ўқиладиган намозни таҳажжуд намози деб аталади. Шунингдек, бу намозни қиём намози, деб ҳам айтилади. Аввал бу намоз вожиб бўлган эди. Бир йилчадан кейин вожиблиги насх қилинган.

Бу маъно «Тафсири ҳилол»да Муззаммил сураси тафсирида батафсил баён қилинган:

«Эй ўраниб ётувчи! Кечани озгинасидан бош¬қасини (ибодатда) тик туриб ўтказ!»

Албатта, бу оят ниҳоятда улкан маъно касб этади. Бу Аллоҳнинг йўлида кишиларни тўғри йўлга бошлаш учун қилинган амр эди. Ўраниб ётадиган вақт ўтди, тур энди, деган Аллоҳнинг нидоси эди.

Шунинг учун ҳам Хадича онамиз Пайғамбар алайҳиссаломга бир оз ухлаб олсангиз-чи, десалар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Хадича, уйқунинг вақти ўтди», дер эдилар.

«Ярмида ёки ундан бир оз қисқароғида (бедор бўл)».

Яъни, кечанинг ярмида бедор бўлиб ибодат қил ва ярмида ухла ёки ярмидан озроғида ибодат қилиб, кўпроғида ухла.

«Ёки у (ярим)га яна қўш ва Қуръонни тартил билан тиловат қил!»

Яъни, кечанинг ярмидан кўпроғини ибодат билан ўтказгин-да, озроғида ухлагин. Қуръонни тартил билан ўқиш деб, уни дона-дона қилиб, ҳар бир ҳарфини ўрнидан чиқариб, оятларини алоҳида-алоҳида қилиб, тажвид қоидалари асосида ўқишга айтилади.

Қуръонни тартил билан ўқишга бўлган бу илоҳий фармон барча мўмин-мусулмонларга оммавий фармондир. Муҳаммад алайҳиссаломга Жаброил алайҳиссалом Қуръонни тартил билан ўқиб берганлар. Ўз навбатида, Пайғамбар алайҳиссалом ҳам умматларига тартил билан ўқиб берганлар. Мусулмон уммати эса авлоддан авлодга Пайғамбаридан қандоқ қилиб олган бўлса, шундоқ ўтказиб келмоқда. Қориларимиз Қуръон қироати қоидаларини тартибга солиб китоблар битишган. Бу қоидаларни билиш ҳар бир мусулмон учун зарур. Шунинг учун ҳар бир мусулмон тажвид қоидалари бўйича бир китоб ўқимоғи, Қуръон тиловатини тажвид илмига эга бўлган қорилардан ўрганмоғи лозим.

Имом Термизий ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай башорат қиладилар:

«Қиёмат кунида Қуръон қорисига Аллоҳ «ўқиб кўтарилиб боравер, у дунёда қандоқ ўқиган бўлсанг, шундоқ ўқи, охирги оятни ўқиган жо¬йинг сенинг (жаннатдаги) мартаба манзилинг бўлади», дейди».

Кечалари қоим бўлиш, яъни, ибодат билан бедор бўлиш ҳақида ҳам ривоятлар жуда кўп.

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда жумладан шундай дейилади:

«... Эй мўминларнинг онаси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кечалари қоим бўлишлари ҳақида сўзлаб беринг», дедим.

«Йа айюҳал муззаммил» сурасини ўқиганмисан?» дедилар. Мен (Саид ибн ҳишом):

«Ўқиганман», дедим.

«Албатта, Аллоҳ таоло ушбу суранинг аввалида кечалари қоим бўлишни фарз қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалари бир йил кечалари қоим бўлдилар. ҳатто оёқлари шишиб кетди. Суранинг охирини Аллоҳ таоло туширмай ўн икки ой ушлаб турди. Сўнгра бу суранинг охирида енгиллик тушди», дедилар».

Кечалари қоим бўлиш фарзликдан ихтиёрий амалга айланди... Кечалари бедор бўлиб, ҳатто оёқлари шишиб кетгунча туриш, Қуръонни тартил билан тинмай тиловат қилиш катта аҳамиятга эга оламшумул ишга тайёргарлик эди. Бу оғир ишнинг қабули келгуси оятда нозил бўлган.

«Албатта, Биз устингга оғир сўзни ташлармиз».

Яъни, Қуръонни ташлаймиз, Қуръон ўзи енгилликка барпо қилинган, лекин у ҳақиқат мезонида оғирдир. Қалбга таъсири оғир. Бошқа бир оятда: «Агар биз бу Қуръонни тоққа туширсак эди, Аллоҳдан қўрққанидан парчаланиб кетганини кўрар эдинг», дейилган.

ҳа, масъулиятини улкан тоғлар ҳам кўтара олмайдиган улкан ишни Муҳаммад алайҳиссалом кўтарганлар.

Қуръон оятларининг тушиш жараёни ниҳоятда оғир кечарди. Ваҳий тушган пайтда, агар кунлар совуқ бўлса ҳам Пайғамбар алайҳиссалом терлаб кетардилар, нафас олишлари тезлашарди.

Саҳобалардан Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу шундай ҳикоя қиладилар:

«Менинг соним Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сонларига тегиб турган пайтда ваҳий тушиб қолди, унинг шиддатидан соним ёрилиб кетай, деди».

Агар Пайғамбаримиз алайҳиссалом туяда кетаётганларида ваҳий тушиб қолса, оғирликдан туя ҳам юра олмай қолар экан.

«Албатта, тунги ибодат кўпроқ мувофиқ келур ва қироати тўғрироқ бўлур».

Яъни, кечаси тинчлик ҳукм сургани учун, тирикчилик ташвишлари, кўнгилни безовта қилувчи нарсалар бўлмагани учун ибодатда ўқилган нарсалар қалбга яхшироқ ўрнашади, жимлик ҳукм сургани учун қироат ҳам тўғрироқ чиқади.

Аллоҳ таоло бу сураи каримани узун оят билан тугатади. Юқорида эслатиб ўтганимиздек, суранинг аввали тушганидан сўнг бир йил муддат ўтиб тушган оят мана шу оятдир:

«Албатта, Роббинг сени кечанинг учдан биридан озроғини ё ярмини, ё учдан бирини қоим бўлиб ўтказаётганингни ва сен билан бирга бўлганлардан ҳам бир тоифа (шундоқ қилаётганларини) биладир. Ва Аллоҳ кечаю кундузни ўзи ўлчайдир. У сизлар ҳеч чидай олмаслиги¬нгизни билиб, Сизларга (енгилликни) қайтарди. Бас (энди), Қуръондан муяссар бўлганича ўқинг¬лар. Сизлардан келажакда касаллар бўлишини ҳам билди. Бошқалар ер юзида юриб Аллоҳнинг йўлида фазлини ахтаришини, яна бошқалар эса, Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилишларини (ҳам билди). Бас, ундан муяссар бўлганича қироат қилинглар. Ва намозни қоим қилинглар, закот беринглар ва Аллоҳга яхши қарз беринглар. Ўзингиз учун нима яхшилик қилган бўлсангиз, Аллоҳнинг ҳузурида ундан яхшироғини ва улканроқ ажрни топасизлар. Аллоҳга истиғфор айтинглар. Албатта, Аллоҳ мағфират қилувчи ва раҳмдилдир».

Бу оят билан Аллоҳ таоло суранинг аввалидаги оятларга биноан, фарз қилинган кечаси қоим бўлишни бекор қилди. Шундан сўнг кечада фарз намозлардан ташқари ибодат қилиш ихтиёрийга айланди. Оятда нима учун аввалги буйруқ бекор қилингани ҳам айтиб ўтилди.

Ушбу ояти кариманинг бошида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобаларига кечанинг маълум қисмини ибодат ила бедор ўтказиш фарз қилингани очиқ-ойдин айтиб ўтилмоқда.

«Албатта, Роббинг сени кечанинг учдан биридан озроғини, ё ярмини, ё учдан бирини қоим бўлиб ўтказаётганингни ва сен билан бирга бўлганлардан ҳам бир тоифа (шундоқ қилаётганларини) биладир».

Уларга кечанинг ярмини, учдан бирини ёки ундан озроқ қисмини бедор бўлиб ўтказиш амр қилинган эди. Кечаси зикр, намоз, Қуръон тиловати каби турли ибодатлар ила қоим бўлиш мўмин-мусулмон кишининг танасини бақувват, руҳини пок қилади. Уларни турли машаққатларни осонлик билан кўтаришга ўргатади, айш-ишрат, ҳою ҳавасга берилишдан сақлайди.

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло динига хизмат қилишлари кутилаётган зотларни алоҳида руҳий, маънавий ва жисмоний тарбия қилиш учун ушбу услубни қўллаган эди.

«Ва Аллоҳ кечаю кундузни ўзи ўлчайдир. У сизлар ҳеч чидай олмаслигингизни билиб, Сизларга (енгилликни) қайтарди. Бас (энди), Қуръондан муяссар бўлганича ўқинглар».

Яъни, олдин сизларни чиниқтириш учун кечаси намоз ўқиш фарз қилинган эди. Энди эса, У зот сизлар бу ишга ҳеч чидай олмаслигингизни билгани учун сизларга енгилликни қайтарди. Энди кечасининг маълум қисмини бедорлик-ла ибодат қилиб ўтказиш фарз бўлмай қолди.

Ушбу оят нозил бўлгандан бошлаб, бу иш ихтиёрий бўлди. Бас, энди Қуръондан муяссар бўлганича ўқинглар.

Оятнинг давомида эса, кечасининг маълум қисмини бедор ўтказиш ҳукмини фарздан тушириб ихтиёрийга келтиришнинг сабабларидан учтаси— беморлик, Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиш ва ер юзида юриб Аллоҳнинг фазлини ахтариш зикр қилинди.

Ушбу уч тоифа кишиларга кечаси бедор бўлиб ибодат-ла машғул бўлиш оғирлик қилади. Аллоҳ эса, бандаларига оғир бўлишини хоҳламайди.

«Сизлардан келажакда касаллар бўлишини ҳам билди. Бошқалар ер юзида юриб Аллоҳнинг йўлида фазлини ахтаришини, яна бошқалар эса Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилишларини (ҳам билди)».

Аллоҳ таоло ушбу оятдаги «... Бошқалар ер юзида юриб Аллоҳнинг фазлини ахтаришини, яна бошқалар эса Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилишларини (ҳам билди)...» жумласида Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилувчилар билан Аллоҳнинг фазлини ахтарувчилар, яъни, касбу кордагилар тенглаштирилмоқда.

Шунинг учун ҳам саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу:

«Кимки сабр қилиб, қийинчиликларга чидаб, савоб умидида мусулмонлар диёрига бирор нарсани келтириб ўша куннинг нархида сотса, Аллоҳнинг ҳузурида шаҳидлар мартабасига эришади», деганлар.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу эса:

«Мен учун Аллоҳнинг йўлида жанг қилиб ўлишдан кейинги энг яхши ўлим ер юзида Аллоҳнинг фазлини ахтариб юриб, юкларим орасида ўлишдир», деганлар.

ҳа, Исломда ҳалол касб билан шуғулланиб ризқ-рўз топиш шундоқ улуғланади.

«Бас, ундан муяссар бўлганича қироат қилинг¬лар. Ва намозни қоим қилинглар, закот беринглар ва Аллоҳга яхши қарз беринглар. Ўзингиз учун нима яхшилик қилган бўлсангиз Аллоҳнинг ҳузурида ундан яхшироғини ва улканроқ ажрни топасизлар. Аллоҳга истиғфор айтинглар. Албатта, Аллоҳ мағфират қилувчи ва раҳмдилдир».

Оятда келган

«Аллоҳга яхши қарз беринглар» жумласи ҳақида ҳам бир оз тўхталиб ўтишимиз лозим.

«Яхши қарз» – бировга қарз бериб, устига устама олмаслик, яъни, судхўрлик қилмасликдир.

Оятда одамларга бериладиган қарз Аллоҳга нисбатан берилаётгани бойларга танбеҳдир. Яъни, камбағал-муҳтожга қарз берсанг, Аллоҳга қарз берганинг билан баробар. Камбағалга миннат қилмагин, балки раҳмат айтгин. Чунки у сени савобга сазовор бўлишингга сабаб бўлди, деганидир.

Ислом таълимотлари ҳар бир нарсада юксак инсоний фазилатлар ҳукм суришини йўлга қўйиб келган ва, иншааллоҳ, шундай бўлиб қолади.

Ушбу фаслда тунги намозга оид бир қанча маълумотлар билан батафсил танишиб чиқишга уринамиз.


Абу ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Роббимиз табарока ва таоло ҳар кечанинг охирги учдан бири қолганида дунё осмонига нозил бўлади ва:

«Ким Менга дуо қиладики, Мен уни қабул қилсам, ким Мендан сўрайдики, Мен унга берсам, ким Менга истиғфор айтадики, Мен уни мағфират қилсам», дейди», дедилар».

Тўртовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан таҳажжуд намозини кечанинг охирги учдан бирида ўқимоқ афзаллиги билинади. Чунки ўша пайтда Аллоҳ таоло дунё осмонига тажалли қилган дуо, сўров ва истиғфорларни тўсиқсиз қабул қилаётган бўлади. Албатта, бундоқ фазилатли вақтни таҳажжуд намози ила ўтказаётган банда ғоят улуғ мақомларга эришиши турган гап. У вақтда банданинг қилган дуоси Аллоҳ таоло томонидан дарҳол қабул бўлади, сўраган нарсаси берилади, гуноҳлари кечирилади.

Шунинг учун бу амалга, яъни, таҳажжуд намозини кечанинг охирги учдан бирида ўтамоққа яна ҳам мустаҳкам бўлмоғимиз лозим.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ ҳар кечаси туннинг аввалги учдан бири ўтганида нозил бўлур ва:

«Мен подшоҳман! Мен подшоҳман! Менга дуо қиладиган борми, уни қабул қилайин! Мендан сўрайдиган борми, унга берайин! Менга истиғфор айтадиган борми, уни мағфират қилайин!» дейди. Токи фажр ёришгунича шундоқ давом этади», дедилар».

Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

Термизийнинг лафзида:

«Кечасида бир соат бордир. Мусулмон одам Аллоҳдан дунё ва охират ишидан яхшилик сўраган ҳолида мувофиқ келиб қолса, албатта, мазкур нарсани унга беради. ҳар кеча шундоқ», дейилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ҳам олдинги ҳадисга жуда ўхшаб кетади. Шунинг учун фарқли жойларини бир оз шарҳ қилишга Аллоҳнинг тавфиқи ила уринамиз.

Бу ҳадисда Аллоҳ дунё осмонига кечанинг аввалги учдан бири ўтганида нозил бўлади, дейилмоқда. Бу аввалги ҳадисга хилоф эмас, балки нузул бўлишининг аввали кечанинг аввалги учдан бири ўтганига тўғри келади, деганидир.

Кечасидаги дуо қабул бўладиган соат эса, та¬йинли маълум соат эмасдир. Кечасининг иккинчи ярмида экани маълум, бошқаси номаълум. Шунинг учун бу соатни топиш учун ижтиҳод қилиш керак бўлади. Бу эса, албатта, доимий равишда таҳажжуд намози ўқиш билан бўлади.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Рамазондан кейинги энг афзал рўза Аллоҳнинг Муҳаррам ойидир. Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз кечасиги намоздир», дедилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шариф «Рўза китоби»да ҳам келади. Иншааллоҳ, ўшанда рўзага тегишли жойи кераклича шарҳ қилинади. Бу ерда эса кечасиги намозга тегишли гаплар шарҳ қилинади.

Фарз намоз энг афзал намоз эканига ҳеч шак-шубҳа йўқ. Шу билан бирга, фарз намоздан бош¬қа ҳам намозлар кўп, улардан баъзиларини ўргандик, баъзиларини эса, Аллоҳнинг тавфиқи ила ўрганамиз. Албатта, ҳамма намознинг фазли ҳам бирдек бўлавермас экан. Баъзилари баъзиларидан афзал бўлар экан. Уларнинг ичида энг афзали эса тунги намоз экан. Чунки кечаси тинч бўлади. Ундаги намоз риёсиз, чин дилдан ўқилади. Бандалар ухлаб ётганида бандаларнинг ухламагани Роббисига муножот қилади. Шунинг учун тунги намоз ўқишга одатланиш керак.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сиздан бирингиз қачон ухласа, шайтон унинг бошининг орқасига учта тугун тугади. ҳар бир тугунни уриб: «Сенга узун кеча бор, ухла!» дейди. Агар у уйғониб, Аллоҳни зикр қилса, бир тугун ечилади. Агар таҳорат қилса, яна бир тугун ечилади. Агар намоз ўқиса, тугунлари ечилиб, ўзи ҳаракатчан, руҳи пок бўлади. Агар ундоқ қилмаса, руҳи чиркин, ўзи дангаса бўлиб ўрнидан туради», дедилар».

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда ҳар бир инсон учун Аллоҳнинг зикри, таҳорат, намоз қанчалар керакли экани ажойиб услуб билан васф қилинмоқда. Инсон ухлагани ётганда ҳамма нарсани унутади. Қайта уйқудан туриш, айниқса, уйқу келиб турган бўлса, жуда ҳам қийин. Бунинг учун зарурат, кучли туртки, ё иймон бўлиши керак.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уйқудан туриш қийинлигини шайтон бошнинг орқасига туккан уч тугун сабабидан, деб баён қилмоқдалар.

Албатта, бу моддий маънодаги тугун эмас. Кишини шайтон таъсирида ушлаб турувчи ушбу уч тугуннинг ечилиши учун аввало, Аллоҳнинг зикри, сўнг таҳорат ва ниҳоят, намоз ўқилиши керак экан. Ана ўша амалларни қилган инсон руҳи енгил ва пок бўлиб, ўзи ҳаракатчан бўлиб қолади.

Аллоҳни зикр қилмаган, таҳорат ҳам олмаган ва намоз ўқимаган кишида эса бунинг тескариси бўлади. У фосиқ одам руҳи чиркин, ўзи дангаса бўлиб уйқудан туради.

ҳақиқатда ҳам ҳаётда худди шу ҳолни кўрамиз. Намозхон инсонлар жуда эрта турадилар, ўзлари тетик, руҳлари енгил, кўнгиллари хуш юрадилар. Тавфиқсизлар эса, ухлаб-ухлаб ўрнидан зўрға туради.

Шунинг учун ҳам ушбу ҳадиси шарифни яхши ўзлаштириб олишимиз керак. Ётаётиб таҳорат билан суннатга мувофиқ қилиб, дуоларни ўқиб ётишимиз керак.

Кечаси уйғонганда эса, дарҳол Аллоҳни зикр қилиб, уйқудан уйғонганда ўқиладиган дуони ўқимоғимиз керак. Кейин туриб, таҳорат қилиб икки ракат намоз ўқисак, шайтоннинг тугунлари батамом ечилган бўлади. Бу айниқса, таҳажжуд намози ўқимоқчи бўлганимизда керак бўлади.


Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бир кишини зикр қилиниб:

«Тонг отганда ухлаб ётди, намозга турмади», дейилди.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Унинг қулоғига шайтон сийди», дедилар».

Икки шайх ва Насаий ривоят қилишган.

Шарҳ: Намозга вақтида турмай ухлаб ётиш қанчалик ёмон нарса эканини шу ҳадисдан билиб олса бўлади. Ушбу ҳадисда келаётган гап намозга бир кун турмай, ухлаб ётган киши ҳақидадир.


Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда туравериб, ҳаттоки оёқлари ёки болдирлари шишиб кетарди. Кейин у зотга (бу ҳақда) айтиларди. Бас, у зот, шукр қилувчи банда бўлмайинми?» дердилар».

Икки шайх, Насаий ва Термизий ривоят қилишган.

Термизийнинг лафзида:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқийвериб икки оёқлари шишиб кетди. Шунда у зотга:

«Сизнинг аввалгию охирги гуноҳларингиз мағфират қилинган бўлса ҳам шунчалик такаллуф қиласизми?!» дейилди. Бас, у зот:

«Шукр қилувчи банда бўлмайинми?» дедилар».

Шарҳ: Ушбу ҳадисда зикр қилинган ҳол тунги намоз туфайли бўлган эди. Сарвари олам, маъсум Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳажжуд намозини кўп ўқиганларидан, қиёмда узоқ тик турганларидан муборак оёқлари шишиб кетар эди. Бу ҳолатни билган баъзи саҳобаи киромлар у зотга ачинишар эди. Нима дейишларини билмай, ахийри: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ таоло сизнинг аввалгию охирги гуноҳларингизни кечириб қўйган бўлса ҳам оёғингиз шишиб кетгунича нафл намоз ўқийсизми, де¬йишди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шукр қилувчи банда бўлмайинми?» дедилар.

Ё Аллоҳ! Камтарликни қаранг! Шукр қилишга бўлган интилишни қаранг! Инсониятнинг улуғи бўлмиш, Аллоҳнинг энг севикли Пайғамбари бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам маъсум – гуноҳ қилмайдиган зот эдилар. Бунинг устига Аллоҳ таоло у зотга Қуръон орқали олдингию кейинги гуноҳлари мағфират қилганини эълон ҳам қилган эди.

Дунёда таҳажжуд намозига эҳтиёжи йўқ битта одам бўлса, ўша одам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эдилар. Лекин шундоқ бўлса ҳам, таҳажжудни кўп ўқиганларидан оёқлари шишиб кетарди. Бу ҳолга етишдан мақсад эса битта – шукр қилувчи банда бўлиш эди.

Хўш, биз-чи, биз нима қилмоқдамиз? Ичимизда таҳажжуд намози борлигини биладиганлар қанча?

Таҳажжуд намозини ўқиш кераклигини биладиганлар-чи?

Таҳажжуд намозини ўқийдиганларнинг ўзи қанча?

Таҳажжуд намози ўқиб оёғи шишганлар борми?

Бу улуғ мақомга етиш учун ҳаракат қилмоғимиз керак. Аввал бўлмаса, энди интилмоғимиз зарур.


Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кеча уйғонганларида:

«Субҳаналлоҳи, бу кеча қайси фитналар нозил қилинди? Хазиналардан нима нозил қилинди? ҳужралар соҳибаларини ким уйғотади? Эвоҳ! Қанчагина жонлар бу дунёда кийимли, у дунёда ялонғочлар», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Умму Салама онамиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз олдиларида ётган кечалардан бирида уйғонган пайтлари айтган гапларини ривоят қилиб бермоқдалар:

1. «Субҳаналлоҳи».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳо биринчи эшитган калималари «Субҳаналлоҳи» сўзи бўлган экан. Аслида эса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уйқудан уйғонганларида «Ал-ҳамдулиллаҳиллази аҳяна баъда ма аматана ва илайҳин нушуур», дейиш одатлари бор эди.

2. «Бу кеча қайси фитналар нозил қилинди?»

Демак, ҳар кеча фитналар нозил қилинар экан. Инсон Аллоҳга сиғиниб, ўша фитналардан паноҳ сўраб турмоғи лозим.

3. «Хазиналардан нима нозил қилинди?»

Демак, ҳар кеча Аллоҳнинг фазли-раҳмати ҳам нозил бўлиб турар экан. Шу боис ундан ҳам сўраб турмоғи лозим бўлади.

4. «ҳужралар соҳибаларини ким уйғотади?»

Бу билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам завжаи мутаҳҳаралари – оналаримизни қасд қилмоқдалар. Демак, аҳли аёлни ҳам кечаси Аллоҳнинг ибодатига уйғотиш керак.

5. «Қанчагина жонлар бу дунёда кийимли, у дунёда ялонғочлар».

Бу дунёдаги либослар оқибатга далолат қилмас экан. Бу дунёда чиройли кийинган бўлиб кўринган жонлар, фахр билан ўзини бозорга солиб, кўз-кўз қилиб юрганлар охиратда шармандаси чиқиб, ялонғоч бўлиб қолиши ҳеч гап эмас экан. Уйқудан уйғонганда ана ўшаларни эслаб, ҳар ким ўзига яхшиликни сўраши керак.


Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳга энг маҳбуб намоз Довуд алайҳиссаломнинг намозидир. Аллоҳга энг маҳбуб рўза Довуднинг рўзасидир. У кечанинг ярмида ухлар, учдан бирида қоим бўлиб ўтказар ва олтидан бирида ухлар эди. Бир кун рўза тутиб, бир кун оғзи очиқ бўлар эди», дедилар».

Учовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Аллоҳ хоҳласа, ушбу ҳадис «Рўза китоби»да ҳам келади. Рўзага тегишли жойини ўшанда батафсил ўрганамиз.

ҳозир эса, тунги намозга тегишли жойини Аллоҳнинг ёрдами ила қўлдан келганича ўрганамиз.

Ушбу ҳадисдан кўриниб турибдики, кечаси таҳажжуд намози ўқиш олдинги пайғамбарларда ҳам бўлган қадимги ибодат. Кечаси таҳажжуд намози ўқиш учун энг афзал услуб ва вақт тақсимлаш Довуд алайҳиссаломга оид экан. У зот алайҳиссалом кечанинг ярмида ухлаб, учдан бир қисмида таҳажжуд намози ўқир эканлар. Кейин яна ётиб, олтидан бир қисмида ухлар эканлар. Демак, вақтида ухлаб, вақтида таҳажжуд намозини ўқир эканлар. Бу ўртача иш тутишдир. Кечанинг ҳаммаси ғафлат уйқусида ҳам ўтказилмайди, кечаси билан намоз ўқиб, уйқудан қолиб қийналмайди ҳам.

Демак, ҳаётимизда меъёрида иш тутиб, вақтида ухлаб, вақтида таҳажжуд намозини ўқишимиз керак.


Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси у билан Фотиманинг эшикларини тақиллатиб:

«Икковингиз намоз ўқимайсизми?!» дедилар. Мен:

«Эй Аллоҳнинг Расули, жонимиз Аллоҳнинг қўлида, қачон хоҳласа, ўшанда бизни уйғотади», дедим.

У зотга мен ўша гапни айтганимда, менга бирор нарса қайтармай кетдилар. Кейин бурилиб кетаётиб, сонларига уриб:

«Ва инсон аксари ҳолда жадал қилувчидир», деяётганларини эшитдим».

Икки шайх ва Насаий ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Аҳли аёлни, ҳатто оилали ўғил-қизларини, куёв-келинларини ҳам кечаси уйғотиб, уларни намоз ўқишга чорлаб туриш кераклиги.

2. Жонимиз Аллоҳнинг қўлида, хоҳлаган вақтида уйғотади, дейишлик нотўғри экани. Балки кечаси туриб, ибодат қилиш учун тайёргарлик кўриб ётиш кераклиги.

3. Кўп ухлаш, кечаси туриб намоз ўқишга дангасалик қилиш ёмон нарса экани.

4. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қаттиқ ғазаблари чиққанида индамай кетиб, оятдан далил ўқиганлари.

Ушбу ҳадиси шарифга амал қилиб, ота-оналар болаларини тунги намозга уйғотиб туришлари керак. Болалар эса, дангасалик қилмай дарҳол туриб ибодатга киришишлари лозим. Чунки кечасида илоҳий тажаллиёт ва руҳонийликлар бордир.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон эр кечаси ўз аҳлини уйғотиб, икковлари бир бўлиб намоз ўқисалар, зокир ва зокиралар қаторига ёзиладилар», дедилар».

Шарҳ: Бу эса улуғ саодатдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда зокир ва зокираларга мағфират ва улуғ ажр тайёрлаб қўйганини айтгандир.

Шунинг учун ҳар бир мусулмон эр кечаси хотинини уйғотиб, икковлари бир бўлиб таҳажжуд намози ўқиб туришлари керак.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кечаси туриб намоз ўқиган ва хотинини уйғотган, агар турмаса, юзига сув сепган эрга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин. Кечаси туриб намоз ўқиган ва эрини уйғотган, агар турмаса, юзига сув сепган хотинга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин», дедилар».

Иккисини Абу Довуд, Насаий ва Ибн Можа ривоят қилишган.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари мақбул эканига ҳеч шак-шуб¬ҳа йўқ. ҳар бир мусулмон эру хотин учун ушбу дуода сўралган Аллоҳнинг раҳматига эришиш қи¬йин эмас. Бунинг учун кечаси қайси бири аввал уйғониб ибодат ҳаракатига тушса, жуфти ҳалолини ҳам бу улуғ ишга таклиф қилиши керак, холос. Агар уйғотилган киши қийналиб тургиси келмаса, юзига сув сепиб юбориш ҳам жоиз экан. Мусулмон эр-хотинлар ана шундоқ бўлишлари керак. Ибодатга, кечалари туриб таҳажжуд намози ўқишга интилишлари, бир-бирларидан ор¬қада қолмай, бир-бирларини ундаб туришлари керак.


Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизларга кечанинг қиёми лозимдир. Чунки у сизлардан олдинги солиҳларнинг одатидир. У Роббингизга қурбатдир. У ёмонликларга каффоротдир. У гуноҳларни қайтарувчидир», дедилар».

Бошқа бир ривоятда:

«У жисмдан дардни қувгувчидир» ҳам дедилар.

Термизий, Аҳмад ва ҳоким ривоят қилишган.

Шарҳ: Намознинг фойдаларини санаб саноғига етиб бўлмайди. Унинг турли фойдаларини қадимда ҳам, ҳозирда ҳам яхши билиб, тарғиб қилиб келишган.

Ушбу ҳадисда эса, тунги намознинг ўзига хос баъзи фойдалари зикр қилинмоқда:

1. «У сизлардан олдинги солиҳларнинг одатидир».

Ислом умматидан олдин қанча умматлар ўтган бўлса, уларнинг барчаларининг солиҳлари кечаси намоз ўқишни ўзларига одат қилиб олган эканлар. Ислом умматининг солиҳлари ҳам буни ўзларига одат қилиб олишлари лозим экан. Демак, ким кечаси таҳажжуд намози ўқишни ўзига лозим тутса, инсоният тарихида ўтган барча умматларнинг аҳли солиҳлари ибодат силсиласига қўши묬ган бўлар экан. ҳар биримиз ушбу саодатга эришиш пайидан бўлмоғимиз лозим.

2. «У Роббингизга қурбатдир».

Роббил оламийнга яқин бўлишлик ҳар бир мўминнинг олий ғояси, орзу-умидидир. Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш учун ҳар қандай ишга рози бўлганлар кўп. Ана ўша қурбатга эришишнинг энг осон йўлларидан бири кечаси таҳажжуд намози ўқишдир. Ким Аллоҳга муқарраб банда бўлайин деса, кечаси таҳажжуд намози ўқисин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар берган нарса бўлмай қолмайди. У инсон, албатта, Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилади.

3. «У ёмонликларга каффоротдир».

Бандаи ожиз ёмонликларни қилиб қўйиб, уларни қандай ювишни ўйлаб юради. Содир этилган ёмонликларнинг энг яхши каффороти кечаси ўқиладиган таҳажжуд намози экан. Бас, шундоқ экан, бу намозни ўқишга ҳар бир мусулмон банда ҳаракат қилмоғи керак.

4. «У гуноҳларни қайтарувчидир».

Инсон ҳал қилиш чорасини топа олмайдиган муаммолардан бири қандоқ қилиб гуноҳдан четланиб қолишдир. Бу муаммони ҳал қилишнинг энг самарали чораси кечаси таҳажжуд намози ўқиш экан. Бу намозни етарлича ўқиган одамда малака ҳосил бўлиб боради. Бошқалардан кўра гуноҳлардан четланиши осон бўлиб қолади. Аллоҳга етишган, валийлик даражасига эга бўлган азизларнинг ҳаммаси тунги таҳажжуд намозидан тўла фойдаланишгани ҳеч кимга сир эмас.

5. «У жисмдан дардни қувгувчидир».

Демак, таҳажжуд намозининг саломатликка ҳам фойдаси бор экан. Бу иш ҳам тажриба ва илм ила собит бўлган ҳақиқатдир.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, таҳажжуд намозида бу дунё яхшилигию охират саодати мужассамдир.


ТУНГИ НАМОЗ АДАДИ ВА КАЙФИЯТИ


Абу ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон бирингиз кечаси (таҳажжудга) турса, намозини енгилгина икки ракат билан очсин», дедилар».

Муслим, Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу ҳадисда таҳажжуд намозини енгилгина икки ракат намоз ўқиш билан бошлаш тавсия қилинмоқда. Албатта, уйқудан туриш билан бирданига қаттиқ ҳаракат қилиш, узоқ тик туриб намоз ўқиш оғир келади. Шунинг учун аввал енгилгина икки ракат намоз ўқилса, бу ўзига хос чигал ёзиш машқи ҳам бўлади. Инсоннинг руҳи ҳам, жисми ҳам келажакдаги намозларга яхшилаб тайёрланади. Ана ундан кейин хоҳлаганича ўқийверади.


Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қи-линади:

«Бир киши:

«Эй Аллоҳнинг Расули, тунги намоз қандоқ бўлади?» деди.

«Икки (ракат), икки (ракат). Агар тонг отиб қолишидан қўрқсанг, бир ракат витр ўқи», дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Кечаси намоз ўқиганда ҳар икки ракатда салом бериш яхши экани шу ҳадисдан олинган.


Оиша розияллоҳу анҳодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тунги намозларидан сўралди. Бас, у киши:

«Фажрнинг икки ракатидан бошқа етти, тўққиз ва ўн бир», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам имкониятларига қараб, бир ракат витрдан бошқа олти, саккиз ёки ўн ракат тунги намоз ўқир эканлар.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кеча-сида ўн уч ракат намоз ўқир эдилар, уларнинг ичида витр ва фажрнинг икки ракати ҳам бор», дедилар».

Шарҳ: Бир ракат витр ва икки ракат фажрни чиқариб ташласак, олдинги ривоятдагидек, ўн ракат қолади.


Абу Салама ибн Абдурраҳмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У киши Оиша розияллоҳу анҳодан:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Рамазондаги намозлари қандоқ бўлган?» деб сўралганда:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда ҳам, ундан бошқа пайтда ҳам ўн бир ракатдан зиёда қилмас эдилар. Аввал тўрт ракат ўқирдилар. Уларнинг гўзаллиги ва узунлигини асти сўрама. Кейин яна тўрт ракат ўқир эдилар. Уларнинг гўзаллиги ва узунлигини асти сўрама. Сўнгра уч ракат ўқир эдилар. Мен:

«Эй Аллоҳнинг Расули, витр ўқишдан олдин ухлайсизми?» дедим. У зот:

«Эй Оиша, албатта, менинг кўзларим ухлар, қалбим ухламас», дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Аввало, ҳадис ровийи Абу Салама ибн Абдурраҳмон розияллоҳу анҳу билан танишиб олайлик:

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Авф Зуҳрий ал-Маданий, кунялари Абу Салама бўлиб танилган.

ҳадисларни оталари Абдурраҳмон ибн Авф, Усмон ибн Аффон, Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Убода ибн Сомит, Усома ибн Зайд, ҳассон ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Салом, Савбон, Нофеъ, Абу ҳурайра, Оиша ва Умму Салама оналаримиз, Муовия, Муайқиб, Амр ибн Осс, Ибн Аббос, Ибн Умар, Абу Саид ал-Худрий, Анас ибн Молик ва яна бир неча саҳоба ва тобеинлардан ривоят қиладилар.

Бу кишидан ўғли Умар ва бошқалар ривоят қилишади.

Абу Салама ҳижратнинг 94-йили 72 ёшларида вафот этдилар.

Ушбу ҳадиси шариф «Рўза китоби»да ҳам келади. Ана ўшанда Аллоҳнинг хоҳиши ва мадади ила яхшилаб ўрганамиз. ҳозир эса, тунги намозга тегишли маълумотларни ўрганиб турамиз:

1. Тунги намозни тўрт ракатдан ўқиса ҳам жоиз.

Имом Абу ҳанифа ушбу ҳадисни ҳужжат қилиб, тунги намоз тўрт ракатли бўлгани афзал, дейдилар.

2. Тунги намозни узун ва чиройли қилиб ўқиш кераклиги.

3. Витр намозининг уч ракат экани.

4. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзлари ухласа ҳам, қалблари ухламаслиги.


Зайд ибн Холид ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У киши, бу кеча, албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларини кўз узмай кузатаман», деди».

Бошқа бир ривоятда:

«Остоналарини ёки чодирларини болиш қилиб олдим», дейилган.

Бас, енгилгина икки ракат ўқидилар. Сўнгра узундан узун икки ракат ўқидилар. Сўнг икки ракат ўқидилар. Бу иккови ўзларидан олдинги икки ракатдан қисқароқ эди. Яна икки ракат ўқидилар. Бу иккови ўзларидан олдинги икки ракатдан қисқароқ эди. Яна икки ракат ўқидилар. Бу иккови ўзларидан олдинги икки ракатдан қисқароқ эди. Яна икки ракат ўқидилар. Бу иккови ўзларидан олдинги икки ракатдан қисқароқ эди. Сўнгра витр ўқидилар. ҳаммаси ўн уч ракат».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Зайд ибн Холид розияллоҳу анҳунинг кечаси билан бошларини остонага қўйиб, Пай¬ғамбар алайҳиссаломнинг таҳажжуд намозларини ўрганиш учун пойлаб ётишлари саҳобаи киромларнинг илмга бўлган, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатлари ва сийратларини ўрганишга бўлган фидокорликларининг бир намунасидир.

Ана ўша улуғларнинг фидокорликлари туфайли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ва суннатлари ўта аниқлик ва дақиқлик билан ўрганилиб, сиз билан бизга етиб келган.

Ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ва суннатлари аниқ ва равшан васф қилинмоқда, ҳеч қандай шарҳ ёки изоҳнинг ҳожати йўқ. Фақат у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тунги намозларининг бир кўриниши эканини эслаб қўйсак бўлди. Бошқа ривоятларда ракатлар сони бошқача бўлгани, тўрт ракатдан ўқилгани ҳам келади.


ТУНГИ НАМОЗ ОШКОРА БИЛАН СИР ОРАСИДА БЎЛАДИ


Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси чиқсалар Абу Бакр паст овоз билан намоз ўқиётган экан. Умар ибн Хаттобнинг ёнидан ўтсалар овозини кўтариб ўқиётган экан. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида жам бўлишганида:

«Эй Абу Бакр, олдингдан ўтсам, овозингни паст қилиб намоз ўқиётган экансан», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, муножот қилган Зотимга эшитдирдим», деди. У зот Умарга:

«Сенинг олдингдан ўтсам, овозингни кўтариб намоз ўқиётган экансан», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, уйқучини уйғотаман, шайтонни қуваман», деди.

Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Абу Бакр, сен овозингни бир оз кўтар. Эй Умар, сен овозингни бир оз пасайтир», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кечасида аҳолининг ҳолидан хабар олишлари.

2. Раҳбар ўз одамларини жамлаб, уларнинг тасарруфларини муҳокама қилиши.

3. Тунги намозда ўртача қироат қилиш кераклиги.

4. Раҳбар ўз одамларини афзал ишга йўллаб туриши лозимлиги.


Абдуллоҳ ибн Қайс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Оишага:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тунги қироатлари қандоқ? Қироатни махфий қилар эдиларми ёки ошкора?» дедим.

«Уни ҳаммасини ҳам қилар эдилар. Гоҳида махфий қилар эдилар, гоҳида ошкора», дедилар.

«Ишда кенглик қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин», дедим».

Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Аввало, ровий Абдуллоҳ ибн Қайс розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:

Абдуллоҳ ибн Қайс ибн Икрима ибн Мутталиб. Бу зот ҳадисларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилдилар.

ҳақиқатда динимизда осонлик ва кенглик йўлини тутган Аллоҳга қанча шукр қилсак, шунча оз. У зот кечаси намозда умуман овозни чиқариш керак эмас ёки овозни баланд кўтариш керак, деб қўйса ҳам ҳаққи бор эди. Лекин бундоқ қилмади. Бу ишни бандаларнинг хоҳишига ташлаб қўйди. У зотга чексиз ҳамдлар бўлсин.


ТУНГИ (НАМОЗ)ДАГИ ҚИРОАТ ВА ДУО


Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси таҳажжудга турсалар, қуйидагиларни айтар эдилар:

«Эй бор Худоё! Сенга ҳамд бўлсин. Сен осмонлару ер ва улардаги кимсаларни қоим қилувчисан.

Сенга ҳамд бўлсин. Осмонлару ернинг ва улардаги кимсаларнинг мулки Сеникидир.

Сенга ҳамд бўлсин. Сен осмонлару ернинг ва улардаги кимсаларнинг нурисан.

Сенга ҳамд бўлсин. Сен ҳақдирсан. Ваъданг ҳақдир. Мулоқотинг ҳақдир. Сўзинг ҳақдир. Жаннат ҳақдир. Дўзах ҳақдир. Набийлар ҳақдир Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақдир. (Қиёмат) соати ҳақдир.

Эй бор Худоё! Сенга таслим бўлдим. Сенга иймон келтирдим. Сенга таваккал қилдим. Сенга қайтдим. Сен ила хусумат қилдим (Сен берган ҳужжатлар ила душманларинг билан тортишдим). Сенинг ҳукмингга ҳавола қилдим. Бас, менинг аввалу охир, сиру ошкор бўлган нарсаларимни мағфират қилгин. Муқаддам ҳам Ўзингсан, охирги ҳам Ўзингсан, ҳеч илоҳи маъбуд йўқ, илло Ўзингсан. Ва ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Шарҳ: Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу ан¬ҳудан ривоят қилинган ушбу матн Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кечаси таҳажжудга турганларида ўқийдиган дуоларидан биридир. Бунда қанчалар улуғ маънолар ўз ифодасини топган! Бу муборак дуони ёдлаб ўқиб юриш яхши бў¬лади.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ухлаб қолганларида у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уйғониб, мисвок ва таҳорат қилиб туриб:

«Албатта, осмонлару ернинг яратилишида ва кечаю кундузнинг алмашиниб туришида ақл эгаларига аломатлар бордир», дея ўша оятларни сура тугагунича ўқидилар. Сўнгра туриб, икки ракат намоз ўқидилар. Унда қиём, руку ва саждани узун қилдилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Эй бор Худоё, қалбимда нур қилгин. Ти-лимда нур қилгин. Қулоғимда нур қилгин. Кў-зимда нур қилгин. Ўнгимда нур қилгин. Сўлимда нур қилгин. Олдимда нур қилгин. Ортимда нур қилгин. Менга руҳимда нур қилгин. Менга нурни улуғ қилгин», деганлар».

Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси турганларида Оли Имрон сурасининг «Инна фии холқис-самавати вал арзи вахтилафил-лайли ван-наҳари ла аятул-лиулил албаб», деб бошланувчи ўн оятини ўқиганлари маълум ва машҳур. Бизлар ҳам ўша ояти карималарни кечаси таҳажжуд намозига турганимизда ўқимоғимиз яхши бўлади.

Шу билан бирга, ривоятда келган дуони ҳам ўқиб юришни одат қилмоқ лозим.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло .Ва қачон уларнинг ичида бўлсанг ҳамда уларга намозни қоим қилсанг, улардан бир тоифаси сен ила турсинлар,, деган.Шарҳ Ушбу оятда Аллоҳ таоло хавф бўлиб давоми...

5499 05:00 / 04.01.2017
Шарҳ .Ғусл, сўзи луғатда бирор нарсанинг устидан сув оқизишни англатади. Шариатда эса Аллоҳ таолога қурбат ниятида баданнинг ҳаммасига сув оқизишга айтилади. давоми...

7798 05:00 / 04.01.2017
Бир ота айтади .Ўн икки ёшлик ўғлим бор эди. У намоз ўқимагани сабабли уни кўпинча қўпол гаплар билан уришар эдим. Афсуски, мен уни намозга шижоатлантира олмадим ва давоми...

3800 15:07 / 14.01.2022
Намозга алоқадор бўлган совғалар жойнамоз, тасбеҳ, рўмол, мушк анбар, соат, ёпинчиқ ва шунга ўхшаш анжомлар. Аёллардан бири айтади .Ёшлигимда онам менга жойнамоз давоми...

4576 09:00 / 24.04.2023