1445 йил 11 зулқаъда | 2024 йил 19 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Умар розияллоҳу анҳу даврларидаги фатҳлар

22:57 / 05 май 1217 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу бетоб бўлиб, вафотлари яқинлашганини ҳис қилганларида, мусулмонлар ичида ихтилоф чиқмаслиги учун аввалдан халифа тайинлаб қўйишни ирода қилдилар ва у киши ҳазрати Умарни ихтиёр этдилар. Катта саҳобалар билан маслаҳатлашган эдилар, улар ҳам бу фикрни қўллаб-қувватладилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳуга байъат қилдилар, сўнг мусулмонлар ҳам байъат қилишди. Бир неча кун ўтиб, Абу Бакр розияллоҳу анҳу вафот қилдилар.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг даврларида бутун асрларга татигулик катта исломий фатҳлар бўлди. Бу даврда румликлар Шомдан қувиб чиқарилди.

Сўнг Форс империяси бутунлай ағдарилди. Сўнгра кураш Миср, шимолий Африқо ва Ўрта ер денгизи ороллари томон кўчди.

Шом юртларидаги фатҳлар:

(бу «Ғарбий жабҳа» ҳам дейилади)

Дамашқ ва бошқа шаҳарларнинг фатҳ қилиниши

Дамашқ фатҳидан сўнг Ислом лашкарлари Абу Убайда розияллоҳу анҳунинг қўмондонликларида Шомнинг бошқа шаҳарлари томон юрдилар. У киши билан бирга Холид ибн Валид ҳам бор эдилар.

Мусулмон лашкарлар бирин-кетин Биқоъ, Баълабакка, Фиҳл, Байсон, Табарийя, Ҳимс, Қиннасрин, Қийсорийя, Ажнодин, Қуддус, Насибийн ва бошқа шаҳарларни фатҳ қилдилар.

Байтул мақдис фатҳи

Сўнг Ислом лашкарлари Байтул мақдисни қамал қилдилар. У ернинг ҳокимлари олдларига Умар розияллоҳу анҳунинг ўзлари келишлари, шундагина таслим бўлишларининг хабарини беришди. Ҳазрати Умар Шомга келдилар. Шундан кейин улар Байтул мақдиснинг калитларини у зотга топширишди.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу улар билан жизяга сулҳ туздилар. Мусулмонлар билан Масжидул ақсода намоз ўқидилар.

Сўнг Ҳалаб фатҳ этилди. Кейинроқ Манбиж, Антокия, Ҳаррон, Руҳо ва бошқа шаҳарлар ҳам уруш билан эмас, сулҳ билан фатҳ қилинди.

Шом юртлари соҳилларининг фатҳ қилиниши

Соҳилдаги шаҳарларни фатҳ қилишга Абу Убайда розияллоҳу анҳунинг буйруқлари билан Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу бошчилик қилдилар. У киши Сур, Сайдо, Байрут, Тароблус шаҳарларини фатҳ қилдилар. Шу билан Шом юртларининг барчаси мусулмонларнинг қўлига ўтди. Румликлар ҳайдаб чиқарилди, Сурия ва Фаластин фатҳи тугал бўлди.

Миср фатҳи

Сурия ва Фаластин фатҳидан кейин, энди Мисрни фатҳ қилиш учун юриш керак эди.

Ўша пайтларда Миср Румга бўйсунар, Миср фатҳ қилинмаса, мусулмонларнинг иши қарор топиши мумкин эмас эди. Шундай бўлди ҳам.

Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу Фаластинни фатҳ қилганидан сўнг Умар розияллоҳу анҳудан Мисрни фатҳ қилишга изн сўрадилар, у киши рози бўлдилар.

Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу Миср томон юрдилар. У киши одамларга Исломни қабул қилиш, жизяга кўниш ёки уруш – учтасидан бирини танлашни таклиф қилдилар. Мусулмонлар барча жанглардан олдин мана шу таклифларни қилар эдилар.

Мисрликларга жизя фарз қилинди. Сўнг мусулмонлар юришда давом этиб, Искандарияни – Муқавқиснинг қароргоҳини фатҳ қилдилар. Ўша вақтда Искандария Мисрнинг пойтахти эди. Мусулмонлар Амр ибн Ос розияллоҳу анҳунинг чодирлари атрофида Фустот шаҳрини қурдилар. Шунингдек, бошқа шаҳарларни ҳам фатҳ этиб, уларнинг барчасига жизяни фарз қилдилар.

Шундай қилиб, Миср Ислом халифалигига қарашли ерларга айланди.

Ливиянинг фатҳ қилиниши

Сўнг Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу ғарб томон юриб, Барқани, сўнгра Зувайлани, Тароблус, Соброта ва Шурусни фатҳ қилдилар.

Шу ерга келганда Умар розияллоҳу анҳу ғарб томонга юришни ман қилиб, у кишини тўхтатдилар.

«Шарқий жабҳа» – Форсдаги фатҳлар

Дамашқни фатҳ қилгандан сўнг Холид ибн Валиднинг лашкари халифанинг амри билан Ироққа қайтди. Ҳазрати Умар Абу Убайд ибн Масъуд Сақафий қўмондонлиги остида лашкар ҳам юбордилар. Сўнг яна Жарир Бажалий амирлигида мадад кучлари жўнатдилар. Уларнинг барчаси Куфа томон юриб, бирлашдилар ва Форс лашкарлари билан тўқнашдилар. Мусулмонлар форсларни мағлуб этдилар.

Намориқ жанги

(ҳижрий 13, милодий 634 йил)

Абу Убайд Сақафий розияллоҳу анҳу форслар билан Ҳийра ва Қодисия орасидаги Намориқ деган жойда тўқнашдилар. Уларга қақшатқич зарба бериб енгдилар. Форслар Мадоинга қочиб кетишди.

Кўприк уруши

(ҳижрий 13 йил шаъбон ойи, милодий 634 йил)

Сўнг мусулмонлар форсларнинг Жолинус исм­ли лашкарбошисининг аскарлари билан жанг қилиб, уларни ҳам енгдилар.

Жолинус Рустамнинг олдига қочиб борган эди. У Баҳман бошчилигида катта лашкар тайёрлади. Абу Убайд Ҳийрага қайтиб борди. Форслар Фурот дарёсининг нариги тарафига келиб тушиб, кўприк ўрнатдилар.

Шиддатли жанглар бўлди. Бу жангда қўмондон Абу Убайд шаҳид бўлдилар. У кишидан кейинги қўмондонлар ҳам шаҳид бўлишди. Охири қўмондонликни Мусанно ибн Ҳориса қабул қилиб олиб, урушни давом эттирди. У мусулмонларни майдондан олиб чиқди. Мусанно ибн Ҳориса жуда қаттиқ жароҳатланди. Ўша ерда кўпгина мусулмонлар қатл қилиниб, дарёга ғарқ бўлдилар.

«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 14 мартдаги 03-07/1733-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳудайбия йилида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлар билан умра қилмоқчи бўлдилар. Маккада мусулмонлар уруш учун келишаяпти деган хабар тарқалди. давоми...

2208 16:00 / 15.01.2021
Оиша розияллоҳу анҳо айтади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан .Одамларнинг қай бири яхши, деб сўрашди. Шунда у зот .Менинг замондошларим. Сўнг кейингилар, сўнг давоми...

2312 09:24 / 30 январь
...Орадан тўққиз аср, яъни тўққиз юз йил ўткач Францияда биринчи касалхонага асос солинади. Касалхона хизмати жуда паст даражада бўлган. Оёғи синган эркак билан давоми...

4439 05:00 / 06.01.2017
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Рум ерларини фатҳ қилишни ирода этдилар. Ҳамма тайёргарликлар кўрилиб бўлгач, Рум фатҳига биринкетин лашкар жўната давоми...

1493 14:48 / 22 февраль
Аудиолар

121603 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

43068 14:35 / 11.08.2021