1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

Президент ифторликда иштирок этди

23:18 / 25 март 1466 pdf Ўқиш режими + -

Президент Шавкат Мирзиёев 25 март куни бутун мамлакатимиз бўйлаб ўтказилган ифторликда иштирок этди.


Халқимиз ҳаёти ва маънавиятида Ислом динининг ўрни беқиёс. Юртимиз мусулмонлари муқаддас ақидаларга амал қилиб, эзгу анъаналарни давом эттириб келмоқда.


Бу йил ҳам элимиз маънавий поклик, хайру саховат айёми бўлган Рамазон ойини катта хурсандчилик билан кутиб олди. Масжидларда Қуръони карим хатм қилиниб, юртимизга файзу барака ёғмоқда. Жамиятимизда дўстлик-биродарлик, меҳр ва саховат туйғулари кучаймоқда. Одамлар бир-бирига янада меҳр-оқибатли бўлиб, беморлар ва кексалар, ёрдамга муҳтож инсонларга ғамхўрлик кўрсатиш тобора кенгаймоқда.


Бугунги муборак оқшомда юртимизнинг барча ҳудудларида, вилоят, шаҳар ва туманлардаги ҳамма маҳаллаларда ифторлик дастурхонлари ёзилди. Наманган вилоятидаги эҳсонга Фарғона ва Андижон вилояти нуронийлари ҳам ташриф буюрди.


Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз мусулмонларини Рамазон ойи билан яна бир бор табриклади.


– Бугун барчамиз – муҳтарам уламоларимиз ва нуронийларимиз, жамоатчилигимиз вакиллари биргаликда ифтор қилмоқдамиз. Ягона, аҳил оила бўлиб яшаётган кўпмиллатли Ўзбекистон халқи бугун гўёки бир дастурхон атрофида жам бўлиб ўтирибди. Ўйлайманки, бу савобли тадбир инсон қадрини улуғлашга, ўсиб келаётган ёшларимизни мана шундай олижаноб руҳда тарбиялашга хизмат қилади, – деди Шавкат Мирзиёев.


Президент бу ишларга ҳисса қўшаётган иймон-диёнатли, саховатли юртдошларимизга ташаккур айтди.


Чиндан ҳам, халқимиз азал-азалдан бир-бирига таянч бўлиб, меҳр-мурувват кўрсатиб яшашни одамийликнинг олий мезони деб билади. Айни шу олижаноб фазилатлар бизларни доимо ягона халқ, ягона миллат этиб бирлаштиради, ҳаёт синовлари ва қийинчиликларини енгиб ўтишда беқиёс куч-қувват беради.


Кейинги йилларда хорижда ўқиётган ва ишлаётган ватандошларимизга ҳам муносабат ўзгарди. Уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш бўйича салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, уларни Ватанимизга қайтариш, иш ўрни ва даромад манбаи билан таъминлаш, оила аъзолари ва фарзандларини ижтимоий ҳимоялаш юзасидан муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.


Яқинда 40 дан зиёд уламолар Россия, АҚШ, Жанубий Корея, Туркия, Мисрга сафарга юборилди. У ерлардаги ватандошларимизни дину диёнатга даъват этиш билан бирга, ҳозирги таҳликали вазиятда огоҳ бўлиб, қонунларни ҳурмат қилиш, ёмон йўлларга кирмаслик зарурлиги ҳақида суҳбатлар қилишди.


Давлатимиз раҳбари чет элдаги юртдошларимизни ҳам улуғ айём билан табриклаб, уларга соғлиқ-омонлик ва омад тилади.


Маълумки, янгиланган Конституциямизда “Ўзбекистон - ижтимоий давлат” деган муҳим қоида белгилаб қўйилган. Шу асосда мамлакатимизда мутлақо янги ижтимоий ҳимоя тизими шаклланмоқда. Бу тизим биринчи навбатда эҳтиёжманд кишиларга, жумладан, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, етим қолган, ўзгалар парваришига  муҳтож инсонларга ҳар томонлама эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишга қаратилган.


Бу ҳақда сўзлар экан, Шавкат Мирзиёев Алишер Навоий бобомизнинг “Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай, онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай” деган ҳикматини ёдга олди.


Бундай қараш муқаддас динимизнинг асл инсоний моҳияти билан ҳамоҳангдир. Ҳақиқатан ҳам, чинакам мусулмон ўзига раво кўрган нарсани бошқаларга ҳам раво кўради.


Мамлакатимизда халқ фаровонлигини ошириш, камбағалликни қисқартиришга саъй-ҳаракатлар моҳияти айтиб ўтилди.


Давлатимиз раҳбари сўзининг якунида энг эзгу тилакларини билдирди.
– Муборак Рамазон ойи шарофати билан юртимизда, жами мусулмон ўлкаларда, бутун дунёда тинчлик, барқарорлик ҳукм сурсин, одамлар, халқлар ўртасида дўст-биродарлик, ўзаро ҳурмат туйғулари устувор бўлсин. Кучлилар – ожизларга таянч, саховатпешалар – муҳтожларга ёрдамчи, ёшлар – қарияларга ғамхўр бўлсин. Динимизда белгилаб берилган тўғри йўлдан оғишмайлик, айни пайтда замон билан ҳамнафас яшайлик. Ёшларимиз билимлари билан жаҳонга танилиб, юртимиз довруғини юксакларга кўтаришсин. Ўзбекистон дунёнинг энг олди, энг илғор давлатларидан бирига айлансин. Тутган рўзаларимиз, дуоларимиз даргоҳида қабул бўлсин, – деди Президентимиз.

Қуръон оятлари тиловат этилиб, Аллоҳ таолодан халқимизга тинчлик-фаровонлик тилаб дуолар қилинди.

 

 

 

Мавзуга оид мақолалар
Тошкент шаҳри Миробод тумани Оқ уйrdquo жоме масжидини замонавийлик ва миллийликни инобатга олган ҳолда янги лойиҳа асосида қуриш ишлари бошлаб юборилди, деб хабар давоми...

1484 10:08 / 12.02.2019
Испаниянинг автоном шаҳри бўлган Сеутада, бугун икки номаълум шахс мотоциклда келиб, масжид томонга қарата бир неча бор ўқ узган. Бу ҳақда islamtoday.ru хабар давоми...

2026 16:00 / 24.06.2019
Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ қолдирган илмий мерос ҳозирги замоннинг энг долзарб муаммосига айланган диний саводсизлик ҳамда унинг давоми...

1005 20:00 / 04.02.2021
Muslimat.uz сайти, Bintu Sodiq ҳамда Muallim media ижтимоиймаърифий каналлари раҳбари Одинахон Муҳаммад Содиқ томонидан Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хотирасига бағишланган давоми...

1450 19:30 / 24.05.2022
Аудиолар

120541 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42150 14:35 / 11.08.2021