1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Асмои Ҳусно: Ал-Муҳаймин

09:03 / 06 март 1235 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу исм «ҳамма нарсани қамраб олувчи» деган маънони билдиради. Яъни Аллоҳ бандаларнинг барча ҳолатига гувоҳ бўлиб туради, Ундан ҳеч нарса махфий қолмайди.


Бир нарсанинг амалга ошишида талаб этиладиган етарли илм ва қудрат натижасида Ал-Муҳаймин исми юзага чиқади. Одам боласи бир нарсани билади, аммо уни амалга оширишга қурби етмайди. Ёки бир нарсани амалга оширишга қурби етади, аммо бунга етарли илми бўлмайди. Бу ҳолат «Кўз қўрқоқ, қўл ботир» мақолига ўхшайди.


Ал-Муҳаймин исмида учинчи сифат, яъни бардавомлик ҳам бўлиши лозим. Ал-Муҳаймин барча нарсани билувчи, илмининг ниҳояси йўқ, бирор нарса Ундан махфий қолмайди деганидир. Бу исм Эгаси кўзларнинг хиёнатини, одамлардан махфий бўлган сирларни билади. У Зот ерга кирган, ердан чиққан нарсани ва осмондан тушган, осмонга кўтарилган ҳар бир нарсадан хабардор. У Зот инсоннинг миясига келган, инсон ният ва орзу қилган нарсаларни ҳам, қалбнинг энг тўридаги ҳис-туйғуларни ҳам билади. Бу нарсаларнинг барчасини бир вақтнинг ўзида қамраб, назоратда ушлаб туришга эса инсоннинг қурби етмайди.


Ал-Муҳаймин сифатли Зот барча нарсага қодирдир, У Зот ҳеч нарсадан ожиз қолмайди, У Зотнинг қудратига чексиздир.


Ал-Муҳаймин исмининг маъносини янада кенгроқ тушуниш учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сафар олдидан айтган сўзларини эсга олсак. У зот сафар олдидан: «Аллоҳим! Сен сафардаги йўлдошим ҳам, аҳлимга қараб қолувчи ҳам Ўзингсан», дер эдилар.


Буни қаранг-а, сиз сафардасиз, уйингиз, аҳли аёлингиз ва болаларингизни эса У Зотга омонат топшириб кетгансиз. Инсонда бундай қамров, бундай имконият бўлиши мумкинми? Табиийки, бу амри маҳолдир, чунки инсон ё сиз билан бирга сафарда бўлади, ёки уйингизда ўрнингизга қолади. Бу икки сифат Аллоҳдан бошқа ҳеч кимда жам бўлмайди. Зеро, У Зот сизни муҳофаза қилади, тавфиқ, ғалаба, мадад беради ва айни пайтда уйда қолган бола-чақангизни ҳам паноҳ бўлади, уларни ҳимоялайди, муҳофаза қилади. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «халиф» сўзидан фойдаланиб, ҳамма нарсани У Зотга омонат топшириб келмоқдалар.


Демак, инсонда ҳам илм, ҳам қудрат бир вақтнинг ўзида жам бўлмайди. Илми кучли бўлса, қуввати етмай қолиши, қуввати бўлса, илми етишмаслиги мумкин. Бир кишида илм ва қудрат мужассам деб фараз қилсак ҳам, барибир унда келажакни кўра олиш қобилияти бўлмайди. Ундан кучли одам келиб, унинг қўлидаги нарсани тортиб олиши ёки ундан ақллироқ ёки айёрроғи келиб, ундаги нарсаларга эга чиқиши мумкин. Аммо «Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчи Зотдир» (Ҳужурот сураси, 16-оят).


«Агар уларда (осмонлару ерда) Аллоҳдан ўзга «илоҳ»лар бўлганида, бузилиб кетар эдилар. Аршнинг Робби Аллоҳ улар қилаётган васфдан покдир» (Анбиё сураси, 22-оят).


Ҳеч ким Аллоҳ билан беллаша олмайди, Унинг устидан ҳукмронлик қилолмайди. Шунинг учун инсон ал-Муҳайминга, яъни ҳамма нарсани қамраб олувчи Зотга суянмоғи керак, чунки У Зот ҳамма нарсани билувчидир, ҳамма нарсага қодирдир.


Ҳадисда: «Аллоҳ таолонинг тўқсон тўққиз исми бор, ким уларни санаса, жаннатга киради», дейилган. «Санаса» деган сўзни «ўқиса» ёки «ёдласа» деган маънода эмас, балки «ундаги маънодан насибадор бўлса» деб тушуниш керак. Аллоҳ таолонинг бундан аввалги исмларига берилган шарҳларда кўрдикки, мўмин киши У Зотнинг барча гўзал исмидан насибадор бўлиши мумкин. Агар сизда бу исмлардан насиба топилмаса, бу исмларни санамаган бўласиз. Зеро, Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳнинг хулқлари билан хулқланинг», деганлар.


Ал-Муҳаймин – чексиз илм, мукаммал қудрат ва узлуксиз бардавомлик сифатидир. 
«Ал-Муҳаймин»нинг яна бир маънУоси «Аллоҳ барча нарсанинг устидан ҳукмрон ва назоратчидир» деганда У Зот истибдод ёки зўравонлик билан эмас, балки шафқат ва меҳрибонлик билан, муҳофаза ва омонатдорлик билан назорат қилишини билдиради.


«Зуннунни эсла. Ўшанда у ғазабланган ҳолда чиқиб кетган эди. У Бизни ўзига (ер юзини) тор этмас, деб гумон қилди. Зулматларда туриб, «Сендан ўзга илоҳ йўқ, Ўзинг поксан, албатта, мен золимлардан бўлдим», деб нидо қилди» (Анбиё сураси, 87-оят).


Юнус алайҳиссалом балиқни қорнига тушиб қолган пайтда на телефон аппарати, на бирор ишора ёки алоқа воситаси бор эди. У зот алайҳиссалом қоронғи зулматда тинмай «Сендан ўзга Илоҳ йўқ, Ўзинг поксан, мен золимлардан бўлиб қолдим», деб нидо қилдилар, холос. Аллоҳ шафқат ва меҳрибонлик билан Юнус алайҳиссаломни иноятига олиб, нажот берди.


«Уни (дуосини) ижобат қилдик. Унга ғамдан нажот бердик. Мўминларга ана шундай нажот берурмиз» (Анбиё сураси, 88-оят).


Эътибор беринг! Аллоҳ таоло оятнинг охирида «Мўминларга ана шундай нажот берурмиз», деб марҳамат қилмоқда. Демак, ҳар бир мўмин банда ўзига-ўзи зулм қилиб, бирор гуноҳ содир этиб қўйса, муаммога учраб қолса, «Лаа илааҳа иллаа анта, субҳаанака, инний кунту миназ-золимийн» (Сендан ўзга Илоҳ йўқ, Ўзинг поксан, мен золимлардан бўлиб қолдим) деса, иншааллоҳ, Юнус алайҳиссалом балиқнинг қорнидан қутулиб чиққани каби муаммолардан қутулади.


Киши қайси даврда, қайси замонда, қайси ҳолатда бўлмасин, вазият шиддатлашса, Аллоҳ ўша иш устидан ҳукмронликни зиммасига олади. Шундай экан, сен доим ал-Муҳаймин, яъни ҳукмрон ва тасарруфида ушлаб турувчи Зот билан бирга бўлиб, оқибатда хотиржамлик ва омонликка эришгин.


Аллоҳ таоло барчамизни доимо Ўзининг ҳукми, паноҳи, назоратида, муҳофазасида сақласин!

Муҳаммад Ротиб Нобулсийнинг «Аллоҳнинг гўзал исмлари» китобидан Анвар Аҳмад таржимаси.
«Ҳилол» журналининг 9 (54) сонидан.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. .Биз уларни фақат ҳақ ила яратдик, лекин кўплари билмаслар,. Духон сураси, 39оят.Илм ва маърифатга молик эмаслар.2. .Албатта, уларнинг қалбларига Аллоҳдан кўра давоми...

1674 10:39 / 10.03.2022
Ёрқинжон қори Фозилов раҳимаҳуллоҳ суҳбатларидан Мавлоно Румий .Маснавийи маънавий, асарларида Ҳиндистонни фатҳ қилган Ғазнавийлар салтанати ҳукмдори Маҳмуд давоми...

2602 10:00 / 08.06.2023
.Кўнгилларини жилолантирган кишилар ранг ва ҳидлар берадиган завқлардан қутулганлардир. Улар ҳар олган нафасларида бир гўзаллик кўришади... Улар илмнинг давоми...

1701 11:10 / 17.12.2021
Фотима бинти Қайс розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Эркаклардан кейин турган аёллар сафида Расулуллоҳ алайҳиссаломга иқтидо қилиб намоз ўқидим. Расулуллоҳ давоми...

5376 11:59 / 25.12.2023