1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Ислом умматида содир бўладиган тўртта катта фитна

11:01 / 07 февраль 3360 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


عَنْ حُذَيْفَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: وَاللهِ مَا أَدْرِي أَنَسِيَ أَصْحَابِي أَمْ تَنَاسَوْا، وَاللهِ مَا تَرَكَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مِنْ قَائِدِ فِتْنَةٍ إِلَى أَنْ تَنْقَضِيَ الدُّنْيَا يَبْلُغُ مَنْ مَعَهُ ثَلَاثَ مِائَةٍ فَصَاعِدًا إِلَّا قَدْ سَمَّاهُ لَنَا بِاسْمِهِ وَاسْمِ أَبِيهِ وَاسْمِ قَبِيلَتِهِ.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Аллоҳга қасам, шерикларим унутишганми ёки ўзларини унутганга солишяптими, билмайман, аммо Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ алайҳиссалом бу дунё тугагунча фитнага бошлиқ бўладиган ва уч юзта ва ундан ортиқ одами бўладиганларнинг исмини ҳам, отасининг исмини ҳам, қабиласининг номини ҳам номма-ном айтиб чиқдилар».


Шарҳ: Демак, ортидан уч юз ва ундан ортиқ одамни эргаштира оладиган фитначилар энг хавфли бўлар экан.


عَنْ عَبْدِ اللهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «يَكُونُ فِي هَذِهِ الْأُمَّةِ أَرْبَعُ فِتَنٍ فِي آخِرِهَا الْفَنَاءُ». رَوَاهُمَا أَبُو دَاوُدَ.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу умматда тўртта фитна бўлади, уларнинг охиргиси фано бўлади», дедилар».
Иккисини Абу Довуд ривоят қилган.


Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Ислом умматида содир бўладиган тўртта катта фитна ҳақида сўз кетмоқда. Уламолар ушбу тўрт катта фитнани шундай таърифлайдилар:
1. Мусулмонлар бир-бирининг қонини ҳалол ҳисоблайдиган фитна.
2. Мусулмонлар бир-бирининг қонини ва молини ҳалол ҳисоблайдиган фитна.
3. Мусулмонлар бир-бирининг қонини, молини ва номусини ҳалол ҳисоблайдиган фитна.
4. Дажжолнинг фитнаси.


عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كُنَّا قُعُودًا عِنْدَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَذَكَرَ الْفِتَنَ فَأَكْثَرَ فِي ذِكْرِهَا حَتَّى ذَكَرَ فِتْنَةَ الْأَحْلَاسِ فَقَالَ قَائِلٌ: يَا رَسُولَ اللهِ وَمَا فِتْنَةُ الْأَحْلَاسِ؟ قَالَ: «هِيَ هَرَبٌ وَحَرْبٌ ثُمَّ فِتْنَةُ السَّرَّاءِ دَخَنُهَا مِنْ تَحْتِ قَدَمَيْ رَجُلٍ مِنْ أَهْلِ بَيْتِي يَزْعُمُ أَنَّهُ مِنِّي وَلَيْسَ مِنِّي وَإِنَّمَا أَوْلِيَائِي الْمُتَّقُونَ ثُمَّ يَصْطَلِحُ النَّاسُ عَلَى رَجُلٍ كَوَرِكٍ عَلَى ضِلَعٍ ثُمَّ فِتْنَةُ الدُّهَيْمَاءِ لَا تَدَعُ أَحَدًا مِنْ هَذِهِ الْأُمَّةِ إِلَّا لَطَمَتْهُ لَطْمَةً فَإِذَا قِيلَ انْقَضَتْ تَمَادَتْ يُصْبِحُ الرَّجُلُ فِيهَا مُؤْمِنًا وَيُمْسِي كَافِرًا حَتَّى يَصِيرَ النَّاسُ إِلَى فُسْطَاطَيْنِ فُسْطَاطِ إِيمَانٍ لَا نِفَاقَ فِيهِ وَفُسْطَاطِ نِفَاقٍ لَا إِيمَانَ فِيهِ، فَإِذَا كَانَ ذَلِكُمْ فَانْتَظِرُوا الدَّجَّالَ مِنْ يَوْمِهِ أَوْ مِنْ غَدِهِ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالحَاكِمُ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирган эдик, у зот кўпгина фитналар ҳақида гапириб, аҳлос фитнасини ҳам айтиб ўтдилар. Шунда бир киши: «Эй Аллоҳнинг Расули, аҳлос фитнаси нима?» деди. У зот шундай дедилар: «У – (адоват ва уруш туфайли) қочиш ҳамда қирғиндир. Сўнг сарро фитнаси бўлади. У менинг аҳли байтимдан бўлган кимсанинг оёғи остидан бошланади, у ўзини мендан деб иддао қилади, лекин мендан бўлмайди, чунки менинг асл дўстларим – тақводорлардир. Кейин одамлар бир кишига байъат қилишади, бу байъат қуйруқ қовурғанинг устида тургандек бўлади. Сўнг зулмат фитнаси бўлади, бу умматда ундан тарсаки емаган қолмайди. Энди тугади деганда яна давом этаверади. Киши унда эрталаб мўмин бўлиб уйғониб, кечқурун кофир бўлади. Ниҳоят, одамлар икки чодирга бўлинади: нифоқ бўлмаган иймон чодири ва иймон бўлмаган нифоқ чодири. Ўша нарса қачон юз берса, ўша куни ёки эртасига Дажжолни кутаверинглар».
Абу Довуд ва Ҳоким ривоят қилганлар.


Шарҳ: Аҳлос – уйга тўшаладиган намат бўлиб, бу ерда ўша фитна пайтида уйда ўтириб, фитнага аралашмаслик лозимлигига ишора қилинган.


Пайғамбар алайҳиссалом бу ривоятда ўзларидан кейин умматлари ичида чиқадиган катта фитналар ҳақида батафсилроқ маълумот бермоқдалар.


«Аҳлос фитнаси ҳақида сўзладилар. Шунда бир киши: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аҳлос фитнаси нима?» деди.


Пайғамбар алайҳиссалом фитнанинг номини айтганлар, аммо тингловчилар бу номдан ҳеч нарса тушуна олмаганлар шекилли, улардан бири бу фитна нималигини Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ўзларидан сўраган.
«У – қочишдир, талон-торождир».
Аҳлос фитнасида иштирок этганлар адоват ва уруш туфайли нафрат қилиб, бир-биридан қочар экан. Кейин ана шу фитна давомида одамларнинг мол-мулки талон-торож қилинар экан.
«Сўнгра сарро фитнаси бўлади».
Бу фитнанинг номи луғавий таржима қилинадиган бўлса, «Хурсандлик фитнаси» бўлади. Аммо Пайғамбар алайҳиссалом уни қуйидагича баён қиладилар:
«У менинг аҳли байтимдан бўлган кимсанинг оёғи остидан бошланади, у ўзини мендан деб иддао қилади, лекин мендан бўлмайди».


Демак, бу фитнага ўзининг аҳли байтдан эканлигини даъво қиладиган бир одам бош бўлар экан. Аммо уни Пайғамбар алайҳиссаломнинг аҳли байтларидан деб ҳисоблаб бўлмас экан.
«Менинг асл дўстларим – тақводорлардир».


Ўша фитнабоши насаб жиҳатидан аҳли байтдан бўлса ҳам, тақводор бўлмаганлиги учун, фитнабоши бўлгани учун Расулуллоҳ алайҳиссаломга дўст бўла олмайди.


«Кейин одамлар бир кишига байъат қилишади, бу байъат қуйруқ қовурғанинг устида тургандек бўлади».


Бу жумлада мазкур сулҳ худди эгри нарсага илинган сирпанчиқ нарсага ўхшаб, мўрт, омонат бўлишига ишора қилинмоқда.
«Сўнг зулмат фитнаси бўлади».
Бу фитнанинг номи ҳадиси шариф матнида «дуҳаймо» деб келган. Энди мазкур фитнанинг тафсилоти келади.


«Бу умматда ундан тарсаки емаган қолмайди».
«Дуҳаймо» фитнаси кенг кўламли бўлгани учун ундан зарар кўрмаган мусулмон банда қолмас экан.


«Энди тугади деганда яна давом этаверади».
Бу фитна узоқ давом этар экан.
«Киши унда эрталаб мўмин бўлиб уйғониб, кечқурун кофир бўлади».
«Дуҳаймо» фитнаси авжига чиққанда иймон ва куфр масаласида одамларнинг тутуриғи қолмас экан, эрталаб мўмин бўлиб турган одам кечки пайтга бориб, кофирга айланиб қолаверар экан.


«Ниҳоят, одамлар икки чодирга бўлинади: нифоқ бўлмаган иймон чодири ва иймон бўлмаган нифоқ чодири».


Дунё иккига – мўминлар гуруҳига ва мунофиқлар гуруҳига тақсимланар экан.
«Ўша нарса қачон юз берса, ўша куни ёки эртасига Дажжолни кутаверинглар».
Демак, бу фитна охирзамонда бўлар экан.

«Фитналар ва Қиёмат аломатлари» китобидан

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 25 январь 03-07/400-сонли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Эркагу аёлларнинг ва болаларнинг кийилган, лекин йиртилиб кетмаган, ҳали кийишга яроқли кийимларини садақа қилиш мустаҳаб амалдир. Бу иш ёмон кўрган нарсасини давоми...

2670 09:00 / 07.03.2023
Аллоҳ таоло инсонни ибодат учун яратди, шунингдек, унга турли хил хоҳишистаклар берди. У истаклар ичида гуноҳ ишларнинг шавқи ҳам бор. Шу нарсаларга қарамасдан, давоми...

1266 11:55 / 29.03.2023
Улкан бир кеманинг двигателида носозлик юз берди. Кема эгалари кемасоз мутахассисларни чақирдилар. Лекин бирорта кемасоз носозлик қаерда эканини аниқлай олмади. давоми...

838 16:00 / 12.07.2023
Магистрлик илмий ишимни тайёрлаш учун университетга бораётганимда доим шу кўчадан ўтаман. Ҳар гал шу кўчада бир қизни салфетка сотаётганига, қоғозга бир давоми...

5778 18:30 / 09.06.2022