1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Ҳаё фақат яхшилик келтирур

12:49 / 05 февраль 1029 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ҳаё фақат яхшилик келтиради» деб марҳамат қилганлар.

Имом Бухорий ривояти.

Ушбу ҳадиснинг бошқа бир ривоятида «Ҳаёнинг барчаси яхшиликдир» дейилган.

Имом Муслим ривояти.

Ҳаёли инсонларда яхшилик уруғлари бор. Фитратлари бузилиб кетмаган. Гарчи, бандачилик билан айрим иллатларга мубтало бўлган бўлсалар-да, қалбларини буткул моғор қоплаб олмаган бўлади.

Ҳаё шунинг учун ҳам муҳим ва мақталган сифат. Унинг ўзи инсонга нима яхшию нима ёмонлигини кўрсата олади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтганларидек, қадим нубувват сўзларидан бўлган ва замонлар ўтиши, шариатлар ўзгариши билан ўзгармаган, барча оқиллар қабул қилган бир ҳикматли сўз бор. У ҳам бўлса «Агар уялмасанг, билганингни қил!». Шундай экан бирор кимса ҳаёни тарк қилдими, унда хайр қолмабди.

Абу Масъуд Уқба ибн Амр ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Илк нубувват каломидан одамлар етишган ҳикматлардан бири: «Уялмасанг, хоҳлаганингни қил!» сўзидир».

Имом Бухорий ривояти.

«Уялмасанг хоҳлаганингни қил!» деган сўз «Агар уялмасанг, кўнглингга келган ифлосликларни қилавер, бироқ, албатта, қилган ишларингнинг жазосига йўлиқасан!» деган маънони ифода қилади. Бу сўздан «Уялмаган одамга ҳамма иш шаръан жоиз экан» деган янглиш фикрга келмаслик лозим. Шунингдек, ҳадиси шарифдан «фақат ҳаёсиз одамгина кўнглига келган ҳар қандай ишларни қилаверади» деган маъно ҳам чиқади.

Ҳаё ҳисси инсонни гуноҳ ишлардан тийиб туради. Охири бориб-бориб мазкур гуноҳдан буткул қутулишига ҳам сабабчи бўлади.

Бир инсон айтади:

«Авваллари сигарет чекишга қаттиқ мубтало бўлган эдим. Кейинчалик, атрофимда намозхон кишилар, илмли инсонлар пайдо бўлди. Улардан уялганимдан бу ишни камайтирдим. Яшириб чекадиган бўлдим. Аммо, уст-бошимга ўтириб қолган тутун ҳидидан барибир фош бўлиб қолардим. Охири, умуман чекмайдиган бўлдим. Шу сабаб, Аллоҳнинг марҳамати билан бу иллатдан буткул халос бўлдим». Бунинг барчасига одамлардан уялишим сабабчи бўлди, дея сўзига якун ясади, дўстим.

Машҳур тобеинлардан бўлган Жарроҳ Ҳакамий айтади:

«Одамлардан ҳаё қилганим учун кўп гуноҳлардан қирқ йил давомида тийилдим. Ундан кейин менда тақво ва вараъ пайдо бўлди».

Баъзи фикрий маҳдудликка дучор бўлган одамларнинг фалсафаси қуйидагича:

«Аллоҳдан уялмаган бандасидан уяламанми?!» ёки «Аллоҳдан яширмаган бандасидан яшираманми?!». Бу тоифадагилар ушбу ноқис фалсафани қурол қилган ҳолда бемалол ҳаром қилинган ишларни ўзгалар кўз ўнгида қилаверадилар. Бугун бандасидан уялиб, маъсият ишлардан тийилиб тур, эртага Аллоҳдан уялиш ҳам насиб бўлса, ажабмас. Боз устига, ҳаром ишни бузуқ мантиқдан келиб чиқиб, ошкора содир қилсанг, омма ичида фисқу фужурнинг янада ёйилишига, кўзлар ўрганиб, дийдалар қотишига сабабчи бўласан. Сўнгра, ўзинг қилмаган гуноҳларга ҳам шерик бўласан. Шундай экан, қўй бу «ақлли гапингни» биродар, дегим келади, шундайларга.

Ундан ташқари, ҳаром ишни содир қилиш бир гуноҳ бўлса, уни ошкора равишда амалга ошириш яна бир бошқа гуноҳдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Умматимнинг барчасига офият берилади. Илло, ошқора қилувчилар мустасно» деганлар.

Имом Бухорий ривояти.

Мазкур ҳадис мазмунига кўра, фисқу фужур ва маъсиятлардан бўлган бирор ишни содир қилган ҳар қандай кимса учун Аллоҳнинг мағфирати, сатри, афви ва офияти умид қилинади. Аммо, ўз фисқини очиқ-ойдин эълон қиладиган, балки, бундан фахру ғурур туядиган нодон кимсалар Аллоҳнинг сатри ва офиятидан маърумдирлар. Уларни Аллоҳ беркитмайди. Одамларга асл ҳолатини кўрсатиб шарманда қилади. Чунки, унинг ўзи-ўз лисони ҳоли ила шуни хоҳлайди. Ўз гуноҳини ўзи ошкор қилади. Кейин тилларда достон бўлса, жаҳли ҳам чиқади. Ахир, ўз устидаги ҳаё либосини ўзи улоқтирмаганмиди?! Гуноҳни ўзи ошкора содир қилмаганмиди?! Энди, нега ғийбатга нишон бўлса, ғазаби келади?!

Ҳадиси шарифдан оладиган сабоқларимиздан яна бири шуки, бир гуноҳни содир қилган кимса, уни яширсин. Ошкор қилмасин. Аллоҳга тавба қилсин. Бордию, бирор маъсият турига мубтало бўлиб, ундан қутулиши қийин бўлаётган бўлса уни баралла эълон қилмасин. Ошкора равишда содир этмасин. Балки, ўзини ўзи сатр қилсин. Ана шунда ҳадиси шарифда ваъда қилинган офиятга етишади, иншааллоҳ.

Баъзилар зиёли, тарбияли оилада униб-ўсганликлари туфайли фитратларига ҳаё ҳисси мустаҳкам ўрнашган бўлади. Уларда бу хислат жибиллий бўлади. Бундай инсон Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтиб, ўзидаги бу неъматни муҳофаза қилсин. Бошқа айримлар эса атрофларини ўраб турган носоғлом ҳолатлар таъсирида ҳаё сифатидан бироз маҳрум бўладилар. Қўрс-қўпол, дағал ва маданиятсиз бўладилар. Қаерда ўзларини қандай тутишни билмай қоладилар. Ўзларига ташқаридан назар сола олмайдилар. Бундай кишилар энди ҳаракат ва интилиш билан ўзларида мазкур сифатни шакллантиришлари лозим. Зеро, ҳаммада ҳам ҳаё жибиллий бўлавермайди. Балки, кўпларда муктасаб бўлади. Ўрганиш орқали ҳосил қилинади.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзидан ва бандаларидан ҳаё қилувчи қулларидан қилсин.

Алишер Султонходжаев

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 25 январь 03-07/400-сонли хулосаси асосида тайёрланди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Энди Қуръони каримда инсон ихтиёри масаласи қай тарзда ҳал қилинганини кўриб ўтайлик. Мушриклар ўзларининг ёмон ишларининг сабаби Аллоҳнинг иродаси ва хоҳиши давоми...

4498 11:30 / 15.11.2018
Улкан бир кеманинг двигателида носозлик юз берди. Кема эгалари кемасоз мутахассисларни чақирдилар. Лекин бирорта кемасоз носозлик қаерда эканини аниқлай олмади. давоми...

838 16:00 / 12.07.2023
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади.Ҳар бир жон ўлимни тотувчидир. Сизларни ёмонлик ва яхшилик ила имтиҳон учун синаймиз ҳамда Бизгагина давоми...

1964 11:00 / 16.06.2020
Ҳар бир жамиятнинг мустаҳкамлиги ва унинг аъзолари орасида ўзаро ишонч ҳукм суриши учун садоқат зарурдир. Шунинг учун ҳам садоқат жамият тузилишидаги асосий давоми...

2657 17:00 / 09.12.2018