1445 йил 26 шаввол | 2024 йил 05 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Аллоҳ таоло сабабсиз азобга гирифтор қилмайди

19:00 / 16 январь 1114 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

ﯯ ﯰ ﯱ ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ ﯸ ﯹ ﯺ ﯻ ﯼ ﯽ

«Қачон бир шаҳарни ҳалок этишни ирода қилсак, унинг маишатпарастларини (итоатга) амр қиламиз, бас, улар у ерда фосиқлик қилурлар. Шунда унга «сўз» ҳақ бўлур. Бас, у(шаҳар)ни ер билан яксон қилурмиз» (Исро сураси, 16-оят).

Аллоҳ таоло якка шахсларни бекордан-бекорга азобга гирифтор қилмайди. Шунингдек, айрим шаҳар-юртларни ҳам сабабсиз ҳалок этмайди. Бало ва офат ўша юрт аҳолисининг гуноҳлари, фисқу фужурлари туфайли бўлади.

«Қачон бир шаҳарни ҳалок этишни ирода қилсак, унинг маишатпарастларини (итоатга) амр қиламиз…»

Ҳар бир юртнинг маишатпарастлари бор. Улар каттакон амалдорлар ва ҳар хил нозу неъматга кўмилган кишилар тоифасидир. Ўша маишатпарастларнинг ихтиёрида молу дунё, нозу неъматдан ташқари, яна ҳукму амал, хизматчилар ва бошқа имкониятлар бўлади. Улар нимани хоҳласалар, шуни қилиб юриб, дунёда фақат бизнинг айтганимиз бўлиши керак, деган фикрга бориб қоладилар. Фазилат, муқаддас нарса, гуноҳ ёки савоб каби тушунчалар уларнинг хаёлига ҳам келмайди. Кўнгиллари тусаган ишни қилишга ўрганиб қоладилар. Кўнгиллари эса доимо фисқу фасодни, ҳаром маишатни тилайди. Аъёнлари шу даражага етишига томошабин бўлиб турган халқдан ҳам яхшилик кутилмайди. Бундай юрт ҳалок бўлишга сазовордир.

Шунинг учун ҳам

«Қачон бир шаҳарни ҳалок этишни истасак, унинг маишатпарастларини (итоатга) амр қиламиз…»

Ўша юртнинг каттакон, амалдор, аъёну зодагонларини Аллоҳнинг тоатига чақирамиз.

«...бас, улар у ерда фосиқлик қилурлар».

Маишатпарастликка ўрганиб қолганлари учун тоат этишга бўйинлари ёр бермайди. Оддий кишилар дарҳол амрга бўйсунсалар ҳам, маишатпараст амалдорлар итоатни мутлақо истамайдилар. Улар ўзларининг фисқу фасод ишларини қилаверадилар.

«Шунда унга «сўз» ҳақ бўлур».

Яъни ўша юртга азоб сўзи ҳақ бўлиб, ҳалокатга учрайди.

«Бас, у(шаҳар)ни ер билан яксон қилурмиз».

Чунки бундай юрт шунга лойиқдир. Бир юртда маишатпарастлар ва Аллоҳнинг амрига юрмайдиганлар ишбоши бўлиб туриши ўша юртнинг бузуқлигидан далолат беради.

Бу ояти каримани машҳур муфассир саҳобий ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу бошқача таъвил қилганлар. «Маишатпарастларини (итоатга) амр қиламиз» жумласида биз қавс ичида тушунтириш учун келтираётган (итоатга) сўзи оятда йўқлиги ва «амарна» феълини «аммарна» ўқиш мумкинлигидан у киши «маишатпарастларини амир қиламиз» деган маъно чиқарганлар. Яъни, бунда оятдан «Қачон бир шаҳарни ҳалок этишни истасак, унинг маишатпарастларини унга амир – бошлиқ қилиб қўямиз. Ана энди улар амир бўлиб олиб, фисқу фасодни авжга чиқарадилар ва оқибатда ўша юртга азоб ҳақ бўлади» деган маъно келиб чиқади.

Ҳаётий тажрибада ушбу икки таъвил ҳам учраб туради. Шунинг учун бу икки маъно бир-бирини тўлдириб келади.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мусулмонлар Ислом даъватининг бошланишида оз сонли бўлиб, кўплари камбағаллардан эди. Кофирларнинг сони, молдунёси, қуввати жуда кўп эди. Муҳаммад соллаллоҳу давоми...

1006 19:00 / 05.11.2023
Аллоҳ таоло Жума сурасида шундай марҳамат қилади .Улар қўллари тақдим қилган нарсалар туфайли ҳеч қачон уни орзу қилмаслар. Аллоҳ золимларни ўта билувчидир, давоми...

2713 17:00 / 21.12.2018
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Аҳду паймонларини бузганлари учун уларни лаънатладик ва қалбларини қаттиқ қилдик. Улар давоми...

1521 19:00 / 07.11.2023
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қиладиАна ўшалар расуллардир. Уларнинг баъзиларини баъзиларидан афзал қилдик. Улардан Аллоҳ гаплашгани бор ва давоми...

2709 11:05 / 05.04.2020