1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Ҳазратнинг китобга муҳаббатлари

13:35 / 13.12.2023 880 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Халқимиз азал-азалдан юртимиз равнақи учун курашган, унинг эркинлиги, мустақиллиги учун ҳаракат қилган инсонларини доимо хотирлаб келади. Мана шундай инсонлар қаторида фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг ибратли ҳаёт йўллари халқимиз хотирасида. Бу улуғ инсон хотираси нафақат ўзбекзабон мусулмонлар хотирасида балкида бошқа юрт мусулмонларининг ҳам қалбидан жой эгаллаган. «Ҳазратни хотирлаб» кўрсатуви айни кунларда бошқа миллат вакиллари томонидан ҳам севиб кўриладиган кўрсатувлардан биридир. Ушбу кўрсатув ижодкорлари шайхимизнинг исломга ва илмга бағишланган ибратли ҳаёт йўлларини, уларнинг бизга қолдирган буюк илмий меросларининг нақадар бебаҳо эканлигини гўзал тарзда кўрсатиб беришга ҳаракат қилишган. Кўрсатув орқали фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ ҳаётларининг ёшлик давридан тортиб, то умрларининг сўнгига қадар бўлган илмий, диний, маънавий, маърифий фаолиятлари, ҳаёт йўллари ҳақида у зотнинг замондошлари, оила аъзолари ва шогирдларидан кўплаб қимматбаҳо маълумотларга эга бўлиб келмоқдамиз.

Ушбу кўрсатувни томоша қилаётган ҳар бир инсон гўё шайхимизни кўз олдида кўриб тургандек бўлади, шунингдек, баъзи ўринларида ғоят севинса, баъзи ўринларда беҳад қайғуга тушади, киши. Кўрсатувдаги ҳар бир хотира жуда гўзал ва таъсирли, алоҳида аҳамиятга, қадр-қимматга эга, албатта. Мен учун энг эсда қоларли хотиралардан бири бу Зокиржон домла Исмоиловнинг ҳазрат билан бўлган хотиралари бўлди. Зокиржон домла, асосан, ҳазратнинг ёшлик даврларини алоҳида эътироф этганлар. Яъни, Зокиржон домла Исмоиловнинг: «Мадрасада бирга ўқиб юрганимизда Муҳаммад Содиқ ҳар томонлама барчамиздан алоҳида ажралиб турарди. Дарс тугаб қўнғироқ чалинса, ҳамма танаффусга чиқарди, фақатгина Муҳаммад Содиқ аллақандай китобни буклаб, келган жойидан давом эттириб, гоҳ синфда, гоҳ тоза ҳавога чиқиб, бир дарахт тагида ўтириб ўқирди. Китобни жуда севарди. Хоҳ диний бўлсин, хоҳ бадиий асар бўлсин, барчамизнинг орамизда энг кўп ўқиган Муҳаммад Содиқ эди. Ҳеч биримизда бўлмаган китоблар ҳам унда бўлар эди. Орадан анча йиллар ўтиб, бир куни Муҳаммад Содиқни кўргани у ишлайдиган Тошкент ислом институтига бордим. Унинг дарсда эканлигини айтишди. Борсам у талабаларга мавзу тушунтираётган экан. Синф жуда сокин эди. Талабалар уни бор фикрларини жамлаб, муҳаббат билан эшитишарди, сўнг у менинг келганлигимни кўриб, талабаларга топшириқ берди ва мени ўзининг хонасига олиб кирди. У билан ҳол-аҳвол сўрашдик, хонасида жуда китоб кўп эди. Мен ундан бир китобни ўқиш учун сўрадим. У эса менга: «Сизга ўқиш учун берган аввалги китобимни қайтариб беринг, кейин бу китобни оласиз», - деган эди. Бир пайтлар ўқиш учун олган китобимни унутмаган экан. Умрининг охиригача китобга меҳр қўйиб ўтди. Халқи учун, илм талабидаги инсонлар учун манфаатли бўладиган кўплаб китобларни ёзиб қолдирди. Муҳаммад Содиқ бирор дақиқасини беҳуда сарф қилмас эди. У ҳақиқатан ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассаламга содиқ уммат бўлди десам бўлади...», - деган жумлалари мени жуда таъсирлантирди. Шайхимиз вақтнинг нақадар улуғ неъмат экалигини билганларки, ҳатто танаффусни ҳам илм олишда, китоб ўқиш билан ўтказганлар ва бу каби хайрли хислатлари туфайли Аллоҳ таоло ҳам бу инсонга бир-биридан илмли, солиҳ муаллимлардан билим олишни ҳамда келгусида ўзларига ҳам мана шундай устоз бўлишни насиб этган.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг бизга қолдирган ҳар қандай маънавий бойликларини хоҳ у китоб бўлсин, хоҳ видеотасмадаги маъруза бўлсин Аллоҳ таоло ажрини охиратда зиёда қилиб қайтарсин, бизга ҳам шайхимиздек солиҳ, тақводор ва илмли бандаларидан бўлишни насиб этсин. Аллоҳ субҳану ва таоло бу улуғ зотдан Ўзи рози бўлсин (Омин).


Шунингдек, устоз Исҳоқжон домла Бегматовнинг ҳазрат ҳақида айтган фикрлари ҳам манфаатли бўлди. Ҳазратнинг биз билмаган китоблари ҳақида Исҳоқжон домла жуда гўзал ҳолда тушунтириб: шундай деганлар: «Юриш-туришлари исломдан дарак бериб турарди. Кўпчилигимиз ҳазратни яхши таниймиз, аммо у зот билан бирга юзма-юз ўтириб, улардан таълим олиш, у зотнинг овозларини эшитиб туриш, уларнинг ҳар бир ҳаракатларига тўғридан-тўғри гувоҳ бўлиш бу жуда ҳам катта бахт. Алҳамдулиллаҳ биз мана шундай улуғ бахтга эришганмиз ва мана шу бахтни бутун вужудимиздан туюб келмоқдамиз. Айтганимиздек, биз бу инсонда мукаммал исломни кўрар эдик. Одатда, ўқитувчи талабаларига бирор-бир илмни ўргатар экан, ўзи ҳам бу илмга амал қилиш орқали уларга ўрнак, намуна бўлиши керак. Биз ҳазратда мана шу ўргатганларига ўзлари ҳам амал қилишларини кўрдик. Алҳамдулиллаҳ Аллоҳ таоло мени мана шундай устозлар билан сийлади...».


Чиндан ҳам шайхимизнинг нафақат зоҳирлари, балки ботинлари ҳам қанчалик даражада пок ва чиройли эканлиги, шунингдек, уларнинг Роббил ъаламийннинг суйган бандаларидан бўлганлари ва Аллоҳ мана шу зотга бўлган муҳаббатини кўплаб инсонларнинг кўнглига жойлаб қўйганига бу суҳбатлардан сўнг яна бир бор гувоҳ бўлдим.


«Ҳазратни хотирлаб» кўрсатувининг ҳар бир қисмидан биз юзлаб хулосалар чиқаришимиз мумкин. Кўрсатувнинг барча сонларидан олган умумий хулосаларим қуйидагилар бўлди:


1) Ҳазратнинг китобга бўлган муҳаббатлари, илмга бўлган чанқоқликларини Аллоҳ таоло болаликларидан кўнгилларига солиб қўйган ва бу муҳаббат йиллар ўтган сайин кучайиб бориб, ҳазратнинг кўплаб китоблар муаллифи бўлишларига сабабчи бўлган;


2) Ҳазрат умрларини доимо керакли илмлар, солиҳ амаллар, фойдали ишлар билан ўтказганлар, вақтларининг бир сониясини ҳам беҳуда сарфламаганлар;


3) Оддий инсон, оддий башар эканликлари муомалаларида кўринарди, Ҳақ таоло илмлари туфайли биздан кўра кўпроқ фазилат бергани уларнинг юзларида, ҳаракатларида, амалларида яққол кўзга ташланарди;


4) Ҳазратнинг манхажлари, асосан, инсонларни аҳли сунна вал жамоага чақириш бўлган;


5) Ҳазратнинг энг катта мақсадлари – халқни фиқҳда, яъни имом Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабларида бирлаштириш эди;


6) Ҳазратнинг яшаш тарзлари ҳанафийлик мазҳабининг энг олий мисоли бўлган;


7) Ҳазратдан таълим олган ҳар бир шогирдлари у ёки бу соҳанинг етук мутахассиси бўлиб етишган;


8) Ҳазратга Аллоҳ азза ва жалла «қабул қилиш ва қабул қилиниш» неъматини ато этган эди. Яъни, у зот бирор инсонинг олдига борсалар дарров хуш кўрилар (қабул қилинар) эдилар. Ёки бўлмаса, ҳазрат суҳбатларини бошласалар, каттаю кичик, ёшу қари, эркагу аёл уларни бирдек мароқ билан тингларди (қабул қиларди). Шунингдек, шайхимиз бирор китобни ёзишни бошласалар, Роббил ъаламийннинг каромати билан ана шу китобда ёритилаётган маълумотларга инсонлар орасида эҳтиёж пайдо бўларди. Китоб нашрдан чиққач инсонлар ўзларини қизиқтираётган масалаларга ана шу китобни ўқиш орқали жавоб топардилар;


9) Ҳазрат элни бирлаштириш, одамларни иттифоқдош қилиш учун қўлларидан нимаки чора келса, барчасини ишга солганлар;


10) Ҳазрат жамики хизматларини холис Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло учун қилганлар!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳдек инсоннинг ибратли ҳаёт йўлларини ўнтагина хулосага сиғдириб бўлмайди, албатта. Аммо биз улар ҳақида қисқача, эсда қолган фикрларни ёзишга ҳаракат қилдик.


«Ҳазратни хотирлаб» кўрсатуви эфирга узатилаётганидан буён минглаб инсонларнинг олқиши ва таҳсинига сазовор бўлиб келаётганлиги, шубҳасиздир. Кўрсатув ҳақида билдирилаётган изоҳлар бунинг яққол мисолидир. Ушбу кўрсатув келгуси йилларда ҳам эфирга узатилиши инша Аллоҳ бардавом бўлади.


Фақиҳ, кўп илмлар ва китоблар эгаси, исломда улуғ пешволардан бири, оламнинг энг фозилларидан, инсониятнинг закийси ҳисобланмиш фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ билан юзлашиш, у зотнинг суҳбатларини тўғридан-тўғри эшитиш шарафига етишмаган бўлсам-да, аммо шайхимизнинг китобларини ўқиб, мавъизаларини тинглаб улар билан кўришиб тургандек бўламан. Хаёлимда гўё шайхимиз ҳали ҳам тирикдеклар, кун келиб қандайдир илмий суҳбатда уларни учратадигандек ҳис қиламан ўзимни. Аммо, ҳақиқатан ҳам, шайхимиз тириклар, бизга уларнинг илмий мерослари, маънавий бойликлари доимо ҳамроҳдир.


Меҳрибон ва раҳмли Роббимиз устозимиз шайх Муҳамммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳни ўз раҳматига олсин. Бизни шайхимиз хоҳлагандек соф ақидага эътиқод қилувчи, солиҳу солиҳалардан қилсин, илмимизни зиёда айласин (Омин).

@IbodatGulmurodova

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шубҳасизки, ҳар бир яхши амалнинг самараси бўлгай. Қайси бир банда Аллоҳни ҳақиқатда ҳам қалбидан яхши кўрса ва Аллоҳ яхши кўрган амалларни қилса муҳаббатининг давоми...

6211 19:48 / 22.04.2017
Бу дунё ва борлиқни йўқдан мавжуд қилган Зотни таниш, унинг улуғлиги ва буюклигини эътироф этиш икки дунё саодати эшигини очишга муяссар этадиган калитдир. Буни давоми...

2829 17:21 / 27.03.2017
Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йиғладилар. Буни кўрган саҳобалар Сизни нима йиғлатди, эй Аллоҳнинг Расулиrdquo деб сўрашди. У зот Бирордарларимни давоми...

3815 11:27 / 27.03.2017
Мусулмоннинг барча иши пухта ва мукаммал бўлиши керак Чин мусулмоннинг шахсияти барча ижобий хислатларни ўзида мужассамқилиб, салбийларидан йироқ бўлади. давоми...

3760 21:33 / 21.04.2017