1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом адабиёти

Ҳазратимдан ёдгорлик – «Hilol»

11:17 / 08.11.2023 1010 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Ҳилол» журналининг ўтган сонларида каминанинг битиклари чоп этилган эди. Орадан вақт ўтиб, журнал таҳририяти томонидан унинг 50-сони тақдимотига таклиф қилиндим. Қўлимга таклифнома келиб тушганида, журнал саҳифаларида ижод маҳсулларимни кўриб қандай ҳаяжонланган бўлсам, қалбимни яна шундай сурур эгаллаб олди. Аллоҳ, дея йўлга тушдим. Борган вақтим кўрдимки, диёримизнинг улуғ аҳли илмлари билан ҳаммажлис бўлиш бахтига мушарраф бўлибман. Тадбир бошланиб, меҳмонлар бирма-бир саҳнага таклиф қилинар экан, мен хаёллар оламига чўмдим.


Инсоннинг ортида қолдирган нарсасига қараб Робби ҳузуридаги мақомини билса бўлади, деб бежизга айтишмайди. Ҳазратнинг бу миллат учун қилган хизматларини сўз билан ифодалаб бўлмайди. Мана, бугун у кишининг яна бир орзулари – меҳнат маҳсуллари қўлларимизда турибди. Улуғлар айтишганидек, қобилият бошқа, қабулийят бошқа. Банда минг қобилиятли бўлмасин, Аллоҳ таоло қабулийят бермаса қўлдан ҳеч нима келмайди. Ҳазратга бу иккиси ҳам ато қилинган, десам муболаға бўлмайди. Бунинг далили ўлароқ «Hilol-Nashr» матбаа нашриёти, у кишининг юздан ортиқ нодир асарлари, islom.uz портали ва бугунги тақдимоти бўлаётган «Ҳилол» журналини кўришимиз мумкин.


Тадбирда сўзга чиққан устозлар, адиблар, матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари журналнинг ютуқлари, келгусида эътибор кўпроқ қаратилиши керак бўлган жиҳатларини зикр қилиб ўтишди. Бу орада бир нечта муаллиф қаторида мен ғариб ҳам журналда шеърларимиз эълон қилингани муносабати билан тақдирландим. Бу эътирофдан бошим кўкка етиб, ҳаяжон ва қувонч аралаш ҳислар билан ортга қайтдим.


Аллоҳ таоло «Hilol» журналини мўмин-мусулмонлар учун узоқ йиллар манфаатли хизмат қилишини насиб этсин. Ҳазрат раҳимаҳуллоҳдан рози бўлиб, қилган савобли амалларини ўзларига ҳамроҳ қилсин. Бизларга ҳам у кишининг ортларидан юриб, саййидимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нажот кемаларига етиб олмоқликни насиб этсин.

Машъалани бир-бир ўчирганда ёв,
Ён атрофни зулмат чулғаса қуюқ.
Ирфон аҳлин қатл қилса беаёв,
Уммат йўлбошчисиз қолса гар қуруқ.

Раҳмон Ўз карамин қилиб намоён,
Бандалар оҳини қилар ижобат.
Яна олимларин этибон инъом,
Қулларига ҳадя этгай ҳидоят.

Зулмат кўксин тилиб кўринар ҳилол,
Умидла боқади самога кўзлар.
Бу хушхабар, дўстим, қавлимга инон,
Лек бул ҳисни қамраб ололмас сўзлар.

Толиққан, ҳориган мазлум бул халққа,
Илоҳий бир неъмат этмишди тортиқ.
Муҳаммадга бошла, бошла деб Ҳаққа,
Юбормиш Роббим бир Муҳаммад Содиқ.

Шўро қиличидан томганида қон,
Зулм авж пардада этганда хониш.
Ёғий жон оларди ва ёки иймон,
Душворди саломат бир четда қолиш.

Шул зулматлар ичра очибон кўзлар,
Нур излаб сафарга отланмиш бир зот.
Тенгдошлари чиллак ўйнаган кезлар,
Калом хатмин қилиб ул бўларди шод.

Уммат дарди кириб йўргакда токи,
Охирги нафасга қадар кетмамиш.
Баъзан халқ ўз боши узра кўтариб,
Баъзида қадрига сира етмамиш.

Орифлар оломон сўзларига ҳеч
парво қилмайдилар, мақсад ўзгадир.
Ҳақ десанг, одамлар сўзларидан кеч,
Бандалар мадҳлари нисбий нарсадир.

Ватан фироқида юрибон йиллар,
Оҳу воҳлар учун сарф бўлмамиш вақт.
Илм гулзоридан териб минг гуллар,
Гулдаста тузмоқни қилмишдилар шахт.

Кўзнинг нурларидан йигириб иплар,
Ҳилол шуъласида тикилмиш бир сир.
Каломга минг ташна бўлган, эй юртим.
Туҳфа бўлсин сизга Ҳилолий Тафсир.

Термизийни туғиб берган миллатни,
Уздилар суннатдан гулдек ҳаётин.
Шул дард-ла куюниб қолиб хилватда,
Умматга қайтарди Ҳадис Ҳаётин.

Зарнинг қадрин асл заргар билади,
Бухорий, Муслимни билардик отин.
Саҳиҳ чироқ ёқиб уммат йўлида,
Хазинадан чиқмиш силсила Олтин.

Мавлоно дейдилар, сўфи ибнул вақт,
Ҳар лаҳзадан олмай қўймайди ҳақин.
Орифлар абасга кетказмайди вақт,
Шул сабаб унутмас номини халқи.

Ирфонга тўлдириб ўзбек уйини,
Устоз бўлмиш Ҳазрат бутун бир халққа. 
Умматдан бошқага бермай ўйини,
Ва ёруғ юз ила етмишлар Ҳаққа.

Дўсту душман бирдек қилар эътироф,
Чин ёқут ҳар ерда азиз бўладир.
Бу кун қалбларда бир ажиб эҳтиром,
Бир ошиқ бўлса гар сизча бўлади.

Неъмат қадри ғойиб бўлгач сезилар,
Ариқ тўлаликда демаслар зилол.
Бу кун қалблар қақшаб уммат эзилар,
Ҳазратим сиздан бир ёдгорлик «ҲИЛОЛ».

Зулмат кўксин тилар кўкда бир ҳилол...

Умиджон Хасанов
«Ҳилол» журналининг 7(52) сонидан

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муқаддима Бугун мусулмонларнинг ўзларига бўлган иймон, ўтмишларига бўлган ишонч ва келажакларига бўлган умидларини ўзларига қайтариб берадиган кишилар давоми...

9200 05:00 / 11.03.2017
Осмондаги ойнинг изин ким кўрган,Қадам етмас тоғнинг музин ким кўрган,Жаннат таомининг тузин ким кўрган,Кўрсатгин, деб Ҳақдан бирга сўрайлик. Тинчлик тилаганнинг давоми...

621 13:55 / 08 январь
Таҳорат китоби1. Эшак ва ҳар бир гўшти ейиладиган нарсанинг сийдидигини зарари йўқдир.2. Бир дирҳам миқдоридаги қон ювилади ва ювилмасдан давоми...

3696 05:00 / 11.03.2017
Мир Алишер Навойининг ажиб байтларини шу пайтга қадар ҳамма хар ҳил тушуниб келган. Шу боис, собиқ иттифоқ даврида ҳам бобомиз томонидан қолган меросларни давоми...

4617 05:00 / 07.03.2017