1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Шайх Ёрқинжон роҳимаҳуллоҳнинг ибратли ҳаёт йўли

19:01 / 04.09.2023 5367 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(биринчи мақола)

Таваллудлари ва оилалари: Шайх Ёрқинжон қори Фозилов 1978 йил 6 ноябрь куни Қўқон шаҳридаги Дегрезлик маҳалласида хизматчи оиласида таваллуд топганлар. Оилада 3 фарзанднинг ўртанчаси бўлиб, опалари ва укалари бор. 


Оталари Обидхон ака солиҳ, китобга муҳаббатли киши. Бўш пайтлари китоб, газета ва журналлар мутолааси билан ўтади. Фарзандларидаги заковат, илмга иштиёқ сабаби ҳам шу бўлса керак. Оналари ҳам ибодатли, солиҳа аёллардан. Улар фарзандларини болалик чоғиданоқ илмга бахшида қилишган. Оилада моддий қийинчилик бўлган пайтларидан ҳам ўғилларини бирор ишни бошини тутиб пул топишига ундамаганлар. Балки илм таҳсили учун имкон қадар шароит қилиб беришган.


Болаликлари: Ёрқинжон қори роҳимаҳуллоҳ болаликдан жуда синчков, тиришқоқ, интилувчан бўлганлар. Бир ёшга тўлишлари биланоқ мактаб ёшигача боғчага борганлар. Шу пайтда ҳам фикрлаш, маълумотларни ўзлаштириш ва атрофдагилар билан мулоқот қилишда тенгдошларидан пешқадам бўлганлар. Болалик чоғларида тарбияларига кўпроқ боболари шуғулланиб, боғчага ҳам ўзлари олиб бориб, келар эдилар. Мактабга чиққанларида ҳар ёзги таътилда саёҳатларга олиб чиқардилар. 


Илмий фаолиятлари: Тўққиз ёшларида боболари Тожикистоннинг пойтахти Душанбе шаҳрига олиб борадилар. У ерда ёшгина Ёрқинжон биров Ҳаж сафаридан олиб келган Қуръон мусҳафини кўриб, «Шуни менга олиб берасиз» деб туриб оладилар. Боболари шунда катта миқдордаги пулга мусҳафни сотиб олиб берадилар. Уйга қайтгач, «Ушбу китобни ўқишни ўрганаман» дейдилар. Бувилари талабчан набираларини кекса ибодатли қўшни аёл уйига Қуръон ўқишни ўрганиши учун олиб чиқадилар. У аёл бир муддат «Муаллими сони»дан ўқитганлар. Шу пайтданоқ араб ёзувини ўрганиш билан бирга маъноларини ҳам тушунишни хоҳлаб, ҳаракат қилардилар. Устозалари у кишининг кўпинча саволларига жавоб беролмай, ота-оналарига бошқа кишига шогирдликка беришларини тавсия қилади. 


Ёрқинжон қори яна бир қўшнилари «Мадрасаи Мир» масжиди муаззини Файзуллохон ҳожи акада Қуръон ўқишни ўрганганлар. Ёрқинжон қори устозларининг камтаринликлари ва тақволари ҳақида кўп эслардилар. Ушбу устозларини икки марта Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга тушларида кўрганликларини яқинларига айтиб берган эканлар. Ёрқинжон қори ака Файзуллохон ҳожи акада бир муддат ўқиганларидан кейин Охунжон домла ва Оққўрғонлик Аҳмадхон домладан бошланғич шаръий билимларни ўзлаштирганлар. Сўнгра Аҳмадхон домла шогирдларини интилувчанлиги ва заковатини кўриб, етаклаб Иброҳимжон домла ҳузурларига олиб бориб, «Домла бу бола ёш бўлса-да, «Бедил» ва бошқа форсий китоблардан ҳам саволлар сўраяпти. Сиз ўзингиз таълим берсангиз» деб топширганлар. Иброҳимжон домла Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрига имом-хатиб қилиб тайинланганларида Ёрқинжон қорини ўзлари билан олиб кетиб, у ерда таълим берганлар. Уйга қайтаётганларида устозлари доим «Уйда олган дарсингизни такрорлаб, бирор кишига айтиб беринг» деб тайинлашар экан. У киши араб тили ва шаръий билимлардан хабардор яқинлари бўлмагани ва бошқаларнинг вақтини олмаслик учун баъзан масжид ҳовлисида узун супургини ерга тиклаб устига белбоғ ташлаб, гўё олдиларида эшитувчи тургандек, дарсларини такрорлар эканлар. Буни кейинчалик фарзандларига мутойиба қилиб, илмга қизиқтириш учун кўп бора айтиб берган эканлар. Гулистонда ўқиб юрган кезлари ёш бўлсаларда қаттиқ риёзат чекиб ўқиганлар. У ерда кўпроқ Орифжон исмли солиҳ, тақволи кишини уйида турганлар.

Орифжон амаки Ёрқинжон қори акани ўз фарзандларидек кўриб, таълим олишлари учун кўп ёрдам қилганлар. Орифжон амаки - Аллоҳ умрларини узоқ қилсин – ўттиз йил ҳайдовчилик сўнг тижоратчилик билан шуғулланганлар. Гарчи шаръий илмларни чуқур ўқимаган бўлсалар ҳам аҳли-илмларга ихлоси баланд ва уларга хизмат қилиб кўп уққан киши.  У киши хушчақчақ, зукко, сўзамол киши бўлганликлари учун Ёрқинжон қори ака ҳам ўзгача меҳр қўйган эдилар. Ёрқинжон қори ака ўзаро суҳбатлар ёки ваъзларда бот-бот «амаким» деб эслаб турардилар. Орифжон амаки ҳақида аввал эшитган киши қори аканинг улар ҳақидаги сўзни бошлашлари билан юзига табассум югуриб, кайфияти кўтарилар эди.
Ёрқинжон қори роҳимаҳуллоҳ 2001 йили Қуръони Каримни ҳифзига киришиб, кунига 6-7 бетгача ёд олганлар ва олти ойда якунига етказиб, 2002 йили Андижонда такрор қилганлар. Рамазон ойлари таровеҳда кўпроқ Фарғонанинг Чимён шаҳарчасида масжидда хатмга ўтар ва илмий суҳбат қилиб берардилар. 


Ҳиндистонга сафар: Шайх Ёрқинжон қори роҳимаҳуллоҳ 2003 йил Ҳиндистонга таълим олиш учун борадилар. 


Сафар олдидан бир куни тушларида Ҳинд ўлкасида узоқ йиллар таълим олиб, бутун Ўрта Осиёга илм-тарқатган улуғ зот қўқонлик домла Ҳиндистоний раҳматуллоҳи алайҳни кўрадилар. Тушларида у зот: «Ёрқинжон сиз Ҳиндистонга, мен таълим олган жойга бориб, илм ўрганинг» дея тавсия берадилар. Ёрқинжон қори ака «Бу яхшиликка ишора» деб Ҳинд ўлкасига боришни мақсад қиладилар.


عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم كَانَ إِذَا انْصَرَفَ مِنْ صَلاةِ الْغَدَاةِ ، قَالَ: 
«هَلْ أُرِيَ أَحَدٌ مِنْكُمُ اللَّيْلَةَ رُؤْيَا؟» وَيَقُولُ: «إِنَّهُ لَيْسَ يَبْقَى بَعْدِي مِنَ النُّبُوَّةِ إِلاَّ الرُّؤْيَا الصَّالِحَةُ» 
(رَوَاهُ النَّسَائِي)


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозидан кейин: «Бу кеча бирортангиз (яхши) туш кўрдингизми? Мендан кейин фақат рост тушлар қолади», дер эдилар». 
Насоий ривояти.


Яъни, ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мендан кейин ваҳий бўлмайди, фақат рост тушлар мўминларга яхшиликлардан башорат бўлиб қолаверади, деганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мазкур сўзлари намунаси Ёрқинжон қори ҳаётларида жуда кўп исботини топган. Буни яқинлари жуда яхши билишади. Кўп бора туш кўрсалар, ўнгидан келган. 


Жўнашдан аввал шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳни зиёрат қилиб, маслаҳат сўрайдилар. Шунда шайх ҳазрат Ҳиндистонга боришларини қўллаб-қувватлаб: «У диёрга борсангиз яхши бўлади. У ерда кўпроқ фиқҳ илмига эътибор қаратинг. Чунки бизнинг халқимиз фиқҳ илмига жуда муҳтож» деб тавсия берадилар.
Шу йили апрель ойида Ҳиндистонга илм излаб бориб, бир ой турадилар. Яна йил охирида сафар қилиб, олти ой мобайнида бир нечта етук уламолар билан танишиб, уларнинг илмларидан баҳраманд бўладилар. 


Ҳиндистонда устозлари «Ҳинд уламолари» жамияти раиси ва Девбанд мадрасаси раҳбарларидан бири забардаст олим мавлоно Аршад Маданий ҳафизаҳуллоҳ кўп моддий-маънавий ёрдам берганлар ва ўзлари алоҳида эътибор қилиб, устозларга йўллаганлар.
Урду тилини ўзлаштиргунча, мавлоно Абдуллоҳ Маъруфий ва мавлоно Неъматуллоҳ Аъзамийлардан араб тилида дарс олганлар ва форс тилида ҳам мулоқот қилганлар. Бир куни мавлоно Саид Аҳмад Боланпурий раҳматуллоҳи алайҳ билан кўришганларида «Сиз биздан чуқур илм олишни истасангиз урду тилини ўрганишингиз керак. Чунки бу ерда устозлар барчаси урдучада гапирадилар, араб тилида ичимиздаги бор илмни тўла етказа олмаймиз» дейдилар. Устозларининг тавсияси ўлароқ, форс тилини биладиган кишидан шу тил орқали урдучани ўрганганлар.   


Ҳиндистонда бир муддат ўтиб, Девбанд мадрасасида имтиҳон топширадилар. Мавлоно Неъматуллоҳ Аъзамий ҳафизаҳуллоҳ Бурҳониддин Марғинонийнинг фиқҳ илмига оид «Ҳидоя» асарининг нуқтасиз нусхасидан имтиҳон қилганлар. Берилган саволларга тўлиқ жавоб бериб, мадрасанинг саккиз йиллик ўқув дастурининг бирданига олтинчи босқичидан таҳсилни бошлаганлар.


Устозлар шайх Ёрқинжон қори акадаги иқтидор ва муҳаббатни кўриб, Девбанд мадрасасида юқори босқич талабалари дарсларига киришга ва хоҳлаган устозларидан дарс олишга рухсат беришган. Хусусан, Девбандда ҳазрат мавлоно Саид Аҳмад Болонпурий раҳматуллоҳи алайҳдан Имом Термизийнинг «Сунан» китобларини ўқиб ўтказиб ижоза олганлар, мавлоно Абдуллоҳ Маъруфий ҳафизаҳуллоҳдан эса ҳадис илмига оид «Нузҳатун назор» китобидан, мавлоно Муҳаммад Алий Бижнурий ҳафизаҳуллоҳдан наҳв илмига оид бир нечта китоблардан, мавлоно муфтий Жамилдан Бурҳониддин Марғинонийнинг фиқҳ илмига оид «Ҳидоя» асаридан дарс олганлар. Шунингдек, мавлоно Неъматуллоҳ Аъзамий ҳафизаҳуллоҳдан ҳам фиқҳ илмини ўрганганлар. Барча устозлар ичида мавлоно Саид Аҳмад Боланпурий Ёрқинжон қори аканинг камол топишларида алоҳида ўрин тутдилар. Ёрқинжон қори ака суҳбатларида у зотни «Ҳазрат домлам» деб жуда кўп эслар, сўзларидан иқтибослар келтирардилар. 


Ёрқинжон қори ака ўқиш билан бирга устозларга хизмат қилиб, улардан дуо олиш ва доим зиёрат қилишга маҳкам бел боғлаган эдилар. Устозлари ва талабалар у кишини ўзгача ҳурмат қилишарди. 
(Давоми бор)


Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғли тайёрлади

 

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 11 августдаги 03-07/6522-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муҳаммад ибн Мункадир раҳимаҳуллоҳнинг иниларининг вафотиМуҳаммад ибн Мункадир ибн Абдуллоҳнинг кунялари Абу Абдуллоҳ ишончли, фозил, ровий ҳисобланиб, улуғ давоми...

1164 21:06 / 23.12.2022
Қуръон қайси қори томонидан ўқилаётган бўлса ҳам, уни тинглаётган мусулмон киши .Мен гапираётган Аллоҳни эшитяпман, деб тасаввур қилиши ва ўқиётган қорини давоми...

2831 12:00 / 18.02.2022
Ўша пайтларда Учқўрғонда 13 та гузар, 13 та масжид, 2 та мадраса ва 1 та аёллар мадрасаси ҳамда 1 та хонақоҳ фаолият кўрсатган экан.Маълумотларга кўра, Ҳожимат эшоннинг давоми...

1890 17:00 / 17.11.2021
Чоп этилган .Фунун, китобиниг аввалги қисми бошида у зот раҳматуллоҳи алайҳ қуйидагиларни айтган.Аммо баъд вақт сарфланадиган, нафс машғул бўладиган ва буюк давоми...

1609 11:00 / 20.12.2020
Аудиолар

120490 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7047 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42109 14:35 / 11.08.2021