1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Мавлоно Жалолиддин Румий

14:16 / 15.10.2023 2488 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Хабарингиз бор, «Hilol-nashr» матбаа-нашриёти томонидан «Китобхонлик мактаби» лойиҳаси доирасида устозларамиз Рустамжон Раҳматуллоҳзода ва Мирзо Кенжабеклар иштирокида Мавлоно Жалолиддин Румийнинг «Маснавийи маънавий» асари шарҳлаб бориляпти. Кўпчилик ўқувчиларимизнинг таклиф ва мулоҳазаларини эътиборга олиб, бу маърифий суҳбатларни «Ҳилол» журнали саҳифаларида ҳам ёритиб бориш йўлга қўйилди. 

Таваллуд ва насаблари
Мавлоно Жалолиддин Муҳаммад Румий-Балхий ҳижрий 604 йил робиъул-аввал ойининг 6-куни (милодий 1207 йил, 30 сентябрда) Балх шаҳрида дунёга келганлар.


У зот амирул-мўъминин – ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу авлодидандир. Отаси Баҳоуддин Валад Хуросон подшоҳи Алоуддин Муҳаммад Хоразмшоҳ қизининг фарзанди ҳисобланади. Баҳоуддин Валад шариат ва тариқат илмларида камолга етгач, ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам маъно оламида у зотга Султонул-уламо – олимлар султони деб ном берадилар. Бу ҳол бошқа зотларга ҳам туш орқали билдирилади. Ҳазрати Жалолиддин ана шундай шарафли оилада дунёга келадилар.

 

Устозлари
Ҳазрати Жалолиддин Муҳаммаднинг камол топмоғида бир неча азиз сиймоларнинг назар ва хизматлари бор. Булардан бошида у зотнинг оталари «Султонул уламо» – Баҳоуддин Валаддан бошлаб, Саййид Бурҳонуддин Муҳаққиқ Термизий, шайх Фаридуддин Аттор, шайх Шамси Табризийгача давом этади.


Хусусан, шайх Шамси Табризий Мавлоно ҳаётида ғоят муҳим ўрин тутган севикли сиймодир. Ҳазрати Мавлоно Шамси Табризийни топгунларича бошқа бир умрни, ундан кейин бошқа бир умрни яшадилар. Кўнё шаҳрида бу икки зот учрашган жой «Мажмаъул-баҳрайн» – «Икки денгиз бирлашган жой» деб аталган. Мавлоно Аллоҳнинг бу дўстига бўлган буюк муҳаббати боис ўзлари билан ул зотни бир тан, бир жон деб билганлар, ҳатто илк китоб – «Девони Шамси Табризий» деб ҳозиргача машҳурдир.


Бу муборак зот ҳақида Шамсуддин Афлокийнинг «Маноқиб ул-орифийн», Мавлоно Жомийнинг «Нафаҳот ул-унс», Алишер Навоийнинг «Насойим ул-муҳаббат» асарларида ғоят гўзал сўзлар бор. Ҳазрати Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор эса «Волидиййа» асарида қуйидаги форсий байтни гўзал ишоратлар билан келтирадилар:
Он, ки ба Табриз дид як назари Шамси дин,
Таъна занад бар даҳа, сухра кунад бар чила.


Шамси дин, яъни дин қуёши (бўлмиш Шамси Табризий)нинг бир назарини Табризда кўрган киши даҳага (ўн кунлик хилватга) таъна қилиб, қирқ кунлик чиллани масхара қилади. Яъни валийлар назари кишини бирдан камолга етказади. 


Шамси Табризий айтади: «Ҳақ таолога ёлвориб: «Мени авлиёларинг қаторига қўшгил ва уларга биродар айлагил!» деб кўп илтижо қилар эдим. Тушимда менга: «Сени бир валийга биродар қилгаймиз!» дейилди. Мен эса: «Ул валий зот қаерда?» дедим. Бу тушдан кейин менга уч марта кетма-кет: «Сен истаган валий Рум диёридадир!» дейилди. Мен хийла вақт қидирдим, аммо у зотни топа олмадим. Кейин менга: «Ҳали топадиган вақтинг келмади! Ишлар ўз вақтига тобедир (яъни ҳар ишнинг ўз вақту соати бор)», дейилди...


Яна Шамсуддин Табризий айтади: «Ҳар қачон ва ҳар жойда тинимсиз Ҳақ таолога илтижо қилиб: «Ё Раббий! Ўзингнинг яширин валийларингдан бирини менга кўрсат!» дер эдим ва умидвор бўлиб, сабрсизланиб, ёлвориб юрар эдим. Аммо кетма-кет менга етаётган илоҳий тажаллийлардан маст эдим. Том маънода истиғроқ ҳолатига тушиб, башар қуввати билан ўшал мушоҳаданинг гўзаллиги ва оғирлигига таҳаммул қилишдан ожиз қолган пайтларимда, бу ҳолларни енгмоқ мақсадида, ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Каллиминий, ё Ҳумайро!» – «Мен билан гаплаш, ё Оиша)!» деган ҳадиси шарифлари тақозосига кўра, ўзимни бир ишнинг жузълари билан машғул қилар эдим. Яширин тарзда, гўё тирикчилик зарурияти билан мардикорлар олдига бориб, кечгача улар билан бирга ишлар эдим. Иш ҳақи берадиган вақтларида эса баҳона қидириб, «Пулим тўпланиб тураверсин, кейин оламан, чунки бўйнимда баъзи қарзларим бор», деб олмас эдим. Кейин чиқиб кетиб, бир муддат ғойиб бўлар эдим.


Яна ҳамиша жаноби Ҳаққа илтижо қилиб, «Ажабо! Бутун бу дунёда ва малакут оламида Аллоҳнинг хос бандалари орасида мен билан дўстлик қилишга таҳаммул этадиган бирор зот бормикин?» деб тафаккур қилар ва ёлворишда давом этар эдим.


Ниҳоят, бир куни: «Модомики, сен исрор этиб, дўстни орзу қилар экансан, бас, шукронасига не бергайсан?» дея илҳом келди. Шунда мен: «Бошимни бергайман!» дедим. Жавобан ғайб оламидан: «Бутун коинотда Мавлоно Румий ҳазратларидан бошқа сенинг шарафли биродаринг йўқдир!» деган бир садо келди.


Ана шундан кейин ул севикли дўст билан кўришмоқ ва унинг йўлида бошимни фидо этмоқ учун Рум диёрига қараб йўлга чиқдим». 

Икки денгиз учрашуви
Шамси Табризийнинг Мавлонони топгунча кечган ҳоллари шундай эди. Милодий 1244 йил ноябрининг 26-куни Мавлоно ҳаётларида бурилиш ясаган тарихий воқеа юз берди. Кўнёда дафъатан Шамси Табризий деган мажнунсифат дарвиш пайдо бўлди. Ўша пайтда Мавлоно 38 ёшда бўлиб, йирик аллома, воиз ва мударрис сифатида машҳур эди.


Шамсуддин Афлокий нақлига кўра, ўша куни Мавлоно Пунбафурўшон мадрасасидан чиқиб, бир қанча уламо ва шогирдлари қуршовида уловда борар эди. Шамси Табризий ул зотнинг оти рикобини (узангисини) тутиб:
– Ё Имомал-муслимийн! (Эй мусулмонлар пешвоси!) Айтинг-чи, Боязид Бистомий улуғроқми ёки ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам улуғроқмилар? – деб сўради. Мавлоно айтадиларки: «Бу сўзнинг ҳайбатидан гўёки етти осмон бир-биридан ажралди ва ерга тўкилди, менинг ичимдан бир олов чиқиб, алангаси димоғимгача урди».
Сўнг жавобан:
– Ҳазрати Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам улуғдирлар! Боязид не! – дедилар. Шунда ҳазрати Шамс айтди:
– Йўқса, не маъноси борки, ҳазрати Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ё Раббим! Сени маърифатинг ҳақи ила етарли таний олмадим!» дедилар. Боязид эса: «Пок Парвардигоро! Шоним нақадар юксак! Мен орифлар султониман!» дедилар?
 Мавлоно жавоб бериб:
– Чунки Боязиднинг чанқоғи бир журъа билан қонди ва у серобликдан дам урди. Унинг идрокининг кўзаси шу билан тўлди. Ва ул нур (маърифат нури) билан унинг кулбасининг туйнуги тўлган эди. Аммо Ҳазрати Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳоллари улуғ бўлиб, ишлари чанқоқлик устига чанқоқлик эди! Муборак кўкслари: «Алам нашроҳ лака содрок?» («Биз сенинг кўксингни кенг – мунаввар қилиб қўймадикми?») оятининг шарҳи билан ва яна: «Ва арзуллоҳи восиъатун» («Аллоҳнинг ери кенгдир» ояти сиррига мазҳар) бўлган эди! Шу боис ичган сари яна ташналикдан дам урдилар ва ул зот тобора қурбат – Аллоҳга яқин бўлиш илтижосида эдилар! – деди.


 Ҳазрати Жомий «Нафаҳот ул-унс»да айтадилар: «Бу комил жавобни эшитгач, Мавлоно Шамсуддин фарёд уриб, ҳушдан кетиб, ерга йиқилдилар».


Икки денгиз ана шундай учрашган эди. Ана шу кундан бошлаб, икки дўстнинг узлуксиз сир-синоатга тўла суҳбатлари бошланди. Мавлоно дўст вужудида фано бўлиб, ғазалларини Шамси Табризий тахаллуси билан ёздилар ва девонни ҳам шу ном билан атадилар.

Мавлононинг асарлари
1. «Девони кабир» («Катта девон»). Бу китоб ғазаллар, қитъалар ва таржеъотдан иборат бўлиб, «Девони Шамси Табризий», «Девони Шамсул-ҳақойиқ» («Ҳақиқатлар қуёшининг девони») ёки «Куллиёти Шамси Табризий» деб ҳам юритилади. Девонда Шамси Табризий, Салоҳуддин Заркўб номлари кўп учрайди. Яна Мавлоно унда Хомуш тахаллусини ҳам қўллаганлар. Моҳиятан ишқи илоҳий девонидир.


2. «Маснавийи маънавий». Жаҳонда дил аҳли қалбини титратган бу асар «Маснавий» ёки «Маснавийи шариф» номлари билан машҳурдир. 25 618 байтдан иборат.


3. «Фийҳи мо фийҳи» («Замирдаги нарса замирдадир»). Бу асар Мавлононинг маърифий мавзулардаги суҳбатларидан тасниф этилган. Баъзи ўринларида Мавлоно Муинуддин Парвонага хитоблар, баъзи жойларида «Маснавий» ҳикояларида кўрилган ифодалар учрайди, айрим ўринлари «Маснавий» шарҳига ўхшайди. Баъзан эса Мавлононинг пири, Саййиди Сирдон – Саййид Бурҳонуддин Муҳаққиқ Термизий, дўсти ва сирдоши Шамси Табризий, муриди ва халифаси Салоҳуддин Заркўб каби зотларнинг ҳолатлари ва сўзлари баён этилади.


Мавлоно ҳам Саййиди Сирдондек Ҳаким Санойи шеърларидан кўп истифода этганлар. Буни ушбу суҳбатда чиройли шарҳлаганлар: 
«Дедиларки, Саййид Бурҳонуддиннинг гўзал нутқи бор, лекин гап орасида Санойи шеърларини кўп такрорлайди». Саййид буюрдиларки: «Бу эътироз: «Қуёш яхши, аммо бир айби – нури бор», дейишга ўхшайди. Санойи шеъридан мисол тарзида истифода этмоқдан мақсад – фикрни ечиш, кўрсатиш… Қуёш нуридан мурод – нарсаларни кўрсатиш». 


4. «Мавоъизи мажолиси сабъа» («Етти мажлис мавъизалари»). Етти суҳбатдан таркиб топган бу асар «Мажолиси сабъа» деб ҳам аталади. Шамсуддин Афлокийнинг ёзишича, Мавлоно улуғ зотларнинг илтимослари, билхосса, Салоҳуддин Заркўбнинг исрори – қатъий талаби билан ваъзлар қилганлар ва булардан еттитаси мазкур китобга кирган.


5. «Мактубот». Мавлононинг турли сабаблар билан турли даврларда турли зотларга ёзган мактубларидан таркиб топган. 147 мактубдан иборат. Шафиқ Жон айтади: «Мавлоно бошқа асарлари каби бу асарни ҳам шахсан қўлларига қалам олиб ёзган эмаслар, балки, айтиб туриб ёздирганлар».

Илоҳий ишқ шарҳи
«Маснавийи маънавий» Мавлоно ижодида алоҳида аҳамият касб этади. Бу асар зоҳирда Ҳусомуддин Чалабийнинг илтимос ва қистови билан, маънода эса Илоҳий илҳом ва ишорат билан ёзилган табарррук асардир. У башар сўз санъатининг олий намунаси, Илоҳий ишқ шарҳи, Ҳақ дийдори толибининг дард дафтари, маърифат боғининг гўзал меваси, ишқ ва ҳикмат китобидир. 
Чанд бихонди ҳикмати юнониён, 
Ҳикмати иймониёнро ҳам бихон!
Таржимаси:
Кўп ўқибсан аҳли юнон ҳикматин,
Бас, ўқиб кўр аҳли иймон ҳикматин!
Уни чин ихлос, поклик ва муҳаббат билан ўқиш зарурлиги «Нафаҳотул-унс» ва «Насойимул-муҳаббат» китобларида жиддий уқтирилган.


Содиқ мурид ва тариқатдаги халифа Ҳусомуддин Чалабий бир куни ҳазрати Мавлононинг ҳузурларига келиб, асҳоб, яъни суҳбатдош дўстларнинг Ҳаким Санойининг «Илоҳийнома», шайх Фаридиддин Атторнинг «Мантиқ ут-тайр» ва «Мусибатнома» майли кучли эканини айтади ва: «Сизда ғазалиёт асрори кўп бўлди, мазкур китоблар тарзи билан бир китоб битсангиз, дўстларга ёдгор бўлса, бир иноят бўлур», деб арз қилади. Аммо маъно олами сир-асрорга кондир. Шу пайт ҳазрати Мавлоно муборак салласининг қатидан бир қоғоз олиб, Чалабий Низомуддиннинг қўлига беради. Унда «Маснавий»нинг илк байтидан бошлаб ўн саккиз байт битилган эди:
Бишнав аз най, чун ҳикоят мекунад,
Аз жудойиҳо шикоят мекунад.
Яъни:
Тинглағил, най ҳикоятлар қилур, 
Айрилиқлардан шикоятлар қилур…

Дар наёбад ҳоли пухта ҳеч хом,
Пас, сухан кўтоҳ бояд, вассалом.
Яъни:
Ҳеч пишиқ ҳолин тополмас, кимки хом,
Баски, сўз ҳам қисқа бўлгай, вассалом.


Ана шу байтгача ёзиғлиқ эди. Шунда Мавлоно: «Сизнинг замирингизга бу фикр-ғоя тушишидан илгарироқ ғайб оламидан шундай бир китоб назм қилиш лозимлиги бизнинг кўнглимизга етган эди», дейди. Сўнг улуғ иҳтимом – куч-ғайрат билан «Маснавий» назмига киришади.


Бу масаланинг биринчи томонидир. Энди иккинчи томонига диққат қилайлик.


«Маснавий»ни қоғозга тушириш жараёнида гоҳ-гоҳ туннинг аввалидан то тонг отгунича ҳазрати Мавлоно айтиб турар, Чалабий Низомуддин ёзиб борар эди. Биринчи дафтар тамом бўлганидан кейин, Чалабий Низомуддиннинг аёли вафот этиб, ўртада бир тўхталиш бўлди. Истеъломий нақлига кўра, хотини вафот этгач, ўзи ҳам бетоб бўлиб қолади.
Икки йилдан кейин Ҳусомуддин Чалабий яна Мавлононинг ҳузурида «Маснавий»ни охирига етказишни илтимос қилди. Чунончи, иккинчи дафтар бошида шу воқеаларга ишорат қилинади: 
«Маснавий» ҳам қолди тўхтаб бир замон,
Муҳлат истар, сутга айлангунча қон.


Яъни кўзи ёрийдиган онанинг вужудидаги қон то сутга айлангунича муҳлат, вақт талаб қилади.


Баъзи китобларда ёзилганки, шеърий иқтидор сўз аҳлидан бўлган валий зотларга ато этилган кароматдир, Илоҳий икромдир. Авлиёнинг каромати эса ҳақдир. «Маснавийи маънавий» ҳазрати Мавлонога Аллоҳ ато этган икром, эҳсон ва кароматдир. Унга ихлос ва муҳаббат билан ёндошган кишининг оқибати хайрлидир. Унга ихлоссиз ёндошганнинг аҳволи харобдир, Аллоҳ асрасин.


Мирзо Кенжабек
«Ҳилол» журналининг 4(49) сонидан

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
23 ёшида ўз мактабини очган, мардикор ўқувчини катта шоирга айлантирган, СССРда қоралансада, Европада эътироф этилган жадид ndash Мунаввар қорининг қисқагина умр давоми...

2329 11:41 / 07 январь
ndash Муҳтарам муфтий ҳазратлари Турғунлик йилларининг жамиятимизга етказган иқтисодий ва маънавий зарарлари тобора кўпроқ ойдинлашмоқда. Бу зарарларнинг давоми...

519 17:25 / 26 апрель
Шайх, имом, муҳаддис, фойдали илмлар эгаси, санад соҳиби Абул Қосим Исмоил ибн Аҳмад ибн Умар ибн Абул Ашъас Самарқандий. Дамашқда туғилиб, Бағдодда истиқомат давоми...

1524 15:00 / 22.11.2020
Бир киши Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг олдиларига келди ва у зотга Менинг пулларим зое бўлди. Уларни бир жойга кўмиб қўйгандим. Ёмғир ёғиб, сел келиб, пул давоми...

3375 22:25 / 27.04.2017
Аудиолар

120551 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7050 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42157 14:35 / 11.08.2021