1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Насиҳат

09:00 / 05.08.2023 1170 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Талоқ тўғрисидаги маълумотларни талоқдан сақланиш чоралари сифатда ўрганиш лозим. Уларни яхши билган кишилар талоққа сира яқинлашмасликлари, ҳаттоки, у ҳақда ўйлаб ҳам кўрмасликлари турган гап.


Эркаклар талоқ қилишни, аёллар эса талоқ сўрашни хаёлларига ҳам келтирмасликлари зарур.


Тўғри, турмушда турли ҳолатлар содир бўлиб туради. Эр‑хотин орасида келишмовчиликлар, жанжаллар ва бошқа можаролар бўлиши ҳам бор. Аммо, уларнинг ҳаммасини ҳал қилиш йўллари ҳам кўп. Талоқ эса, ҳеч нарсанинг иложи қолмаганда, эр‑хотиннинг бирга яшашлари имкони бутунлай йўққа чиққанда ишга тушадиган нарса.


Афсуски, кўпчилик бўлар-бўлмас нарсаларда ҳам талоқни ўртага солаверадилар. Эр аёлига гапни ўтказа олмаса, талоқ орқали уни қўрқитмоқчи бўлади. Аёл эридан норози бўлса, ундан ўч олиш учун талоқ сўрайди. Сўнгра, бир оз ўтгандан сўнг иккиси ҳам «Талоққа йўл борми? Қандай қилиб қайта ярашиш мумкин?» дея чор атрофга югуришни бошлайдилар. Бу ҳолат кенг тарқалган иллат бўлганлигидан илмий муассасалар ҳам уни алоҳида ўрганиб чиқиб, қарорлар қабул қилишга мажбур бўлганлар. Эътиборингизга ўша қарорлардан бири ҳавола этилади.


Фатво ва илмий баҳслар бўйича европа мажлиси
Ўн тўртинчи сессия (23–27 феврал, 2005 йил)

 

Мажлис «Талоқдан сақланиш воситалари» борасида тақдим қилинган тадқиқотларни кўриб, таҳлил қилганидан сўнг қуйидагиларга қарор қилди:
I. Ислом ўзининг оилага хос таълимотлари ва ҳукмларида уни муҳофаза қилишга, унинг бузилиши ва қулашини ман этишга қаттиқ ҳаракат қилгандир. Шунинг учун ҳам эр‑хотинлик робитаси «мустаҳкам васийқа» деб номланган.


Ислом агар эр хотинини ёқтирмай қолса ҳам оилавий ҳаётни давом эттиришга тарғиб қилади.


Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида:
«Ва улар ила маъруф шаклда яшанг. Агар уларни ёқтирмасангиз, ажаб эмаски, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшиликларни қилса», деган (19‑оят).


II. Шунга биноан, мажлис талоқдан сақланиш воситаларидан қуйидагиларни баён қилади:
1. Иймоний томонни, Аллоҳ таолодан қўрқиш ҳиссини, У Зот бир тараф иккинчисига зулм ва озор беришини кузатиб туришини англашни кучлантириш. Шунинг учун ҳам оилага хос оятлар тақвога амр билан якунланган.


2. Эр ва хотин орасидаги муомалада ҳусни хулқ, сабр-бардошга асосланиш.


3. Эр ва хотин иккисидаги руҳий ҳолатларни ҳисобга олиш. Улар иккиси бир-бирларига либос, сокинлик, муҳаббат ва раҳмат бўлишлари лозим. Улар бир жондан тарқалганлари юзасидан икковлари бир-бирларига тақдир, эҳтиром ва шафқат назари билан қарашлари керак.


4. Икки тараф ҳам жуфти ҳалолини танлашда шариатда талаб қилинган сифатларнинг мужассам бўлишига эътибор қаратишлари керак. Никоҳдан олдин шаръий қоидаларга риоя қилган ҳолда бир-бирини кўриш ва суҳбатлашиш каби Ислом эр‑хотинликнинг бардавом бўлиши учун жорий қилган воситаларга амал қилиш лозим.


5. Эр ва хотин орасидаги муаммоларни ҳал қилиш бўйича ўзаро мулоқот ва маслаҳат маданиятини йўлга қўйиш керак. Зотан, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:
«Ўзаро рози бўлиб ва маслаҳат қилиб», – деган.


6. Икки тараф адолат ва яхшилик асосида бир-бирининг моддий ва маънавий ҳақларини ўз ўрнида адо этишга қатъий равишда амал қилиши лозим.


7. Икки тараф ҳам бир-бирини рози қилишга ҳаракатда бўлиши зурур. Шунинг учун ҳам шариатда жуфти ҳалолини рози қилиш учун, ораларини ислоҳ қилиш учун, воқеъликка тўғри келмаса-да, ёлғон гапиришга ҳам рухсат берилган.


8. Ваъз-насиҳат қилиш каби таъсир қиладиган барча воситаларни ишга солиш керак.


9. Эр ва хотин орасини тузатиш учун икки тарафдан биттадан ҳакам сайлаш ишини ҳам йўлга қўйиш лозим. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:


«Агар икковларининг оралари бузилишидан қўрқсангиз, эрнинг аҳлидан бир ҳакам ва хотиннинг аҳлидан бир ҳакам ажратинг. Агар улар ислоҳни ирода қилсалар, Аллоҳ эр‑хотиннинг орасини мувофиқлаштиради», – деган».


«Бахтиёр оила» китобидан


Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03-07/1465-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Оила қуриш ниятидаги эркак тараф ўзи учун никоҳи ҳаром ва совчилик қилиб бўлмайдиган шахсларни ажратиб олганидан кейин энг аввал муносиб келин ахтаришга давоми...

5263 13:32 / 17.11.2018
Ўғил болаларни хатна қилдириш отанинг бурчи ва боланинг ҳаққидир.Хатна сўзи луғатда .кесиш, маъносини англатади.Фақиҳлар таърифида эса .Махсус аъзонинг махсус давоми...

3778 12:04 / 11.01.2020
Бизнинг динимизда туғилган фарзанд қиз бўлса, қувончни бўрттириброқ қилиш тавсия этилади. Одатда, ўғил туғилганда хурсандчилик каттароқ бўлади. Аммо, шариатда давоми...

3603 12:14 / 14.12.2019
islom.uz middot 68 ndash Фарзанд доимо отаонага ширин сўзларни айтиши вожибдир 4Аллоҳ таоло .Бақара, сурасида шундай деб марҳамат қилади.Сендан нимани нафақа қилишни давоми...

1537 19:02 / 14.08.2020