1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Муносиб эътироф

12:54 / 07.07.2023 1269 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир» деб марҳамат қилган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду саноларимиз бўлсин!


«Олимлар – пайғамбарларнинг ворисларидир» деб марҳамат қилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотларимиз бўлсин!
 
Бу йилги ҳаж мавсуми ҳамда Қурбон ҳайити юртимиз тарихининг зарварақларига зарҳал ҳарфлар билан ёзилиб қоладиган бўлди. Зеро, мустақиллигимизнинг учинчи ўн йиллиги арафасида бошланган тарихий ислоҳотларнинг, хусусан, диний-маърифий соҳада олиб борилаётган хайрли ишларнинг дастлабки натижалари айнан мана шу кунларда яққол намоён бўлди.


Ўтган йилдан бошлаб юртдошларимизнинг умра сафарига бориши учун кенг имкониятлар очилиб, юз минглаб мўмин-мусулмонларимиз муборак умра ибодатини адо этиб келган эдилар, бу йилги ҳаж мавсуми учун ҳам шу пайтгача мисли кўрилмаган шарт-шароитлар яратилиб, минглаб ҳожиларимиз бугун Арафот тоғида туриб, ҳажнинг энг муҳим арконини адо этаётган эдилар.


Дуолар ижобат бўладиган ана шундай файзли, шукуҳли онларда, Арафа кунининг ниҳоясида нафақат юртимиз, балки бутун дунё мусулмонлари учун ниҳоятда қувончли хушхабар тарқалди: Ўзбекистон Республикасининг президенти Шавкат Мирзиёев ўзбек халқининг атоқли фарзанди, юртимизнинг ифтихори, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини олий даражали «Имом Бухорий» ордени билан тақдирлабдилар!


Шунингдек, юртбошимиз Ватанимиздаги дин хизматининг фахрийларидан бири, шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳазратларини ҳам айни шу олий мукофот билан тақдирлабдилар. Муфтий Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳазратлари тарихимизнинг энг қора кунларида, халқимиз эркидан, тилидан, тарихидан, маданиятидан мосуво бўлаёзган мустабид тузум даврида қўлда чўғ тутгандек оғир шароитда буюк хизматлар қилган зот эдилар. Шу инсоннинг жондан кечиб қилган хизматлари туфайли юртимизда бутун собиқ иттифоқда ягона диний таълим муассасаси – Мир Араб мадрасаси ишлаб турди. Бинобарин, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларидек улуғ олимнинг етишиб чиқишида муфтий Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳазратларидек улуғларнинг хизмати беқиёсдир.


Бу мукофотлар – халқимизнинг шаънини бутун Ислом оламига, бутун дунёга таратган етук алломалар томонидан дин, миллат, Ватан учун қилинган фидокорона меҳнатларнинг ҳақли ва муносиб эътирофи бўлди.


Юртбошимиз ўз фаолиятининг дастлабки кунларидан бошлаб илм-маърифат аҳлига, дину диёнатимизга жуда катта эътибор бериб келмоқдалар. Диний таълимни ривожлантириш, унинг савиясини, кўламини ошириш, масжид-мадрасалар қурдириш, муборак қадамжоларни обод қилиш, халқаро миқёсда Қуръон мусобақасини ташкил қилиш, ҳадис, калом, фиқҳ каби илмий марказларнинг очилиши, ҳаж ва умра сафарларига оид ислоҳотлар, динимизнинг арконларини адо этиш борасидаги барча чекловларнинг олиб ташланиши, ёшларимиз дунёнинг етакчи исломий ўқув муассасаларида таълим олиши учун кенг имкониятлар яратиб бериш каби жуда кўп хайрли ишлар фикримизнинг далилидир. «Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир» деган илоҳий мужданинг тасдиқи ўлароқ, Аллоҳ таоло юртбошимизга ўтган йилда муборак умра сафарини насиб қилди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг равзаи муборакларини зиёрат қилиш, Байтуллоҳни тавоф қилиш, Каъбаи Муаззаманинг ичида намоз ўқиш бахтини насиб қилди, халқимизга фаровон ҳаёт, порлоқ истиқбол тилаб дуолар қилишга муваффақ қилди.


Айни пайтда, юртбошимиз Ватанимиз довруғини бутун дунёга таратган улуғ аждодларимизга, дин пешволарига, аҳли илмларга ҳам юксак ҳурмат бажо келтириб, уларга алоҳида эътибор қаратмоқдалар. Жумладан, пойтахтимизда муҳташам жомеъ масжид мажмуасининг қурилишига бевосита бош-қош бўлиб, уни фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг номлари билан атадилар, масжидга эса ҳазратимизнинг фарзандларини имом-хатиб этиб тайинладилар, ҳазратимизнинг улкан илмий меросини атрофлича ўрганиш, уни юртимизда ва бутун дунёда тарғиб этиш бўйича тавсиялар бердилар.


Бу хайрли ишларнинг барчаси юртимизда чинакам истиқлол шамоли эсаётганини, миллатимиз ўзлигини англаб, миллий қадриятларимиз тикланаётганини кўрсатади.

Бугунги юксак мукофот эса ана шу хайрли ишларнинг ўзига хос ёрқин намунаси ўлароқ, нафақат фазилатли шайх ҳазратларига, балки у кишининг аҳли оилаларига, бутун ўзбек халқига, муқаддас динимизга кўрсатилган юксак эҳтиром бўлди. Илм қадрланадиган, аҳли илмлар эҳтиром қилинадиган юртнинг келажаги порлоқ, дунёси обод, охирати хайрли бўлади, иншааллоҳ.


Фурсатдан фойдаланиб, бундай юксак мукофот билан фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг аҳли оилаларини, барча сафдошлари ва шогирдларини, миллионлаб мухлисларини чин қалбдан муборакбод этамиз. Аллоҳ таоло устозимизга бу мукофотни муборак айласин!


Айни пайтда, улуғ алломага кўрсатилган бу қадар юксак эҳтиром учун, муносиб эътироф учун Ўзбекистон Республикасининг президенти Шавкат Мирзиёев жанобларига ҳамда бу хайрли ишларда, эзгу амалларда у кишига камарбаста бўлаётган барча азизларимизга ҳазратимизнинг оила аъзолари номидан, у зот асос солган «Ҳилол-нашр» нашриёт-матбаа мажмуаси ҳамда Ислом.уз порталининг барча ижодий жамоаси номидан, қолаверса, бутун ўзбек халқи номидан, дунё мусулмонлари номидан самимий миннатдорчилик изҳор этамиз. Муҳтарам юртбошимизнинг барча хайрли ишларида Аллоҳ таоло мададкор бўлсин, динимиз, миллатимиз, Ватанимиз учун қилаётган меҳнатларини муносиб мукофотласин!


Барчамизнинг устозимиз, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларига олий даражали Имом Бухорий ордени муборак бўлсин!


Аллоҳ таоло халқимизга Ийдул-Қурбон байрамини муборак қилсин, азиз Ватанимизни жаннатмакон қилиб, халқимизни Ўзининг розилигини топадиган халқлардан қилсин!
 
Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар! Аллоҳу акбар ва лиллааҳил ҳамд!

Озод Мунаввар
2023 йил 28 июнь

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Араб тили филологияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган тилшунос олим, доктор Абдул Раҳим дунёнинг 14 тилида бемалол сўзлаша оладиган ноёб полиглот эди. Яъни, устоз давоми...

1036 21:30 / 20.10.2023
Муҳаддис, илм талабида юрт кезган, садуқ Абул Ҳусайн Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Муҳаммад ибн Моҳиён Журжоний.Найсобурда Дабарий, қози Исмоил, Тамтом, Али ибн давоми...

1144 10:00 / 01.11.2020
Исмоил ибн Абдуллоҳ ал Хузоий менга мана бу ривоятни айтиб берди.Басра аҳлидан, Муҳолаба уруғидан бўлган бир киши Бармакийлар даврида баъзи юмушлар билан давоми...

3147 17:02 / 24.12.2022
1. Исм ва насаблари Аллома имом, имомларнинг ягонаси Муҳамммад ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Иброҳим алМаҳаллий алШофеъий алМисрий Жалолиддин, муфассир, фақиҳ, калом давоми...

3401 22:19 / 27.04.2017
Аудиолар

120511 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7049 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42126 14:35 / 11.08.2021