1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Фахрландик

15:28 / 04.07.2023 1083 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муносабат

Ҳар қандай шахснинг салоҳияти, меҳнату хизматлари ва албатта, муносиб тақдирланиши жамият ҳаётида ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга воқеа ҳисобланади. Хусусан, эл-юрт меҳрини қозонган инсонга бўлган юксак эътибор ўша халқ вакиллари қалбида, шуурида давом этади. Халқ оддийгина қилиб, лекин чин қалбдан, ҳаяжон-ла, «Айни муносиб инсонга берилибди!» дея муносабат билдиради, тасанно айтади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига мувофиқ, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг собиқ раиси, муфтий, марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф «Олий Даражали Имом Бухорий» ордени билан мукофотлангани ҳақидаги хушхабарни эшитган илк лаҳзалардаёқ кўнгилда бир олам таассурот жонланди.

Ўрни келганда, аввало, мамлакатимиз ижтимоий-маданий-маърифий ҳаётида Имом Бухорий номи билан аталган Олий даражадаги орден таъсис этилганини фавқулодда унутилмас ва тарихий воқеа сифатида алоҳида таъкидламоғимиз даркор. Зеро, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ бизнинг ватандошимиз, фахримиз, ғуруримиз – манглайимизда порлаган юлдузимиздир. Ул Зотнинг муборак исм-шарифлари, имонли инсоният маънавияти поклиги йўлидаги бемисл хизматлари бутун дунё ислом аҳли томонидан эътироф этилган ва этилажакдир.

Исломий эътиқод тарихи турфа замон ва даврда ўчмас из қолдирган улуғ ва бетакрор инсонлар тарихига чатишиб кетган. Собит эътиқод соҳиблари ўз ҳаёт йўллари, сўзлари ва амаллари билан замондошлари учун йўлчи юлдузлик вазифасини адо этган. Фикримча, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф давримизнинг ана шундай забардаст инсонларидан эди.

Шайх ҳазратларининг Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг раиси, мустақил Ватанимизнинг биринчи муфтийси сифатидаги фаолияти ниҳоятда мураккаб даврга тўғри келди. Ижтимоий ҳаёт ва диний эътиқод, шахс ва жамият, имон ва ахлоқ тушунчалари ўртасидаги мулоқотлар нафақат баҳсли, балки ғоятда зиддиятли, ҳатто можароли кечган вазиятларда кенг оммани ва халқни ҳушёрликка чорлаш, тўғри ва соғлом йўлга бошлашга бўлган эҳтиёж ниҳоятда ортди. Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф шахси бутун салоҳияти билан айни ўша мураккаб даврда жамиятимизнинг илғор ва етакчи вакили сифатида намоён бўлди. Каминага ўша кезлар Ҳазратни турли вазиятларда, турли ҳолатларда кўриш, кузатиш, ул муҳтарам Зот билан мулоқотда бўлиш бахти насиб этар экан, бир ноёб жиҳатдан ҳайратга тушганимизни унутиш қийин.

Гап шундаки, қандай мавзумуаммо, қандай баҳсли ҳолат бўлмасин, Ҳазрат ғоятда вазминлик-босиқлик билан муносабат билдирар, орада туғилган нифоқнинг оқилона ечимини ўртага ташлар, янада муҳими, мулоҳазаларида заррача тараддудланиш, иккиланиш, тахмин ё мубҳамликка йўл қўйилмасди. Бу муқаррар — имоннинг, исломий илмнинг, тафаккур салмоғининг пухталиги шарофати эди!

Ҳазрат улкан ташкилотчи инсон эди. Муфтий сифатида мамлакат диний ҳаётини йўлга қўйиш, айниқса, диний саводхонликни такомиллаштириш борасида тиним билмади, хоҳ илмий­ хоҳ ташкилий, хоҳ маънавий-хоҳ молиявий муаммо бўладими, ечимини топар, мутахассисларни сафарбар этар, рағбатлантирар эди. Бунда ҳам зоҳирий, ҳам ботиний салоҳият (ҳозирги илмий лаҳжада айтсак – харизма!) катта таъсир кучи-қувватига эга бўларди.

СССР халқ депутати сифатида Совет Иттифоқининг сўнгги президенти М.Горбачёв билан юзма-юз мулоқот якунида президент у кишидан тилга олинган диний мавзу ва муаммоларни қоғозга тушириб беришни сўрайди. Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
ҳазратлари тонгга қадар барча муаммоларни, жумладан, мусулмонларнинг ҳаж зиёратига бориш масалаларини бир неча ўн саҳифада, табиийки, рус тилида баён этиб, топширади. Коммунистлар олий раҳбари Ҳазрат билдирган мулоҳаза, эътироз ва даъволарнинг бирортасини рад этолмайди...

1992 йил. Макка шаҳрида жойлашган Ислом олами робитасида бўлган бир неча йиғилишда иштирок этишга тўғри келди. Ҳазратимиз араб тилида истифода этган маърузалари, нутқлари дунё ислом оламининг казо­казолари томонидан ниҳоятда катта эътибор билан тингланди. Фахрландик, бошимиз осмонга етди! Айни дамда Ўзбекистон Президентининг ушбу фармони Ҳазратимиз ҳаётлик чоғларида аъзоси бўлган кўплаб халқаро исломий ташкилотлар томонидан зўр эътибор ва мамнунликка сазовор бўлишига шубҳа йўқ.

Ҳазратнинг диний маърифат тарғиботи йўлидаги хизматлари беқиёс. У киши катта ғайрат, адоқсиз муҳаббат ва таърифга сиғмас жонбозлик ила меҳнат қилдилар: ўнлаб асарлари миллионлаб нусхаларда мамлакатимизда, хорижий диёрларда қўлма-қўл ўқилмоқда.

...Ҳазратга ёшлигидаёқ оталари китоб совға қилди. Бу – Исмоил Бухорийнинг «Ал-адаб ал-муфрад» номли иккинчи бош асари эди. Тарих ғилдираги дориломон замонларга етказмоқда халқимизни. Буюк муҳаддис қаламига мансуб ўша асар Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари таржимасида «Одоблар хазинаси» номи
билан (4 жилддан иборат) кўнгилларимизни мунаввар қилмоқда.

Қадри баланд донишманд зотларимиз мероси ардоқ топган юртда имон-эътиқод, жумладан, поклик, тўғрилик халқимизнинг ардоқли фазилатларига айланаверади.

Хуршид Дўстмуҳаммад

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, ёзувчи

Манба: «Янги Ўзбекистон» газетаси 2023 йил 4 июль, 130-сон

Мавзуга оид мақолалар
Дадам халққа, динга шунча хизмат қилсалар ҳам, биз учун, набиралари учун ҳам алоҳида вақт топиб, таълимтарбияда қоим бўлди. Ўзлари имом, олим бўлсалар ҳам, бизга давоми...

1660 17:32 / 24 январь
5402. Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.У киши ўғлига.Эй ўғилчам То ўзингга етган нарса сени четлаб ўтиши мумкин эмаслигини, ўзингни четлаб ўтган давоми...

4756 14:43 / 04.05.2017
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Язид ибн Абдуллоҳ ибн Можа Робиий алҚазвиний ҳижратнинг 209 йили Ироқ шаҳарларидан бири ndash Қазвинда таваллуд топдилар. Оталари .Робиа, давоми...

3188 21:57 / 27.04.2017
Мусайяб ибн Возиҳга Абу Утба Хаввос айтганлар .Иброҳим ибн Адҳамнинг .Кимки тавбаси қабул бўлишини истаса, зулм қилишдан сақлансин, одамларнинг ишларига давоми...

1311 16:00 / 21.02.2021
Аудиолар

120604 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7052 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42197 14:35 / 11.08.2021