1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Танловлар

Шайх Саид Анабтовий – фаластинлик олий ҳиммат ҳофизи Қуръон

12:42 / 31.05.2023 1173 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тўлиқ исми ва таваллуди:

Шайх Саид ибн Аҳмад ибн Алий Оли Адас ал-Анабтовий ҳижрий 1345, милодий 1927-йили Фаластиннинг Жанин шаҳри яқинидаги Ҳадиса қишлоғида туғилган. Ал-Анабтовий тахаллуси мазкур шаҳар яқинидаги Анабто қишлоғига нисбатан берилган.

Ҳаёти ва илмий фаолияти:

Шайх Анабтовий беш ёшлигида кўзи ожиз бўлиб қолган.

Шайх Анабтовийнинг отаси шайх Аҳмад ўз диёрининг уламоларидан бўлиб, Акко шаҳридаги Аҳмадия мадрасасида таълим олган. Бу мадраса таълим услуби ал-Азҳар университетининг услубига ўхшаш бўлган. Отаси усмонийлар даврида имомлик қилган ва ҳукумат лавозимларида ишлаган.  Шунинг учун унинг оиласи хизмат юзасидан турли жойларга кўчиб юришига тўғри келган. Британия Фаластинни мустамлакага айлантиргач, у оиласи билан Ҳадиса қишлоғига кўчиб келади ва шу ерда жомеъ масжидда имомлик қилади. Шайх Аҳмад ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар жараёнида бир неча ой қамоққа олинади ва у ерда қаттиқ азобланади. У қамоқдан чиққандан кейин ўғли Саид Анабтовийнинг Қуръон ёдлашига алоҳида эътибор қаратади. Унга акаси Абдуллоҳни масъул қилиб, ҳар куни Қуръондан маълум миқдорда эшиттириб, ёдлатишини буюради. Шайх Анабтовий акаси билан бир вақтда 1936-йили 9 ёшида Қуръони Каримни тўлиқ ёд олади. Сўнгра отаси уни Қуддус шаҳрига олиб бориб, “ал-Айтам ал-Исламия” мадрасасининг кўзи ожизлар учун мўлжалланган бўлимига ўқишга беради ва кўп ўтмай ўзи вафот этади.

Етим қолган шайх Анабтовий бу мадрасада брайл ёзувида ўқишни ўрганиб, диний билимларни ўзлаштиради ва таълим билан бир қаторда ҳунармандчиликни ҳам ўрганади. У ёстиқ тикиш, супурги ва курси ясашни уддалайди.

Унинг овози ёқимли бўлгани учун 1941-йили Масжидул Ақсонинг шимолий ал-Асбот дарвозаси мезанасида муаззинликка тайинланади. Ушбу йили Масжидул Ақсода Рамазон ойида таровеҳ намозини ўқиб бериш учун мисрлик шайх Мансур Шомий Даманҳурий ва шайх Маҳмуд Маҳмуд Ҳошим келишади. Улар  ёш шайх Анабтовий билан кўришиб, уни Мисрга бориб Қуръон қироатлари илмини ўрганишга ундайдилар. Шайх Анабтовий уларнинг тавсиясини олиб, икки шайх билан бирга Қуддусдан илм қибласи Миср диёри томон йўл олади. Улар билан Фаластиннинг Халил ва Ғазо шаҳарларидан ўтади. Хон Юнус шаҳридан Мисрга кетаётган поездга чиқишади. Рафаҳ шаҳрига етганда хизматчилар шайх Анабтовийни паспорти йўқлиги учун поезддан тушириб юборадилар. Шайх илмга муҳаббати сабаб, уйга қайтишни ҳоҳламайди, йўлиққан муоммаси ва олдинда кутиб турган машаққатлар ҳам ортга қайтара олмайди. У ерда мисрлик ўзи каби ожиз киши билан танишиб қолади. Икки ожиз дўст биргаликда Қоҳирага боришни мақсад қилиб, поезд изидан соҳил томон 124 километр масофа сари пиёда йўлга тушадилар. Йўлда кетаётганларида узоқдан келаётган поезд овозини эшитиб, темирйўлдан ўзларини ёнга ташлайдилар ва шайх Анабтовий қаттиқ йиқилиб, жароҳат олади. Сўнг ўша атрофдаги масжидга кириб, икки ҳафта ўзини даволайди. Икковлон яна йўлга тушиб ўн тўрт кун деганда бандаргоҳга етиб борадилар ва ниҳоят у ердан денгиз орқали Қоҳирага етишади. Бу милодий 1942-йилга тўғри келади ва шайх Анабтовий ушбу йили ал-Азҳарга ўқишга қабул қилинади. У мазкур даргоҳда Шом равоқига жойлашади. Бу равоқ шайхи асли фаластинлик аллома шайх Исо Маннун шайх Анабтовийга ғамхўрлик қилиб, ҳар ойда унга 60 қирш[1] ва иккитадан нон бериб туради. Шайх Исо Маннун бу кўзи ожиз шогирдининг илмга рағбатини кўриб, Қоҳиранинг Шубро ноҳиясидаги Хозандора масжидида талабаларга дарс берувчи шайх Муҳаммад ибн Абдуннабий ибн Абдуллатиф Раҳовийнинг ҳузурига йўллайди. Шайх Анабтовий устозининг тавсияси билан ҳар куни ал-Азҳарда пешингача дарсларини тугатгач, асрдан кейин Хозандора масжидига боради. У ерда шом намозини ўқиб, шайх Раҳовийдан дарс олади ва яна кечқурун Шом равоқига тунаш учун қайтади. У 1947-йилгача шу зайлда ал-Азҳарда кўплаб матнларни ёдлаб, араб тили, ҳадис, фиқҳ ва бошқа бир неча фанларни ўзлаштиради. Кечки дарсларда шайх Раҳовийдан эса, Ибн Жазарийнинг “Тоййибатун Нашр” ториқида ўн хил кубро ва ўн хил суғро қироатларни ўрганиб ижоза олади. 

Сўнгра Шайх Анабтовий Дамашқ шаҳрига бориб икки ой муддатда у ердаги қироат уламолари билан кўришади. У ердан Байрут шаҳрига ўтиб, Ливан муфтийси шайх Тавфиқ Холид билан танишади. Муфтий унинг қироат илмлари ва гўзал қироати ҳақида хабардор бўлгач, Байрутдаги масжидлардан бирига имом, муаззин, қори этиб тайинлайди ва ушбу масжидда дарс бериши учун шароит яратиб беради. Шайх Анабтовий Ливанда аввалги устози шайх Раҳовий билан учрашиб қолади ва у ерда ҳам дарсларни қайта давом эттириб, ундан шайх Мутаваллий ва шайх Зоббаъ манзумалари билан имом Шотибий йўлига кўра имом Нофеъ қироатида Қуръонни ўқиб ўтказиб, ижоза олади. Бу билан кифояланмай, устозидан шозз (нодир) тўрт қироатдан ҳам ижоза олишга ҳаракат қилади лекин бунга улгурмайди. Шайх Анабтовий Байрутда дарс бериб, 1975-йилгача 28 йил қолиб кетади. Ундан кейин Уммонга кўчиб ўтиб, Уммон Вақфлар вазирлигида Қуръони Карим давралари назоратчиси вазифасида ишлайди. У яна Зарқо шаҳри Росифа минтақасида Абдуллоҳ ибн Умму Мактум масжидида имомлик қилиб, Қуръони Карим ёдлатиш мажмуасини барпо қилади ва ўзи шу жойда дарс беради. У дарс бериш ва масъулиятли вазифалар билан бирга имом Ҳафснинг имом Осимдан қилган ривоятига кўра тажвид илмига оид 400 байтдан иборат “Ҳулятул қурро фий фаннит тажвид вал адо” номли манзума ёзади. Ушбу манзумага шогирди шайх Маҳмуд Марруҳ “Зийнатул адо шарҳу ҳулятил қурро” номли шарҳ ёзган.

Шайх Саид Анабтовий аҳли суна вал жамоа йўлини маҳкам тутиб, турли адашган тоифалар ва мазҳабсизликка қаттиқ курашган. Бу ҳақда унинг шогирди Шайх Саид Фуда ҳафизаҳуллоҳ айтади: “Устозимиз Шайх Саид Анабтовий раҳматуллоҳи алайҳ ўта виқорли, илмнинг ҳайбати бор эди. Унинг ҳузурига бир бемазҳаб йигит тажвиддан дарс олишга келарди. Бир куни дарс жараёнида шайх мазҳаб уламолари ўртасидаги ихтилофли фиқҳий масалани баён қилиб, мавзуга доир матнларни келтириб шарҳлаб ўтади. Шунда у йигит “Менимча бу масалада бундай, буниси ҳақ, буниси ноҳақ” дейди. Шайх унга “Мен саййидимиз имом Шофеъий сўзларини келтиряпман. Сен қандай қилиб уни хато дейсан!? деса, у беодоб йигит: “Улар ҳам рижоллар(арабча эркак сўзининг кўплиги) ва биз ҳам рижоллармиз” дейди. Шунда уни ўзига чорлаб: “Сен уйлансанг хотининг учун эр бўла оласан. Улар эса чин рижоллар, яъни ўзларидан илм қолдирадиган етук уламолар. Улар билан сенинг орангда катта фарқ бор” деб ҳасса билан бир уриб ҳузуридан қувиб юборади”.    

Оиласи: Шайх Анабтовий Байрутда яшаган пайтида 1948-йили оила қуради ва 1957-йили бошқа аёлга уйланади. У тўрт ўғил ва уч қиз фарзанд кўрган.

Вафоти: Шайх Саид Анабтовий раҳматуллоҳи алайҳ 1998-йили 22-июлда Зарқо шаҳрида вафот этган.

Муҳаммадзариф Муҳаммад Олим ўғли тайёрлади

[1] Мисрда муомаладаги чақа танга. Юз қирш Мисрниг бир жунайҳ пул бирлигига тенг.

 

Эслатма: Сиз ҳам «Ислом.уз-1444» танловида қатнашмоқчимисиз? Унда қуйидаги https://islom.uz/maqola/19769 ҳавола орқали мусобақа шартлари билан танишинг ва танловда иштирок этинг!

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 10 майдаги 03-07/3450-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳанафий мазҳабига оид мавзуда иштирокчиларимиз томонидан islomuztanlovbot манзилига келиб тушаётган мақолаларАҳли ҳадис ва раъй соҳиблари ўртасидаги ихтилофларучинчи давоми...

1046 14:00 / 11.10.2021
Яқинда юртимизга Шайх Ёсир Абдуссомад ташриф буюрганлари ҳақида эшитдик. Машҳур қори Абдулбосит Абдуссомад қорини танимаган мусулмон бўлмаса керак. Шундай давоми...

1626 12:29 / 21.12.2022
Маълумки, Islom.uz портали .МАЗҲАБЛАР mdash БИРЛИК РАМЗИ, шиори остида танлов эълон қилган.2чорак mdash моликий мазҳабига оид мавзуда иштирокчиларимиз томонидан islomuztanlovbot давоми...

1374 08:54 / 10.12.2021
Абу Закариё Яҳё ибн Муоз Розий розияллоҳу анҳу mdash бу киши воизлик билан танилган. Ҳусайн воиз Кошифийга ўхшаб. Ҳакимўта ҳикматга бой бўлганлар. Ўткир жуда ҳам давоми...

1045 18:56 / 19.07.2023