1445 йил 7 зулқаъда | 2024 йил 15 май, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Тилдаги муаммолар

09:00 / 20.05.2023 1060 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Гўзал сўзлардан сўзлаб, хунук сўзлардан тилни тийиш ҳақида Асмо ибн Хорижа айтади: «Мен ҳеч кимни сўкмадим (ҳатто жавобан ҳам). Чунки, мени сўкадиган одам икки кишидан бири бўлади: ё аслида олижаноб одам бўлиб, ундан тойилиш содир бўлиб, сўкади. Шунда мен уни кечириб, бу борада фазл ва устунликни қўлга киритишга ҳақлироқ бўламан. Ёки (мени сўкадиган киши) пасткаш одам бўлади. Шунда (у билан сўкишиб) ўз ирзимни унга нишон қилиб беришим ярамайди». 


У кўпинча, Ҳотам Тоийнинг қуйидаги байтини зарбул масал қиларди: 


وأغْفِرُ عَوْراءَ الكَريمِ ادّخارَهُ
وأصفح من شتم اللئيم، تكرَّما


Маъноси: карамли, яхши инсоннинг (менга нисбатан айтган) ёмон сўзини унинг дўстлигини сақлаб қолиш учун кечираман. (Мени сўккан) пасткаш кимсани сўкишдан эса ўзимни олий тутаман. (Ибн Абуддунё: ал-Ҳилм: 74-бет). 


Умайя ибн Абдуллоҳ ҳикоя қилади: «Умар ибн Абдул Азиз ҳузурида эдик. Бир киши бошқасига: «фалон нарса қўлтиғинг тагида» деди. Шунда Умар ибн Абдул Азиз: «имкон қадар энг гўзал сўзлар билан гапиришга нима тўсқинлик қилади сизларга?», дедилар. 


«У қандай бўлади?», деган эди, Умар: «бояги одам (қўлтиғинг тагида, демасдан) «қўлинг тагида», деганда эди чиройлироқ бўларди», дедилар. (Ал-Жомеъ лиахлоқир-ровий: 1-жилд, 404-бет).


Имом Шофеийнинг буюк шогирди ва фиқҳий мазҳабининг ёйилишига энг катта ҳисса қўшган инсон бўлмиш Исмоил ибн Яҳё Музаний ҳикоя қилади: «Бир куни Шофеий ҳузурида «фалончи каззобдир», дедим. Буни эшитган Шофеий менга ўгит берди: «Эй Абу Иброҳим (Музанийнинг куняси), сўзларингга энг гўзал либослардан кийдир. «Фалончи каззобдир!», дема, балки «ҳадиси эътиборли эмас», дегин». (Фатҳул Муғис: 2-жилд, 128-бет) 


Муҳаддислар ҳадисларга кўпинча ровийларнинг ҳолатидан келиб чиққан ҳолда баҳо берганлар. Ростгўй ва ишончли ровийларни ундай бўлмаганлардан ажратиб олиш учун, ҳамда тўқима ҳадислар тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида ёлғон тўқиш билан танилган, ишончсиз кимсаларга нисбатан «каззоб (ёлғончи)», «ваззоъ (ҳадис уйдирувчи)» каби огоҳлантирувчи сўзларни ишлатганлар. 


Лекин, айрим олим ва муҳаддислар бундай кескин сўзлар ўрнига «фийҳи назар (унда мулоҳаза бор)», «ҳадисуҳу лайса бишайъ (ҳадиси эътиборли эмас)» каби юмшоқ сўзларни қўллашни афзал кўрганлар. Бу ҳам бўлса, уларнинг одобу ахлоқда юксак ўринни эгаллаганликларидан ҳамда хунук сўзни ишлатишдан йироқ бўлишга ҳарис бўлганликларидандир. 


Мусанно ибн Саббоҳ айтади: «Ваҳб ибн Мунаббиҳ қирқ йил давомида жони бўлган бирор нарсани сўкмади» (Сияру аъломи-н-нубало: 4-жилд, 547-бет).


Осим ибн Абун Нажуд айтади: «Абу Воилнинг на инсонни, на ҳайвонни сўкканини кўрдим (яъни унинг асло-асло бирор кимсани ёки ҳайвонни сўкканига гувоҳ бўлмадим)». (Сияру аъломин-нубало: 4-жилд, 164-бет).


Иброҳим Таймий айтади: «Рабийъ ибн Хусаймга йигирма йил давомида ҳамроҳ бўлган инсон айтиб берди: «унинг оғзидан бирорта ҳам хунук сўз чиққанини эшитмадим». (Имом Аҳмад. Зуҳд китоби: 562-бет).


Ҳасан ибн Башшор айтади: «Ўттиз йилдирки, узр сўрашга эҳтиёж сезадиганим бирорта (ёмон) сўз гапирмадим». (Табақоту-л-ҳанобила: 2-жилд, 57-бет).


Изоҳ: Асмо ибн Хорижа (эркак исми) арабларнинг аслзода, карамли ва олийжанобларидан, шарафли ва саййидларидан эди. У ўзининг саховати, донишмандлиги, кечиримлилиги ва гўзал хулқи билан донг таратган. 


Ҳотам (асли Ҳотим) Тоий яъни «Тойъ қабиласига мансуб Ҳотим» исломдан аввал, жоҳилия даврида яшаб ўтган ва ўзининг олийжаноблиги, саховати ва шоирлиги билан машҳур бўлган шахс. Тойъ қабиласининг сардори эди. 


Осим ибн Абун Нажуд Куфий машҳур қироат ва наҳв имомларидан бири.


Алишер Султонходжаев

 

Ушбу мақола (видео материал) Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 14 мартдаги 03-07/1733-рақамли хулосаси асосида тайёрланди

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳунайн ғазотида Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам баъзи инсонларга кўпроқ ўлжа бердилар. Ақраъ ибн Ҳобис ва Уяйна ибн Ҳиснга юзтадан туя бердилар. давоми...

1647 09:00 / 02.12.2023
Гўзал хулқ билан кишининг имони мукаммал бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан .Қайси мўминнинг имони комил ҳисобланади,, деб сўрашганида .Гўзал давоми...

979 17:32 / 19 январь
.Тафаккур, .фикр, сўзининг ўзагидан олинган бўлиб, бир нарса ҳақида чуқур фикр юритиш маъносини англатади.Аллоҳнинг Китобида ўн еттита оятда тафаккур қилишга давоми...

1713 11:00 / 26.05.2020
bull Ҳиндистондаги кўплаб машҳур кимсаларнинг сигирга сиғинаётганини кўрганингда bull Мулҳид нейрохирург Аллоҳ таолонинг яратган нарсаларидаги асаб толаларининг давоми...

3001 09:00 / 18.02.2023