1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Танловлар

Абон ибн Усмон – Мадина фақиҳи

10:36 / 16.05.2023 973 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Ҳадис ва фиқҳда ундан кўра илмлироқ кишини билмайман».

Амр ибн Шуаъйб роҳимаҳуллоҳ

Тўлиқ исми ва туғилган йили:

Абу Саид Абон ибн Усмон ибн Аффон ибн Абул Ос ибн Умайя ибн Абдушшамс ал-Қураший ал-Умавий ал-Маданий ҳижрий 20-йили Мадинаи Мунавварада таваллуд топган. Насаби бобоси Абдуманноф орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам насаблари билан бирлашади.

Отаси жаннат хушхабари берилган машҳур саҳоба, хулофои рошидинларнинг учинчиси – Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу, онаси Умму Амр бинти Жундаб ибн Амр Давсий розияллоҳу анҳо.

Беморлиги:

Аллоҳ таоло Абон ибн Усмонни бир томонида фалажлик, моховлик ва  яхши эшитмаслик билан синаган.

Хорижа ибн Ҳорис айтади: “Абонда моховлик бор эди. У қўлини ҳина билан бўяб юрарди. Лекин юзини бўямасди. Унинг қулоғи оғир эди”.

Жоҳиз ўзининг “ал-Бурсан, вал аържан вал умян вал ҳавалан” китобида айтади: “Абон ибн Усмоннинг кўзи бир томонга оғган, мохов касали бор ва оёғи оқсоқ эди. Мадинада унинг фалажлигини зарбулмасал қилинарди”. Айтилишича, уни касаллиги қаттиқлигидан масжидга замбилда кўтариб олиб чиқиларди. Абон ибн Усмон дарди оғир бўлсада тақдирига рози бўлиб, унга чиройли сабр билан Аллоҳдан ажр умид қилиб яшаб ўтган.

Илм йўли:

Абон ибн Усмон тақво ва илм хонадонида улғайди. Унинг жисмидаги дардлари илм ва ибодатдан тўсиқ бўла олмади. У бир неча улуғ саҳобалар билан кўришиб, улардан илм олган ва тобеъинларнинг фуқаҳоларидан бўлган.

У отаси Усмон ибн Аффон, Усома ибн Зад ва Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳумдан ҳадис ривоят қилган.

Яҳё ибн Қаттон айтади: “У Мадинанинг ўнта фуқаҳоларидан биридир”.

Ибн Ҳиббон айтади: “Абон ибн Усмон отасидан ҳадис ривоят қиларди. У ҳукм чиқаришда инсонларнинг энг илмлироғи эди. Ибн Шиҳоб Зуҳрий ундан ҳадис ривоят қилган”.

Ундан Муҳаммад ибн Муслим ибн Шиҳоб Зуҳрий, Муҳаммад ибн Исҳоқ Матлабий, Омир ибн Саъд ибн Абу Ваққос, Абдуллоҳ ибн Абу Бакр ва бошқалар ҳадис ва фиқҳ илмини ўрганишган. Буюк муҳаддислар Имом Термизий, Абу Довуд ва Ибн Можа ҳадис ривоят қилганлар.

Абон ибн Усмон фиқҳ ва ҳадис илмидан ташқари сийрат, ғазавотлар илмида ҳам машҳур бўлган. Айтилишича, унинг бу фанга оид китоби ҳам бўлган, лекин у йўқолиб кетган.

Абон ибн Усмон ҳижрий 75-йилдан 83-йилгача етти йил Мадинада волийлик қилган. Унинг волийлик даврида атрофида муҳаддислар ва фуқаҳолар тўпланишди ва илм-маърифат янада ривожланди.

Вафоти:

Абон ибн Усмон раҳматуллоҳи алайҳ умавийлардан Язид ибн Абдулмалик (ҳ.101-105) халифалик даврида ҳижрий 105-санада вафот этган.

Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғли тайёрлади.

Эслатма: Сиз ҳам «Islom.uz-1444» танловида қатнашмоқчимисиз? Унда қуйидаги https://islom.uz/maqola/19769 ҳавола орқали мусобақа шартлари билан танишинг ва танловда иштирок этинг!

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Мен Куфада Аъмашдан кўра Аллоҳнинг Китобига моҳирроқ, ҳадисни яхшироқ биладиган кишини кўрмадим,. Ҳушайм ибн Башир Тўлиқ исми, таваллуди Сулаймон ибн Меҳрон давоми...

976 18:20 / 17.05.2023
.Илмни Аллоҳ азза ва жалланинг юзи учунгина ўрганадиган уч киши Ато, Товус ва Мужоҳид кабисини ҳеч кўрмадим, Салама ибн Куҳайл. Тўлиқ исми ва таваллуди Абу давоми...

1502 14:34 / 23.05.2023
Ҳанафий мазҳабига оид мавзуда иштирокчиларимиз томонидан islomuztanlovbot манзилига келиб тушаётган мақолаларМавзу Ихтилофларнинг ягона ечими ndash мазҳабга давоми...

938 13:30 / 16.10.2021
Тўлиқ исми ва таваллуди Абу Довуд Абдураҳмон ибн Ҳурмуз алМаданий Аърож. У Муҳаммад ибн Робиъа ибн Ҳорис ибн Абдулмутталиб Ҳошимий Маданийнинг мавлоси бўлган. У давоми...

714 14:32 / 25.05.2023