1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Инсон боласига берилган нарсаларнинг энг яхшиси гўзал хулқдир

16:00 / 09.05.2023 1342 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Усома ибн Шарийкдан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдим. Аъробийлар келиб қолишди. Улар жуда кўпчилик эди. Ҳар қаёқдан келиб, бирпасда тўпланиб кетишди. Ўтирганлар жим бўлиб қолишди. Аъробийлардан бошқа ҳеч ким гапирмас эди. Улар:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Биз фалон ишни қилсак, бирор танглик борми? Фалон ишни қилсак бўлаверадими?» деб, одамларнинг унчалик эътиборга лойиқ бўлмаган ишлари ҳақида сўрашди.
«Эй Аллоҳнинг бандалари! Аллоҳ тангликни ботил қилди. Илло, бир одам зулм иш қилган бўлса, бундан мустасно. Мана шу тангликдир ва ҳалокатдир», дедилар.


«Эй Аллоҳнинг Расули! Даволанайликми?» дейишди.


«Ҳа, эй Аллоҳнинг бандалари! Даволанинглар! Аллоҳ азза ва жалла қайси бир дардни берган бўлса, унинг шифосини ҳам берган. Фақат бир дарднинг давоси йўқ», дедилар.


«У нима, эй Аллоҳнинг Расули?» дейишди.
«Қарилик», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули! Инсон боласига берилган нарсаларнинг энг яхшиси нима?» дейишди.
«Гўзал хулқ», дедилар».
Бу ҳадисда мўмин-мусулмонлар учун жуда катта ибрат намунаси бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳройи арабларни – қўпол, дағал табиатли аъробийларни чиройли услуб билан тарбиялаганлар.


Улар келиб, ҳамма ёқнинг тўполонини, чангини чиқариб ташласа ҳам, бошқалар жим бўлиб қолса ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга мос гапларни топиб гапириб, одоб-ахлоққа ўргатмоқдалар.


Аъробийлар дастлаб сўраган нарсаларини сўрашмаса ҳам бўлаверарди, улар муҳим масалалар эмас эди. Улар ўзи табиатан шунақа – оддий, содда одамлар бўлишган. Бироқ уларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилаётган муомалалар таъсир қилиб, бир¬оз жиддийроқ нарсаларни, масалан, даволаниш каби нарсаларни сўрай бошлашган.


Ўша пайтда ҳам «Аллоҳга таваккул қилиб, даволанмай юраверса бўлаверади», деган тушунча бўлган. Ҳамма нарса Аллоҳдан, деб билган одам дардга чалинса, касаллик ҳам Аллоҳдан, шифони ҳам Ўзи беради, деб юраверган. Шунинг учун аъробийлар ҳам: «Даволанайликми?» деб сўрашган.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Даволанинглар, Аллоҳ таоло ҳар бир дардга шифосини ҳам берган», деб жавоб берибдилар. Демак, ўша дарднинг шифосини излаб топиш, даволаниш керак.


Аллоҳ таоло бу дунёдаги ҳар бир ишни бирор сабабга боғлаб қўйган. Сабабни ҳам, ўша ишни ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи яратган. Иккови бир-бирига қўшилганда натижани берувчи ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи.


Бироқ Аллоҳ таолонинг иродаси кетган иш албатта бўлади. Бу Аллоҳ таолонинг қоидасидир. Шунинг учун дардга чалинган одам даволаниши керак. Даводан қочиш тескари иш бўлади.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шуни тушунтириб бердилар ва биргина дарднинг – қариликнинг давоси йўқ, дедилар. Бу ҳам ҳаммага маълум нарса.


Ана шундай савол-жавоб давомида аъробийлар яна ҳам муҳимроқ нарсани сўрашгача етиб боришди. Инсон боласига берилган нарсанинг энг яхшиси нималигини сўрашди.


Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қисқача қилиб: «Ҳусни хулқ», дедилар, бошқа ҳеч нарса айтмадилар.


Демак, ҳусни хулқ инсон боласига берилган нарсалар ичида энг яхшиси экан. Ҳар бир мўмин-мусулмон одам буни яхши билиши, ўзлаштириб олиши ва шунинг пайидан бўлиши лозим. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барчаларимизни ҳусни хулқ билан хулқлантирсин!


Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Аъробийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кўпчилик бўлиб келиб турганлари.
2. Аъробийларнинг кўп саволлари эътиборга лойиқ бўлмаган ишлар ҳақида бўлгани.
3. Аллоҳ тангликни ботил қилгани.
4. Аллоҳ азза ва жалла қайси бир дардни берган бўлса, унинг шифосини ҳам бергани.
5. Мусулмон одам дардга чалинса, даво излаши кераклиги.
6. Қарилик давоси йўқ дард экани.
7. Инсон боласига берилган нарсаларнинг энг яхшиси гўзал хулқ экани.


«Одоблар хазинаси» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Икки ёшдан кичик бўлган гўдакнинг онасидан бошқа эмизикли аёлни тўйиб эмиши ила у аёл боланинг онасига, эри отасига, фарзандлари акаукаси ва опасингилларига давоми...

2335 19:30 / 11.03.2020
Анасдан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг яхшиси, энг сахийси ва энг шижоатлиси эдилар. Бир кеча Мадина аҳли қўрқинчга тушди. давоми...

2064 09:00 / 17.11.2023
Исломда ёшларнинг кексаларни эъзозлашини йўлга қўйиш билан чегараланиб қолинмаган. Кичик ёшдагилар ўзидан катталарнинг, улар кексами, кекса эмасми ndash барибир, давоми...

2463 18:30 / 09.04.2020
Баъзи уламолар ахлоқни .ироданинг одати, деб таъриф қилишган. Яъни ирода ўзига бир нарсани одат қилиб олса, ўша нарса ахлоққа айланган бўлади. Мисол учун, кишининг давоми...

1466 14:30 / 18.01.2023