1445 йил 21 шаввол | 2024 йил 30 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Хатми Қуръонга оид савол-жавоблар

12:30 / 02 апрель 2007 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Савол: хатмга ўтаётган қори икки жойда хатмга ўтиб бериши жоизми?
Жавоб: йигирма ракъат таровеҳ намози суннати муаккададир. Бир жойда йигирма ракъат таровеҳ намозини ўқигандан кейин бошқа жойда ўқиган намози нафл бўлиб қолади. Ортида иқтидо қилувчиларнинг намози суннати муаккада, қорининг ўқиган намози эса нафл бўлади. Усул китобларимизда таъкидланишича, фарз намозини ўқиётган кишининг нафл ўқиётганга, соғлом кишинининг узрлига иқтидо қилиши жоиз эмаслигига «кучлининг кучсизга иқтидо қилиши жоиз эмаслиги» сабаб қилиб кўрсатилган.


Савол: балоғатга етмаган бола таровеҳда хатмга ўтса, ортида иқтидо қилувчи балоғатга етган кишиларнинг зиммасидан суннати муаккада адо бўладими?
Жавоб: балоғатга етмаган болага таровеҳ нафл ҳисобланади. Иқтидо қилувчи балоғатга етган кишиларга таровеҳ суннати муаккада ҳисобланади. «Кучлининг кучсизга иқтидо қилиши жоиз эмас», деган қоидага биноан иқтидо қилувчиларнинг зиммасидан таровеҳ соқит бўлмайди.


Савол: таровеҳда хатм қилиш қандай амал ҳисобланади?
Жавоб: саҳиҳ йўл ва кучли қавлга биноан таровеҳда Қуръони Каримни бир маротаба хатм қилиш суннат ҳисобланади.


Савол: хатмга ўтаётган имом иккинчи ракъатга ўтиргандан кейин қаъдага ўтиргач учинчи ракъатга туриб кетса ва намозни тўрт ракъат қилиб адо қилса, кейинги икки ракъатнинг ҳукми нима бўлади?
Жавоб: имом икки ракъат ўқиб, қаъдага ўтиргандан кейин ёки қаъдага ўтирмай учинчи ракъатга туриб кетса, нафл намозларда ҳар икки ракъатдан сўнг қаъдага ўтириш зарур бўлгани учун, учинчи ракъатга сажда қилмаган бўлса, қайта ўтириб, саждаи саҳв билан намозини тугатади. Агар иккинчи ракъатдан кейин қаъдага ўтириб, кейин туриб, намозни тўрт ракъат қилса, аввалги икки ракъат ҳам, кейинги икки ракъат ҳам дуруст бўлади. Қироатни қайтадан адо қилишга ҳожат йўқ.


Савол: қори хатм вақтида иккинчи ракъатдан кейин қаъдага ўтирмай, учинчи ракъатга туриб кетса нима бўлади?
Жавоб: имом икки ракъатдан кейин қаъдага ўтирмай, учинчи ракъатга туриб кетиб, намозни тўрт ракъатли қилиб адо қилса, икки ракъат таровеҳ адо қилган ҳисобланади, дейилган. Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ: «Таровеҳ намозида қори янглишиб, аввалги қаъдага ўтирмай, икки ракъат ўрнига тўрт ракъат ўқиса, икки ракъат таровеҳ адо бўлади», деган. Лекин у икки ракъатнинг қайси бирида ўқилган Қуръон эътиборга олинишида шак қилган. «Имдодул фатаво» китобининг ҳошиясида «Бу ҳолатда аввалги икки ракъатнинг охирги қаъдаси тарк қилингани учун намоз фосид бўлади ҳамда унда ўқилган Қуръон қайтадан ўқилади. Лекин такбири таҳрима ботил бўлмайди ва кейинги икки ракъат дуруст бўлиб, унда ўқилган Қуръон эътиборга олинади», дейилган.


Савол: хуфтоннинг фарзини адо қилмаган кишининг таровеҳ намозига иқтидо қилиши жоизми?
Жавоб: таровеҳнинг вақти хуфтон намозининг фарзидан кейин киргани учун хуфтон намозидан олдин адо қилинган таровеҳ намози дуруст бўлмайди. Шунинг учун хуфтоннинг фарзини ўқимаган қорининг таровеҳда хатмга ўтиши дуруст эмас.


Савол: хатмда Қуръони Каримни тез ўқиш жоизми?
Жавоб: Қуръони Каримни тушунмайдиган даражада тез ўқишдан қайтарилган.


Савол: таровеҳ намозини масжидда ўқиш афзалми ёки уйдами?
Жавоб: Абу Ҳанифа, имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳлар ва моликийларнинг баъзилари таровеҳ намозини масжидда ўқиш афзал, дейишган. Умар розияллоҳу анҳу ва ундан кейинги барча саҳобалар таровеҳ намозини масжидда ўқиб келишган.


Савол: қандай масжидда таровеҳ ўқиш афзал?
Жавоб: «Дуррул мухтор»да ҳар бир маҳалла аҳлининг зиммасида маҳалла масжидининг ҳаққи бўлиб, унинг ҳаққи адо қилиниши лозим, дейилган. Шунга биноан, таровеҳни бошқа масжидга бориб ўқигандан кўра ўз масжидида ўқиш афзал. Лекин маҳалла масжиди имомининг қироати намозга яроқсиз бўлса ва маҳалла масжидида Қуръон хатм қилинмай, бошқа масжидда хатм қилинаётган бўлса, маҳалла масжидидан бошқа масжидга бориш жоиз.


Савол: хуфтоннинг фарзини ёлғиз ўқиган киши витрда жамоатга қўшилса бўладими?
Жавоб: фарз, витр ва таровеҳ алоҳида-алоҳида намозлар бўлиб, витрни жамоат билан ўқиш учун хуфтонни жамоат билан ўқиш шарт эмас.


Савол: имом витр ўқиётганда келган киши таровеҳни ният қилиб иқтидо қилса бўладими?
Жавоб: келган киши имом салом берганидан кейин салом бермай, тўртинчи ракъатни ҳам адо қилади, бироқ зиммасидан витр намози соқит бўлмайди. Ўқиган тўрт ракъат намози нафл бўлади.


Савол: имом қунут дуосини ўқимай рукуъга кетиб қолса, иқтидо қилувчилар нима қилади?
Жавоб: имомга қўшилиб рукуъ қиладилар. Агар намозхонлар имом қунут ўқияпти деб ўйлаб, имом билан бирга рукуъ қилмай қунут ўқишса ва имом рукуъдан турса, тезда рукуъ қилиб имомга етишиб оладилар. Агар рукуъ қилмай, имомга эргашиб саждага кетиб қолишса, намозларини қайтадан ўқишади.


Савол: таровеҳ намозида сафларнинг орасини очиб, қаторларни тўлдирмай, тарқоқ ҳолатда, ким қаерда туришни хоҳласа, ўша жойда туриб олиш мумкинми?
Жавоб: фарз намозларида сафлар орасини очиқ қолдириш макруҳ бўлганидек, таровеҳ намозида ҳам макруҳдир.


Савол: Рамазонда таҳажжуд намозини жамоат билан ўқиш жоизми?
Жавоб: барча фиқҳий китобларимизда ёзилганидек, гоҳ-гоҳида икки ёки уч киши бир-бирини жамоат бўлишга чақирмай, таҳажжуд намозини жамоат билан ўқишларининг зарари йўқ. Бунга Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларида ётиб қолганларида таҳажжуд намозида у зотга иқтидо қилганлари далил қилиб келтирилади. Агар нафл намозида иқтидо қилувчиларнинг сони тўрттага етса, макруҳи таҳримий саналади. Иқтидо қилувчилар учта бўлса, ихтилоф қилинган.


Баъзилар Рамазон ойидан бошқа пайтда нафл намозларни жамоат бўлиб ўқиш макруҳ, Рамазон ойида макруҳ эмас, дейишади. Лекин бу ҳукм таҳажжудга эмас, таровеҳ намозига тегишлидир.


«Мўминнинг қалқони» китоби асосида тайёрланган

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7013-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Рамазони шариф мукаррам ой. Ундан унумли фойдаланиб қолиш керак. Рамазондан фойда кўрмасдан чиқиш катта надомат ва улкан йўқотиш бўлади. Расулуллоҳ с.а.в.нинг давоми...

3149 05:00 / 14.01.2017
Аллоҳ таоло .Сиздан ким бу ойда ҳозир бўлса, бас, унинг рўзасини тутсин. Ва ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, ўша тутилмаган кунлар саноғини давоми...

4012 04:00 / 27.03.2023
Аллоҳ таоло марҳамат қилади 11 Кимки имoн кeлтирсa, у унинг қaлбини тўғри йўлгa ҳидoят қилур. Aллoҳ ҳaр нaрсaни билувчидирrdquo. Тағобун 11Қалбнинг ҳидоятланиши бу давоми...

2776 05:00 / 14.01.2017
Тузалишидан умид бор бемор киши Рамазон кунлари бемор бўлса ёки бир киши Рамазон кунлари сафарга чиққан бўлса, ўша кунлари рўза тутмай, кейин тутмаган кунлари давоми...

2963 05:00 / 11.01.2017