1445 йил 5 зулқаъда | 2024 йил 13 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун дуоси

Оятул Курсийнинг фазилати

15:11 / 20.03.2023 3036 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Рамазон закотини қўриқлашга вакил қилдилар. Биров келиб, егуликдан ҳовучлаб ола бошлади. Мен уни тутиб олдим-да, «Аллоҳга қасамки, сени албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб чиқаман», дедим. У: «Мен ҳожатмандман, бола-чақам бор. Қаттиқ муҳтожлигим бор», деди. Мен уни қўйиб юбордим. Тонг отди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Абу Ҳурайра, бу кеча асиринг нима қилди?» дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, қаттиқ муҳтожлиги ва бола-чақаси борлигидан шикоят қилган эди, раҳмим келиб, қўйиб юбордим», дедим. У зот: «Билиб қўй, у сени алдабди. Ҳали яна келади», дедилар. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ҳали яна келади» деган сўзларидан унинг қайтиб келишини билиб, уни пойладим. Келиб, егуликдан ҳовучлаб ола бошлаган эди, уни тутиб олдим. «Сени албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб чиқаман», дедим. У: «Мени қўйиб юбор, чунки мен муҳтожман, бола-чақам бор. Энди қайтиб келмайман», деди. Унга раҳмим келиб, қўйиб юбордим.


Тонг отди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Эй Абу Ҳурайра, асиринг нима қилди?» дедилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, қаттиқ муҳтожлиги ва бола-чақаси борлигидан шикоят қилган эди, яна раҳмим келиб, қўйиб юбордим», дедим. У зот: «Билиб қўй, у сени алдабди. Ҳали яна келади», дедилар. Уни учинчи марта пойладим. Келиб, егуликдан ҳовучлаб ола бошлаган эди, уни тутиб олдим. «Сени албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб чиқаман. Бу охиргиси. Сен қайтиб келмайман деб, учинчи марта қайтиб келяпсан», дедим. У: «Мени қўйиб юбор, Аллоҳ сенга манфаат берадиган калималарни ўргатаман», деди. «Нима у?» дедим. У: «Қачон тўшагингга кирсанг, Оятул-Курсийни – «Аллоҳу лаа илаҳа илла ҳувал-Ҳайюл-Қойюм»ни оятни тугатгунингча ўқи. Шунда тонг оттиргунингча Аллоҳ томонидан устингда бир қўриқчи бўлади ва шайтон сенга ҳаргиз яқинлаша олмайди», деди. Уни қўйиб юбордим.


Тонг отди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Бу кеча асиринг нима қилди?» дедилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ менга манфаат берадиган калималарни ўргатишини айтган эди, қўйиб юбордим», дедим. У зот: «Улар нима экан?» дедилар. «У менга: «Қачон тўшагингга кирсанг, Оятул-Курсийни – «Аллоҳу лаа илаҳа илла ҳувал-Ҳайюл-Қойюм»ни бошидан бошлаб, тугатгунингча ўқи», деди ва менга: «Тонг оттиргунингча Аллоҳ томонидан устингда бир қўриқчи бўлади ва шайтон сенга яқинлаша олмайди», деб айтди», дедим. – Улар (саҳобалар) яхшиликка энг ўч кишилар эди. – Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Билиб қўй, ўзи ғирт ёлғончи бўлса ҳам, сенга рост айтибди. Уч кечадан бери ким билан гаплашаётганингни биласанми, эй Абу Ҳурайра?» дедилар. «Йўқ», дедим. У зот: «У шайтон эди», дедилар».


Имом Бухорий ривоятлари.

 

Муаллиф
Анвар Аҳмад
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Кимки мақтовларнинг энг чиройлиси билан Аллоҳни мақтайман, деб қасам ичса, .Лаа уҳсий санаан ъалайка анта кама аснайта ъала нафсика, деб айтиши билан давоми...

2003 15:49 / 13.09.2023
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинадиРасулуллоҳ алайҳиссалом уйқуга ёнбошласалар .Аллоҳумма бисмика роббий вазоъту жамбий давоми...

1345 10:00 / 11.06.2023
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кўйлак, ридо ёки салла кийсалар, бисмиллоҳни айтиб, сўнг .Аллоҳумма давоми...

4435 07:47 / 24.12.2018
Али розияллоҳу анҳу ва Ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон рукуъдан бошларини кўтарсалар давоми...

1517 22:57 / 23.11.2022