Бугун Тошкент вилояти Тошкент туманидаги "Ҳазрати Билол" жомеъ масжиди янги биносининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.
Қуръони Карим тиловати билан бошланган тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов, туманлар имомлари, нуроний отахонлар, маҳалла фаоллари, ҳомийлар иштирок этди.
Ҳомиджон домланинг мавъизалари йиғилганларга манзур бўлди.
– Масжидимиз анча йиллар олдин чегара ҳудудида жойлашган эди. Биноси ҳам эски, кўримсиз бўлиб қолганди, – дейди "Ҳазрати Билол" жомеъ масжиди имом-хатиби Мухтор Абдужалилов. – Шу боис бу жомеъ "снос"га тушди. Раҳбарлар билан маслаҳатлашиб, масжидимизни "Хиёбон" маҳалласи ҳудудига кўчирдик ва у ердаги маҳаллий масжид ўрнида замонавий, барча қулайликларга эга янги жомеъ қад ростлади. Айни пайтда масжидимиз хонақоҳида 1,2 минг киши бемалол ибодатларни адо этиши мумкин. 25 метрлик минора ва 15 метрлик гумбаз яқин атрофдан ўтган мўмин-мусулмонларга маёқ вазифасини ўтайди. 40 ўринли таҳоратхона эса ибодатдан аввал покланиб олишимиз учун айни муддаодир.
Тошкент вилояти вакиллиги Матбуот хизмати