1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Тўхтабой ҳожи ўғиллари Ҳомидхон қори

14:00 / 24.02.2023 2402 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳомидхон қори 1905 йил Наманган шаҳри Чуқур кўча даҳаси собиқ «Лўли чеки» маҳалласи (ҳозирги «Самарқанд» кўчаси)да таваллуд топди. Бобоси Умархон ҳожи аҳли илм, аҳли Қуръонларни ўзига дўст тутган ҳамда уларнинг моддий ва маънавий хизматида бўлган кишидир.

 

Ҳомидхон қорининг қиблагоҳи Тўхтабой ҳожи (тах.1870-1948) эса ота-онасидан эрта айрилиб, қийинчиликда ҳаёт кечирган. Қолаверса, тиқувчилик касби ва савдо-сотиқ ортидан рўзғор тебратиб, эл-юрт назарига тушган сахий киши бўлган. Тўхтабой ҳожи йигирма ёшида ҳаж сафарига бориб, тахминан 15 йил Маккаи Мукаррамада Собитхон тўра Абулмаоний билан ҳамсафар бўлиб, у зотнинг хизматларида бўлган. Кейинчалик эса она юрти Наманганга қайтиб, Заркент маҳалласи собиқ «Войкоп» кўчасидан ҳовли-жой қилиб, шу манзилдан қўним топади.


Ҳомидхон қори илк диний таълимни оила муҳитида олади. Сўнгра машҳур мударрис, ҳофизи Қуръон Абдуғафур қорининг «Маржома» номли қорихонасига ўқишга киради. У ерда устознинг назоратлари остида Қуръони Каримни ёд олишга киришади. Бироқ, маълум бир сабабларга кўра, қорихона фаолияти тўхтатилади. Илмда бардавом бўлган Ҳомидхон қори кейинроқ Абдуғафур қори ўғиллари Ҳомидхон махдумда Калому шарифнинг хифзини якунига етказиб, ҳофизи Қуръон бўлиб етишади. 


1928-1930 йиллари шўролар диндорлар ва дин пешволарини сиқувга олишни бошлайди. Пировардида, диний таълимга қаршиликлар кучаяди. Ҳомидхон қори вазиятдан фойдаланиб, дунёвий илм олишга киришадилар ва Намангандаги бухгалтерия хизмати мактабида таълим оладилар. Шу орада иккинчи жаҳон уруши бошланиб кетади. Ҳазрат қори домла фронт ортида хизмат қиладилар. Ўша йиллари Тўрақўрғон тумани Ахси қишлоғида шунингдек, Наманган тумани Ирвадон қишлоғидаги колхозларда бош ҳисобчи бўлиб ишлайдилар. Ҳомидхон қори домла биринчилардан бўлиб, кооператив корхонани ташкил қиладилар. Корхонада миллий матолар, адрас, аёллар рўмоли ишлаб чиқарилади. Ўша давр бошқаруви хусусий корхоналарнинг фаолиятига қарши бўлгани туфайли корхона фаолияти тугатилади. 
Маҳалладошларининг айтишларича, «Уруш — шаҳарга қимматчилик, йўқчиликни олиб келганди. Ўша пайтлари Ҳомидхон қори хонадонларида маҳалладаги боқувчисини йўқотган қариялар, бева аёллар ва камбағалларга егулик тайёрлаб тарқатилган экан. Ҳазрат Ҳомидхон қорининг фарзанд ва набиралари қўшни маҳалладаги бирон бир кишининг зиёратига чиқишса, ўша хонадон соҳиби улардан рози-ризолик сўрашар экан. Сабабини сўрашганида, очарчилик, қаҳатчилик пайтлари кишилар қоринлари очиққанидан Ҳомидхон қори дада уйларидан егулик сўрагани уялиб, қадамларини ерга қаттиқ-қаттиқ уриб, овоз чиқариб, дарвозалари олдидан у ёқ-бу ёққа ўтишар экан. Буни пайқаган Ҳомидхон қори даданинг оталари Тўхтабой ҳожи дарров уларни чақириб, таомлантирар эканлар.


Маҳалладаги ёши улуғ онахонларнинг гувоҳлик беришларича «Ҳақиқатан ҳам ўша даврда овқат тайёрлаб, ёрдамлашгани бизлар ҳам чиқардик. Қаҳатчилик вақтлари таом тайёрлаш учун керак бўладиган масаллиқларни (буғдой, гуруч ва бошқалар) топиш амри маҳол эди. Лекин Тўхтабой ҳожи дада уларни топиб келардилар. Биз уларни пишириш учун дош қозонга солар эдик. Бу эзгу ишлар то кишиларнинг ҳаёти яхшилангунга қадар давом этди. Биз маҳалла аҳли Ҳомидхон қори хонадонларининг саховат пешаликларига кўп бора гувоҳ бўлганмиз», - дея хотирлашди.


Дарҳақиқат ушбу юқоридаги воқеалар ҳазрат қори домланинг аждодларидан уларга ўтган фазилат бўлса не ажаб.


Ҳазрат қори домла устозлари, яъни дин пешволарини моддий ва маънавий хизматларида бардавом бўлдилар. Маҳалла ва халқ фаровонлигига катта хизмат қилдилар. Ҳомидхон қори домла давр уламоларидан Абдусаттор махдум, Абдуқаюм аълам домла, мулла Жўра охунд, Исмоил махдум, Зиёвуддин Бобохонлар билан яқин муносабатда бўлганлар.


Манбаларга кўра, 1975 йили бутун дунё мусулмонлари бошқармасидан Наманганга келган делегация аъзоларини кутиб олиб, меҳмон қилиш вазифаси Ҳомидхон қори домлага юклатилади. Ҳазрат меҳмонларни уйларида чиройли дастурхон ёзиб, меҳмон қиладилар. Аҳли илмларни суйганлари учун Аллоҳ таоло шу хизматни бажаришни у зотга насиб қилдирди. Ҳомидхон қори домланинг фазилатлари бисёр эди. Мустабид тузум даврида у зот мўмин-мусулмонлар учун қабристонга ер майдони ажратиш, уни девор билан қўрғон қилиш, шунингдек, у жойни кўкаламзорлаштириш, бошқарув учун маъмурий бинолар қуриш ва ички йўллар ҳамда маҳаллани тоза ичимлик суви билан таъминлаш каби хайрли ишларда бош бўлиб ўз ҳиссаларини қўшдилар. Қори домла беморлар ва қарияларни зиёрат қилишни ўзларига одат қилган эдилар. Ҳатто, танимасалар ҳам уйда ва шифохоналарда ётган беморларни йўқлаб, кўнглини олишга интилардилар.


Хуллас, Тўхтабой ҳожи ўғиллари Ҳомидхон қори 1988 йил 23 май куни оламдан ўтдилар. Абдулатифхон домла жанозага ҳозир бўлганларга юзланиб: «Қори домланинг дин ва халқ манфаати йўлида кўрсатган жонбозликларини айтиб ўтдилар. Қолаверса, улуғларимиздан бирлари ўлим тўшагида ётганларида яқинларига: «бир кишидан қарзим бор. Мабодо ўтганимдан сўнг сизлар қарзни адо эта олмасангиз, Ҳомидхон қорига айтинг, уни албатта адо этиб қўядилар», - дея катта ишонч билан васият қилганларни ҳам эслаб ўтдилар». Шу тариқа жаноза намози ўқилиб, маййит сўнги манзилга, яъни «Мангулик» қабристонига олиб бориб дафн қилинди. 


Ҳазрат қори домланинг завжалари Мукаррамхон (1917-2000) ая мулла Абдуллоҳ қизлари бўлиб, улардан Муҳаммадхон (1937-2015), Собитхон (1940-2018), Зоҳиджон (1943- 2016), Нўъмонжон (1946-2007), Маҳмуджон (1951- 2020) ва Аҳмаджон (1958) исмли фарзандлар қолган. Ҳозирги кунда Ҳомидхон қори домланинг биз билган ва билмаган авлодлари аҳли илм, аҳли тақво кишилар бўлиб, дину Ислом, халқ ривожи йўлида хизмат қилиб келмоқдалар. Аллоҳ Ҳомидхон қори домланинг қилган барча эзгу амалларини қиёматда бошларига соябон қилсин. Омин! 


Мустақил тадқиқотчи Акрам Шарипов

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом, ҳофиз, ривоятлари собит Абу Тоҳир Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Али ибн Ҳамдон Хуросоний. Илм талабида юрт кезганлар.Ҳоким ибн Баййиъга шогирд тушганлар ва таҳсил давоми...

1220 11:00 / 17.01.2021
Шайх, имом, ҳофиз, ўрнак бўлувчи, мусанниф, сиқа Абул Фатҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Самкувайҳ Асбаҳоний.Ҳиротда истиқомат қилганлар. Ҳадис илмининг давоми...

1324 15:00 / 06.12.2020
Марказий Осиёнинг етук уламоси, Қирғизистоннинг биринчи муфтийси бўлган Кимсанбой ҳожи Абдураҳмонов 1940 йил 10 июль куни Фарғона вилоятининг Янгиобод қишлоғида давоми...

1402 19:12 / 23.11.2022
ndash Муфтий ҳазратлари Ойномамизнинг биринчи сони саҳифаланаётган ҳаяжонли бир пайтда Сиз билан учрашувимиз биз учун алоҳида қувончли. ndash Бисмиллаҳир роҳманир давоми...

1011 17:01 / 19 апрель
Аудиолар

120508 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7049 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42122 14:35 / 11.08.2021