1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат ва замонавий илм

Қуёшда кучли чақнаш содир бўлди

16:52 / 18.02.2023 2219 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

2023 йил 18 февралга ўтар кечаси қуёшда кучли чақнаш содир бўлди. Бу ҳақда Россия Фанлар Академияси Коинот тадқиқотлари институти (КТИ)нинг Қуёш рентген астрономияси лабораторияси институти ҳамда Россия Фанлар Академиясининг Сибир бўлими Қуёш-Ер физикаси институти (ҚЕФИ) сайтлари хабар берди.


Олимлар ушбу чақнашни 2022-2023 йиллар оралиғида кузатилган қуёш фаоллигининг ортиши ҳамда 2017 йилдан бери кузатилган чақнашларнинг энг кучлиси деб атадилар. Январь ойининг ўрталарига келиб, бу давр ниҳоясига етди. Олимлар бу ҳодисани қуёш ўз атмосферасига ташланган барча ортиқча фаол энергиясини ёқиб юбориши билан алоқадор дея таъкидлашди. 

 

Графикда кўрсатилганидек, Х2.2 олови ярим тундан бироз олдин содир бўлган. Ундан олдин C синфига кирувчи бир нечта заиф чақнашлар содир бўлган.


Олдинроқ қуёшда 2022 йил декабрь ойи охири ва 2023 йил январь ойи бошида ноодатий фаолллик кузатилган эди. Кейин юлдузда бир нечта C синфидаги чақнашлар пайдо бўлди.


Шу билан бирга, қуёшда фаоллик марказлари сақланиб қолиши, жумладан, қуёш доғларининг ўта катта гуруҳлари сақланиб қолиши таъкидланди. Мазкур доғларнинг умумий майдони тарихдаги максимал қийматларга яқин. Шундай қилиб, бу марказларнинг яна ҳаётга кириши ва портлашлар кетма-кетлиги қайта бошланиши эҳтимоли бор эди.


Қуёш чақнашлари Ерда магнит бўронларини келтириб чиқариши мумкин. Бу эса ўз навбатида электр тармоқларининг ишламай қолишига олиб келади, шунингдек, қушлар ва ҳайвонларнинг миграция, яъни қишлаш учун кўчиб кетиш йўлларига ҳам таъсир қилади. Кучли бўронлар қисқа тўлқинли алоқа ва навигация тизимлари (харита)нинг ва саноат тармоқларида электр таъминотининг узилишига олиб келади. Шунингдек, қуёш фаоллигининг ошиши қутб ёғдуларини кузатиш географиясининг кенгайишига сабаб бўлиши мумкин.


Қуёшдек улкан осмон жисмида юз берадиган бундай астрономик ҳодисалар буюк Холиқнинг қудратига, азаматига, санъатига, мусаввирлигига далолат қилади. 
Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг бир қанча оятларида қуёшни зикр қилган. Ҳатто Қуръон сураларидан бирига «Шамс» (Қуёш) номи берилган. Роббимиз ушбу суранинг 1-оятида шундай марҳамат қилган: 

 

ﭑ ﭒ ﭓ


«Қуёш билан ва унинг зиёси билан қасам».
Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг бошқа сураларида ҳам ушбу оятларда қасам ичган нарсалари ила, жумладан, Қуёш ила қасам ичган. Лекин эътибор берадиган бўлсак, ҳар бир қасамда жойига, мақомига қараб, ўзига хослик бор. Ушбу оятларда қуёш ва бошқа нарсалар ила қасам ичиш билан бирга, уларнинг ўзига хос хусусиятларидан бирини ҳам қўшиб қасам ичилмоқда. Бунда, аввало, қасам ичиладиган нарсаларга эътиборни тортиш билан бир қаторда, уларнинг кетидан зикр қилинадиган хусусиятларига ҳам эътиборни тортиш қасд қилингандир.

 


Ушбу оятда Аллоҳ таоло қуёш ва унинг зиёси – ўзидан таратадиган ёғдуси ила қасам ичмоқда. Бу билан инсоннинг эътиборини қуёшга ва унинг ёғдусига тортмоқда. Ҳа, Аллоҳ таоло айнан қуёшнинг улканлигига, ундан чиқадиган ёғду, ҳарорат ва иссиқлик қуввати ва бошқа нарсаларга эътиборни қаратмоқда. Қуёшнинг ҳажми ернинг ҳажмидан бир миллион уч юз минг марта катта эканини мўмину кофир яхши биладиган бўлиб кетди. Фақат ҳамма инсонларнинг ўшандоқ улкан нарсани яратган Зотга иймон келтириб, итоат ва ибодат қилишлари қолди, холос. Шунингдек, мутахассисларнинг айтишларича, қуёш ўзининг ҳар бир квадрат метр сатҳидан 84 минг от кучига эга бўлган қувватни таратар экан. Хўш, бу қувватни унга ким берди? Яна мутахассисларнинг айтишларича, агар қуёш ҳозир ерга таратаётган иссиқлик бир оз камайса, ер музлаб, бир оз кўпайса, ёниб кетар экан. Хўш, қуёшнинг ерга бунчалик аниқлик билан иссиқлик узатиб туришини ким ташкил қилган?


Бу нарсаларни билгандан кейин, «Уларни ким қилмоқда?» деган савол ҳар бир ақли бор инсонни ўйлантириши керак. Бу саволга берилиши мумкин бўлган бирдан-бир тўғри жавоб – «Буларнинг ҳаммасини Аллоҳ таоло қилади, холос», дейишдир. Демак, қуёшни, унинг ёғдуси, ҳарорати ва бошқа фойдаларини тушуниб етгандан кейин, Аллоҳ таолога иймон келтириб, итоат ва ибодат қилишдан бошқа чора қолмайди.


Аллоҳ таоло барчамизни яратганлари борасида тафаккур қилиб, иймону ихлосимиз зиёда бўлиб боришини насиб этсин. 


Фойдаланилган манбалар:
«Тафсири Ҳилол» китоби
https://az.sputniknews.ru
https://tesis.xras.ru
Нозимжон Ҳошимжон & Хуршид Маъруф тайёрлади.

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қуръони Каримнинг мўъжизаси фақат араб тили балоғат ва фасоҳати билан чекланиб қолмаган. Қуръони Карим нозил бўлиб турган пайтдаги одамларни лол қолдириш учун давоми...

2626 20:00 / 29.08.2019
Иккинчи мақолаБурнимиз. Бурун ажойиб тарзда яратилган аъзо бўлиб, ичида устмауст жойлашган мугуз пластинкалар бор. Ҳаво ўша пластинкалар орасидан узоқ масофани давоми...

1959 15:00 / 09.02.2021
Япониялик олимларнинг тадқиқотларидан сўнг кечқурун уйқу пайтида чироқларнинг ёниқ туриши ҳалокатга олиб борувчи бир неча касалликларга сабаб бўлиши аниқланди. давоми...

4410 19:00 / 29.01.2021
Аввал айтиб ўтилганидек, суннат барча тарафдан Қуръони Каримдан кейин, иккинчи ўринда туради. Балоғат ва фасоҳатда ҳам, шаръий ҳукмларда ҳам, жумладан, илмий давоми...

3776 15:09 / 16.11.2018