1445 йил 13 зулқаъда | 2024 йил 21 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Эҳтимол, у дуоси ижобат бўладиган кишидир

15:30 / 27.01.2023 1552 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ бир куни сафарга бориш мақсадида кемага миндилар. Кемадалик пайтларида қирғоқ тарафдан бир кишининг акса уриб, “Алҳамдулиллаҳ” деганини эшитдилар. Шунда у киши дарҳол бир қайиқни бир дирҳамга ижарага олдилар-да, кемадан қайиққа тушиб, ўша одам тарафга сузиб бордилар. Бориб, “Ярҳамукаллоҳ” дедилар ва ортга қайтдилар. Кемадагилар у кишидан нега бундай қилганларини сўрашганда, у зот “Эҳтимол, ўша акса урган дуоси ижобат бўладиган кишидир” деб жавоб бердилар. Кемадагилар уйқуга ётишганда, “Эй кема аҳли, албатта, Абу Довуд бир дирҳам эвазига Аллоҳдан жаннатни сотиб олди” деган гапни эшитдилар.

Имом Абу Довуд “Олти саҳиҳ ҳадис тўплами” (Сиҳоҳи ситта)дан бири бўлмиш “Сунан”нинг соҳибидирлар. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз аксирса, “Алҳамдулиллаҳ” (Аллоҳга ҳамд бўлсин), деб айтсин. Унинг биродари эса, унга “Ярҳамукаллоҳ” (Аллоҳ сенга раҳм қилсин), десин. Биродари унга “Ярҳамукаллоҳ”, деб айтса, у “Яҳдийкумуллоҳу ва юслиҳу балакум” (Аллоҳ сизларни ҳидоят қилсин ва ишларингизни ислоҳ қилсин), деб айтсин”, дедилар”.

Бухорий ривоят қилган.

Шу ва шунга ўхшаш маънодаги ҳадисларга мувофиқ акса урган киши “Алҳамдулиллаҳ” (Аллоҳга ҳамд бўлсин!) дейиши суннатдир. Уни эшитган киши эса “Ярҳамукаллоҳ” (Аллоҳ сизга раҳм қилсин!) дейиши керак. Акса урга бунга жавобан “Яҳдийкумуллоҳу ва юслиҳу балакум” (Аллоҳ сизларни ҳидоят қилсин ва ишларингизни ислоҳ қилсин) деб айтиши шарт. 

Имом Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ шариатнинг бу кўрсатмасига амал қилиш ва ўша акса урган кишининг “Яҳдийкумуллоҳу ва юслиҳу балакум” деган дуоси ижобат бўлишидан умидвор бўлиб, қайиқда сузиб борган эдилар.
Ушбу қиссани ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ “Саҳиҳул Бухорий”га ёзган “Фатҳул Борий” номли шарҳларида келтириб, “Ибн Абдулбарр бу қиссани жаййид санад билан ривоят қилган” деганлар.

Азизлар, ҳар қандай солиҳ амални паст санамай қилаверайлик! Чунки қайси солиҳ амалимиз бизнинг жаннатга киришимизга сабаб бўлишини билмаймиз. 

Эй Аллоҳ, бизни қиёмат куни Набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан бирга қилгин! Улар қандай ҳам яхши рафиқдирлар!

Нозимжон Ҳошимжон

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Болалигида кўпчилик космонавт, учувчи бўлишни орзу қилган. Космонавтлар, учувчилар дуч келадиган ҳолатлардан бири ndash меъёридан ортиқча юкдир. Буни рус тилида давоми...

845 16:00 / 25.05.2023
Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ бир кишидан сўрадиЁшингиз нечадаУ .Олтмишда, деб жавоб берди.Фузайл .Сиз олтмиш йилдан бери Роббингиз томон юриб, Унга етишингизга оз давоми...

2601 19:00 / 23.10.2022
Аллоҳ таоло Ўз Расули соллаллоҳу алайҳи васалламни Қуръони Каримда чиройларини мақтамади. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ниҳоятда гўзал инсон давоми...

1585 11:00 / 11.12.2021
Ўлимнинг аҳамияти ҳаётникидан кам эмас. Олимлар ушбу ҳақиқатни таъкидлаб, .Ўлим ҳаётнинг давом этиши учун зарурий нарсадир, дейдилар.АҚШнинг Принстон давоми...

2875 11:00 / 17.11.2020