1445 йил 7 зулқаъда | 2024 йил 15 май, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

100-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернатида спорт мусобақалари ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди

16:20 / 26.12.2022 1245 pdf Ўқиш режими + -

Аллоҳ таолонинг ҳикматига кўра, инсонларга турли тақдирлар битилган. Кимдадир беморлик, кимдадир камбағаллик ва ҳоказо синовлар. Инсон ўша синовларни бардош билан енгиб ўтишда Аллоҳ берган тақдирга рози бўлса, хотиржамликка эришади ва улкан ажрлар қозонади, ин ша Аллоҳ.

Маълумки, пойтахтимизнинг Олмазор туманида жойлашган, таянч ҳаракат аъзоларида нуқсони бўлган болалар учун 100-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернати мавжуд. Ушбу мактабда таҳсил олаётган ўқувчилар жисмонан заиф бўлса-да, уларнинг ҳаётга интилиши, илм олишга рағбати, эзгу мақсадлари таҳсинга сазовор. Қолаверса, улар ўзларидаги имкониятлардан унумли фойдаланиб, республика ва халқаро мусобақаларда ҳам фахрли ўринларга сазовор бўлишмоқда.

Куни кеча мактаб интернатида «Shafii» лойиҳаси ташаббуси билан спорт мусобақалари ғолибларини тақдирлаш ва ўқувчиларга хурсандчилик улашиш мақсадида тадбир ташкил этилди. 

Тадбирда футбол, сузиш, эшкак эшиш, таэквондо, қўл жанги, бадминтон каби спорт турлари бўйича чемпионликни қўлга киритган ҳамда нуфузли ўринларни эгаллаган совриндорлар, эсдалик совғалар билан тақдирландилар.



Жумладан, Улуғбек Тошпулатов футбол бўйича жаҳон чемпионатида фахрли учинчи ўринни эгаллаган. Алижон Неков сузиш бўйича, Камол Чулиев таэквондо бўйича, Санжар Абдусаломов ва Отабек Рихсибоев қўл жанги бўйича, Муҳайё Абдусатторова эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон чемпионатида биринчи ўринни қўлга киритишган.

Қолаверса, Равшан Алишеров, Жасур Жахбаров, Нафиса Ҳимматова, Гулсевар Маҳкамова, Шинор Асатиллаева, Илҳом Ҳабибуллаевлар иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаб, совриндорлар қаторидан жой олишган. 

Тадбирда «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» жомеъ масжиди имом ноиби Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид ҳам иштирок этиб, ўқувчиларнинг илм олиш, хорижий тилларни ўрганиш билан бирга, спорт мусобақаларида қатнашиб, нуфузли ўринларни олаётганидан мамнунлигини ва бу ютуқлар ўқувчиларга бахтиёрлик, юртимизга шараф бўлаётганини таъкидладилар. Улуғ алломаларнинг ҳаётларидан мисоллар келтириб, гарчи уларда жисмоний имкониятлар чекланган бўлса-да, улкан илм хазинасини қолдириб кетганликлари, хусусан, кўзлари ожиз бўлган имом Шотибийнинг асарларидан бугунги кунда ҳам кенг фойдаланилаётганини эслаб ўтдилар.

Тадбир давомида ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари, ташкилотчилар, мактаб маъмурияти ва барча хайрихоҳлар ҳақларига дуолар қилинди. 

Бу тадбир билан ўқувчиларнинг қалбига хурсандчилик кирганини юзларидан, кулгуларидан англаш қийин эмас. 

Ҳазрат Навоий раҳматуллоҳи алайҳ таъбири билан айтганда: 

Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай, 

Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай.

Қамариддин Бекмуҳаммад

 

Муаллиф
Қамариддин Бекмуҳаммад
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Саудия Арабистони пойтахти Ар Риёддан Ўзбекистон пойтахти Тошкентга янги авиарейс йўлга қўйилди. Бу ҳақда кun.uz сайти хабар берди. 5 август куни илк рейс кутиб давоми...

1056 19:00 / 05.08.2021
Дания пойтахтида Қуръон ёқиб юборилган бир қанча акциялар ўтказилди, бу араб давлатларида норозиликларга сабаб бўлмоқда. АрРиёд диний таълимотлар ҳақорат давоми...

795 19:24 / 30.07.2023
Азиз мухлислар, жорий йилнинг 26 октябрь куни .Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, жомеъ масжидида .Дунё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ёруғдир, шиори давоми...

1063 02:04 / 25.10.2022
Бисмиллаҳир Роҳманир РоҳиймАллоҳ таолога ҳамду санолар, Расулуллоҳга дуруду салавотлар бўлсинБир неча дақиқа олдин Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги Сўгалли давоми...

1501 15:00 / 04.05.2020
Аудиолар

121380 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42886 14:35 / 11.08.2021