1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Жалолиддин қори

14:00 / 02.12.2022 1206 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жалолиддин қори 1904 йил Наманган шаҳри Сардоба даҳаси собиқ «Йикчи» кўчаси (ҳозирги «Исфархон» савдо мажмуасининг орқасидаги эски маҳалла)да дину диёнатли, зиёли хонадонда дунёга келди. Қиблагоҳи мулла Абдураззоқ (1878-1936) домла илмли, тақволи, маърифатпарвар кишилардан бўлган. Жалолиддин қори эл-юрт орасида Жалол қори номи билан аталганликлари боис, биз ҳам шундай таништиришни маъқул кўрдик. 

Илк диний таълимни отасидан олган Жалол қори ёшлигидан ўткир зеҳнли, илм-фаросатли ва одоб-ахлоқли бола бўлиб улғайди. У ота-онасининг қизиқтириши туфайли Қуръони Каримга муҳаббат қўйди. Пировардида, бўлажак Қуръон ҳофизларини камол топдирадиган даргоҳ «Маржома» мадрасасига ўқишга кирди ва машҳур мударрис, ҳофизи Қуръон Абдуғафур махдум қўлларида Қуръондан таълим олиб, 14 ёшида ҳофизи Каломуллоҳ бўлиб етишди.

Маълумотларга кўра, Жалол қори мадрасада таҳсил олган кезлари Боқихон (1903-1991) тўра, Ёсинхон (1905-1982) тўра, Исмоил (1909-1976) махдум ва Ҳабибуллоҳ (1906-1981) махдумлар билан ҳамдарс бўлган эканлар. Кейинчалик, шу дўстлари билан Собитхон тўра Абул-маъонийда илмни давом эттириб, у зоти шарифдан араб, форс-тожик тилларини, шунингдек, тафсир, фиқҳ, ақоид ва ҳадис каби илмларини ўзлаштирган эканлар.

Шу тариқа Жалол қори Қуръон билан хулқланган илмли, парҳезкор ҳофизи Каломуллоҳ бўлиб етишди. Шўролар 1935 йили Намангандаги бир неча бойлар, илм аҳлини, уламолар ва ҳофизи Қуръонларни тазйиққа ола бошлади. Уларнинг мол-мулкини мусодара этиб, ўзларини оиласи билан баъзиларини сургунга қолганларини эса қамади. Шу йиллари Жалол қори ўзини ва оиласини жабру ситамлардан омонда сақлаш учун она юртидан чиқиб кетишга мажбур бўлди. Шу сабаб саргардонликда қўшни Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида 7 йил муҳожирликда кун кечирди. Минг афсуски, турмуш ўртоғи Шарофатхон ойим ва икки фарзанди ўзга юртда оламдан ўтди. Шу орада Иккинчи жаҳон уруши бошланиб, Жалол қори фронтга жўнаб кетди. Фронтга борган ҳазрат қори домла рус тилини яхши билганликлари боис, ҳарбий алоқа бўлимида махфий хатларни «элтувчи» (военный курьер) бўлиб хизмат қилдилар. Хизмат асносида эса, Болгария, Венгрия ҳамда Руминия давлатларида бўлиб қайтдилар.

Дарҳақиқат, ўзбек халқи иккинчи жаҳон урушида фашистларни тор-мор этишга молини ҳам, жонини ҳам тикди. Бамисоли топган битта нонини тўртга бўлиб, биттасини ўзига, қолганларини эса бевосита фронтга, сўнг республикага кўчириб келтирилганларга, жангга кетганларнинг оилаларига, ҳарбий госпиталларга, фашистлардан озод қилинган ҳудудларнинг оч-ночор аҳолисига берди.[1]

Масъудхон ака қиблагоҳи Жалол қоридан эшитганлари: «Отам раҳматли уриш пайтида хизмат сафари билан Болгариянинг Пловдив шаҳрида бўлганларида бир қизиқ воқеа бўлган экан. Ҳазрат қори домла шаҳарга етиб бориб, берилган хатни командирга топширибдилар. Командир дадамни бир ҳовлига жойлаштирибди. Бир пайт намоз вақти бўлиб, таҳорат олиб, намоз ўқибдилар. Отамни ибодат қилганларини кўрган хонадон соҳиби: «Сен мусулмонмисан? Ҳозир намоз ўқидингми?» - дея сўрабди.

Отам: Ҳа, алҳамдулиллаҳ, мусулмонман дебдилар.

Ахир сен ғайридинлар мамлакатидан эмасмисан? - дея  таажжубланибди.

Отам: йўқ, мен ҳадис илмининг султони Имом Бухорийнинг юртлари Ўзбекистонданман, дея жавоб берибдилар.

Ундай бўлса, Аллоҳнинг каломи Қуръони каримни ўқишни биласанми?- дебди у.

Қиблагоҳим: «Албатта биламан» деб жавоб берибдилар. «Бўлмаса Қуръонни олиб келай» дебдида, дарров отамнинг қўлларига Каломуллоҳни тутибди. Отам Қуръонни олиб, юз-кўзларига тўтиё айлаб, «энди Қуръонни олда, хоҳлаган саҳифангдан бир оятни ўқи, мен ўқиган жойингдан давом эттираман», дебдилар. Ҳалиги киши бир оятни ўқибди. Қори домла келган жойидан давом эттирибдилар. Ҳалиги киши таажжубланиб бир қараб қўйибдида, бошқа саҳифани очиб, ўқибди. Отам яна давом эттирибдилар.

Хуллас, учинчи маротаба шу ҳолат такрорлангандан сўнг, бояги киши Қуръони каримни ёпибдида, ўрнидан туриб отамни қучоқлаб роса йиғлабди. Дадам раҳматли кейин билсалар, хонадон соҳиби болгариялик мусулмон турклардан экан.

Тарихдан маълумки, Усмонли турклар империяси узоқ йиллар Болгарияда  (1396-1878) ҳукмронлик қилган. Шу даврларда бир қанча турклар босиб олинган ҳудудларга бориб ўрнашиб қолган. Таассуфки, Усмонли мамлакатларда яшаган бу миллионларча инсонлар айни уруғ ва айни диндан эмасдилар. Ораларида мусулмонлар ҳам, ғайри мусулмонлар ҳам бор эди.[2]

Юқорида зикр қилинган болгариялик мусулмон турк кишиси ҳам араб тилини озгина бўлсада билар экан. Отам ўн беш кун ўша шаҳарда бўлганимда, ҳар куни ҳузуримга беш-олти нафар турклар келиб, ислом дини аҳкомларига оид масалалар билан илмий давра суҳбатлари уюштиришарди. Аллоҳ улардан рози бўлсин. То қайтгунимча ҳурмат-иззатимни жойига қўйиб, дастурхонимга сут, қаймоқ, пишлоқ, тухум, мазали таомлар, қўйинки, топганлари билан сийлаб меҳмон қилишди. Кетадиган куним, бир неча турклар яхши тилаклар билан кузатиб қолишди. Буларнинг барчаси Яратганнинг раҳмату инояти, биродар турк оғаларимизнинг Аллоҳнинг каломига, дину исломга бўлган муҳаббатлари сабабдир. Аллоҳ таолога беҳисоб шукрлар бўлсин! Парвардигор мени ўша жойларда ҳам азиз-муҳтарам қилиб қўйди. Аллоҳ барчаларини раҳмати илоҳийи ила сийласин, — дея кўп бора эслаб отам раҳматли дуо қилардилар».

Уруш тугагач, Жалол қори она шаҳри Наманганга қайтиб келиб, ҳукуматдан мусодара бўлган ҳовли-жойини қайтиб олади. Ҳазрат қори домла аввалига, қурилиш корхонасида, кейинчалик эса, Наманган пахта заводида оддий ишчи бўлиб меҳнат қилиб, ўша ердан нафақага чиқдилар. Ҳамкасблари: «Жалол қори домла тўғрисўз, босиқ ва камтар инсон эдилар. Доимо билмаган нарсаларимизни ўргатиб, панду насиҳат қилардилар» дея эслайдилар.

Мустабид тузуми даврида диний сабоқ бериш ва таълим олиш амримаҳол бўлган. Негаки, аҳли илмларимиз хоин ва хуфиялар чақувидан қўрқиб, ҳамиша ҳам журъат эта олмаганлар. Жалол қори ана шундай хатарлардан қўрқиб, ҳамиша эҳтиёткорлик билан умр кечириб ўз илмларини бошқаларга тарқата олмаган эканлар. Бироқ фарзандлари, набира-абираларига чиройли таълим-тарбия бериб, Қуръондан ва илмдан дарс ўргатган эканлар.

Хуллас, ҳазрат Жалол қори Абдураззоқ домла ўғиллари 1989 йили бу ёруғ оламни тарк этдилар. У зоти шарифни ҳозирги «Мангулик» мозорига дафн қилинди.

Ҳазрат Жалол қорининг оиласи ва фарзандлари ҳақида тўхталадиган бўлсак, у зотнинг аввалги заифалари Шарофатхон ойим исмли солиҳа, тақволи, қория аёл бўлган. Аллоҳ уларга бир ўғил, бир қиз фарзанд берди. Бироқ, фарзандларининг бари ёшлигида, норасида оламдан ўтишди. Ёшгина келин Шарофатхон ойимни ҳам ўлим олиб кетди. Сўққабош бўлиб қолган Жалол қори кейинчалик, Ҳабибахон ойим (1916-2001) Дадахонбой қизига уйландилар. Улардан наслларининг давомчиси уч қиз, Маъсудхон (1949), Мансурхон (1956-2003) исмли ўғил кўрдилар. Ҳозирги кунда ҳазрат қори домланинг невара-чеваралари боболари изидан бориб, илм аҳли, Қуръон аҳли бўлиб, юртимиз,  динимиз ривожига ўзларини улушларини қўшиб келмоқдалар. [3]Аллоҳ ўтганларимизни ғариқу раҳмат, шойистаи жаннат қилсин.

Мустақил тадқиқотчи Акрам Шарипов



[1] Ҳ. Зиёев. Иккинчи жаҳон уруши ва ўзбеклар. «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси. №25.2003 йил.

 

[2] https:// Siyrat uz > maqola. Ришод Акрам. Усмонли халифалар.

 

[3]Мазкур маълумотлар ҳофизи Қуръон Жалол қори авлодларининг шахсий архивидан олинди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ушбу мақола Учкўприк тумани, Яккатут қишлоғида жойлашган Умарали эшон мақбарасининг тарихини ёритишга бағишланган бўлиб, унда нақшбандия тариқатининг давоми...

1517 09:00 / 11.10.2021
Шайх Абул Ҳасан Али ибн Фаззол ибн Али Мужошиъий Қойровоний наҳвийнинг шундай деганини эшитганман .У бизнинг ёнимизга хижрий 469 йилда келган эди. Уни Фахрул ислом давоми...

1155 15:30 / 27.09.2020
Имом, хатиб Абул Қосим Убайдуллоҳ ибн Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳяд Кушоний. Изоҳ Кушон ndash Самарқанддан 12 фарсах узоқликда жойлашган Суғд шаҳарларидан бири. Санкабос давоми...

1525 11:00 / 09.08.2021
Ҳижрий 1442 йил 6 зулқаъда чоршанба куни кечқурун аянчли ҳодиса сабабли шайх ва етук даъватчини йўқотган Туркистон, хусусан, Ўзбекистон халқига, Қўқон аҳолисига давоми...

5427 14:00 / 18.06.2021
Аудиолар

120592 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7052 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42186 14:35 / 11.08.2021