1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Олдида лутф бўлмаган ҳақиқатни биров эшитмайди

16:00 / 06.11.2022 759 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Муқрий ўзининг «Ал-мухтор мин навадирил ахбор» номли китобида келтиради:
«Бир куни Умора ибн Ҳамза халифа Абу Жаъфар Мансурнинг ҳузурига кирди. Халифа уни мажлис тўрига, ўзининг ёнига чақирди.
Шунда кишилардан бири туриб деди:
- Эй мўъминлар амири! Менга зулм қилишди!
Халифа сўради:
- Ким сенга зулм қилди?
- Сиз тўрга ўтказган Умора ибн Ҳамза! У менинг еримни ноҳақдан ўзлаштириб олди!
Халифа деди:
- Тур эй Умора! Даъвода хусуматчинг билан баробар тур. Унинг олдида ўтир!
Умора ўрнидан турмасдан деди:
- Эй мўъминлар амири! Мен унинг хусуматчиси эмасман!
Халифа сўради:
- Қанақасига?
- Агар ер уники бўлса мен у билан низолашмайман. Агар ер меники бўлса унга ҳадя қилдим. Энди у ер унинг мулки, меники эмас! Мен мўъминлар амири ҳурматлаб ўтказган ўриндан турмайман!
Халифага Уморанинг гаплари ёқди. Ақлига тасаннолар айтди ва умрининг охиригача уни ўзига яқин олиб юрди!».
Киши Уморанинг халифага қилган жавобини лаганбардорлик деб ўйлаб қолиши ҳам мумкин. Мен лаганбардорликни ёқтирмасам-да, бу қиссада бўлган воқеани одоб деб ўйлайман.
Султон бошқаларга ўхшамайди. Унга ўзига хос бўлган тил билан гапириш лозим. Сўзларни танлаб, одоб билан, ҳурматини сақлаб муомалада бўлиш керак. Бу дегани унинг ҳар ботилига қарсак чалиш керак, дегани эмас. Унга насиҳатни тарк қилмаслик керак. Мен услубни назарда тутдим. Одоб илмдан муқаддам туради. Ҳикмат ҳамма нарсадан яхшидир!
Биз ёш болаларга бошқача услубда, унинг ақлига мос муомала қиламиз. Ёши катта онахон ва отахонларга ўзларига хос юмшоқлик билан муомалада бўламиз. Буни одоб ва ақлдан ҳисоблаймиз. Худди шунингдек, ҳар-бир инсонга ўзига хос одоб ва хулқ ила муомалада бўлишимиз лозим.
Аббосий халифалардан Муътасим ўзининг вазири Ҳоқон бемор бўлганида кўргани борди. Ҳоқоннинг Фатҳ деган ўғли бор эди. Фатҳ кейинчалик улғайиб Аббосийларга вазир бўлган. Ўша пайтда Фатҳнинг ёши еттидан ошмаган эди. Муътасим у билан ҳазиллашмоқчи бўлиб деди:
- Эй Фатҳ! Менинг узугимдан ҳам чиройли нарсани кўрганмисан?
Фатҳ деди:
- Узугингиз тақилган қўл ундан ҳам гўзал!
-Отангнинг ҳовлиси яхшими ёки халифанинг саройими?
Фатҳ деди:
- Албатта отамнинг ҳовлиси яхши. Чунки унда ҳозир халифа бор!
Инсонларнинг ўрнини билинг. Бу пайғамбарлар йўлидир. Сўзларингизни танлаб гапиринг. Одоб дегани лаганбардорлик эмас. Унутманг, киши ҳақиқатни гўзал услуб билан етказиши лозим.
Уни қўпол тарзда ҳам айтиш мумкин. Аммо уни ҳеч ким қабул қилмайди. Қолаверса, қанчалар ҳақ бўлманг аввало услуб муҳим. 
Тавҳиддан олийроқ ҳақ йўқ дунёда. Шундай бўлса-да, Аллоҳ таоло Ўз Набийсини огоҳлантиради:
«Агар қўпол ва қалби қаттиқ бўлганингда атрофингдан тарқаб кетишар эди!».
Олдида лутф бўлмаган ҳақиқатни биров эшитмайди!


Абдулқодир Полвонов

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Гоҳида У Зот сенга тоат эшигини очади ва қабул эшигини очмайди. Гоҳида сенга гуноҳни тақдир қилади ва у У Зотга етишишга сабаб бўлади.Ушбу ҳикматда Ибн Атоуллоҳ давоми...

6459 16:21 / 29.04.2018
1. Либос учун ишлатилган мато ипакка ўхшаб, шариатда ҳаром қилинмаган бўлса, ҳалолдир.2. Шаръий йўл билан сўйилмаган, ўзи ўлиб қолган ҳайвонларнинг терисини давоми...

3572 09:53 / 24.09.2018
Имом Ғаззолий ҳазратларидан бир қанча насиҳатлар.Аллоҳ берган неъматларни, унинг йўлида сарфлаш шукр, Аллоҳ севмаган ерга сарфлаш эса куфрони неъматдир,..Бало давоми...

1673 11:00 / 18.12.2021
Умму Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйимдан чиқаётганларида юзларини самога қаратиб доимо Ё Роббим, адаштириш давоми...

6846 09:00 / 19.10.2017