1445 йил 10 зулқаъда | 2024 йил 18 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Луқмамизга эътиборли бўлайлик

11:00 / 25.02.2023 3143 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Халифа Мансурга байъат қилинган куни Муқотил ибн Сулаймон роҳимаҳуллоҳ унинг ҳузурига кирди. Мансур деди:

- Эй Муқотил! Менга насиҳат қил.

Муқотил ибн Сулаймон роҳимаҳуллоҳ деди:

- Кўрганим билан ваъз қилайми ёки эшитганим биланми?

Халифа деди:

- Кўрганинг билан.

Муқотил роҳимауллоҳ деди:

- Эй мўъминлар амири! Умар ибн Абдулазизнинг ўн бир ўғли бор эди. Ундан уларга ўн саккиз динор қолди. Беш динор билан кафанлашди. Тўрт динорга унга қабр сотиб олинди. Қолган пуллар фарзандлари ўртасида тақсимланди. Ҳишом ибн Абдулмаликдан ҳам ўн бир ўғил қолди. Унинг мероси фарзандлари ўртасида тақсимланганида олтинларни болталар билан бўлишди. Эй мўъминлар амири! Аллоҳга қасамки, Умар ибн Абдулазиз фарзандларидан бирини бир жиҳодда юзта от садақа қилганини кўрдим. Ҳишомнинг фарзандларидан бирининг бозорларда тиланчилик қилиб юрганини ҳам кўрдим.

Ота солиҳ бўлса Аллоҳ унинг фарзандларини муҳофаза қилади. Мана Умар ибн Абдулазиз роҳимаҳуллоҳ. Дунё бутун бўйи-басти билан унинг олдида жилваланди. Зеро, у халифа эди. Аммо у маошидан бошқа нарсани олмади. Унинг маоши халифа тугул оддий ишчига ҳам етмас эди. Унинг даврида давлат хазинасидаги мол аҳолига тақсимланиб берилди. Хазинадан бўшаган хонага кириб Умар ибн Абдулазиз роҳимаҳуллоҳ халқнинг молини халққа қайтаргани учун икки ракат шукрона намози ўқиди. Ўзидан фақир меросхўрларни қолдирди. Оқибатда Аллоҳ уларни бой қилди.

Мусо алайҳиссалом ва у кишининг шериклари Ҳизр алайҳиссалом икки етимнинг нураб кетган деворини қайтадан тиклаб қўйдилар. Сабаби, уларнинг вафот этиб кетган оталари солиҳ инсон эди.

Аллоҳ таоло айтади:

ﭴ ﭵ ﭶ ﭷ ﭸ ﭹ ﭺ ﭻ ﭼ ﭽ ﭾ ﭿ ﮀ ﮁ ﮂ ﮃ

 

Ўзлари, агар ортларидан заиф зурриёт қолдирсалар, улар ҳақида хавотирланадиганлар (бошқалар ҳақида ҳам) қўрқсинлар. Бас, Аллоҳга тақво қилсинлар ва тўғри сўз айтсинлар» (Нисо сураси, 9-оят).

Бу тақво банкида ҳалол турмушни кафолатлашдир.

Барака деган нарса бор. Агар Аллоҳ уни битта нарсага ташласа бутун бир қабилага етади. Агар уни бир нарсадан олса бир кишига ҳам етмайди. Биз ҳар куни банкрот бўлган савдогар ҳақида эшитамиз. Аммо очликдан ўлаётган фақир ҳақида ҳар куни ҳам эшитавермаймиз. Баракаси бўлмаган бой фақирдир. Барака зийнатлаган фақир эса бойдир. Йиллар бўйи жамланган ҳаром молни Аллоҳ бир кунда йўқотишга қодирдир. Уни керак бўлса ўз қўлинг билан берасан. Шунинг учун қанчалиги муҳим эмас, қанақалиги муҳим. Ҳалол ҳам кетади, ҳаром ҳам кетади. Кафаннинг чўнтаги йўқ. Ҳамма нарсанг ортда қолади. Сендан кейингилар улардан фойдаланади. Ҳисобини эса сен берасан. Ҳаромдан ўсган ҳар қандай гўшт дўзахга муносибдир.

Буюк фарзандлар шундайгина туғилиб қолавермайди. Улар уйларда тарбия топади. Тўғри, истеъдод Аллоҳ томонидан бериладиган совға. Аммо ана ўша истеъдодни тарбия сайқаллайди. Бу тарбия инсонни фурсати келганида ёнадиган қилиб қўяди. Ким қандай тарбия топса ўшандай яшайди. Тарбия мавъиза билан эмас, ўрнак бўлиш билан берилса мақсадга мувофиқ бўлади. Фарзандинг кўз ўнгида бир фақирга садақа қилишинг садақа ҳақида гапирган мингта ваъзингдан афзалдир. Қизалоғинг кўз ўнгида ерга улоқтирилган битта қоғозни олиб ахлат қутисига ташлашинг тозалик ҳақида қилинган мингта мавъизадан афзалдир!

Абдулқодир Полвонов

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Кеча имом Заҳабийнинг .Сияру аъломин нубало, асарини ўқиётган эдим. У китобдаги Абдуллоҳ ибн Муборак роҳимаҳуллоҳнинг имом Молик роҳимаҳуллоҳ ҳақида айтган гапи давоми...

3118 15:30 / 10.11.2021
Ҳазрати Алий билан Оиша онамиз бошлиқ икки мусулмон тараф ярашиб бўлган бўлсада, фитначилар иғво қилиб, кечаси ўртада яна уруш чиқаришди. Одамлар орасида уруш давоми...

2930 10:40 / 29 апрель
Аллоҳ таоло инсонни ибодат учун яратди, шунингдек, унга турли хил хоҳишистаклар берди. У истаклар ичида гуноҳ ишларнинг шавқи ҳам бор. Шу нарсаларга қарамасдан, давоми...

1282 11:55 / 29.03.2023
Олий ҳиммат соҳиби ва бу диннинг ғами билан дардланган мусулмон киши учун энг аҳамиятли нарса умрининг ҳар бир лаҳзасига эга бўлиши ва уни Аллоҳнинг розилигидан давоми...

1543 09:00 / 07.01.2022