1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Мулла Абдулваҳҳоб қори

14:00 / 30.07.2022 2234 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мавлоно Абдулваҳҳоб қори домла 1888 йил, Наманган шаҳри, Чуқур кўча даҳаси, Ҳожа Амин маҳалласи (ҳозирги «Кўзагарлик» кўчаси)да таваллуд топди. Қиблагоҳи Абулқосим аълам ва бобоси мулла Юнус эл-юрт ардоғидаги илм ва фазл эгалари бўлишган.

Дастлабки диний сабоқни оила муҳитида олган Абдулваҳҳоб 15 ёшида ҳофизи Каломуллоҳ бўлиб етишади. Унинг бу даражага етишишида Лаббай тоға даҳасида яшаган устоз қори Эшон буванинг хизматлари беқиёс бўлган. Кейинчалик мавлоно Абдулваҳҳоб илм йўлида давом этиб Бухорога боради ва у ердаги мадрасалардан бирига ўқишга киради. Тафсир, фиқҳ, ҳадис каби илмларни қолаверса, араб, форс-тожик тилларининг сарф-у наҳвини мукаммал ўзлаштиради. 1912 йил Бухородаги таълимни тамомлагач, бира тўла ҳаж ибодатини адо этиб, Наманганга қайтади.

Ҳамсоялари Алишер ҳожи ака Абдулваҳҳоб қори домлани шундай хотирлайдилар:

«Ҳазрат қори домланинг бўйлари пастроқ, юзлари нурли, хушчақчақ, ҳазилкаш киши эдилар. Айниқса, биз толиби илмларга таълим берганларида, доимо ҳазил-мутойиба қилиб кулдирар, дарсни эса аъло даражада тушунтирардилар.

Маҳалладошларининг маълумотига кўра, раҳматли Абдулваҳҳоб қори домла меҳр-мурувватли ва ўта хотамтой киши бўлган эканлар. Қаҳатчилик ва уруш вақтларида уйларига катта дош қозон осиб, биринчи бўлиб ўзлари мош ва ловия солиб, кейин маҳалладаги ўзига тўқ кишиларга қани топганингларни олиб чиқинглар, дея ҳаммани савобли ва ҳайрли ишга ундардилар. Бир киши гўшт, биров макка, яна биров буғдой, нўхат ёки гуруч, хуллас ҳамма топганини олиб чиқиб берарди. Ҳамма масаллиқлар қозонга солиниб, эрталабдан кечгача қайнатилар, кечга яқин тайёр бўлган таомни маҳалланинг ёш-у қариси, мискин-у камбағали ва бева-бечораларга тарқатилар экан. Бу ишни Абдулваҳҳоб қори домламиз раҳнамоликларида кун ўтиб, анча йилларгача, яъни уруш тугаб, одамлар қийинчиликлардан ўтгунга қадар мана шундай ҳайрли амалларда давомий бўлдилар», дея эслашади.

Юқоридаги воқеалардан сўнг Абдулваҳҳоб  қори домла эл-юрт орасида «Мош домла» номи билан танилдилар. Домламизнинг касблари атторчилик эди. Шаҳардан ҳар хил рўзғорга ишлатиладиган атторлик буюмларини олиб, ҳар якшанба «Шаҳанд» бозорида сотиб тирикчилик қилиб ўтганлар.

Ҳазрат қори домла ўта тиришқоқ ва интилувчанликларидан ҳар бир ишни тез ва шошилиб қилардилар. Қуръони Каримни ҳам ёқимли оҳангда тажвид ва тартил қоидалари асосида ўқир эдилар. Овозлари ниҳоятда жарангдор ва ширали эди. Рамазон ойи келганида домламиз шижоатларига шижоат, қувватларига қувват қўшилиб, фақат уч кунлик хатми Қуръон қилиб, бир ой давомида 10 та манзилда хатмонага ўтардилар. Доимо биринчи бўлиб уйларида, кейин эса масжидда, сўнгра хонадонларда ўтиб бериб, ҳаммани хушнуд қилардилар.

Бундай хатми Қуръонлар бир неча йиллар даҳрийларнинг дўқ ва тазйиқларига қарамай, масжид ва хонадонларда бўлаверди.

Кунларнинг бирида Абдулваҳҳоб қорининг масжидда хатми Қуръон қилаётганларидан хабар топган КГБ ходимлари у зот билан бир неча кишини ҳибсга олиб, маҳкамага олиб кетибди. Бундан қори домла саросима ва ташвишга тушмай ҳар бир иш Аллоҳдан деб, ўзларига дам солиб кетаверибдилар. Нохуш хабар тонга қадар тез тарқаб, барча мўъмин-мусулмонлар қайғуга тушиб, кўзларида ёш билан «салотун нория»ни ўқиб Яратгандан енгиллик беришини тилаб дуо қилишибди. Миршаблар маҳкама биноси олдига ҳибсга олинганларни саф қилиб чизиб қўйибди. Эрталаб маҳкамага келган миршаббоши Алвантак саф бўлиб турганларни кўриб, қўл остидагилардан сўрабди. Булар ким? Нега турибди? Шунда ходимлардан бири: «тунда бу жиноятчиларни ушладик», дея ҳисобот берибди. Ундай бўлса, бирма-бир ўзим уларни тергов қиламан, дебди. Бироздан сўнг миршаблар Абдулваҳҳоб қорини Алвантак хузурига олиб кирибдилар. Алвантак ёлғиз, яккама-якка сўроқ қила бошлабди. Хўш, нима жиноят қилдингки, сени ушлаб келишди. Одам ўлдирдингми? Ҳазрат йўқ дебдилар. Унда хукумат ғазнасини ўмардингми? Яна ҳазрат йўқ дебдилар. Бўлмаса жиноятинг нима? - дебди. Шунда Абдулваҳҳоб қори домла: «Аллоҳнинг каломи бўлмиш Қуръонни ёддан ўқиганим учун ушлашди». Алвантак сўровда давом этиб: «сен айтяпган Аллоҳнинг каломи Қуръон қандай китоб?» - дея сўради. Бир пайт хазрат қори домла шоша-пиша ёнларидан Қуръони Каримни чиқариб, унинг олдига қўйибдилар. У эса Қуръонни олиб, варақлаб, шуни ҳаммасини ёдлаганмисан, дея таажжубланиб сўрабди. Абдулваҳҳоб қори домла «Ҳа», деб жавоб бериб, тажвид ва тартил қоидалари билан «Мулк» сурасини ўқиб берибдилар. Алвантак бу китобни биринчи бор қўлига олгани, Уни тинглаганида бутун баданлари жимирлаб кетибди ва бу қайси тилда ёзилган?, дея саволда давом этибди. Ҳазрат қори домла: «Аллоҳ томонидан Жаброил фаришта орқали йигирма уч йил давомида пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга араб тилида туширилганини айтиб берибдилар. Алвантакни қизиқиши ортиб, бунинг маъносини ҳам биласанми? деб сўрабди. Абдулваҳҳоб қори домла халимлик билан «Мулк» сурасини тафсирини бошлабдилар. Бу сура Маккада нозил бўлган, бошқа суралар каби бу сура ҳам ақийда масаласини муолажа қилади. «Мулк» сураси учта бош мақсадни ўз ичига олган:

Аллоҳнинг азамати, тирилтириш ва ўлдиришга қодирлиги баён қилинган;

Тангрининг ягоналигига далил ва ҳужжатлар келган;

Қиёматга ва ўлгандан сўнг қайта тирилишга ишонмайдиганларнинг оқибати нима бўлиши ҳақида хабар берилган, дея ҳар бир оятни тафсир қилиб, шарҳлаб берибдилар. Суҳбатларининг сўнгида ҳазрат қори домла: «Ислом инсонларни ҳалол-покликка, ёлғон гапирмасликка, бошлиқ мусулмон бўладими ёки ғайри дин бўладими, унга сўзсиз итоат қилишга, юртни ва ватанини ҳимоя қилишга буюради», дебдилар.

Шунда миршаббоши Алвантак, бу айтганларингни ҳаммасини мусулмонлар биладими? дебди. Ҳа, деб ҳазрат қори домла жавоб берибдилар. Бўлмаса сени ким бу ерга олиб келди. Абдулваҳҳоб қори домла билмайман, дебдилар. Алвантак жаҳл билан билиб қўй, сени бу ерга олиб келганни бугуноқ ишдан оламан, дея ҳазрат қори домлани кўчагача кузатиб чиқиб, саф тортиб турганларга қараб, ким булар, дебди. Менинг дўстларим, десалар, у: «Бундан бу ёғига эҳтиёт бўлинглар», деб барчани озод қилиб юборибди.

Абдулваҳҳоб қори домла миршаббоши Алвантак ҳаққига қўлларини кўтариб узоқ дуо қилиб, маҳкамадан чиқиб кетган эканлар.

Хуллас, ҳазрат Абдулваҳҳоб қори домла 1973 йили бу синовли дунёни тарк этдилар. Улар эски «От бозори» қабристони ҳозирги «Мангулик» мозоридан қўним топдилар.

Абдулваҳҳоб қори домланинг турмуш ўртоқлари Тоштиллахон ойим (1900-1986) мулла Соҳибжон (қассоб) қизи бўлиб, улардан 2 ўғил фарзанд кўрганлар.

Ўғиллари Аҳмадхон (1924-1990) ва Абдулфаттоҳ (1930-2000) лардир.

Аҳмадхон тақсир Тошпўлатхон қизлари Осиёхон ойим билан турмуш қуриб, 6 ўғил, 5 қиз фарзанднинг қиблагоҳи бўлганлар.

Ўғиллари Маҳмудхон (1946), Тоҳиржон (1950-2013), Комилжон (1955), Зокиржон (1957), Одилжон (1959) ҳамда Асадуллоҳ (1963)лар.

Ҳазрат қори домламизнинг устозлари ва чиқарган шогирдларини аниқ билмасак-да, ҳозирги кунда невара чеваралари олим-у фозиллар, қори-ю қурролар бўлиб, юртимиз равнақи ва халқимиз ривожига беназир ҳисса қўшиб келмоқдалар.

Аллоҳ ўтганларимизни ғариқу раҳмат, шоистаи жаннат қилсин. Омин![1]

Мустақил тадқиқотчи Акрам Шарипов

 


[1] Ушбу маълумотлар Абдулваҳҳоб (1928-2002) ҳожи домланинг «Наманганлик уламолар тарихи» номли эсталик дафтарларидан олинди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг диний қарашлари ҳақида жуда кўп ёзилган ва ёзилмоқда. Бироқ буюк алломанинг иқтисодий тафаккури ҳам айнан шундай юксак давоми...

1316 13:30 / 07.06.2023
Буюк вазир, салтанат устуни Абу Наср Муҳаммад ибн Мансур ибн Муҳаммад Кундурий. Султон Туғрулбекнинг вазири.Улуғлик, саховатпешалик, паҳлавонлик, китобатда давоми...

1393 18:00 / 25.07.2021
Мулла Абдулбоқи тўра Мавлонхон тўра ўғли 1903 йил Наманган шаҳри, Чуқур кўча даҳаси ҳозирги Хожам қабри маҳалласида зиёлилар оиласида дунёга келди. Насаби бир давоми...

2193 19:00 / 21.12.2021
Машҳур ҳофизи Қуръон Иззатуллоҳ мулла Ортиқ қори ўғли таҳминан 19 асрнинг иккинчи ярмида Наманган шаҳри, Сардоба даҳаси, Чор гўристон мавзеси ҳозирги Нодира давоми...

1654 14:30 / 29.04.2022
Аудиолар

120505 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7048 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42120 14:35 / 11.08.2021