1445 йил 25 шаввол | 2024 йил 04 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Тадқиқот: Вақтнинг хусусиятлари (иккинчи мақола)

17:00 / 22.05.2022 1656 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кейинга суриш офатлари

Бугунлик вазифани кейинга суришда, эртага қолдиришда офат бор.

Биринчидан, албатта, эртагача яшашга кафолат йўқ. Амирларнинг биттаси бир солиҳ кишини зиёфатига чақирди. У солиҳ киши рўзадор бўлгани сабабли узр сўради. Шунда амир: «Бугун рўзангни оч, эртага тутарсан», деди. Солиҳ киши: «Сен мени эртагача яшашимга кафолат бера оласанми?» деб сўраган экан.

Ҳолбуки, ҳеч ким ҳеч кимга эртагача яшашига кафил бўла олмайди. Ўлим тўсатдан ва турли сабаблар билан келади.

Фан-техника ва тиббиёт қанча ривожланганига қарамай бизнинг асримизда кутилмаганда ўлим билан юзлашиш ҳолатлари ўтган асрга нисбатан кўпроқ учраяпти. Тиббиёт ўлимни тўхтата олмайди ёки жарроҳлик ва шунга ўхшаш бошқа амалиётлар билан уни қайтара олмайди. Илм ҳам бугун замонавий асбоб-ускуналари, машина, самолёт, турли, механик ва электр жиҳозлари билан бир бўлиб ҳам ҳар куни саноқсиз ҳодисалар туфайли бўлаётган ўлимнинг олдини ола олмаяпти.

Иккинчидан, дейлик, сиз эртагача яшашингизга кимдир кафолат ҳам берди, лекин барибир сизни ўраб турган касалликлар, дуч келишингиз мумкин бўлган тасодиф ёки бало-офат каби тўсиқлардан эмин бўлолмайсиз. Шунинг учун эзгу ишларга шошилиб, кунлик вазифани вақтида адо этишингиз сизнинг олийжаноблигингизни белгилайди. Кечиктириб, кейинга суриш, фурсатни қўлдан бой бериш сизнинг ожизлигингиздир. Ўйлаганларингиз амалга ошмагач, ғам-ғуссадан шикоят қилиб қоласиз.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишига насиҳат қилиб: «Беш нарсани беш нарсадан олдин ғанимат бил: ўлимингдан олдин ҳаётингни, хасталигингдан олдин саломатлигингни, машғуллигингдан олдин фароғатингни, кексалигингдан олдин ёшлигингни ва камбағаллингдан олдин бойлигингни», дедилар (Аҳмад ривояти).

Олимлардан бири ёшларга қарата: «Иш қобилиятингизни йўқотмасингиздан аввал ишлаб қолинг, чунки мен бугун ишлашни истайман, лекин бунга қодир эмасман», деган экан.

Ҳафса бинти Сирин айтар эди: «Эй ёшлар, ишланглар. Албатта, иш ёшликдадир. Кексайгач, ҳеч нарса қила олмайсиз».

Учинчидан, албатта, ҳар бир куннинг ўз иши, ҳар вақтнинг ўз вазифаси бор. Бу ерда ишдан бўш вақт йўқдир. Умар ибн Абдулазиз ишнинг кўплигидан сал ҳорғин кўринганларида у кишига: «Бу ишингизни эртага қолдира қолинг», дейишибди. Шунда халифа: «Менга бир куннинг иши оғир келяпти-ку, икки куннинг иши тўпланиб қолса, уни қандай қилиб бажараман?» деган эканлар.

Ибн Ато ҳикматида айтади: «Вақтлар ичидаги ҳақларни қазо этиш мумкиндир, аммо вақтларнинг ҳаққини қазо қилиш мумкин эмас!» Ҳар бир ўтаётган вақт ичида Аллоҳ учун сизнинг устингизда янги ҳақ бордир. Муайян бир вақт ичидаги Аллоҳнинг ҳаққини адо этмаган киши бошқанинг ҳаққини қандай адо этсин?!

Тўртинчидан, тоат-ибодатни кечиктириш ва эзгу ишларни ортга суриш инсонни уларни тарк этишга одатлантиради. Одат эса, агар у томир отса, инсоннинг мустаҳкам табиатига айланиб, кейин ундан чиқиш қийин бўлиб қолади. Ҳатто киши тоатга ва солиҳ амалга шошилиши лозимлигини ақлан ҳис этади, лекин иродасидан бу ишга ёрдам берувчи нарса тополмайди, аксинча, амалдан толиқиш, безиш каби хусусиятларига дуч келади. Агар бир кунгина ибодат ва яхши ишга қадам ташласа, гўё елкасида бутун халқни кўтариб юргандек унга оғир келади. Шунга ўхшаб, унинг гуноҳлари, динга хилоф ишлари учун тавба қилишни кейинга сураётганини кўрамиз. Агар инсон нафси гуноҳ қилишга ва шаҳватга оғишга одатланса, улардан чиқиб кетиш қийин кечади. Чунки кун ўтган сайин унга муҳаббати ва кўникмаси кўпаяверади ва гуноҳи катталашаверади, бора-бора маъсиятнинг асари қалбда ўрнашиб, ҳатто қалбни қоронғулик чулғайди. Бундай қалбга ҳидоятдан бир шуъла ёки нурдан бир зарра ҳам киролмайди.

Ҳадиси шарифда: «Агар мусулмон киши гуноҳ қилса, унинг қалбида бир қора нуқта пайдо бўлади. Тавба қилиб, гуноҳдан ўзини тортса ва истиғфор айтса, қалби сайқалланади. Агар гуноҳ қилаверса, қалбдаги қора нуқта катталашаверади, ҳатто қора нуқта қалбини ўраб олади», дейилган. Аллоҳ китобида зикр қилинган қалбни гуноҳлар қоплаши қуйидагича бўлади:

«Йўқ! Қилган касблари қалбларига моғор бўлиб ўрнашиб қолгандир» (Мутоффифин сураси, 14-оят).

Бешинчидан, албатта, меҳнат тирик инсоннинг муҳим мақсадидир. Ишламайдиган киши яшашга лойиқ эмас. Инсондан талаб қилинган иш – хоҳ диний, хоҳ дунёвий бўлсин – ундан оқиб турувчидир.

Мусулмонларда машҳур ҳикмат бор: «Сен дунёинг учун гўё абадий яшаб қоладигандек ишла, охиратинг учун худди эртага ўладигандек ишла».

(Тамом)

Аъзамхон Муҳаммадали тайёрлади

«Ҳилол» журналининг 4(37) сонидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мушкулотимиз шундаки, бизнинг кўзларимиз оч. Йўқотилган ёки ўзимизда йўқ неъматларни санаб юрамиз. Бор неъматларнинг шукрини қилмаймиз. Қўлимиздаги нарсага эмас, давоми...

2429 11:09 / 31.10.2023
Ибн Асокир роҳимаҳуллоҳ ўзининг .Тарихи Димашқ, номли китобида шундай ёзади.Суҳайл ибн Аби Ҳазм айтади.Молик ибн Динор роҳимаҳуллоҳ вафот этганидан сўнг уни давоми...

1959 10:30 / 25.10.2021
Умар ибн Убайдуллоҳ ибн Маъмар раҳимаҳуллоҳ араблар орасида сахийлиги, шижоати билан ном чиқарган киши эди. Куняси Абу Ҳафс бўлган бу киши Қурайшнинг давоми...

2080 09:00 / 22.09.2021
Уйқудан уйғонишингни маъноси шуки, Аллоҳ таоло сенга тавба қилишинг учун яна бир бошқа кунни муҳлат қилиб берди. Унутма, бу берилган муҳлат сенга кечаги маъсият ва давоми...

1587 11:00 / 05.01.2023