1445 йил 5 зулқаъда | 2024 йил 13 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Киши севгани билан бирга бўлади!

09:04 / 06.05.2022 4819 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарга чиқдилар. Улар бир жойда дам олиб ўтиришганда бир аъробий келиб баланд овозда деди:

- Эй Муҳаммад!

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

- Мен буёқдаман, кел!-дедилар.

Саҳобалар аъробийга:

- Ҳолингга вой бўлсин! Овозингни пасайтир. Сен пайғамбарнинг олдидасан. Биз у кишига овозимизни кўтаришдан қайтарилганмиз!-дейишди.

Аъробий:

- Аллоҳга қасамки, овозимни пасайтирмайман!-деди.

Сўнгра Набий алайҳиссаломдан сўради:

- Киши бир қавмни яхши кўради. Аммо уларга ета олмайди?!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

- Киши қиёмат кунида яхши кўргани билан бирга бўлади!

Саҳобалар бу гапдан ниҳоятда шодланишди. Ҳеч қачон бунақанги хурсанд бўлишмаган эди!

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одобларига, кишиларнинг одатлари ва табиатларини нечоғлик ҳисобга олишларига қаранг!

Саҳро аъробийни қўпол ва дағал қилиб қўйган. У ер юзидаги яшаш энг қийин бўлган жуғрофий шароитда яшаш учун курашавериб шунақа қўпол табиатга эга бўлиб қолган. Майдоннинг кенглиги, масофанинг узоқлиги сабабли туялар ва қўйларга бақиравериб баланд гапиришга ўрганиб қолган. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг табиатини, одатини билганлари учун унинг камчилигидан кўз юмяптилар. Бу ерда ҳеч қандай шахсий масала ёки ҳурматсизлик йўқ. Аъробий пайғамбарлик лақабини айтмасдан «Эй Муҳаммад» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен буёқдаман, кел!», ёки «Марҳамат гапир, мен сени эшитаман!», дедилар!

Бу воқеа номуносиб ҳар қандай ҳаракатга шахсий масала деб қарамасликда биз учун буюк дарс бўлади!

Сиз ўрганган нарсани ҳамма ҳам ўрганавермайди. Ҳамманинг ҳам сиз каби тарбияси йўқ. Сиздаги табиат уларда йўқ!

Баъзи инсонлар энг мураккаб фикрий масалаларни ҳам осонлик ва худди мусҳаф ўқигандек вазминлик билан ҳал қилишади!

Баъзилар эса ҳатто футболда ҳам шунақа бақириб жанжал қилишадики, гўё рақибини ҳозир ўлдиради деб ўйлайсиз!

Инсонлар табиатини, уларнинг шароитини, ҳаётдаги ҳолатини, илм даражасини англашга уриниш ҳаётда бизга кўп асқотади!

Кишининг қиёмат кунида севгани билан бирга бўлишини эшитган саҳобалар ўша кунда хурсанд бўлган бўлишса, биз улардан ҳам кўпроқ хурсанд бўлишимиз керак бўлади. Бизнинг насибамиз нақадар гўзал! Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни севамиз, аҳли байтларини севамиз, Абу Бакр, Умар, Усмон, Али, Холид, Абу Убайда розияллоҳу анҳуларни, Аллоҳ Ўз Набийси соллаллоҳу алайҳи васалламга ёрдам беришлари учун танлаган буюкларимизни севамиз!

Қиёмат кунида у билан бўлиш сизни хурсанд қилмас экан, уни қалбингиздан чиқаринг. Зеро муҳаббат ҳам ибодатдир!

Абдулқодир Полвонов

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир киши ўзи гувоҳ бўлган ғаройиб ҳодисани шундай ҳикоя қилади .Бир чумолининг хурмо меваси бўлаги ёнига келганини кўрдим. Уни диққат билан кузатдим. Чумоли хурмо давоми...

6706 09:43 / 20 март
Кимнинг моли ортса, унинг учун ҳисоб бериши ҳам ортади. Унутманг, молнинг ҳалолига ҳисоб, ҳаромига азоб бор.Кимнинг зулми кўпайса, ниҳояси ёмон бўлади. Золим зулм давоми...

1926 14:00 / 06.03.2022
. ,. . , .. Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ алайҳиссалом шундай дедилар .Мендан кейин давоми...

1329 12:42 / 22 апрель
Баъзи кишилар гуноҳни беркитишни риё деб ўйлайдилар. Аслида ундай эмас. Риё қилмайдиган содиқ банда ўзидан маъсият содир бўлганда уни беркитса, жоиз. Чунки Аллоҳ давоми...

6197 19:00 / 23.07.2022