1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Яхшиликни унутиб юбориш айбдир!

11:35 / 15.03.2022 2532 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тоиф куни ниҳоятда оғир кечган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша куни жаннатни елкаларида кўтариб Тоифга бордилар. Тоифликлар иймон келтириб жаннатга киришини истадилар. Аммо уларнинг бошлиғи ибн Абди Ёлил Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Аллоҳ пайғамбар қилиш учун сендан бошқа кишини тополмадими?!», деб масхара қилди, ҳамда аҳмоқлари ва ёш болаларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларидан юбориб тошбўрон қилдирди. У кишини ёлғончига чиқарди, таналарини қонга белади. Муборак қонлари оқди. Инсонлар қанчалар бешафқат! Аллоҳга қанчалар журъатли улар! Аллоҳ қанчалар Ҳалим!

Мусибат ёлғиз келмайди. Энг қаттиқ синовлар пайғамбарларга келади. Ҳолбуки, пайғамбарлар инсонларнинг саййиди ҳисобланишади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам янги синов олдида эдилар. Ҳали Тоифда олган оёқларидаги яра битиб улгурмаган эди. Қурайш у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни Маккага киришларидан ман қилганида қалбларидан ҳам қон оқди. Суюкли Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам икки олов орасида қолдилар. Узоқдаги бегоналар даъватларини қабул қилишмади, яқиндаги қариндошлар у кишини қайтиб Маккага киришларини хоҳлашмади!

У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Маккага киришлари учун ҳимоячи зарур эди. Унинг ҳимояси остида Маккага киришлари керак эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мутъим ибн Адийнинг олдига бориб ундан ўзларини ҳимоясига олишини сўрадилар. У қабул қилди. Ўша кеча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг уйида тунадилар. Эртаси тонг отгач, Мутъим ўзининг ўғиллари билан қилич яланғочлаб Каъбанинг олдига келди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга қараб: «Истаганингча Каъбани тавоф қил!», деди.

Шунда Абу Суфён келиб Мутъимдан сўради:

- Сен ҳимоячимисан ёки унинг динига эргашдингми?

- Мен ҳимоячиман!

- Унда сенинг ҳимоянгни қабул қилдик. Муҳаммадни тинч қўямиз!

Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қанча вақт Маккада турдилар. Сўнгра ҳижратга рухсат берилди. Замон айланди. Орада Мутъим ибн Адий вафот этиб кетди. Сўнгра Бадр ғазоти бўлиб ўтди. Мусулмонлар унда ғалаба қозонишди. Қурайшнинг асирлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб келинганида шундай дедилар:

«Агар Мутъим ибн Адий тирик бўлиб мана бу бузуқлар ҳақида менга гапирганида уларни унга берган бўлар эдим!».

Мушриклар урушдаги асирлар эди. Агар бошқа бировда уларни ўлдириш имконияти пайдо бўлганида ҳеч иккиланмаган бўлар эди. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мутъим ибн Адийнинг яхшилигини эсладилар. Уни эътироф қилдилар. Саҳобаларга агар Мутъим тирик бўлганида ва у зотдан ўртага тушиб мушрик асирларни озод қилишларини сўраганида асирларни озод қилган бўлишларини айтдилар. Бу бировнинг қилган яхшилигининг эътирофидир!

Аслзода инсонлар бошқаларнинг қилган яхшиликларини унутишмайди. Яхшилик қилганлар бошқа дин ва бошқа миллатда бўлишининг қизиғи йўқ!

Шундай ҳолда кишида савол туғилади. Биз инсонларнинг яхшилигини билдикми? Уларнинг қилган яхшиликларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиб вақти келганида қайтардикми ёки яхшиликни қабул қилиб олиб индамасдан кетиб юбордикми?!

Қулни занжирлар билан боғланади, озод инсонни эса яхшиликлар билан. Биз ҳурлар сафида бўлиб ўзимизга қилинган яхшиликни унутмаслигимиз лозим. Тўғри, яхшиликни қилган киши унинг ўрнига бадал кутмайди. Аммо бизнинг ўша яхшиликни унутиб юборишимиз айбдир!

Бир киши бир қизга совчи бўлиб келади. Унга қизнинг отаси шундай дейди: «Мен сенга қизимни фақирлигимдан ёки боқа олмаганимдан бераётганим йўқ. Бу Аллоҳнинг бандалари орасидаги қонуни экан. Кучинг етганича унга маҳр, уй-жой ва жиҳозларни бер. Агар сеники етмаса мен ҳам қараб турмайман!».

Тўй бўлиб ўтди. Куёв айтади:

«Биз йигирма йилдан бери бирга яшаяпмиз. Мен бирор марта хотинимни ранжитмадим. Ҳатто у мен билан жанжаллашганида отасининг қилган яхшиликлари ёдимга тушар, у ноҳақ бўлсада унга индамас эдим!».

Яхшилик бекорга кетмайди. Гарчи одамлар орасида бекорга кетсада, Аллоҳнинг олдида зое бўлмайди. Биз яхшиликни қилганда уни бизга қайтаришларини кутиб қилмаслигимиз лозим. Аммо бизга биров яхшилик қилганида уни қарз деб билишимиз керак. Бир умр унга ўша яхшиликни қайтариш фикрида юришимиз лозим. Ана шу пайғамбарлар хулқидир!

Абдулқодир Полвонов

 

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Салама розияллоҳу анҳу Мадинага ҳижрат қилишга аҳд қилди. Хотини Умму Салама билан ўғли Саламани битта туяга, ўзи битта туяга миниб йўлга чиқди. Маккадан энди давоми...

1912 14:00 / 18.12.2021
У кишининг тўлиқ исмлари Саъд ибн Молик ибн Уҳайб ибн Абдуманноф ибн Зуҳра ибн Килоб ибн Муррадир. Саъд ибн Абу Ваққоснинг насаблари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи давоми...

1267 15:07 / 18.11.2023
Биз сўз юритмоқчи бўлган саҳобанинг исмлари Абдуллоҳ ибн Абдунаҳм ал Музаний бўлиб, жоҳилият пайтида исмлари Абдулуззо эди. Мадинага келганларида Набий давоми...

2819 19:00 / 10.05.2022
СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИСАҲОБАЛАР САЙЙИДИАбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳалар АБУ БАКР ndash ДОИМО ҒОЛИБ10қисмБир куни жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу давоми...

4484 16:28 / 21.04.2017