1445 йил 27 шаввол | 2024 йил 06 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Табассум Набий алайҳиссаломнинг одатлари эди

08:00 / 05.03.2022 2343 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жарийрдан ривоят қилинади:

«Мен мусулмон бўлганимдан буён қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган бўлсам, албатта, юзимга табассум билан қараганлар».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳозир мана шу эшикдан яманликларнинг энг яхшиси кириб келади. Унинг юзида подшоҳлик сиймоси бор», дедилар. Шунда Жарийр кириб келди».

Демак, одамлар билан кўришганда қовоқ солмасдан, ғамгин ҳолатда бўлмай, кўрган одамнинг юзига табассум билан қараб, табассум билан муомала қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари экан.

Ушбу ҳадиснинг ровийси ҳазрати Жарийр ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳуга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар доим табассум билан қарар эканлар. Бир куни у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳозир мана шу эшикдан яманликларнинг энг яхшиси кириб келади. Унинг юзида подшоҳлик сиймоси бор», деб башоратли сўз айтганларида, эшикдан ушбу саҳоба кириб келган эканлар.

Албатта, бу гап ҳазрати Жарийр ибн Абдуллоҳ учун жуда катта башорат бўлган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Оишадан ривоят қилинади:

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кичик тиллари кўринадиган қилиб кулганларини кўрмаганман.

Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо табассум қилар эдилар.

Бир булутни ёки шамол кўтарилганини кўрсалар, ташвишланаётганлари юзларидан билинар эди.

«Эй Аллоҳнинг Расули! Одамлар булутни кўрса, ёмғир ёғади деб, хурсанд бўлишади. Сиз эса булутни кўрсангиз, ёқтирмаётганингиз юзингиздан билинади», дедим.

«Эй Оиша! Ким менга унда азоб йўқлигига кафолат бера олади? Бир қавм шамол билан азобланган. Бир қавм азобни кўрганда, «Бу булут бизга ёмғир ёғдиради», деган», дедилар».

Демак, табассум Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари экан. У зотнинг қаҳқаҳа отиб, оғизларининг ичлари кўриниб кетадиган даражада қаттиқ кулиш одатлари бўлмаган экан.

Шунингдек, ушбу ҳадисдан шамол туриб, булут пайдо бўлганда Аллоҳ таолодан тинчлик, омонлик сўраб туриш керак эканини, чунки ўтган қавмлардан баъзилари шамол ва ёмғир билан ҳам азобланганини билиб олдик.

Биз ҳам ҳаётимизда ушбу ҳадисга амал қилишга одатланишимиз лозим. Бу билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилган бўламиз, суннатга амал қилганимиз учун эса савоб оламиз.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Оғизни ичи кўринадиган даражада катта очиб кулмаслик.

2. Кулганда табассум билан кифояланишга ҳаракат қилиш.

3. Об-ҳавонинг айниш аломатлари пайдо бўлганда Аллоҳ таолодан паноҳ сўраб туриш.

«Одоблар хазинаси» китоби асосида тайёрланди

Таржимон
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Саъийд ибн Абу Бурда отаси орқали бобосидан ривоят қилади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ҳар бир мусулмоннинг зиммасида садақа бор,, дедилар..Топа олмасачи, давоми...

1687 11:00 / 30.10.2023
Умму Саъид бинт Мурра Феҳрий отасидан ривоят қилади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Мен ва етимнинг кафили жаннатда худди ушбу иккиси кабидир. Ёки бу билан бу давоми...

1859 16:17 / 25.01.2020
31. Тойсаладан ривоят қилинади.У киши Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг .Отаонани йиғлатиш оқ бўлишдир ва гуноҳи кабиралардандир,, деганини эшитган экан,.Шарҳ Демак, давоми...

2931 10:00 / 16.12.2018
Кексалар уйқуга ётадилар, аммо ухлолмайдилар. Овқатланадилар, бироқ ҳазм қила олмайдилар. Куладилар, лекин хурсанд бўла олмайдилар. Табассумлари ортида кўз давоми...

4963 14:49 / 01 февраль