1445 йил 11 зулқаъда | 2024 йил 19 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

«Тасуф»нинг таассуфлари (биринчи мақола)

11:34 / 26.12.2021 1481 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Яқинда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ жанобларининг «Hilol-nаshr» нашриёти томонидан нашр этилган «Тасаввуф ҳақида тасаввур» китобларини харид қилиб, содда, халқона тилда баён этилган жумлалар билан ошно бўларкан, у зоти бобаракот томонидан ўтган асрнинг боши ва иккинчи ярмида тасаввуфга нисбатан Ислом оламида юзага келган қизиқишлар ҳақида қилган таъкидлари менга ҳам ўша кунларни яна бир бор эслатди. Устоз жумладан ёзадилар:

«...Бизнинг фикримизча, аҳли тасаввуфнинг ичида бу ишни қилишга қобилиятлилари йўқ эди. Борлари ҳам ўзининг шахсий риёзати билан ва муридларининг тарбияси билан банд эди. Ёзишга қобилияти борлар эса тасаввуфда яшамаган, яъни унинг ичига кирмаган кишилар эди. Улар тасаввуф ҳақида – унинг соф ҳақиқатини баён қилиш борасида бирор нарса ёза олишлари мушкул эди. Ғарблик шарқшуносларнинг ёзганлари эса сувни лойқалатишдан бошқа нарсага ярамасди...»

Муҳтарам шайхимизнинг бу таъкидларини ўқир эканман «ошкоралик даври» деб ном берилган, ғарбдан эсаётган шамоллар ана шундай бир мавҳумотга тўла тасаввуфга доир тасаввурлар ҳидини димоғимизга етказиб келаётган пайтлардаги воқеаларни кўз олдимда жонлантирди.

1988 йили эди. Камина «Гулхан» журналида адабиёт бўлимини бошқарардим ва иттифоқо ўзининг анча чапанилиги, ишчилардан чиққан қурувчи-ёзувчилиги билан гердайиб юрадиган бир акамиз ҳар галгидек ширакайф ҳолда, кабинетимга кириб келиб, ҳеч қандай салом-аликсиз, зўр ўлжани тутиб келган овчи каби менга катта бир илтифот иддаоси ила ўн икки бетлик дафтарни столим устига отиб, курсига ялпайиб олди.

Мен, албатта, акамиз болалар учун бирор ҳикояни қоралаб келгандир деган шумгина бир тахмин ила юрагим орқага тортганча, қўлда ажи-бужи қилиб ёзилган ёзувларга термулдим. Улар мана бундай бошланганди: «Ҳозир жамиятимизда тасуф(?)га қизиқиш ортмоқда. Таҳририятимиз бунга ойдинлик киритиш мақсадида махсус мухбиримизни Диний ишлар бўйича Ўрта Осиё мусулмонлари бошқармасига қарашли фалон масжид имом-хатиби фалончи ҳазрат писмадончи ўғлидан интервью олиш учун йўллади».

Бу акамиз эшикдан адашдиларов, деган хушкайфиятда, у кишидан, бу нарса ҳақиқатан ҳам бизнинг журналгами, дея сўрадим. Акамиз яхшилаб эснаб олганча, ҳар ҳолда қаерга келганимни жуда яхши биламан, дея думи хўржинда жавоб қайтарди.

– Кечирасиз, бу болалар журнали бўлса, – дедим яна тушунмай, – бизнинг ўқувчилар қаёқда-ю, диний бошқарма қаёқда? Ундан кейин, «тасуф» дегани нима?

Акамиз менга қолоқ бир кимсага дуч келиб қолгандай кўзлари катта-катта бўлиб тикилди:

– Ҳали тасуф нималигини билмайсанми?

– Йўқ, биринчи эшитишим...

– Ана шунинг учун ҳам бу мақолани ёзиб келганман-да. Юмуқ кўзларни очиш учун. Ўқи давомини...

Мен «юмуқ кўзимни очишга» уриниб, бу ажи-бужиларни тўрт қаторча ўқишга тоқатим етиб, охири «кўзимнинг юмуқлигича» қолишини афзал билдим.

– Кечирасиз, ўзи сиз ростданам бизнинг редакциядан шунақа топшириқ олганмисиз? – дедим бундай жиддий топшириқни бирорта бошқа бир катталар нашри берган бўлса керак, деган умидда.

– Сан қаттан келиб қолгансан ўзи? – деди мухбир ака бурнини сершовқинлик билан тортганча. – Ҳеч замонда шўро нашри бунақа топшириқ берадими? Мен ўз қалб амирим билан бу ишга қўл урдим. Ҳозир бутун дунё тасуфга қизиққан. Бу – мода, тушундингми, гаранг!

– Э-э, бўлди, – дедим бир нарсаларни тушунгандай. Зеро, бизда ишлайдиган техник муҳаррир Юсуф Жўраев қай куни «суфизим таълимоти, тасаввуф» каби бир нарсаларни айтгандай бўлувди. – Сиз, тасаввуф ҳақида мақола ёзиб келгансиз!

– Ҳа-да, – деди аканинг чиройи очилиб. – Ана энди калланг ишлай бошлади.

– Аммо бу нарсани болалар журналига алоқаси йўқ, – дедим дафтарни шартта ёпиб. – Бунинг устига таҳририятимиз бунақа ваколатни сизга бермаган экан.

Аканинг юзи ғазабдан бўзариб кетди. У шу қадар бақиришга тушдики, очиқ эшикдан унинг товуши коридорга ҳам чиқиб, айримлар хонага мўралай бошлашди:

– Бюрократлар! Ишдан кейин дам олиш ўрнига улар учун долзарб суҳбат уюштириб келасан, булар бўлса ноз қилишади!!!

Ака дафтарни қўлимдан юлиб олганча, чиқиб кетди. Бир дақиқадан кейин телефоним жиринглаб, масъул котиб Рустам Рўзматов мени кабинетига чақирди:

– Нима учун бу акани ҳақорат қилдингиз? Бу киши қалб амри билан шундай буюк ишга қўл урибди...

– Ҳа, шу қадар буюк ишки, жасорат учун анчагина отволганлар! – дедим пичинг қилиб.

– Ҳей, ичсам ўз пулимга ичганман! Ишчилар синфи чарчоғини ёзиши учун ичишга ҳаққи бор! – дея ака яна ўрнидан кўтарилиб кетди.

– Сиз аввал битта нарсани танланг: ё ичишни, ёки динни! – дедим баттар кесатиққа зўр бериб.

Бу гапим «зўраки мухбир»нинг сабр косасига томган охирги томчи бўлдими, Рустам аканинг қўлидаги дафтарини юлиб олиб, эшикка жўнади: «Марказқўмга бораман! Ишчилар синфини ҳақорат қилиш қанақалигини кўрсатиб қўяман...»

(Ҳа, орамизда ариқнинг у қирғоғидан бу қирғоғига осонгина ҳатлаб ўтадиган, эътиқоди омонат кимсалар ҳам учраб туради).

(Давоми бор)

Оллоёр Бегалиев,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

«Ҳилол» журналининг 11(32) сонидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Дуо ибодатнинг миясидир,, дедилар,.Шарҳ Бундан .Дуосиз ибодат миясиз ибодат бўлади,, давоми...

2534 08:45 / 14.02.2019
Ҳозирги кунда христианлик деб аталиши урф бўлиб қолган динни исломий адабиётда масийҳийлик ёки насоролик ndash насронийлик дейилади. Бу динни Аллоҳ таоло юборган. давоми...

3333 15:40 / 04.12.2018
Абдуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ айтади .Бир киши Суфён Саврийга эргашиб, уни кузатди. Суфён Саврий бир ғиштни олиб, унинг ичидаги бир парча қоғозга қарай бошладилар. давоми...

2283 09:10 / 02.09.2019
Кўпчилик англаб олиши лозим бўлган ҳақиқатлардан бири шуки, бир шахсдан содир бўлган ҳар бир зулмга қарши унга ҳам ўшанча мислда жавоб қайтариш жоиз эмас. Мисол давоми...

3613 00:05 / 29.04.2017
Аудиолар

121579 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

43052 14:35 / 11.08.2021