1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Илм-маърифат фидоийси (иккинчи мақола)

12:30 / 05.12.2021 1524 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1863 йилда Иноятхожа Бухоро амирининг рухсати ва устозларининг оқ фотиҳаси билан она юрти Наманганга қайтади. Иноятхожанинг ақл-идроки, билим-заковати, илм олишдаги тиришқоқлиги ва ўткир зеҳнини кўрган Бухоро олимлари, «у Бухоро илмининг ярмини юртига олиб кетди. Чунки у «ду чорак» китобини ёд билар эди», дея таърифлаган эканлар. Чорак сўзи ботмоннинг тўртдан бири, бир ботмон 10-11 пуд, «ду чорак» 80-85 кг ни англатади.

Иноятхожа Наманганга қайтгач, Лангар мавзесидаги масжидда мударрислик ва имом-хатиблик фаолиятини бошлайди. Тез орада унинг довруғи бутун Ўрта Осиё ва Қўқон хонлиги ҳудудларида маълум ва машҳур бўлиб кетади.

1864 йил Миён ҳазратларининг тавсиялари билан Қўқон хони Худоёрхон (1845-1875) ёш Иноятхожани Наманган уламолари раиси ва Азизхожа мадрасасининг бош мударриси қилиб тайинлайди. Бу фармонни омма орасида эълон қилиш ва ижросини таъминлаш мақсадида Миён ҳазрат Наманганга ташриф буюрадилар ва омма орасида Худоёрхоннинг ушбу фармонини ўқиб эшиттирадилар. Иноятхожа ўзига юклатилган вазифани сидқидилдан бажаришга киришади. Даставвал, масжид ва мадрасалар фаолиятини яхшилашга киришади. Уламолар ҳайъатини тузиб, бир қатор мударрис ва имом-хатибларнинг билим ва салоҳиятларини кўрикдан ўтказади. Вақф, закот, ушр каби даромадларнинг йиғилиши ва тақсимланишини тафтиш эттиради. Қуръони Каримни ёд олган қориларга юксак ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилади ва уларнинг тажвид ва тартил қоидаларига амал қилишларини ҳам қаттиқ назорат қилади.

Бундан ташқари, бозор ва расталарни айланиб, тош-тарозиларни текширтирар, ҳунарманд ва тужжорлардан савдо-сотиқ қоидаларига амал қилишларини талаб этарди.

Халқ Иноятхожани алломалар улуғи, халқпарвар, ростгўй ва мард инсон деб мадҳ қиларди. Гуруч курмаксиз бўлмайди дейилганидек, Иноятхожанинг муваффақиятларини кўра олмайдиган аламзада, хасадгўй рақиблари бир неча бор Қўқон хони Худоёрхонга иғво, туҳмат ва бўхтонлар билан шикоят қилишади. Аллоҳнинг раҳмати ва инояти билан Иноятхожа бир неча бор хоннинг қаҳру-ғазабидан омон қолади. Тахминан 1866-1867 йиллар орасида шикоятлардан безор бўлган Худоёрхон Иноятхон Лангарийни оиласи билан Андижон вилоятининг Шаҳрихон мавзесига (сургун қилиб) жўнатиб юборади. Иноятхожа у ерда ҳам бекор бўлмай шаҳар мадрасасида толиби илмларга дарс бериб, мударрислик қиладилар. Маълум вақтдан кейин Наманганга қайтиб келиб, умриларининг охиригача мударрислик фаолияти билан шуғулланади. Бир вақтнинг ўзида Азизхожа эшон, хожа Амин ва Лангар масжиди қошидаги мадрасаларда юзлаб толиби илмларга таълим беради.

Шогирдларидан кўплаб дин пешволари, олими уламолар, қозилар, муфтийлар ва аъламлар етишиб чиққан. Биргина Наманганнинг ўзидан Иноятхожа Лангарийдан таълим олган бир қанча пешқадам машҳур уламолар етишиб чиққан. Улар: Жунайдуллохон тўра, Собитхон тўра (1866-1927), Яҳёхон тўра, Мулла Нажмиддинхон тўра, Мулла Нуриддин хожа, Муҳаммадхон тўра (1850-1928) ибн Меҳмонхон тўра, ҳазрати Авлиё домла (мулла Отахон Махдум ваф.1924), мулла Бобохон Нодим Намангоний (1844-1910), Исҳоқхон тўра Ибрат (1862-1937), мулла Йўлдош Ҳилватий (1858-1921), Комол хожа эшон, Аҳрор хожа Аълам, Мирзо Юнус (заррин қалам), мулла Жалол қори (пешқадам), Сиржиддин махдум ва бошқалар.

Юзлаб шогирдларга таълим ва тарбия берган Иноятхожа Лангарий илм олишдан тўхтаб қолмади. У устози Миён ҳазрат даргоҳларига тез-тез бориб, таълим олишни давом эттиради. Кейинчалик устози Миён ҳазрат руҳий ва маънавий камолот ҳосил қилиш учун Муҳаммад Солеҳ хонақоҳларига бориши лозимлигини айтадилар. Муҳаммад Солеҳ (Эшони Ҳўқандий) Нақшбандия тариқатининг намояндаларидан, ўз даврининг маълум ва машҳур олим ва мударрисларидан бири бўлган.[1] 

 (Давоми бор)

Акрам Шарипов, мустақил тадқиқотчи,
Чиноз тумани, Олмазор қўрғони.


 
 


[1] Ушбу шаҳс ҳақида тўлиқ маълумот олиш учун қаранг; И.Останақулов. Авлиёлар султони,Туронлик валийлар.-Т.; Янги аср авлоди, 2004, Б.218.

 

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умарали Эшон каромат соҳиби ва валий зот бўлганлар. Шоли экиш мавсуми яқинлашганда Умарали халифа ҳазратлари муридларига бу йил шоли экиш ниятида бўлган давоми...

1631 15:30 / 14.10.2021
Ушбу рисолаи шарифни шайхул ислом Ҳожа Муҳаммад эшон тебратган сулук йўллариТариқати Нақшбандийя МажзубийяМусулмон бандаман.Беш ислом асосим бор.Олти калимаи давоми...

1519 11:30 / 23.11.2021
Уламолар айтадилар.Агар бир одам намоздан лаззатланишни сезмай қолган бўлса ва уни кечикиб адо этиб дангасалик қилаётган бўлса, Қуръони каримни борган сари кам давоми...

4204 09:00 / 22.08.2021
Муҳаммадхон махдум Мулла Рустам домла ўғли 1900 йилда Наманган шаҳри, Сардоба даҳаси собиқ Тельман кўчасида зиёли оилада дунёга келди. Отаси мулла Рустам домла давоми...

1897 17:00 / 14.03.2022
Аудиолар

120506 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7048 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42121 14:35 / 11.08.2021