1445 йил 7 зулқаъда | 2024 йил 15 май, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Абу Ҳанифа, Шофеъийни танимайману Луис 14 ҳақида гапириб бераман

11:00 / 19.11.2021 3007 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шайх Али Тантовий роҳимаҳуллоҳ айтади:

«Уйда ўтирганимда эшик тақиллади. Бориб очдим. Ҳижозлик биродарларимдан бири зиёрат қилгани келибди. Уни кутиб олиб салом бердим. У ёқ бу ёқдан гаплашдик. Кейин унга дедим:

- Бир қизчам бор. Уни эшитиб кўрасизми? Ундан Хансо (Хансо — жоҳилият давридаги шоиралардан. Кейинроқ мусулмон бўлган) ҳақида сўрайсиз. У Хансо ҳақида кўп нарса билади. Унга ўхшашни орзу қилади.

Меҳмон:

- Жоним билан, деди.

Мен: «Ҳой фалончи!», деб чақирдим. Қизчам югуриб келди. У билан биргаликда бешинчи синфда ўқийдиган акаси ҳам келди. Ўғлимнинг ҳам келганидан хурсанд бўлдим. Ўзимча: «Қизим саволларга жавоб бера олмаса акаси жавоб беради. Меҳмоннинг олдида юзимиз қизармайди», деб ўйладим.

Меҳмон қизчамни эркалатди. Чўнтагидан қоғозга ўралган конфеть чиқарди. Сўнг қизимга қараб деди:

- Мен сенга саволлар бераман. Агар жавоб бера олсанг ушбу конфеть сеники!

Қизим сўлаклари оқиб туриб деди:

- Майли сўранг.

Меҳмон савол берди:

- Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оталарининг исми нима?

Қизим:

- Билмайман, деди.

Меҳмон:

- Абу Бакр ким?- деб сўради.

Қизим:

- Бу бизнинг тарихимизда йўқ. Бунга етиб келмаганмиз. Мендан Хусийлар, Ибронийлар ҳақида сўранг...

Меҳмоннинг ҳуши бошидан учди. Мусулмон бўлган, унинг устига араб бўлган кишининг буни эшитиб бошидан ҳуши учиши тайин. Меҳмон сўнгра менга қараб деди:

- Қизингиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг танишдан олдин Хусийлар ва Ибронийлар тарихини ўқияптими?!

Пешанамдан тер оқиб туриб дедим:

- Қизчам ҳали ёш. Ўғлимдан сўранг. У бешинчи синфда ўқийди.

Меҳмон деди:

- Берироқ кел ўғлим. Менга буюк фотиҳ Муҳаммад ибн Қосим Сақафий ҳақида гапириб берчи?

Ўғлим:

- Буни ҳали ўқиганимиз йўқ. Агар хоҳласангиз сизга Наполеоннинг таржимаи ҳолини айтиб бераман. Меҳмон истиржоъ айтиб деди:

- Унда шоирлар дўсти, адиблар ҳомийси Сайфуддавла ҳақида гапириб бер.

Ўғлим:

- Уни ўқимаганмиз. Аммо истасангиз сизга Луис ўн тўртинчи ҳақида гапириб бераман. У шоирларнинг дўсти бўлган, адибларга ҳомийлик қилган. Агар у бўлмаганда Монтескьё, Жан Жак Руссо ва Вольтерлар бўлмас эди.

Меҳмон сўради:

- Ким улар?

Ўғлим:

- Адиблар ва ёзувчилар.

Меҳмон деди:

- Ўйлайманки, уларни таниганинг каби Ғаззолий ва ибн Холдунларни ҳам танийсан.

Ўғлим деди:

- Уларни танимайман.

Меҳмон:

- Абу Ҳанифа ва Шофеъийничи?

Ўғлим:

- Буларни ўргансам имтиҳондан йиқиламанда. Истасангиз сизга Европанинг ўрта асрлардаги тарихини, Наполеон ҳақидаги воқеаларни айтиб беришим мумкин.

Меҳмон сўради:

- Ярмук ва Қодисийя воқеаси ҳақида нима биласан?

Ўғлим:

- Тарихимизда Ярмук, Қодисийя йўқ, деди.

Шунда меҳмон:

- Етарли, етарли..., деди.

У менга шундай қарадики, унинг назари ҳар қанақа ваъздан ортиб тушди. Шарфи билан кўзидаги ёшларни артиб мендан кетишга изн сўради. Уни кузатаётиб «қани энди ер ёрилса-ю мени ер ютса», деб орзу қилдим.

Абдулқодир Полвонов

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умар ибн Абдулазизнинг мавлосидан ривоят қилинади .Бир куни Умар ибн Абдулазиз йиғлаб уйғонди. Мен тургунимча ҳам йиғидан тўхтамади. Мен у билан бир хонада ухлар давоми...

1165 08:16 / 03.11.2020
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётларининг охирига келиб, турли қабила ва юрт одамлари Исломни қабул қилишди. Янги мусулмонлар қаршисида давоми...

2508 14:00 / 28.06.2019
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади.... Ким Аллоҳга таваккал қилса, бас, унга У зотнинг Ўзи кифоядир. Албатта, Аллоҳ Ўз ишини етказувчидир. Ҳақиқатан, давоми...

2045 15:30 / 08.06.2019
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Мўмин киши биродарининг кўзгусидир. Унда бир айбни кўрса, тўғрилайди,.Шарҳ Мўминмусулмонлар бирбирларига кўзгу давоми...

3324 19:00 / 20.02.2019
Аудиолар

121379 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42885 14:35 / 11.08.2021