1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мавлид

Дунёнинг маҳбуби (биринчи мақола)

16:30 / 25.10.2021 1504 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ никоҳ хусусидаги суҳбатларида ушбу гапни кўп айтардилар: «Бугунги ҳаётимизга назар солсак, оилаларимизда нима яхшилик бўлса, бахт­саодат бўлса, унинг динимиз шарофатидан эканини, нима ноқулайлик, қандай нохушлик бўлса, динга амал қилмаганимиз сабабидан эканини кўрамиз. Ҳозирда мусулмонлар ҳар қачонгидан ҳам ўз динларидан узоқлашган бўлишларига қарамай, бошқаларга таққосланса, оила масаласида энг намунали халқ бўлиб турибдилар».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилавий ҳаётларини ўрганар эканмиз, у зотнинг чин пайғамбар эканликларига яна бир бор гувоҳ бўламиз. Бу борада ҳам у зотдан устун ва намуна олишга ҳақли инсон йўқлигига амин бўламиз. У зотнинг қанчалар забардаст, ўткир, дунёни титратган оламшумул шахс бўлиш билан бирга, ҳалим, меҳрибон, шафқатли ва кечиримли бўлганлари, айниқса, нозик хилқат – аёлларга нисбатан ўта мулойим бўлганларини кўриб, бу буюк шахсият қаршисида тиз чўкамиз. Шу билан бирга, бугунги мусулмонларнинг оилавий ҳаётлари суннатдан қанчалар олислаб кетганини фаҳмлаб, бироз маҳзун тортамиз. Бугун инсоният бу қутлуғ оиладан намуна олишган қанчалар муҳтожлигини бутун вужудимиз билан ҳис этамиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилавий тутумлари ҳақида сўзлар эканмиз, у зотнинг ушбу мавзуга доир ҳадислари, қарашлари билан ҳам қисқача танишиб олишимиз мақсадга мувофиқ бўлади, албатта.

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларни хушбўйликдек ёқимли дея таърифлаганлар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дунёдан менга аёллар ва хушбўйлик маҳбуб кўрсатилди ва кўзимнинг қувончи намозда қилинди», дедилар» (Аҳмад ривояти).

Бутун дунёда аёллар одам ўрнида кўрилмай, ҳар тарафлама таҳқирланиб турган бир пайтда аёлларни хушбўйлик каби ёқимли дея эътироф этиш аёл зоти ҳақидаги жоҳилий тасаввур ва тасарруфларга қақшатқич зарба эди.

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг хусусиятларини, имкониятларини инобатга олишни уқтирар ва бу ҳол уларнинг яратилишларидаги табиатлари эканини таъкидлар эдилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аёлларга (яхши) муомала қилинглар, чунки улар қовурғадан яратилган. Қовурғанинг энг эгри жойи унинг юқорисидир. Уни тўғрилашга уринсанг, синдириб қўясан, агар ташлаб қўйсанг, эгрилигича қолаверади. Аёлларга (яхши) муомала қилинглар!» (Бухорий ривояти).

Таржимада «муомала қилинглар» деб ўгирилган сўз араб тилида жуда кенг маънода қўлланади. Бу сўз «бир-бирингизни шунга буюринглар», «ўзаро насиҳат қилинглар», «ушбу васиятимни қабул қилиб, унга амал қилинглар» деган мазмунларни ҳам ўз ичига олади.

«Аёл қовурғадан яратилган», деганда Ҳавво онамизнинг Одам алайҳиссаломнинг қовурғасидан яратилгани назарда тутилган. «Қовурғанинг энг қийшиқ жойи унинг юқорисидир», дейилганда аёлнинг эркакдан ақлу тафаккурда, ҳис-туйғуларда фарқли эканига ишора қилинган. «Уни тўғрилашга уринсанг, синдириб қўясан», дегани «Ундан табиатига зид нарсани талаб қилсанг, Аллоҳ берган хусусиятларини ўзгартиришга уринсанг, ундан айрилиб қоласан, ажрашишингга тўғри келади», деганидир. Чунки жамиятдаги вазифасини бажариши учун аёлга ўша табиат керак. Бир сўз билан айтганда, у шуниси билан аёл. Бироқ бу кўрсатма аёлликка хос бўлган хусусиятларгагина тегишли. Аммо аёлда меъёрдан ташқари хатти-ҳаракатлар, одобсизлик, шариат чегараларидан ташқари ҳолатлар кузатилса, у ҳолда уни мулойимлик билан тўғрилаш керак бўлади. Шу боис ҳадисда «агар ташлаб қўйсанг, қийшиқлигича қолаверади», дейиш билан бунда ҳам меъёр бўлиши кераклиги, ҳар қандай ишни аёлликка тўнкаб, ўзни оқлаш тўғри эмаслиги уқтирилмоқда.

Демак, бу ҳадис айримлар ўйлагандек, аёлларни камситиш учун эмас, балки уларни ҳимоя қилиш, бор ҳолатларини тушунтириш, улардан камчилик ўтганда ҳам эҳтиёткорлик билан ислоҳ қилиш кераклигини, уларга нисбатан кечиримли бўлиш лозимлигини таъкидлаш учун айтилган. Шунинг учун ҳам ҳадис аёлларга яхши муносабатда бўлишга буюриш билан бошланган ва якунланган. Бу ҳадис эркакларга насиҳат мазмунида айтилган ва аёллик табаитини тамсил орқали тушунтирган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамиша аёлларнинг ҳақларини эслатиб турганлар, уларга гўзал муомала бўлишни буюрганлар, хусусан, ҳаётларининг сўнгги ойларида, Видолашув ҳажида қилган машҳур хутбаларида ҳам энг муҳим масалалар қаторида аёлларнинг ҳуқуқлари, эҳтиромлари хусусида алоҳида тўхталиб ўтган эдилар.

3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли оилага гўзал муомалада бўлиш кишининг иймонини намоён этадиган, инсонийнилигини кўрсатадиган мезон дея уқтирардилар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: «Мўминларнинг иймони энг баркамоли – хулқи гўзалроғи ва аҳлига мулойимроғидир», дедилар» (Термизий ривояти).

Имом Бухорий ва бошқа муҳаддислар ўзларининг саҳиҳ ҳадисларни жамлаган тўпламларида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларнинг яхшиларингиз ўз аҳлига яхшиларингиздир. Мен ўз аҳли энг яхши бўлган кишингизман», дедилар».

Қаранг, қандай ҳам ажойиб ўлчов. Кишининг нақадар яхшилиги унинг ўз аҳли оиласига бўлган муносабатида намоён бўлади, демоқдалар. Демак, набавий мезонга кўра, ошна­оғайниси, ҳамкасблари, раҳбар­хўжайинлари билан ёки қариндош­уруғи, маҳалла­кўйи билан ёхуд ота­онаси билан яхши муносабатда бўлишнинг ўзи билан киши энг яхши инсон бўла олмас экан, балки ўз аҳлига яхши бўлган киши одамларнинг энг яхшиси ҳисобланар экан. Бу сўзда жуда катта воқеий ҳақиқат ўз ифодасини топган.

(Давоми бор)

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
«Ҳилол» журналининг 10 (31) сонидан

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Расулуллоҳ сизни нега севишимизнинг сабаби1 Мен сизни севаман, чунки Аллоҳ таоло сизни севади шунинг учун ҳам севаман.2 Мен сизни севаман, чунки сизни севгингиз давоми...

1817 09:55 / 31.10.2019
Ўтган асрда яшаб ўтган Андижоннинг йирик уламолари, жумладан, Абдулмажид қози домла, Аминжон Махсум домла, Ҳабибуллоҳ ҳожи дада, Муҳаммад Мубин қори дадалар давоми...

1122 15:00 / 16.10.2021
Само чокчокидан сўкилди гўё,Ёшу қари бирдек бўлмишди карахт. Мадина зор йиғлаб тўлғонар гирён,Жанобим Ёрига айламиш риҳлат. Чиройда мислсиз гўзал гул юзим,Бани давоми...

865 09:03 / 12.10.2023
2679. Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Анасга.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочshyлари қандай эди, дедим. .Сочлари тўлқинсимон жуда жингалак ҳам, давоми...

4098 17:41 / 29.11.2017
Аудиолар

120575 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42176 14:35 / 11.08.2021