1445 йил 21 шаввол | 2024 йил 30 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим 146-дарс. Қуръони Карим маънолари таржимаси унинг тафсиридек нарсадир

18:00 / 20.07.2021 2876 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръони Карим таълимотларини, Ислом динини бутун дунёга тарқатиш масъулияти уламоларимизни Қуръони Карим маъноларини таржима қилиш масаласини қайта кўриб чиқишга мажбур қилди.

Авваллари айнан Қуръони Карим муҳофазаси йўлида, асл Қуръон қолиб, унинг маънолари таржимасига суяниб қолинмасин, таржималардаги ихтилофлар Қуръон ҳақидаги ихтилофларга олиб бормасин, одамлар таржимага суяниб, араб тилини ўрганмай қўймасин каби мулоҳазалар ила Қуръони Карим маънолари таржимасига расмий рухсат берилмаган эди.

Энди эса шароит тамоман ўзгарган эди. Аллоҳ таоло томонидан нозил этилган араб тилидаги асл Қуръон муҳофазаси собит бўлган эди. Одамларнинг маънолар таржимасига суяниб, асл матнни унутишлари хавфи ҳам кўтарилган эди. Араб тилини биладиган мусулмонлардан кўра у тилни билмайдиган мусулмонлар кўпайиб кетган эди. Уларнинг барчасига Қуръони Каримни тушунадиган даражада араб тилини ўргатиш қийинлиги ҳам аён бўлган эди.

Бунинг устига, дунёнинг мусулмон бўлмаган халқларини ҳам Исломга даъват қилиш керак эди. Энг муҳими, Қуръони Карим маъноларини бошқалар нотўғри таржима қилиб, тарқатмоқда эдилар. Бу ўзига яраша катта хатар эди. Ана шу омилларни эътиборга олган уламоларимиз Қуръони Карим маъноларининг исломий таржимаси зарурлиги ҳақида фатво чиқардилар ва бундай таржима учун керакли шартларни ҳам баён қилдилар.

Мазкур шартлар «Қуръони Карим маънолари таржимаси унинг тафсиридек нарсадир», деган тушунча асосида қўйилгани учун биз юқорида зикр қилиб ўтган, тафсир ва тафсирчи учун қўйилган шартларнинг айни ўзи эди.

Шу билан бирга, маънолар таржимасига қўшимча шартлар ҳам қўйилди. Улардан баъзилари қуйидагилар:

1. Таржимон араб тилини ўта яхши билиши билан бирга, таржима қилинаётган тилни ҳам жуда яхши билиши шартлиги.

2. Таржимани «Қуръон таржимаси» эмас, балки «Қуръони Карим маънолари таржимаси» деб аташ ва тушуниш лозимлиги.

Чунки Қуръони Каримни айнан ўзидек таржима қилиш умуман иложи йўқ нарсадир. Нафақат таржима, балки араб тилида ҳам Қуръони Каримнинг комил матни у ёқда турсин, бирор оятига ўхшаш матнни келтириш ҳам амримаҳол экани собит ҳақиқатдир.

3. Мазкур маънолар таржимасидан фақат Қуръони Карим маъноларини тушунишда ёрдамчи сифатида фойдаланиш мумкинлиги. У маънолар таржимасини ибодатда қироат қилиш, улардан ҳукм чиқаришга ҳаракат қилиш, таржималар атрофида ихтилофлар қилиш мутлақо мумкин эмаслиги.

4. Қуръони Карим маънолари таржимасини ёзганда, албатта, арабча оятлар билан бирга ёзиш шарт. Биринчидан, бунда асл матннинг қудусияти балқиб туради. Қолаверса, таржиманинг аниқлигини ҳар доим текшириш имкони бўлади.

(Тамом)

«Қуръон илмлари» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
84. Ва Мадянга биродарлари Шуайбни юбордик. У .Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг, сиз учун Ундан ўзга илоҳ йўқ. Ўлчовни ва тортишни камайтирманглар. Албатта, мен давоми...

3661 05:00 / 23.01.2017
Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ ҳузуридаги заиф инсон сифатида, у Зотдан ёрдам сўрайдиган, ҳидоят ва мағфират тилайдиган, нимага буюрса, давоми...

7078 13:04 / 17.12.2018
Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир, у билан бирга бўлганлар кофирларга шиддатли, ўзаро раҳмдилдирлар. Аллоҳдан фазл ва розилик тилаб, рукуъ ва сажда қилган ҳолларини давоми...

3351 05:00 / 19.01.2017
208209. Эй иймон келтирганлар Исломга тўлиғича киринг. Ва шайтоннинг изидан эргашманг. Албатта, у сизга очиқ душмандир. Агар очиқ баёнотлар келгандан кейин ҳам давоми...

4448 05:00 / 19.01.2017