1445 йил 7 зулқаъда | 2024 йил 15 май, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Тўй қилаётганларга эслатма!

13:30 / 16.07.2021 2103 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

“Исроф” сўзи асли арабча бўлиб, “ҳисобсиз тарзда ишлатиш”, “ҳаддидан ошиш” каби маъноларни англатади. Исрофга йўл қўйган одам Аллоҳ белгилаб берган чегарадан чиқиб, У Зотнинг неъматларини ўрнига сарфламаган ёки ҳожатдан ташқари ишлатган бўлади. Тилимизда ушбу сўз “нобуд қилиш”, “увол қилиш”, “неъматни қадрламаслик” каби маъноларни англатади.

Муқаддас динимиз Исломда исроф қаттиқ қораланган. Аллоҳ таоло Ўз Каломи мажидида шундай деган:

وَكُلُوا وَاشْرَبُوا وَلاَ تُسْرِفُوا إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ

Енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар. Зеро, У исроф қилгувчиларни севмас” (Аъроф сураси, 31-оят).

Шариатимизда исроф қилиш қаттиқ қораланганини ҳис қилиб, исрофдан тийилиб, тежамкор бўлишимизни Аллоҳ таоло барчамизга насиб этсин!

Рашк иймондандир

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ рашк қилади. Мўмин ҳам рашк қилади. Аллоҳнинг рашки  мўминнинг Аллоҳ ҳаром қилган нарсасини қилмоғидир», дедилар».

Термизий ва Бухорий ривоят қилишган.

Тўйхона пештоқининг икки тарафига келин-куёвнинг катта расмлари илинган. Ташриф буюрувчи эркакларнинг ўша расмга кўзи тушишини била туриб, бўлажак аёлининг расмини илишларига индамаган эркак жинсига мансуб мавжудотларнинг ҳамиятли, рашкли, мард эркак бўлишларини Аллоҳ таоло насиб этсин!

Келиннинг уйи олдига бориб, аёл-қизларга хос нозиклик ва назокат билан эгилиб-эгилиб “куёв салом” қилаётган ”эркак”ларга Аллоҳ таоло ор-номус берсин!

Нафақани эркак қилади

Никоҳ ўқилгандан кейин куёвнинг зиммасига келиннинг барча нафақаларини қилиш мажбурияти тушади. Бирорта куёв ўз жуфти ҳалолининг нафақасини қилишдан бош тортишга ҳаққи йўқ.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажида дедилар: «Бас, аёллар ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар! Чунки, сиз уларни Аллоҳнинг омонати ила олгансизлар. Уларнинг фаржларини Аллоҳнинг калимаси ила ҳалол қилиб олгансизлар. Сизлар учун уларнинг зиммасида сиз ёмон кўрган бирор кишига тўшакларингизни бостирмаслик мажбурияти бор. Агар ўшани қилсалар, уларни ачитмайдиган қилиб уринглар. Улар учун сизнинг зиммангизда маъруф йўл билан ризқлари ва кийимларининг мажбурияти бор».

Муслим, Абу Довуд ва Молик ривоят қилишган.

Ҳаким ибн Муовия Қушайрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ё Расулуллоҳ, бизнинг биримизда хотинининг нима ҳаққи бор?» – дедим. «Қачон таомлансанг, уни ҳам таомлантирасан. Қачон кийим кийсанг, уни ҳам кийинтирасан. Юзга урмайсан, қаттиқ сўкмайсан ва уйдан бошқа жойда ҳижрон қилмайсан», – дедилар у зот».

Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.

Нафақани қилиб бериши вожиб бўлган куёв тараф ожиза келин тарафнинг юборадиган нарсасига кўз тикиб туриши жуда хунук ҳолатдир.

“Нега даданг менга италянский костюм-шим қилмай, ўзимизда чиққанини қилди?” деб келинга таъна қилаётган “ўғил бола”ларга Аллоҳ таоло фаросат берсин!

Шайтонга биродар бўлманг!

Тўйлардаги дабдавозлик айни исрофдир! Динимизда исрофгарлик қаттиқ қораланган бўлиб, исроф қилиш ҳаромдир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

وَلاَ تُبَذِّرْ تَبْذِيراً إِنَّ الْمُبَذِّرِينَ كَانُواْ إِخْوَانَ الشَّيَاطِينِ وَكَانَ الشَّيْطَانُ لِرَبِّهِ كَفُوراً

«Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйма. Албатта, исрофчилар шайтонларнинг биродарлари бўлганлар. Шайтон эса, Роббига ўта ношукр бўлгандир» (Исро сураси, 26-27-оятлар).

Тўйхона ташқарисидаги жиҳозлар, турли ясатиладиган чироқлар, шарлар, гуллар, пояндоз учун солинадиган қизил гиламлар ва ҳоказолар учун 2000-3000 доллар сарф қилаётганлар учун Аллоҳ таоло озгина ақл, фаҳм берсин!

Мақтанчоқлик ва исроф қилманг!

Аллоҳ таоло Ўз Каломи мажидида айтган:

وَكُلُوا وَاشْرَبُوا وَلاَ تُسْرِفُوا إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ

Енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар. Зеро, У исроф қилгувчиларни севмас” (Аъроф сураси, 31-оят).

Тўйхонада ҳамма қатори битта ош бериш ўрнига, битта товоқда уч хил - девзира, лазер ва яна бошқа навдаги гурунчда дамланган ош тарқатиб, мақтанчоқлик қилувчиларга Аллоҳ таоло ақл берсин!

Кибрланманг!

Одамлар кимўзарга, мақтанишга дабдабали тўй қилишади. Мақтанчоқлик, одамлардан ўзини устун деб билиш ҳам оғир гуноҳдир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

إِنَّ اللّهَ لاَ يُحِبُّ مَن كَانَ مُخْتَالاً فَخُوراً

«Албатта, Аллоҳ ўзини юқори тутувчи ва одамлар устидан фахр қилувчиларни хуш кўрмас» (Нисо сураси, 36-оят).

Кишилар одамлар кўрсин учун тўйларда ортиқча харажат қилишади. Бу риёдир. Риё эса оғир гуноҳлардан. Биз “одамлар нима деркин?” деб эмас, балки “Аллоҳ нима дейди?”, “Шариатда бу борада нима дейилган?” деган ўй билан ҳаракат қилишимиз керак.

Тўйида дастурхонни битта пиёла қўйишга жой қолмайдиган даражада тўлдириб, бошқа тўйларда топилмайдиган товус гўшти, чиғаноқ ва ҳоказоларни топиб қўядиган ва буларнинг ҳаммасини одамлар гапириши, машҳур бўлиш, мақтаниш, керилиш учун қиладиганларга Аллоҳ таоло камтарлик, синиқлик, тавозуъ неъматини ато этсин!

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло инсоннинг ўзидан унга жуфт яратиб беришидаги ҳикматни .сокинлик топишингиз учун, деб баён қилади. Дарҳақиқат, эркак фақат аёлдангина сокинлик, ором, давоми...

3023 13:30 / 25.08.2019
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умр йўлдош сифатидаги фазилатлариИслом динида оила масаласига алоҳида эътибор билан қаралган. Зеро, оила ҳар бир давоми...

2550 16:34 / 13.12.2023
Ислом Фиқҳи Академияси Маккаи Мукаррамада, Робитанинг биносида ҳижрий 1410 йил 15ndash22 Ражаб милодий 1990 йил, 10ndash17 февраль кунлари бўлиб ўтган ўн иккинчи мажлисида давоми...

2378 10:05 / 26.10.2019
2. Истиғфор айтиш.Аллоҳ таолодан отаонасининг гуноҳини кечишини сўраб, истиғфор айтиш. Фарзанд ўтиб кетган отаонасига Аллоҳ таолодан мағфират сўраб турса, уларга давоми...

3168 11:00 / 05.12.2020
Аудиолар

121385 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42890 14:35 / 11.08.2021