1445 йил 11 зулқаъда | 2024 йил 19 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Шаҳодат калимасини айтишга тайёрмисиз?

09:00 / 12.06.2021 2372 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар Аллоҳ бандага яхшиликни ирода қилса, унга амал қилдириб қўяди» дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, унга қандай амал қилдириб қўяди» дейилди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бандани, ўлимдан олдин солиҳ амалга муваффақ қилади» дедилар.

Имом Термизий ривояти.

Гўзал хотима – банда ўлими олдидан солиҳ амалларга муваффақ қилиниши ва шу амаллар устида вафот этишидир.

Ёмон хотима эса бунинг акси бўлиб, гуноҳ-маъсиятлар устида ўлишдир. Зеро, инсон ниманинг устида яшаса, шунинг устида вафот этади.

Гўзал хотима топишнинг 4 та шарти бор:

1. Ҳаром қилинган нарсалардан узоқлашиш.

2. Фарз, вожиб ва суннат амалларни ўз вақтида адо этиш.

3. Мустаҳаб, нафл амалларга эътиборли бўлиш.

4. Аллоҳ таолодан гўзал хотима сўраб дуо қилиш ва У Зот ҳақида яхши гумонда бўлиш.

Умар розияллоҳу анҳу ҳар доим «Эй Аллоҳ, менга Сенинг йўлингда шаҳодат топишимни насиб этгин ва ўлимимни Расулингнинг шаҳрида қилгин!» деб дуо қилардилар.

Қизлари Ҳафса розияллоҳу анҳо «Бу қандай бўлади?» дердилар. Чунки Мадина тинч, омон шаҳар бўлиб, у ерда ҳеч қандай уруш, қон тўкилиш содир бўлмас эди.

Бу саволга жавобан ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Агар Аллоҳ таоло хоҳласа, бу иш бўлади» деб жавоб берардилар.

Аллоҳ таоло Умар розияллоҳу анҳунинг бу дуоларини ижобат қилди ва у киши Мадинада шаҳид этилдилар. Бу Аллоҳ таолодан гўзал хотима сўраб дуо қилишнинг самараси.

Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ: «Менинг ҳисобим онамнинг қўлига топширилишини ёқтирмайман. Роббим мен учун онамдан меҳрибонроқдир» дердилар. Бу Аллоҳ таоло ҳақида яхши гумонда бўлиш.

Идрис ибн Абдуллоҳдан ривоят: «Бир аъробий бемор бўлди. Унга «Яқинда ўласан» дейилди. «Мени қаерга олиб борилади?» деб сўради. «Аллоҳнинг ҳузурига» дейилди. Шунда у: «Дунёда Ундан фақат яхшилик кўрганим – Роббимнинг ҳузурига боришни нега ёмон кўрайин?!» деди. Бу Аллоҳ таоло ҳақида яхши гумонда бўлиш.

«Ал-Жаваабул кофий» номли китобда мана бу ҳикоя келтирилган:

«Бир киши ўлим тўшагида ётганда, унга «Шаҳодат калимасини айт», дейилди. Шунда у «Ўнга ўн бир» деб вафот этди».

У одам ҳаётида судхўрлик билан шуғулланиб, одамларга ўн минг қарз берса, «Ўн бир минг қилиб берасан» дер экан. Ўлаётганда ҳам шу гапни гапириб вафот этди.

Маъруф, солиҳ амалларни қилиш ёмон ўлимдан сақланишга сабаб бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилсин!

Шайх Муҳаммад Хайр Шаъъолнинг мавъизаси асосида

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳар бир мўмин мусулмон банда ҳазир бўлиши лозим бўлган қалб хасталикларидан яна бири кибр ва манманликдир. Кибр жуда ёмон, қабиҳ иллатдир. Кибр ва манманлик давоми...

2655 17:00 / 19.03.2021
У дунёга келганида миттигина вужудни ҳамширалар чақалоқлар тортиб кўриладиган тарозига солишган эди. Бундан 44 йил олдин 1 кг 300 гр бўлиб туғилган Бахтиёр бугун 70 давоми...

8365 09:00 / 02.05.2023
Ниқоб маска тақиш қачондан бошланганҚадимда, ун сотувчилар ва нонвойлар бозорига ниқоб тақиб кириш шарт бўлган. Бу иш соғлиқни сақлаш мақсадида амалга оширилган давоми...

2524 18:00 / 15.03.2021
Ферузободий айтади .Шукр соликларнинг энг олий даражасидир. У ризо манзиласидан устундир. Чунки у ризони ўз ичига олади ва яна зиёда ҳам бўлади. Ризо шукрнинг давоми...

4788 10:30 / 14.06.2021