1445 йил 22 шаввол | 2024 йил 01 май, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (133-дарс) Тафсири ишорий.

14:00 / 20.04.2021 3041 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу қисмда муфассир оятнинг зоҳирий маъносига қарамай, уни махфий ишоралари тақозоси билан тафсир қилади. Бу фақат сулук ва тасаввуф арбобларининг услубидир. 

Уламолар бу турдаги тафсир ҳақида ихтилоф қиладилар. Улардан бирлари уни жоиз, десалар, бошқалари жоиз эмас, дейдилар. Гапнинг хулосаси, қуйидаги бешта шартни ўзида мужассам қилган ишорий тафсир мақбул, дейиш бўлган:

1. Қуръони Карим назми сиртига хилоф бўлмаслиги.

2. Зоҳирга хилоф ўлароқ, ушбудан бошқа мурод йўқ, дея даъво қилмаслик.

3. Ҳақиқатдан узоқ, аҳмоқона таъвил бўлмаслиги.

4. Ақл ва шариатга хилоф бўлмаслиги.

5. Уни қўллайдиган шаръий далил бўлиши.

Бу қисмга доир тафсирларнинг машҳурлари қуйидагилар: 

1. Имом Низомиддин Ҳасан ибн Муҳаммад Ҳусайн Хуросоний Найсобурийнинг «Fороибул Қуръан ва роғоибул Фурқон» тафсири.

Чўлоқ Наззом лақаби билан ҳам машҳур бўлган имом Найсобурий асли Қум шаҳридан бўлиб, Найсобурда униб, ўсган. У киши ўз замонасида тарқалган барча илмлардан хабардор бўлиб, айниқса тафсир, фиқҳ, ақлий илмлар, араб тили, иншо каби илмларда ниҳоятда пешқадам бўлган. Шунингдек, у зот парҳезкорлик ва тақвода, зуҳд ва тасаввуфда донг таратган. 

«Имом Найсобурий ўзининг бу тафсирини имом Розийнинг тафсиридан мухтасар қилиб олган», дейдилар баъзи уламолар. Шу билан бирга, «Кашшоф» тафсиридан ва бошқа тафсирлардан ҳам муҳим маълумотларни қўшган. 

Имом Найсобурий Розий ва Замахшарийдан кўчирибгина қолмайди, балки иккисини таққослайди ва кези келганда, танқид ҳам қилади.

Имом Найсобурийнинг «Fороибул-Қуръан ва роғоибул-Фурқон» тафсири ибораларининг осонлиги билан ажралиб туради. Муфассир ўзининг бу китобида икки нарсага алоҳида аҳамият берган. Биринчиси – қироат ва вақфлар. Иккинчиси – ишорий маънолар.

Найсобурий «Fороибул-Қуръан ва роғоибул-Фурқон» тафсирида оятнинг зоҳирий маъносини баён қилиб бўлганидан кейин «Аҳли ишора дейди», деб туриб, ишорий маънони айтади. Мисол учун, сигирни сўйишга буйруқ ҳақидаги оятнинг ишорий маъносида: «Бу ҳайвоний нафсни сўйишга амрдир», дейилади.

2. Шиҳобуддин Маҳмуд Олусийнинг «Руҳул-маъаний» тафсири.

Имом Олусий 1217 ҳижрий санада Бағдоднинг Карх тарафида туғилган. У киши ёшлигидан барча керакли илмларни қунт ва тиришқоқлик билан ўрганди. Ўн уч ёшида дарс бериш ва таълиф қилишни бошлади. Бир неча мадрасаларда дарс берди. 1248 йили у зотга Ҳанафий мазҳаби бўйича фатво бериш масъулияти юклатилди. Сўнгра Расофадаги масжид ёнида жойлашган ҳовлисида турли илмлардан дарс берди. Охир-оқибатда Имом Олусий барча илм ва ишларда пешвога айланди. 

Имом Олусий ҳижрий 1252 йили ражаб ойида туш кўради. Унда Аллоҳ таоло у кишига осмонлар билан ерни бирлаштиришни ҳамда уларнинг бўйи ва энидаги ёриқларни беркитишни амр қилади. Китобларни кўриб, бу тушнинг таъбири тафсир ёзишга амр эканини англайди.

1252 йили фатво бериш фаолиятини тарк қилиб, Қуръони Карим тафсирини ёзишга киришади. Бу иш ўша йили Шаъбон ойининг ўн олтинчи кечасида бошланади. Имом Олусий ўшанда ўттиз тўрт ёшда эди. Тафсирни 1267 йили Рабиъул‑охир ойидан ўн тўрт кун қолганда битиради ва пойтахтга бориб, уни султон Абдулмажидхонга кўрсатади. Бу тафсир султонга ниҳоятда маъқул келади. Бош вазир Алий Ризо подшоҳнинг маслаҳати билан тафсирга «Руҳул-маъаний фи тафсири Қуръанил Азими вас‑сабъил-масаний» деган номни ихтиёр қилади.

Имом Олусий 1269 йили пойтахтдан қайтди. У киши кўп илмларда пешқадам бўлса ҳам, Ҳанафий мазҳабига кўп эътибор берар ва имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳига иқтидо қилар эди.

Имом Олусий «Руҳул‑маъаний» тафсирида ўзининг барча имкониятини, илмини ва ақлу заковатини борича ишлатган. У киши ўзининг бу китобида одамларга салаф ва халаф уламоларининг барча қавлларини саралаб, олий даражадаги омонат ва иноят билан келтирган. Имом Олусий бу китобни ёзишда ўзидан олдин ўтган машҳур тафсирчиларнинг китобларидан унумли фойдаланган.

Ақийда масаласида Аҳли сунна ва жамоа мазҳабини қўллаш билан бирга, шиа ва мўътазилалар каби мухолифларни қаттиқ танқид қилган. Фиқҳий масалаларда эса Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг мазҳабини қўллаган. 

Имом Олусий ёлғон қиссалар ва исроилиётларни аёвсиз танқид қилган. Қироатлар, сабаби нузул, оятлар ва суралар ўртасидаги боғланишларга ҳам алоҳида эътибор берган. 

«Руҳул‑маъаний» тафсирида муаллиф ўтганларнинг ва кейин келганларнинг қавлларини жамлаган, шу билан бирга, унда ишорий тафсирни ҳам унутмаган. Шунинг учун ҳам баъзи мутахассислар у кишининг тафсирини ишорий тафсирлар қаторига қўшганлар. Аслида эса бу тафсирни кўпчилик раъй билан қилинган тафсирлар сирасига қўшадилар. 

Имом Олусий 1270 ҳижрий санада Бағдодда вафот этган. 

«Қуръон илмлари» китобидан

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
11. Агар Аллоҳ одамларга яхшиликни тез келтиргани каби ёмонликни ҳам тезлатса эди, ажаллари битган бўлур эди. Бас, Биз ила мулоқотда бўлишдан умиди йўқларни давоми...

3410 05:00 / 23.01.2017
Ўшал Кунда бир чеҳралар неъматланувчидир.Бу чеҳралар омонат дунёда иймонихлос билан ва ибодаттақво билан ўтган бандаларнинг чеҳраларидир. Аллоҳ таоло уларга бу давоми...

3526 20:13 / 26.04.2018
14. Сен иймон келтирганларга айт. Аллоҳнинг кунларидан умидвор бўлмайдиганларни кечирсинлар. Токи У зот бу қавмни касб қилиб юрган нарсалари учун давоми...

3382 05:00 / 23.01.2017
Биз ушбу мақолада Ислом оламидаги машҳур қорилардан, мисрлик Шайх Абдулбосит Абдуссамад раҳимаҳуллоҳ ҳақларида кўпчиликка маълум бўлмаган маълумотларни тақдим давоми...

25243 18:35 / 01 январь